Ирода Умарова. Шеърлар

0
339

Сиз қорсиз – бир марта чиро-о-ойли ёғган,

Ва баҳору ёз ҳам ёдда мустаҳкам.

Мен қорман – болалар ўйнаб ясаган,

Баҳор келгунича йитар истеҳком.

Сиз музсиз – томларнинг лабида шакар,

Қуёшнинг ўпичи акслангувчи.

Мен музман – куртаклар бошига хатар,

Оёқлар остида дарз-дарзлангувчи.

Сиз гулсиз – кетса ҳам қақраб-сарғариб,

Авайлаб қўйилган дафтар қатига.

Мен гулман – бурчакда дардисар, ғариб,

Тушмаган ҳеч кимнинг муҳаббатига.

Сиз ишқсиз – суйишга лойиқ қаралган,

Дарди ҳам таратар ширин уфунат.

Мен ишқман – куйишга маҳкум яралган,

Бахт деса акс-садо берар сукунат.

Сиз борсиз – кўнглимда ҳаётдир ҳаёт,

Гўё исмингизга тўла ашъорман.

Мен борман – ёдингиз тирнаган фарёд,

Кимдир битта малҳам суртгунча борман.

Мунча ўхшашмиз-у, мунча фарқлимиз,

Қўйинг, қайғунгизни кўзимдан тўкманг.

Ҳали қалбингизга кирар мовий ҳис,

Ғолибман – ўшанда мен йўқман, йўқман.

Ғолибман – йўқман…

* * *

Денгизни кўрмаганман деб хўрсинасан.

Ёлғончи,

деярли ҳар кун кўрасан-ку денгизни.

Силайсан оқ ҳошияли мовий ва

қат-қат этакларини…

Камалак юқиб қолган тошчаларни

терасан…

Она бўсасидай тотли сувда

суғорасан чанқоқ қўлларингни…

Қумлоқ соҳилга изларинг тўкилиб,

югурасан учишни унутган чағалайдай…

Ойни қамаб бармоқларинг панжарасига,

ётасан сочинг денгизга қўшилиб…

Ёлғончи,

деярли ҳар кун борасан-ку денгизга!

Ҳар тун борасан-ку,

қуёшнинг сариқ рўмоли

сувнинг фируза бағрида

ёйилиб ётишини,

чайилиб ётишини

томоша қилгани…

Ҳайратланиб қарайсан – кўзларинг денгиз.

Умринг – зерикарли туш,

тушларинг – орзуваш умр.

Ухлаб ўтаётган умрингда

уйғоқ тушларинг оралаб

бориб турасан денгизга…

Тушларингга келади денгиз…

* * *

Ўйламагин ‒ қирқта эмас бу жоним,

Бу жоним бўлинган қирққа, эҳтимол.

Бахтли деб қўясан ‒ яшасам ёниб,

Дардимни беладим кўркка, эҳтимол.

Ўйлайсанки  ‒ ўзим кулиб яшайман,

Ишим йўқ бандасин эҳсони билан.

Дарахт  ‒ илдизли,

Боғланмиш яна

Ерга чумолилар арқони билан.

Менам дарахтман,

Илдизим ‒ жоним,

Яшайман сувсасам кўзёшим ичиб.

Сен чумоли эмас, яқин инсоним,

Сен сиртмоқ бўлмагин,

Бахт бер, ишқ бер,

Ишқ!..

* * *

Менга

кузги гуллар кўпроқ ёқади,

Ёқади хазонбўй, ҳуркак ҳолича.

Ёқади сариқ-бўз япроқлар аро

Бодомдай бемаврид гуллаган олча.

Кузнинг гуллари ҳам кузранг ‒ оловранг,

Исми унутилган бировдай таниш.

Бозор растасига бормаган етиб,

Йўл бўйига чиққан кўйича қолмиш.

Оҳ, кузги гулларим, озғин гулларим!

Зўрлик бор кичкина савлатларида.

Хуш бўйдан маст бўлиб эрийди илк қор

Атиргулнинг қават-қаватларида…

Уларга келганда чарчайди қуёш,

Ёмғирлар эзади, гўёки ўгай.

Шамол билан ҳаёт талашиб гуллар

Гўё ғунчалармас, муштларин туггай…

Битта узилмасдан узиларкан жон,

Қўймаслар табассум эҳсон тутишни.

Менга ўргатишар шу кузги гуллар

Бу дунёдан қандай гўзал кетишни!

* * *

Кетгинг келиб қолар бошингни олиб,

Ўзингни шарт узиб ҳар хил таъмадан.

Еру кўкда юз хил уловлар қолиб,

Ариқда чайқалган қоғоз кемада.

…қоғоз кемада…

Тиллолар милтирар бармоқларингда,

Кўзларинг чақнайди кўрганда китоб.

Лекин вақт! Вақт йўқ хос орзуларингга,

Дам оласан бироз, бўлганда нотоб.

…вақт йўқ орзуларингга…

Майсалар устига сочилгинг келар,

Хонқизи аралаш териб шабнамни.

Ўзингни севишинг – ўзингдан ортиб

Яхши кўрганингдай мунис онангни.

…фақат истак бор…

Дўконлар бор бўлсин, ишинг бор бўлсин!

Дераза бор бўлсин, қўясан бўйлаб –

Ўтиб бораётир қорлар, ёмғирлар,

Уларни севишинг қўясан ўйлаб.

…шунчаки ўйлаб…

Оқ-қора тасмада аза-байрамлар,

Ойларни, йилларни бир хил кечурсан.

Роҳат учун эмас, ташвишлар, ғамлар

Сусайиши учун қаҳва ичурсан.

…нима ичурсан?..

Очқайсан, чанқайсан, кийим танлайсан,

Яшаш-чун чўкасан ҳаёт – уммонга.

Гоҳида… сабабин билмай йиғлайсан,

Кетиб қолгинг келар кўнглинг томонга.

…кўнгил томонга…

ҚАҲВА

Илҳомни чорлайман,

У эса сени…

Исминг хаёлимга бўлар сарлавҳа.

Кафтларимга тегиб, кўйлаги – чинни,

Қўлларинг тафтини эслатар қаҳва.

 «Ҳозир юрагимдай қолади бўшаб!» –

Зарда-ла чайқатиб сурсам олдимга,

Тўлқинида кафтим чайганим ўша

Қаҳваранг сочларинг келар ёдимга…

Диққат-ихтиёрим тортар комига,

Тўрт юз грамм кўзгу қуйилган финжон.

Мен – маъюс ҳайкалга титраб қараган

Аксим кўзларида аксинг намоён.

Ҳовур ҳовучида чайқалган ифор

Эслатар шамолга сингган анбаринг.

Яхшиям ҳажр бор – севдим телбавор,

Яхшиям ҳажр бор – йўқдир хабаринг.

…Вақтга нигоҳим тушар ногоҳ ва

Воқелик юртига қайтиб кўчаман.

Менга ёқмайдию совиган қаҳва,

Сени қизғанганим учун

Ичаман!.. 

МУСАВВИРГА

1.

Эркин-эркин чизгиси келар,

Ичкин-ичкин чизгиси келар,

Тақиқларни бузгиси келар,

Гуноҳларни сезгиси келар…

Бўёқларда ёйгиси келар

Севишганлар кирган тушларни.

Матоларга ўйгиси келар

Таниш ханжар ботган тўшларни.

Хиёнатнинг чирк завқларини,

Илдизида қуриган гул ва

Қизга либос танлашган кўзгу

Хаёлларин қоғозда жилва

Эттиргиси келар…

Лекин у

Машраб каби қўрқмас-у дордан,

Уялади ўз кўзларидан,

Уялади Парвардигордан!

Эркин-эркин чизгиси келар,

Истеъдоди чоргардиш бўздек.

У мусаввир – мусаввир Аёл,

У мусаввир – мусаввир ўзбек.

Ичкин-ичкин чизгиси келар,

Дил тублари ў-ў-ў баланд унинг!

Рамазонга кирган лаиндай

(калитини ютиб юборган)

Мўйқалами кишанбанд унинг.

2.

Суратимни гўзал чизасиз,

Кўрган борки, шукуҳни англар.

Атрофимда, эгним, юзимда –

Ўзимда йўқ турфа гулранглар.

Ўчирасиз кўздан қайғуни,

Табассумни суртасиз қуюқ.

Суратимга келар ҳавасим,

Бу тиниқлик ўзимда йўқ, йўқ…

Эй мусаввир, лоф учун раҳмат,

Сотмадингиз фарёдларимни.

Фақат… фақат чизинг бир бора,

Ростдан ҳам бор қанотларимни…

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting