(очерк)

Шерзод Комил Халил

Мен Томас Вульф асарлари билан тахминан асримиз бошларида унинг «Бир роман тарихи» эссесини ўқиш асносида тасодифан танишган ва шу-шу ёзувчи дунёсини англашга, уни билишга қизиққан, асарларини топиб ўқий бошлаган, унинг услуби ва ёзиш техникасига мафтун бўлган ва 2016 йилда «I left poetry»(«Мен шеъриятдан кетганман») шеърий тўпламим АҚШда Шимолий Королинада босилганида, Томас Вульф туғилган штатда китоби чиққанидан ғурурга тўлган бир ижодкор эдим. Томас Вульф нимаси билан мени ўзига тортганди? Мен унинг таржимаи ҳолига чизгилар бериш ва шу аснода ёзувчи дунёсига, унинг китоблари оҳанграбосига қандай боғланиб қолганлигим ҳақида сўзлаб беришни истардим. Алқисса Томас Вульф 1900 йилнинг 3-октябрида Қўшма Штатларнинг Шимолий Каролина штатидаги тоғлар бўйидаги шаҳар Ашвиллда тош ўймакори Уильям Оливер Вульф ва кўчмас мулк савдоси билан шуғулланувчи Жулия Элизабет Уэстолл оиласи саккизинчи кенжа фарзанд сифатида дунёга келди. Ёш Томаснинг ёзувчи бўлиб шаклланишида ва кейинчалик унинг бутун асарларидан бир қизил чизиқ бўлиб ўтган ёлғизлик мавзуси  тараннум этишида болалигида оиладаги қайсидир маънода «маънавий таназзул» деб аташ мумкин бўлган воқеалар силсиласи муайян маънода таъсир этган албатта. Гап шундаки, ота-оналар Оливер ва Элизабет характер нуқтаи назаридан манфий ва мусбат қутбларга эга бўлиб, ҳар доим ҳам бир-бирлари билан чиқишолмасдилар. Ўзаро гап талашиш ва даҳанаки жанжаллар болалар ҳаётига, уларни маънавий мажруҳ бўлишига хизмат қилади шубҳасиз. Кейинчалик Томаснинг унутилмас сафдошларидан, «йўқотилган авлод»нинг тенгсиз ёзувчиларидан бири Эрнест Хеменгуэй айтганидек, «ёзувчи бўлиш учун инсон бахтсиз болаликни бошдан кечириши лозим» ақидаси шу маънода ҳеч йўғи Томасга ҳам бегона эмас эди. Томас туғилган уй Ашвилл шаҳрида Вудвин-Стрит, 92. — бу отаси ўз меҳнати ортидан бунёд этган уй эди. Томас Вульф кейинчалик ўзининг биринчи автобиографик романи «Уйингга назар сол, фаришта»да отаси ва онасининг илк йилларини, инчунун уйни ва унинг боғини шундай тасвирлаганди:  «Оливер май ойида Элизага уйланди. Филаделфиядаги балл ойидан сўнг, Вудсон кўчасидаги рафиқаси учун қурган уйга қайтишди. У барваста қўллари билан   намли ерга пойдевор қазиб, чуқур ер тўлага эга ҳамда иссиқ жигарранг гипс қатламлар билан ёпилган баланд деворлари бор уйни бунёд этганди. Гарчанд унинг пуллари кам эди, аммо бу ғалати уй ўзининг бой тасаввурига мувофиқ қилиб яратилганди…  Алоҳа кейин у ҳовлининг  тўрт юз фут масофага чўзилган узун салқин ўтлоқларини яратиш пайида атрофга дарахтлар ва токлар экди. Ажабки, унинг кўнглини бой тасаввурлари олтин ҳаётни яратгану ҳамма нарса шу билан тўлганди — алалхусус, йиллар давомида олма дарахтлари, олхўри, гилос, шафтолилар униб-ўсиб қуйига бош эгди. Қаердаки унинг азимат қўллари тегса,  буларнинг барчаси у учун мева берди.» Томас илк фундаментал романида отаси қурган уйни ана шундай эслайди. Ёш Томас учун отаси нафақат тош уймакори, уни адабиётга илк бора ироник тафаккурини уйғота олган ғаройиб бир кимса ҳам эди. Уильям Оливер Шекспир драмалардаги монологларни овоз чиқариб ўзгача пафосда ўқишни яхши кўрар, бу болаларга, инчунун Томасга ҳам ўзгача ажиб ҳиссиётларни уйғотарди. У кейинчалик бу ҳақда эслайди. «Уйингга назар сол, фаришта» романида Томас отаси Оливерни, онаси Элизани, акаси Бен Гай(у жуда эрта вафот этган, бу Томасга қаттиқ таъсир қилганди)ни тасвирларкан, ҳаётларида бевосита яшаб ўтилган умр манзараларига автобиографик фонда ёндошади. Романда болаларга бефарқ қарайдиган ота-оналарнинг мажҳул қисмати ва доимий жанжали кенжа ўғил Евгений(бу аслида Томас)га қаттиқ таъсир қилиши, гўзалликка интилиш, ёлғонни рад этиш каби ҳислар Вульфга хос юксак наср билан ифодаланади. Томас болалигининг яна бир ўзига хослиги унинг кейинчалик ижодида бўй кўрсатган ёлғизлик билан боғлиқ эди. Гап шундаки, унинг кўчмас мулк билан шуғулланадиган ишбилармон онаси Ашвилдан «Old Kentucky Home» номи билан машҳур «Спрус-стрит»даги 48-уйни сотиб олди ва ўғли Томас билан ўша ерга кўчиб ўтди. Оиланинг қолган аъзолари отаси Оливер қурган эски уйда қолишди.

Бу уй ҳозирда Томас Вульфнинг уй-музейи саналади. Агар қачондир Шимолий Королинага Ашвилга йўлингиз тушса, албатта шу уй зиёратига боринг, у ерда улуғ ёзувчи яшаган, унинг болалиги ўтган муҳитни кўрасиз, ёзувчи ижоди билан яқиндан танишиш имконига эга бўласиз. Кичик Вульф бу ерда умргузаронлик қиларкан, акаси ва опаларидан айро яшашидан изтиробга тушарди. Тўғри улар кўришиб турарди, қачон истасалар ўша вақтда, аммо барибир ўзга уйларда алоҳида яшаш болалар психикасига таъсир кўргузади. Томас Вульф ёлғизлигини ибтидоси ана шундай бошланганди. Ёзувчи бу ҳақида кейинчалик «Ёлғизлик анатомияси» эссесида бу ёлғизлик унинг ҳаётига қанчалар фожеали таъсир кўрсатганини эслайди. Мазкур эссесида Вульф шундай ёзади: «Ёлғизлик жамики изтиробимизнинг ягона манбаси. Мендаги ёлғизлик ҳисси моҳиятан бошқаларникидан кўп фарқланмаса-да, у менда ўта қақшатқич кечгани билан ажралиб туради. Демак, мен уни ҳаммадан кўра яхшироқ биламан, шундай экан бизнинг асосий оғриғимиз, азобимиз ҳақида ёзишга энг ҳақли одамман деб биляпман ўзимни. Тўғри, бу такаббурлик ёки манманлик бўлиб кўриниши мумкин. Лекин бундай шубҳага боришдан олдин ўйлаб кўринг: узоқ вақт ёлғиз яшаган одам такаббур бўлса, ақлга тўғри келадими?! Бунинг устига, шуҳратпарастлик ва манманликни енгишнинг энг яхши йўли – ёлғизлик. Аслида биз – ёлғизлар ўз-ўзига бўлган шубҳанинг қурбонларимиз. Мутассил танҳоликда яшаш норасолигидан уялиш ҳиссини туғдиради, хавотирнинг шиддатига дош бериб бўлмайдиган тошқини мудом устингга ёприлиб келаверади, қаровсизлигинг, эътибордан олислигинг саломатлигингни емириб, ўзингга бўлган ишончни яксон этади.» Дарвоқе, Вульфда ёлғизлик ҳиссини зўрайишида ўн беш ёшида йигирма олти ёшли акаси, у романида тасвирлаган Беннинг кутилмаганда вафоти Томасни даҳшатга солди. У ўзининг ҳақиқий ёлғизлигини ана шу воқеадан бошлаб катта оғриқ билан ҳис қила бошлайди. Бинобарин у шу йили Чапел-Хиллдаги Шимолий Королина университетига қабул қилинади. Университетда отасининг Шекспир драмаларига бўлган ўзгача ташаддуҳи туфайли Томас драма курсига ёзилади. Айни пайтда университетдаги талабалар газетасида муҳаррир бўлиб ишлай бошлайди. 1920 йилда йигирма ёшли йигитчанинг қўлида аллақачон санъат бакалаври дипломи бор эди. Эндиликда Томас яна бир қадам олдинга қадам қўйиб, шу йилнинг сентябрида  Гарварднинг санъат фанлари олий мактабига киришга муваффақ бўлади. Шимолий Королина университетда олинган билимлар, айниқса драма курсидаги драматургиянинг нозик тарафларини ўрганиш, Томасда отаси таъсирида драматург бўлишга ғайрат берарди. 1921 йилда Гарварддаги университет саҳнасида бўлажак бошловчи драматургнинг  «Тоғлар» драмаси намойиш қилинди. Айтмоқчи, унинг илк драмаси «Бук Гавиннинг қайтиши» ҳали Шимолий Королина университетида ўқиб юрган пайтларидаёқ ҳаваскор ўқув театри томонидан саҳналаштирилган, ўша ерда ёзган эсселари эса университет газетаси мукофотига сазовор бўлганди. У «Тоғлар» драмасини саҳнага олиб чиқар экан, бу унинг навбатдаги қадамлари эканлигини яшириб ўтирмасди. Қолаверса Вульф Гарвардга ўқишга киргач, муттасил кичик пьесалар ёза бошлаганди. Бу пьесалар бирин-кетин университет профессори Жорж Пирс Бейкер томонидан саҳналаштирила бошлади. Бу ҳол Томас Вульфга драматург бўлишга катта иштиёқ уйғотди. 1922 йил Гарвардда магистратурани муваффаққиятли тугаллаган Томас ўзини драматург сифатида катта саҳналарни забт этишга қарор қилади. У 1923 йилда шу мақсадда гигант шаҳар Нью-Йоркка келди. У бу ерда — Бродвейда ўз пеъсаларини режиссёрларга сотишга ҳаракат қилди. Айни пайтда кун кечириш учун 1924 йилдан узлуксиз етти йил Нью-Йорк университетида профессор лавозимида инглиз филологиясидан дарс ўта бошлади. Аммо драматургияда Томаснинг катта қадамлари муваффаққият қозонмади. Унинг ўзи умидвор бўлган  «Бизнинг шаҳримизга хуш келибсиз!» пьесаси режиссёрлар гилдияси томонидан рад этилганида бу пьесани ёмон ёзгани туфайли эмас, кўпроқ унинг услуби бадиий адабиётга, инчунун насрга мос келишини ўзи ҳам тушуниб етди. Шундан сўнг у Европа сафарига жўнаб кетаркан, наср ҳақида юрагида жазб урган улкан ғалаён туйғулари ҳақида ўйлай бошлади. Сафар унга илҳом беришига Вульф ишонарди.

Ўша пайтлар у кўплаб улуғ ёзувчилар қаторида, ўзининг суюкли ёзувчиси Жеймс Жойс асарларини оҳанграбосига шайдо эди. Ҳа,  фақат угина ўша пайтлар Вульфга насрга нисбатан адоқсиз ироник туйғуларни юрагида қўзғата олганди. Менинг назаримда Томас Вульфнинг биринчи романи «Уйингга назар сол, фаришта» да нафақат Томаснинг бой ҳаётий автобиографиясининг манбаси сифатида бадиий тадқиқ этилишини, шу билан бирга Жеймс Жойснинг «Мусаввирнинг ёшликдаги шамойили» асарининг таъсир изларини кўриш мумкин. Албатта буни менинг ожиз тасаввурим деб қабул қиласиз муҳтарам ўқувчим! 1925 йилда Томас Вульф сафардан илк роман қўлёзмаси билан қайтиб келганида тасодифан Нью-Йорк театр гильдиясида эски танишларини йўқлаш учун борганида дизайнер  Алина Бергенштейн билан учрашиб қолди. Алина театрда дизайнр эмас айни пайтда биржа савдосида ишлаётгани, икки боласи борлиги ва бунинг устига турмушдан ажраганини Томасга айтиб берди. Бўлажак ёзувчи Алинага Европа таъассуротлари, хусусан, Германия сафари ҳақида қизиқарли ҳиссиётларини бўлишаркан, бу ҳиссиётлар кейинчалик шахсий туйғулар билан қўшилиб кетганини уларнинг ҳар икаласи ҳам тушунмай қолди. Айниқса, Томас буни тушунмади. Ахир дизайнер хоним ундан нақ ўн тўққиз ёш катта эди. Алина Бернштейн уни нафақат илк романини якунлаш учун қаттиқ  рағбатлантирди,  қолаверса, бу тугалликка эришишда унинг илҳом париси бўла олди, инчунун, Вульф ҳаётининг кейинчалик шон-шуҳрат ва айни пайтда тубсизликка улоқтирган ношир Макс Перкинс билан таништирди. Тўғрироғи унинг қўлёзмаларини Максга етказди. Бу вақтда Максвилл  Перкинс аллақачон машҳур ноширга айланган,  у Фитжеральд ва Хеменгуэй билан ишлаганди. Ҳатто шундай гаплар тарқагандики, машҳур ёзувчи бўлиш учун Макснинг мижозига айланиш кифоя. Бундай делимматик қараш бир қарашда ёзувчилар истеъдодига соя соларди. Яъни ёзувчи истеъдодли бўлгани учун эмас, ноширнинг ақлли бўлгани ва йўл-йўриқлари туфайлигина асарини ўқувчиларга у талаб қилганидек шаклга келтиргани туфайли муваффаққият қозонмоқда. Максвил Перкинснинг Фитжералд ва Хеменгуэй билан қандай ишлагани менга қоронғу аммо ишонтириб айтишим мумкинки, унинг Вульф билан ишлаши жуда фожеали бўлган. Баъзи адабиёт тарихи тадқиқотчилари Макс Перкинснинг Томас Вульфнинг ёзувчи сифатида оммага тақдим қилинишида ҳаддан ташқари муҳим роль ўйнаганини муболағали тарзда кўрсатадилар. Буни ҳатто Вульфнинг ўзи ҳам инкор этмаган. У ўлимидан олдин Перкинсга ёзган хатида шундай эслаганди: «Мен ҳар доим сиз ҳақингизда ўйлайман. Ўша уч йил олдин тўртинчи июлда, қайиқда кўлда сузганимизни, сўнг дарё бўйидаги кафега борганимиз, у ерда ичганимиз ва ниҳоят сизнинг осмонўпар офисингизга кўтарилганимиз, кейин мени қувлаб келган шон-шуҳрат, ҳаётнинг қудрати ва пастда қолган ғалати шаҳар, ҳамма-ҳаммасини худди кечагидек ҳис қиламан».

 Хўш Перкинснинг Вульфга қилган яхшилик иши нимадан иборат бўлган?..  Томас Вульфнинг биринчи автобиографик романи Макс Перкинсга тақдим қилинганида мингдан ошиқ саҳифадан иборат бўлган. Бу ҳақда ҳатта роман чоп этилган «Скрипнер» нашриётида шундай латифа ҳам тарқалганди. Айтишларича, Томас Вульфнинг роман қўлёзмаларини бир неча қопларда ишчилар кўтариб киришган, буни аллақандай Томас Вульф деган жаноб ёзган роман қўлёзмаси эканликларини билганларида ҳамма кулган. Бу гаплар албатта ҳақиқатдан йироқ. Балки бу нашриётнинг янги ёзувчини муваффаққиятли пиари учун ўйлаб топган ирониясидир, яна ким билсин. Ҳар ҳолда даврдан анча узоқ туриб, гипотетик мулоҳаза юритишимиз очерк талабларига зид албатта. Хуллас, чалғимасдан масалага қайтсак, Макс Перкинс ўша минг бетдан зиёд роман қўлёзмасини қисқартириб, баъзи ўринларни ёзувчига қайта ишлатиб, кесиб ташланганидан  кейин ҳам ёзувчи янада кўп қўшимчалар қўшиб, Перкинснинг ҳам, ўзининг ҳам муаммоларини кўпайтиргани ҳақида ўзининг » Бир роман тарихи» эссесида бу тугамайдиган ва уни йўқ қиладиган лаънати роман ҳақида хотираларини фожеий бир ҳаёт каби эслаб ўтган.

Перкинс ҳам Вульфгача ва ундан кейин ҳам қатор ёзувчилар билан ишлаган бўлса-да, Томас билан ишлагани каби қийналмаган. Шу ўринда у ишлаган баъзи ёзувчилар ҳақида қисқа айтиб ўтсак, деган андишамиз бор. Иттифоқо, 1919 йил Макс Перкинс ёш Скотт Фицжеральдни топганди. Унинг ҳеч бир нашриёт нашр этишни хоҳламаган «Романтик эгоист» китобини ўз муҳаррирлигида босиб чиқарганди. Перкинснинг одати ёзувчи асарини қайта кўриб чиқар, ноўрин деб топган жойларини қайчилар, агар бирор нарса қўшиш керак бўлса, мулоҳазалари билдирар, ўзи ҳам шу тариқа ишлар, ёзувчини ҳам қайта ишлатарди. Фицжеральд Перкинс билан яхши ишлаганди. Шунинг учун у 1926 йилда Перкинсга Эрнест Хеменгуэйни таништирди. Перкинс бу ўзига хос ёзувчининг «Қуёш барибир чиқаверади» романи устида бирга ишлади ва Хеменгуэйни юлдуз ёзувчига айлантирди. Умуман олганда, Перкинс, Жон Голсуорси, Генри Жеймс, Эдис Вартонлар билан ҳам ишлаган ва бу ёзувчиларни китобхонларга қизғин таништирган. Бироқ унинг Томас Вульф билан иши нафақат унинг узундан-узоқ чексиз қўлёзмаларини кесиш билан, балки ёзувчининг характери билан курашишига тўғри келди. Бу муҳаррирнинг айтганини шунчаки кўр-кўрона бажарувчи ижодкор эмас, аксинча, унга кескин қаршилик қилувчи, кесилган бир варақ ўрнига ўн варақни қайта ёзиб, ўзининг вариантини ўтказишга уринадиган қайсар ва чўрткесар ёзувчи эди. Шунга қарамай бу тўқнашувда Перкинс муваффаққият қозонди. Мингдан ошиқ саҳифага эга бўлган улкан романни юзлаб саҳифалардан мосуво қилиб, тўполон ва жанжал билан қисқартириб, уни «Чарлз Скриппер» нашриётида «Уйингга назар сол, фаришта» романининг босиб чиқаришга муваффақ бўлди. Перкинс билан бошланган бу  қарама-қаршилик ниҳоялангач, ёзувчининг қариндошлари билан, туғилган шаҳаридаги таниш-нотаниш одамлар билан муросасизлиги роман босилиб чиққанидан кейин бўй кўрсатди. Бу гарчи бир томонлама, яъни ёзувчига бўлган ғазаб ва нафрат билан ифодаланган қаршилик эдики, бу Томас Вульфга албатта зимдан таъсир кўргузарди. Китобда номлари тилга олинган қариндошлар, одамлар унга хат ёзишар, агар шаҳарга келса, уни дўппослашлари ва аниқ ўлдиришлари ҳақида пўписа қилишарди. Бундай шароитда албатда Вульф шаҳарга қайтолмасди. Ёзувчини фақат катта опасигина тўғри тушунди ва унинг маҳоратини юқори баҳолади. У укасига ёзган мактубида бошқаларнинг фикри билан ҳисоблашмасликни сўрайди. Ҳақиқий одамларни романда борича кўрсатиш, уларни номларини, характер ва қилиқларини Вульфга хос ўткир ташхислаш, воқеалар ва уларнинг оқибатларини ғайришуъурий идрок билан бадиий тадқиқ этишни ҳамма ҳам, айниқса, бутун кажрафтор феълию мудаббир характери билан кўрсатилишини тўғри қабул қилолмасди. Аммо Вульф буларни ёзган, нашр этган, энг қизиғи китоб жуда катта тиражда муваффаққиятли сотилиб китобхонлар орасида машҳур бўлиб кетганди. Томас Вульфнинг биринчи романи айниқса Германия ва Буюк Британияда энг кўп сотилган романга айланди. Романнинг муваффаққияти Вульф ва Перкинсга Конгресс Кутубхонасининг Гуггенхайм стипендиясини олиб келди.  Ёзувчининг ўзи бу моддий таъминот туфайли кўп вақтини Европада, хусусан, Германияда ўтказа бошлади. Томасга Германия жуда ёқа бошлаганди, у ўзини бу ерда жуда қулай ҳис қила бошлаганди, кўплаб дўстларини шу мамлакатдан топганди. Бироқ Германияда етилиб келаётган нацизм, инчунун, яҳудийларга нисбатан камситишларнинг гувоҳи бўлган Вульф бу мамлакатда ошиқ қололмаслигини тушунди. У ўз норозиликларини билдира бошлади. Ёзувчининг Германия ҳақидаги тасаввурлари ўзгара бошлади. У АҚШга қайтганида «Сизга айтар гапим бор» ҳикоясини ёзди ва бунда олмон нацизмига нисбатан қатъий муносабатини ифодалади. Шундан сўнг, Германияда унинг китоблари таъқиқланганди.

Бу вақтда Томас Вульф орадан ўтган тўрт йилда кўп жилдли «Октябрь  ярмаркаси» деб номланадиган эпопеясининг биринчи романи «Вақт ва дарё» бўйида романини тугаллаганди.  Вульфнинг фикрича бу эпопея Американинг бир юз эллик йиллик тарихини ўз ичига олган улкан полотно бўлиб, у мамлакатдаги ҳар бир ирқ ва ижтимоий табақа вакилларини ўз ичига олиши керак эди. «Вақт ва дарё бўйида» романининг прототиплари ёзувчи наздида Алина Бернштейн ва адабий агент Максим Либерлар эди. Роман ҳажми жуда катта эди. Гап бир минг бир юз саҳифали уч юзи ўттиз уч мингта сўздан иборат улкан полотна ҳақида бормоқда. Перкинс ўз талабига кўра, романни бир китоб шаклига солишни мўлжаллади ва одатдагидек қайчиланган ҳолда ўз нашриётида чоп этди.

Янги роман атрофида юзага келган баҳс-мунозаралар Вульфни Перкинс билан шартномасини бекор қилишга ва янги ғояларни излаш учун Европа бўйлаб саёҳат қилишга сабаб бўлди. Янги адабий агенти Эдвард Асуэл уни «Скрибнер» дан кетишга ва Перкинс билан алоқаларни узишга кўндирди. Алина Бернштейннинг хатларига қараганда, Вульф Перкинснинг «Вақт ва дарё бўйида»ни қайчилашларини жуда оғриқли қабул қилди аммо ёзувчи Алина билан бахтли эди. Алинанинг хатларида бирида шундай ёзади: «Менинг ҳаётимни бутун ҳаракати биз бирга бўлган пайтлардаги буюк қувватга бўйсунади.» Бўлса бордир, аммо Алинанинг Вульф романлари ҳақидаги барча мулоҳазалари контексига қўшилиб бўлмайди. У ёзувчининг онг оқимидаги чизиқли бўлмаган ҳикоя қилиш тажрибаларини англаб етмагани турган гап.

Мен унинг Томас ҳақида ёзганларини ўқирканман, худди бетакрор ёзувчи Кондраднинг рафиқасини у ҳақида ёзган хотираларидан хафсалам пир бўлгани каби ғалати ҳолга тушдим. Ёзувчи ҳақидаги тасаввурларимиз, унинг асарларидан олган ироник ҳисларимиз тумандай тарқаб кўз ўнгингизда бошқа одми адиб гавдалангандай таъассурот уйғонади. Кондрад рафиқаси сингари Алина ҳам, менинг назаримда Томас Вульфнинг онг оқимига тегишли чизиқли бўлмаган ҳикоя қилиш тажрибаларини тушунмаган кўринади. Албатта, Вульфнинг ёзиш услуби баъзан жуда чўзилиб кетгандай туюлади, аммо унинг «наср машинаси»ни бошқача тасаввур қилиб бўлмайди. Ҳатто Вульфнинг қисқа ҳикояларини нашрга тайёрлаган адабий агент Элизабет Ноуэлл ҳам унинг қисқа деб аталган ҳикоялари ҳам ҳеч бир журналга сиғмаслигидан нолиганди. Чунки улар қисқа эмас эди. Шундан келиб чиқиб, ҳатто Ноуэлл ҳам унинг ҳикояларини қисқартиришга мажбур бўлганди. Вульфнинг услубини тасаввур қилиш учун унинг асарларини биридан бир парча улашаман: «Учмоқдалар! Баҳайбат қора отлар учмоқдалар! Туюқларининг шовур шовқини билан улар яқинлашадилар, чопарлар, о, заминдаги уйқунинг қора отлари чопарлар. О, ҳамон оҳиста, оҳиста, уйқунинг улкан отлари замин узра чопмоқдалар. Ғаройиб кўршапалаклар устимиздан учиб ўтмоқда. Уйқу оқимидаги мамлакатларни тўфон гирдобига олди, уйқу ва вақт оқимларида мисли кўрилмаган балиқлар юзиб юрибди. Негаки уйқу куннинг ҳорғин чегараларида хиралашган, тунда, қоронғуликда, шаҳарнинг мудроқ сукунатида ўн миллионлаб одамларнинг хислатлари сингари ғалати ва сирли. Тушда биз яланғоч ва ёлғиз ётамиз, биз зулмат ва туннинг қалбида бирлашамиз, биз тушда нечукким ғалати ва гўзалмиз, чунки биз зулматда ўламиз ва ўлимни билмасмиз — ўлим йўқ, ҳаёт йўқ, қувонч йўқ, қайғу йўқ, ер юзида шон-шараф йўқ, фақат Орзу мавжуд. Марҳабо, эй мулойим Орзу, мамлакатни сизнинг тўлқинингиз билан тўлдирайлик. Эй азалий Орзунинг ўғли, Ўлимнинг укаси, менинг жон дўстим Ёлғизлик, сен тинчлик ва зулмат узра унутилишни олиб келасан, шифобахш ва қутқарувчисан, буюк сеҳргарсан, бизни тингла: биз оқшом далалари орқали абадий текистликлар ва дарёлар орқали келамиз ва мавжуд замин ва дунёнинг захил тортган меҳварига ҳаётимизнинг ғазабини, оғриғи ва ақлдан озган шўришларини тўкиб ташлаймиз.» Вульфнинг насри шундай чексиз давом этаверади, этаверади, албатта бундай кенг оқимли насрдан ноширлар ва муҳаррирларнинг асаби кўтаролмаслиги табиий, аммо шахсан менга шундай кенг қамровли наср ёқади. Бу шубҳасиз Вульф насри, унинг романлар ва эпопеяларга мўлжалланган тугаб битмас улуғ насрики, мен шу насрнинг, онг оқими каби оқиб ётган шу улуғ насрнинг шайдоси эдим.

1936 йилдан Германияда Вульф асарлари таъқиқлангач, у Америкага қайтиб келди. 1937 йилда «Чикомога» номли қиссасини нашр этди. Шу йили ёзувчи илк бор биринчи романи чоп этилганидан буён илк бор туғилган гўшаси Ашвилга қайтиб келди. Дарвоқе, ёзувчининг биринчи романи Ашвилликларни қандай хафа қилган бўлса, иккинчи романи «Дарё ва вақт» ҳам шундай хафа қилди. Биринчи романда одамлар ўзларини романда тасвирлагани учун ёзувчидан ғазабланган бўлсалар, эндиги романда ёзувчи улар ҳақида мутлақо тил теккизмаганидан жаҳллари чиққанди. Демак бундан келиб чиқадики, одамлар ўзларини рўйи-рост ёзган ёзувчиларини кечиришган ва ундан яна ўзларини ёзишларини кутишганди. Аммо ёзувчи энди бошқа йўллардан кетган, туғилган гўшаси Ашвилни бутун умр кўролмай қочиб юришга тоқати қолмаганди. Айтиш керакки, тақдир ёзувчини ўз уйида шунча узоқ айролиқдан кейин кўриштирган бўлса-да, бу сўнги кўришув эди. 1938 йилда Вульф муҳаррири Эдвард Асуэлга миллиондан ортиқ сўздан иборат янги романи қўлёзмасини жўнатгач, Қўшма Штатларнинг ғарбий штатларига саёҳат қилишга қарор қилади. Бу вақтда у Алина Бернштейн билан алоқаларни узган, тўғрироғи сақланиб қолган бу алоқалар фақатгина дўстлик алоқалари эди. Бу Германиядан қайтганидан сўнг рўй берганди. Алалхусус, ёзувчи ғарбий штатларда саёҳати давомида йўлда Пердью университетида тўхтаб ўтди ва у ерда «Ёзиш ва яшаш» мавзусида маъруза қилди. Кўплаб миллий боғлар ва қўриқхона ҳудудларида бўлди. У бу ерларга илгари ҳеч қачон ташриф буюрмаганди.

Сиэтл шаҳрига етиб келганида,  унда пневмания бўй кўрсатди. Шу муносабат билан уч ҳафта касалхонага ётишга мажбур бўлди. Бу вақтда унга қарашга синглиси Мейбел етиб келди. Касаллик кутилмаганда зўрайиб кетди. Врачлар Томасга мия туберкулёзи ташхисини қўйишди. Ёзувчи Балтимордаги Жон Хопкинс касалхонасига кўчирилди. Нейрохирург операция қилиш лозимлигини ёзувчига билдиради. Чунки касаллик миянинг бутун ўнг қисмини қамраб олганди. Операциядан кейин ёзувчи комага тушиб қолди ва ўттиз саккиз ёшга киришга ўн саккиз кун қолганида ҳушига келмасдан вафот этди.Томас Вульфни Шимолий Коралинадаги Ашвелл шаҳрига олиб келиб, Риверсайд қабристонига  ота-онаси ва акаси ёнига дафн қилишди. Вульфнинг ўлими ҳақида ўша пайтда «Нью-Йорк таймс» газетаси шундай ёзганди: «Бу замонавий Америка адабиётидаги энг ишончли ёш овозлардан бири бўлган улкан ёзувчи эди, бу Америка адабиётининг энг жарангдор овози эди, уни бирданига жим бўлиши мумкинлигига ишониш қийин. Унда интизомсиз ва тушуниб ва олдиндан айтиб бўлмайдиган даҳо яшарди, Томасга тақдир даҳолик тамғасини урганди… Унда сарфланмаган куч, сўнмас куч, ҳаётга сўнмас ташналик ва ўзини намоён қилиш қобилияти бор эдики, бу уни юксакка кўтариб, барбод қила оларди». Газеталар шу каби некрологиялар билан тўлиб-тошган, Вульфдан ёзганларини ярмидан камроғи эълон қилинган ва ҳаёти давомида нашр этилган, қолган асарлари эса қўлёзмалар ғаладонида қолиб кетган ўша машъум йилда, Америка адабиёти ўзининг энг буюк ёзувчисидан айрилди. Нашриётлар қўлида Вульфнинг яна иккита нашр қилинмаган романи бор эди ва бу романлар ҳам энг камида етти юз саҳифага эга бўлиб ёзувчига хос улкан наср  ни акс эттирарди. Бу романлар ҳақида, умуман унинг насри ҳақида жуда кўп ёзиш, гапириш мумкин, аммо Вульфнинг қисқа ҳаёти, бир чақмоқ мисоли адабиёт дунёсини ёритиб, сўнг бутунлайга ғойиб бўлиши бизни, бутун китобхонларни дунё адабиётининг буюк бир ёзувчисидан айириб, адабиётнинг  забт этиш мумкин бўлган энг юксак чўққилариларини янада кўра олиш имкониятидан маҳрум қилди. Ҳа, афсус, тақдир баъзан ёзувчи билан шундай ҳазил қилади, ёзувчи энди йўқ, аммо унинг асарларининг оҳанграбоси бизни ҳамон унга тортиб туради…

2022 йил.

Москва-Переделкино.

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting