СЕН ВА МЕН

0
398
(Эссе)

Ярим тун. Ёзмаганимга ҳам бир ҳафтадан ошибди. Стол — стулим, ноутбугимни тартибга келтирган бўламан, китобларимни тартиблайман, ёзишга тутинаман. Қани энди кела қолса! Бошимни чангаллайман, уйқуси аллақачон ўчиб кетган кўзларимни ишқалайман. Бу илҳом деган арзанда ўзимдан ҳам инжиқроқ ва гап уқмас чиқиб қолди; хоҳласа келади, хоҳламаса йўқ. Баъзида, бир кўриниш бериб — бермай жуфтакни ростлаб қолади. Начора, усиз бир сатр ҳам ёзолмайман, ахир. Шу туришимда ноутбук қаршисида бир соатча асабийлашаман, ёзаман, кетидан ўчираман. Охир оқибат қўлимга неча кундан буён мени кутиб, китоблар қаторида термулиб турган, ҳали оҳори тўкилмаган, чироқ ёруғида муқовасининг ҳали у, ҳали бу юзаси ярақлаб қўяётган китобни қўлимга оламан. Совға қилишганига бир ҳафтадан ошибдики, ўқишга ҳеч ҳафсала қилмайман. Балки, ёшлик чоғларим, 13 — 14 ёшимда бу китобни ўқиб чиққаним сабабли ўқишга шошилмаётгандирман. Биласизми, ўша вақтларда ушбу романни қандай тушунганимни ҳам эслолмайман. Ёдимда қолгани йиллаб тўхтамасдан ёғишда давом этган ёмғир, зах тортиб пўпанак бойлаб кетган кўк, яшил, сиёҳранг бўлиб, заҳил ҳид таратаётган, чириб, нураётган уйларнинг деворлари, дарахтларнинг ёмғир таъсирида шишиб, яънада қорамтирроқ кўринаётган тўқ жигарранг ғадир — будир таналари ҳуддики ҳозиргина кўриб тургандек кўз олдимда номоён бўлиб турибди. Майда микроскопик, сарғиш — яшилсимон, ёпишқоқ сув ўтлари ер юзасини юмшоқ, сирпанчиқ, эски увадаси чиқиб кетган гиламдек қоплаб олган. Кимсасиз паст — баланд томли қишлоқ кўчаларидан кўнгилни ағдарувчи ботқоқсимон, нам рутубат анқийди. Эпидермамдаги ташқи таъсиротларни сезувчи рецепторлар таъсирланиб жунжикаман, юрагим увишиб, қалтирайман. Бутун дунё кимсасиз қолган — у, ер сайёрасидаги якка — ёлғиз, танҳо инсонман гўё. Кўксимдан тортиб, онгимга қадар ҳувиллайди. Бу ҳиссиёт ўша ўсмирлик чоғимда, китобни берилиб ўқиётганимда мени чўлғаб олганди. Ҳис этсамда тушунмаган эдим. 25 йил ўтибди ҳамки, асардаги қаҳрамонлар исми, қолган воқеалар ривожи ёдимдан ўчиб кетган бўлсада, юқоридаги тасвирлар, ҳиссиётлар шу ҳолича турибди.(Китобни очиб қарамасдан таърифини келтирдим. Ёдимда борича) Энтикаман, саратоннинг иссиққина кечаларидан бири бўлишига қарамасдан танам музлаганини ҳис этаман ва деразани ёпишга чоғланаман. Пардани суриб, ортимга қайтар маҳалимда дераза ойнаси майингина чертилади. Чўчиб тушаман. Стулга жойлашар эканман, ўзимдан куламан, болаликдаги фобияларимдан ҳеч қутилолмадим — да. Деразани чертаётган узун тирноқли алвасти шу заҳоти, оппоқ, нозик бармоқли илҳом парисига айланади. Ҳаёлларимни қуваман. Деразадан кимнингдир шарпаси кўринади. Қандайдир ғайриихтиёрий куч ойнани очишга ундайди. Очганим заҳоти хонага сарғиш — кулранг туман оқиб киради. Хона марказига етгач, йиғилиб одам қиёфасига киради. Аммо, тарқоқ, гоҳ йиғилиб, гоҳ ёйилиб турган қиёфанинг юз — кўзи, эркак ёки аёл, ёш ёки қари эканлигини англолмайман.

  — Хайрли, кеч!- ҳозирги замонавий овоз созловчи ускуналарда созланган, чўзиқ, эркак ёки аёлга тегишли эканлигини ҳам англаб ололмайдиган, тушунарсиз, акс садоли товушда дейди у.

  — Салом!-дедим овозим қалтираб,- Сен.., сен кимсан?

  — Мени жуда яхши биласан! Одам зоти борки, барчаси билади. Вақти — вақти билан мени чорлаб туришади. Шу заҳоти ёнларида пайдо бўламан…

  — Бўлди тушундим, демак, сен ҳаёлсан!

  -Мен ҳаёлдан ҳам тезроқ қанот қоқаман!-дейди у ижодхонамга хира зарғалдоқ рангини туман каби ёяр экан, — Хоҳлаган замон ва маконга қадам ранжида этишим мумкин. Аммо, кимни ёнига, қачон боришим менинг ихтиёримдан ташқарида, қачонки улар, яъни менга муҳтож инсонлар чорлашар экан, сонияларга қолмасдан, миллисонияларда қошида ҳозир бўламан.

  — Мен сени чақирмадим шекилли, нега бу ердасан?- дейман ижодхонамни тамоман қоплаб олган қуюқ, сарғиш туманни кафтларим билан ҳайдар эканман, — Назаримда, манзилда адашдинг!

  — Мен ҳеч қачон янглишмайман!- дейди у ишонч билан жиддий оҳангда. -Чорладинг, келдим. 

Мен ўйланиб қоламан. У эса ортидан самолёт каби из қолдириб, ижодхонам бўйлаб изғийди. 

  -Кел, яхшиси, амалий тарзда танишиб оламиз.- дейди у қўққисдан чўзиқ, ингичка овозда кулар экан, -Бақрайиб туришинга қараганда, юз йилда ҳам кимлигимни англолмасанг керак! Одамларга ҳайронсанда, деярли, доимо ёнидасан, аммо, юзинга қараб довдираб туришади. Тайёрлан, китобинг ҳам қолиб кетмасин, асқотади. Учдик!

Китобимни қўлимга олишга зўрға улгуриб қоламан. Деразадан учиб чиқдикми ёки кинолардаги дарбадар арвоҳлар каби тўғридан тўғри деворни ёриб ўтдикми англолмай қоламан. Юқорига кўтарилаётганимизни ҳис этиб, юрагим алланечук бўлиб кетаверади. Пастда қолаётган гугурт қутисидек уйлар, тунги чироқлар ёруғида ғира — шира кўринаётган дарахтлар, иланг — биланг ипдек чалкашган йўллар, онда — сонда учраб қолаётган, ҳаракатланувчи нуқталардек кўринаётган машиналарга назарим тушган заҳоти юрагимни кучли қўрқув эгаллайди. Кўнглим беҳузур бўлиб бошим гир — гир айлана бошлайди.(акрофобиям оқибати) Бошим тепасидан аввалига чуқур ҳурсиниш эшитилиб, кейин озроқ асабий овоз эшитилади.

  — Хотирам қурсин, касалингни унутибман!

У шундай дейдида, енгил ҳаракат қилиб атрофимни сариқ тумани билан ўрайди. Енгил тортаман. Энди хўрозларнинг элас — элас эшитилаётган қичқириқлари, итларнинг акиллашлари, хуллас, шаҳар четидаги асл табиат овози ортда қолиб, машиналар, завод ва фабрикалар, тун ярмида ҳам ухламаган бедорларнинг турли — туман овозлари эшитила бошлайди. Сариқ туман сийраклашиб қаергадир қўнаётганимизни ҳис этаман.

  — Уларни кўряпсанми?- дейди у майин ва ширали аёл овозида. Мен у айтган томонга эмас унинг юзига тикиламан. У сочлари денгиз тўлқинларидек мавжланаётган, шахло кўзли, сочидан тортиб, юзларигача лимондек сарғайиб кетган, гўзал аёл қиёфасида эди.

  — Менга эмас, у ёққа…

Ахир, бу ўша шаҳар марказидаги улкан кўприкку, ана ярим тун бўлишига қарамасдан устидан машиналар ғизиллайди, остида эса тумонат одам, ҳаёт қайнайди. Кўприк остини шу қадар қуюқ, қорамтир, бадбўй сарғиш — яшил туман қоплаганки, одамлар шарпалар каби у ёқдан, бу ёққа ғимирлайди. У улкан қанотини силкитади. Кўприк остидаги туман шу заҳоти йўқолади. Туман бағридаги одамларнинг кўпчилиги аёллар эканлигини кўраман. Ярим яланғоч, қайсидир елкаси очиқ, калта кўйлакда, яна қайси ниҳоятда тор бўлган тиззаси йиртиқ шимда, қайси эса.., аммо барчасининг афт -ангори бир хилда; аёвсиз бўёқ чапланган башаралари тош каби қотган, сохта киприкларни зўрға кўтариб турган кўзлари ҳиссиз, бўм — бўш, дўрдоқ, шиширилган лаблари совуқ ва жирканч тарзда тиржаяди. Бутун вужудидан ачимсиқ балчиқ ҳиди билан бирга, пўпанак босган, тўқ зарғалдоқ тутун буруқсийди. Семиз, ёғ босган эркак билан тортишиб турган патак сочли, кир қиёфали(бу ердаги аёлларнинг барчаси шу абгор аурада) пакана аёлни ёнимга имлайман. Унинг ўрнига узун кўйлакли, оппоқ, бўйнига қадар рўмол танғиб олган, дўмбоқ юзи бўёқ кўрмаган, нурли, сипогина, ёши анчагина ўтиб қолган аёл жилмайиб ёнимга келади.

  — Менда ишингиз бормиди, сингилжон! Уялманг, илк келишингиз шекилли? Менга бошдан оёқ тикилиб олади, — Яахшии, кўзларингиз ёшингизни айтиб турибди, аммо, ёш кўринаркансиз. Қойил! Келинг, гаплашиб оламиз!У нима демоқчи бўлаётганини дарҳол тушунаманда, жирканиб афтимни бужмайтираман ва шу заҳоти унга қўлимдаги китобни кўрсатаман.

  — Ўқиганмисиз?!

  — Албатта, мана шу ердаги барча аёллар, мижозларимиз билан биргаликда ўқиганмиз!- дейди у ҳаяжонланиб. Кейин қаҳ — қаҳ отиб кула бошлайди.- Ахир бу бизнинг асаримиз — ку, муаллифи ҳам биз каби жононларнинг мижозларидан бўлган деб эшитганим бор. Сенлар ўзларинг оппоқдек, жирканиб қарайсанлар. Мана, энг машҳур асар биз ҳақимизда!

  — Бекорларни айтибсан!- дейман мен ҳам асабийлашиб, — Билмасанг, билиб ол, асар сен ўйлаган нарса ҳақида эмас! Қоч, китобга қўлингни теккизма!

  -Йўқол кўзимдан! — дейди у ортимдан бир қанча ҳақоратли, куракда турмайдиган сўзларни қалаштирар экан, жазавага тушиб. Нур таратиб турган, жонли аеропланим томон шошилар эканман, мен ҳам қарздор бўлиб қолишни истамайман.

 -Оғзингни ёп, шаллақи!

Қаттиқ ғазабланганимдан қалтираб кетаман. Учиб кетар эканмиз ортга қарайман, сарғиш, қорамтир туман кўприкни тамоман қоплаб олиб, отилиш тараддудидаги вулқон кули сингари қайнаб биланглайди, сўнгра ҳар томонга отила бошлайди.

 Кейинги саёҳатларимиз жуда тезлашиб кетади. Ним қоронғу хоналарида ғужанак бўлишиб, хурсинишиб ухлашаётган ўсмир йигит — қизлар, мактаб ёшидаги болалар, норасида гўдаклар қизғиш — заъфарон туман ичида зўрға кўзга ташланадилар. Уларнинг бечораҳол ётишларидан юрагим ачишади. Чиқиб кета туриб, ярим тун бўлишига қарамасдан бино ҳовлисида йиғлаб ўтирган ўсмир қизга кўзимиз тушади. «Нега йиғлаяпсан!»-деган савол ортиқча эканлигини ҳис этганим ҳолда, тўғридан — тўғри беришим лозим бўлган саволга ўтаман.

  — Балки, ўқигандирсан?!- дейман китобни тутиб. У маъюс бош силкийди,- Ҳа, нега ўқимай? Ахир бу китоб биз ҳақимиздаку, асар муаллифи ҳам биз каби бўлган. Гарчи, Ота — Онасиз бўлмасада ўн бир фарзанддан бири бўлган. Меҳрибон бувиси, полковник бобосининг меҳр — эътиборига қарамасдан,маълум вақтга бўлсада Ота — Она меҳрига жуда муҳтож бўлган. Мен эса Ота — Онам кимлигини ҳам билмайман…

Қизнинг калта қирқилган тимқора сочини силаб, кўз ёшларини артаманда, кейинги манзилга шошиламан. Навбатдаги манзил қариялар уйи бўлиб, тун ярмидан оққанига қарамасдан қариб бир тутам бўлиб қолган онахонлар, анчагина кексайиб қолган, аммо, бардам — бақувват, тетиккина отахонлар тун қушлари — уккилар сингари у ёқдан, бу ёққа судралишади. Ана дам олиш хонасидаги юмшоқ диванда 4 — 5 чоғли қария кинофильм томошаси билан банд. Барчасининг кўзларида ёш йилтиллайди. Томоша баҳона юракларини бўшатиб олишади. Ёруғ, кенг хоналардан бирида икки кампир бири олиб, бири қўйиб фарзандларини мақташади. Атрофидаги сап — сариқ тутуннинг қуюқлигидан кислород етишмовчилиги туфайли бўғила бошлайман. Энди ёнимдаги қанотли шеригим ҳассасига таянган, кемшик тишли қарияга айланиб, хоналар, узун даҳлизлар бўйлаб, мункайиб уча бошлайди. Даҳлиз адоғидаги сўнгги хонадан кулги овози эшитилади. Эшикни чертиб, секингина кириб бораман.

— Болажоним, келдингми? Сени бирам соғиндимки, ҳар куни тушимга кирасан. Яхшиям келдинг, болагинамдан ўргилайина ўзим!- момо тўзғиган сочларини тузата бошлайди. Ёстиғи устидаги китобни қўлимга оламан.

  — Холажон, бу китобни ўқияпсизми?

  -Албатта, болажоним, юз йилдан буён ўқийман. Ёдингдан чиқдими, сенга ҳам ўқиб берганман. Бу китоб мен ва сен, иккимиз ҳақимизда. Аввалига мен сенга раво кўрдим, кейин сен жавоб қайтардинг. Кампир қаҳ — қаҳ отиб кула бошлайди. «Қайтар дунё экан!»- Кулишдан тўхтаб ортимдаги туманли кампиршога ўдағайлайди.

  -Яна шу ердамисан? Бор кет, мени тинч қўй, барчамизни ўз ҳолимизга қўй, тошюрак!

Хонадан қочиб чиқиб, жўнаб кетар чоғимизда ортимиздан маъюс кўзлар, ялинчоқ, титраган овозлар кузатиб қолади.

  — Илтимос, қизим, ўғлимга айтинг мени олиб кетсин.

  — Ўтинаман, боламга етказинг, бир мартагина келсин, жуда соғиндим.

  — Жон болам, мана бу хатни боламга етказинг…

  Касалхоналар, хонадонлар, кўчалар барча — барчасига ҳаёл тезлигида учиб — қўнаверамиз. Китобимни кўрсатишдан, савол беришдан чарчамайман. Кимдир елка қисади, қайсидир юзи қизариб, «шарманда» деб хитоб қилади, яна қай бири китобни у ёқ, бу ёғини кўрадида, анқовсираб анграяди. Фиғоним фалакка ўрлайди. Оч сариқ, зарғалдоқ, заъфарон, қизғиш туман буруқсиб, тутаб, бостириб кела бошлайди. Биз юқорига ўқдек отилиб учиб кета бошлаймиз. Қайсидир нуқтада тўхтаймизу, кўз ўнгимдаги туман тарқайди. Атрофга, оёқларим остига тикиламан. Сўнгсиз коинотдаман, олисларда қолган ер курраси сарғиш туман ичида кўриниб — кўринмай ҳорғин айланади. Ҳамроҳим кўз ўнгимда, йиғилиб — ёйилиб гоҳ аёл ёки эркакка, гоҳ ҳасса таянган қарияга, гоҳи ўсмир ва болакайга айлана бошлайди. 

  — Ички дардларинг, туғёнларингни ташинга чиқармасдан кўтариб юришинг, ҳаттоки мени ҳам ҳайратлантириб юборади. Яхшиямки, ўй — ҳаёлларингни ўқий оламан. Қани кетдик!

Оппоқ, кенг ва ёруғ хонада пайдо бўламиз. Девордаги уфққа туташиб кетган сарғиш лолазорлар тасвири туширилган календарьга кўзим тушади. 2014 — йил 1 — апрель. Миямда нимадир ярақлайди. Ички овозим бесаранжом типирчилайди:» Икки ҳафтагина қолибди!» Шошилиб хона марказида жойлаштирилган махсус, тиббий ускуналар билан жиҳозланган ётоққа қарайман. Оқиш — кулранг, жингалак сочлари пешоналари қадар ёйилган, қуюқ, қалин қошлари, текис калталанган ярашиқли мўйлови нурли чеҳрасига янада файз бағишлаб турган қарияга кўзим тушади(86 ёшли чолга сира ҳам ўхшамайди) У сарғиш касалхона кийимида, бутун вужудидан тилларанг ёғду таратиб ухлайди. Туртиб чиққан ёноқлари, ўрадек тортилиб кетган қоқ чаккаларига қараб, эзилиб кетаман.(Жудаям озиб кетибди.)

  -Нега?!- дейман ҳамроҳимга қараб,- Мен бу кунни кўришни зинҳор истамагандим. Мен унинг 1967 — йилдан бошлаган, ижодхонасида 18 ой давомида бош кўтармасдан ёзган нодир асари » Ёлғизликнинг юз йили»ни дунёга келишини, умр йўлдоши меҳр билан олиб келган қаҳвани қандай ҳўплашини, уларнинг бир — бирига меҳр -муҳаббат билан боқишларини кўришни истагандим. Асарини машаққатлар билан тугатгач, тирик афсонага айланган адибнинг чексиз қувончини, бахтдан порлаётган кўзларини кўрмоқчи эдим. Нега мени сўнгги манзилга олиб келдинг!?

  — Чунки, сен кўришни хоҳлаган, унинг ҳаёти ва ижодига сўнгсиз машҳурликни олиб келган ушбу вақтларда ёнида мен йўқ эдим. У ҳаётининг сўнги, ўлим билан рўбару бўлган, қарилик деменсияси — хотира сусайишидан аъзият чекиб, хотираларини йўқотган, (ўзини унутса ҳам муҳаббати, рафиқаси Мерседесни унутмаган) ўпка саратони туфайли дахшатли оғриқларга бардош берган кунлардан бошқа ҳеч бир кунида ёлғизликни ҳис этмади, мени ёнига чорламади. Мен эса ўзим иштирок этмаган лаҳзаларни сенга тортиқ этолмайман.

 Умидимни узиб, ҳамон ухлаётган Маркеснинг юзига тикиламан, секингина пичирлайман.

  -Алвидо, азизим Габриел!

Жойимдан қўзғалаётган онимда у мажолсизгина кўзини очади. Тимқора кўзлари кулади, қуруқшаган лаблари ёйилади. Салобати босиб, кучли ҳаяжон сабабли, унга бир умр айтишни истаган дил сўзларим, беришим лозим бўлган охири йўқ саволларимни унутаман.

  — Ҳамшира, ягона муҳаббатим, қалбим нурини чақириб берсангиз!- дейди у менга маъюс термулиб.

  -Наҳотки, Мерседес хонимни эслаяпсизми?- дейман таажубланиб.

  — Албатта, юракда бир умр яшаб келган муҳаббатни унутиш мумкинми ахир?! Ҳеч бир касаллик ёки вазият монеълик қилолмайди бунга…

 Кейин ортимда янада қуюқлашиб, бесаранжом типирчилаётган заъфарон туманли ҳамроҳимга имо қилади.

  -Аслида, ёлғизлик барчамизнинг руҳиятимиз, юрагимизда бир умр биз билан бирга яшайди. Вақти — вақти билан бош кўтариб турадиган ёлғизлик хуружини ўткинчи ҳою — ҳавас, ҳайвоний ҳирс билан эмас, руҳий яқинлик, соф меҳру — муҳаббат билангина мағлуб этиш мумкин.

Дастхат қўйдириш ниятида қўлимдаги китобнинг муқовасини очганим заҳоти, атрофимни туман қоплайди. Унга айтмоқни истаган қалб сўзларим тилимда қолади…

 Кимдир елкамдан туртади. Китобим саҳифаларидан уйқусираб бош кўтарар эканман, мунчоқ кўзлари, узун сунбул сочлари — ю, бутун вужудидан тиниқ зарғалдоқ ранг, майин ифорли туман тарқатиб, майус боқиб турган жажжи қизалоғимга кўзим тушади. 

  -Ёлғизим! — пешонасидан ўпиб қучаман. Бағримга олиб, ётоқхонамга йўл оламан. Ижодхонамни бутунлай қоплаб олган туман сийраклаша бориб, аста — секин деразадан ташқарига сирғалаётгани ва субҳидам шабадасида ёйилиб — йиғилиб, қай манзилларгадир шошилаётган шарпасини ҳис этаман.

КУМУШБИБИ

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting