ДЕНГИЗ ВА ХОТИРАЛАР

0
320

эссе

Тонг саҳардан денгиз безовта. Кечаги сокин мавжланиши ва ройишлигидан ном-нишон йўқ. Қутурган ва жиловини йўқотган тўлқинлари қирғоққа  шиддат билан урилиб, атрофга кўпик аралаш сув пуркайди. Тепасида учиб юрган сон-саноқсиз балиқчи қушлар ва чағалайлар унинг безовталигини фаҳмлашган чоғи юзасига оёқ қўйишга иккиланишади. Безовта бўлганча бири олиб, бири қўйиб теграсида чириллашади. Шу йўл билан гўё балиқ овлашнинг иложини қилолмай хуноблари ошганини билдирмоқчи бўлишади. Оч қорин сабабли бўлса керак тумшуқлари асабий қимирлай-қимирлай денгиз узра доира бўлиб учишади, кўзлари олазарак бўлиб пирпираганча олма-кесак теради.

Чўмилиш мавсуми бўлса-да, ҳаво булутли бўлгани учун соҳилда одам кам. Етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган турли ирқ ва кўринишдаги ажнабий сайёҳларнинг кўпчилиги ёмғир ёғиши эҳтимолини юқори баҳолаб меҳмонхонада қолишни ёки шаҳар бўйлаб ёйилган тарихий обида ва масканларни зиёрат қилишни афзал кўришган шекилли, уларни бармоқ билан санарли қисмигина соҳил атрофига қўлбола чайла тиккан. Ярим яланғоч аҳволда чўзилиб ётганча уларнинг баъзилари мум тишлаб китоб ёки газета мутолаа қилиш билан овора бўлса, баъзилари гуруҳларга бўлинганча қийқириб волейбол ёки бадминтон ўйнаб ҳордиқ чиқаришни лозим топишган. Баъзилари эса тик турганча дурбин билан қоп-қора тусдаги денгизнинг ниҳоясиз сарҳадларини кузатишни ихтиёр этишган.

Осмоннинг афт-ангоридан худди соҳил бўйлаб кўп ўтмай майдалаб ёмғир ёғадигандек. Булутлар ортига беркинган қуёш онда-сонда кўриниш бериб, жамолини янги келинчакдек кўз-кўз қилади-да, бир пасда жуфтагини ростлайди. Денгиз тарафдан билинар-билинмас шаббода эсади. Одатда эрталабдан қуёш тиғида қизиб, ялангоёқ юрилганда оёқларни  куйдирар даражада ҳарорати ортадиган  қум бугун мўътадил. Оёқ остидаги унинг майда, кўз илғамас зарралари  ҳатто оёқларни силаб-сийпалаётгандек таассурот уйғотади. Товон остини майин қитиқлаши ҳам сезилади. Завқ-шавқ билан, шаталоқ отиб югургиси келади одамнинг.

Қирғоқ яқинига келиб, мен ҳам бир тўда шинавандалар қўшиламан-да, рюкзакимдан дурбинимни оламан ва тик оёқда денгизни кузатишни бошлайман. У қорайган тусда бўлишдан ҳам кўра ақлдан озган тўлқинлари билан юракка ваҳм солса-да, шовуллаши билан алланечук юракка таскин беради. Кузатганим сари унинг охири йўқдек, олис масофаларга чўзилган сарҳадлари қуёш ботадиган уфққа туташиб кетадиганга ўхшайди. Шундоқ тепамда турган қовоғи солиқ қора булутлар тобора унинг ичкарисига сузиб боради. Пича ўтиб уларнинг таъсирида денгиз ҳадемай ростакамига қутуради, тилларда достон бўлган даҳшатли бўрон ва довули бутун ҳудуди бўйлаб ўз ҳукмронлигини ўрнатади. Кемалар ва уларнинг ичидаги жонларга ўзи сабр берсин!

Буни хаёл қиларканман Айвазовскийнинг машҳур “Тўққизинчи вал” картинаси кўз олдимга келади. Бутун ҳаёти давомида Қора денгиз ва Қрим ўлкаси манзараларига мафтун бўлган Иван Константиновичнинг ўша картинасини ҳар томоша қилганимда  бўёқлар ёрдамида гавдалантирилган денгизнинг ҳайбати дилимга қўрқув солса, унинг шаштидан омон қолишга бўлган умидини узган қайиқдаги ночор кишиларнинг пажмурда нигоҳлари унга хавотир оралатарди. Картинадан кўз узмас эканман, денгиздан қўрқар, одамларга бўлса ичим ачишарди.

Сал ўтиб қулоқ остимда Вивальди басталаган  машҳур “Бўрон” номли куй янграйди. Бу куйни илгари ҳар тинглаганимда қон босимим ошиб кетар, юрагимнинг уриши тезлашар, унинг темпи ва оҳанг пардаларига мослашолмай асабим зўриқарди. Аммо барибир кўп тинглардим, юрганимда ҳам, турганимда ҳам қулоқчиним фақат шу куй учун қулоқларимга тақиларди. Унинг оҳанграбодек ўзига тортадиган нимасидир бор эди. Бастакор ва ижрочининг истеъдодига ҳам қойил қолардим. Айниқса, жозибали Ванесса Мэйнинг скрипкасида у бошқача оҳанг таратарди.

Вивальдининг куйи тиниб улгурмай кетидан яқин ўтмишнинг лирик қўшиқчилари  Юрий Антонов ва Муслим Магомаевнинг таниш овозлари қулоқ остимда жаранглайди. Даҳо мэтрлар! Денгизнинг бетакрор куйчилари! Антоновнинг ширали, Магомаевнинг улуғвор овози денгизни тинчлантириш учун гўё она болага илингани каби гоҳ сокин  алла айтади,  гоҳ уни тенги йўқ ватанпарвардек ўзгача юқори кайфиятда, пафос билан мадҳ этади, гоҳ ёрдан ўпкаланган ошиқдек чокидан сўкилган юрак ноласини  бўғзидан отилаётган қасидага сингдириб унга ёлворади. Улар бирин-кетин  “денгиз, денгиз” деб куйлашга тушишади, денгиз эса уларнинг овозидан, мадҳ этишларидан ва ёлворишларидан сармаст бўлади.

Дам ўтмай денгизда бўрон бош кўтаришга шайланади. Довул бошланади. Юнон мифологиясининг гултожларидан бирига айланган Посейдон гўё денгиз сувидан моҳир меъмордек баланд қаватли, осмонўпар биноларни ясайди ва бу бинолар бир-бирига телбавор куч билан урилади, ўртада улкан пўртана ҳосил бўлади. Бу манзарани худди дурбиндан яққол кўриб тургандек, илкис сесканиб кетаман. Кўзларим илкис пўртана ичига тушиб қолган кемани илғайди.

-Робинзоннинг кемаси,- дейман ногоҳ уни таниб, чинқириб юборгудек аҳволга тушарканман.

Ивиб кетганидан  ҳўл кийимлари танасига ёпишиб қолган ёш Робинзон жон сақлаш учун кема палубасида ўзини минг бир кўйга солади. Кўзлари ола-кула бўлиб у ёқдан бу ёққа чопади, ҳансираб кема штурвалини тўғрилайди, бор кучини сарфлаб елканларини тортади, тиз чўкиб сочларини юлганича фарёд уради, Яратганга юзланиб тили калимага келиб-келмай нажот сўрайди. Лекин денгиз шаштидан қайтмайди. Унинг кўкка қаратилган муножоти устидан хандон отиб кулади, бир лаҳзада кема елканларини йиртиб, штурвалини синдириб ташлайди. Абгор ҳолатга келган кема бор-буди билан унинг қаърига чўкади.

Робинзон кемаси фожеаси кўздан йўқолиб улгурмай тўлқинлар устида бир бош кўринади. “Чўкаётган одамми?” деб ўйлашга тушаман дастлаб, аммо фурсат ўтиб фикрим ўзгаради. Иф қалъасидан қочган Эдмон Дантес танасида куч қолмаган бўлса-да, бир амаллаб сузишда давом этади. Гоҳ боши денгиз тубига кириб, гоҳ юзасида кўриниш бериб, қўл ҳаракатлари тобора секинлашиб сузаркан, эрк учун қўл урган бу ишига сира афсусланмаётгани, аксинча олдинда турган қасос ўти унга қўшимча куч бағишлаётгани салқиган кўзларида зоҳир бўлади. Шунга қарамай қуруқлик илинжида тўрт томонга илтижоли боқади. Кўп ўтмай сузавериб кучдан қолади ва тақдирга тан бергандек чалқанчасига ётиб қўлларини икки ёнига ташлайди. Денгиз уни ютишга тараддудланади. Шунда қаердандир ноодатий кийинган, юзига ниқоб таққан балиқсимон одам пайдо бўлади. “Одам амфибия” дейман дурбин орқали уни кўриб юрагим орзиқаркан. Ихтиандр Эдмон унинг қўлтиғидан дадил тутиб, ўзи беш қўлидек билган денгизни оралаб яқин ўртадаги қирғоқ сари сузиб кетади.

Денгизда қисқа вақт давом этган бўрон узоққа бормайди. Ҳайтовур тинади, ваҳшати сўнади ва уйқуга кетгандек тинчланади. Кетидан теварак- атрофни қамраган кулранг туман ва кўкдаги қора булутлар ҳар томонга тарқайди. Осмонда қуёш росмана бўй кўрсатади ва чарақлаб табассум улашади. Нур сочиб уйқуга кетган денгизни силаб-сийпалайди. Денгиз устида қувлашмачоқ ўйнашга киришган шуълаларини энтикиб кузатарканман, кўзим штурвалини ўспирин бошқариб кетаётган ўртача катталикдаги елканли кемани илғайди. Ўн беш ёшли жасур Дик ва унинг ёнидаги алпқомат Геркулесни кўриб севиниб кетаман. Кўзларим соғинчдан намланади. Ўсмирлигимнинг ширин хотирасига айланган бу икки дўстим менга бирин-кетин қўл силкишади, ҳол-аҳвол сўраб жилмайишади. Уларга намланган кўзларим билан тикилганим сари “адабиёт шунақа нарсаки, унда ўн беш ёшли ўспирин бутун бошли кемани бошқариши мумкин”, деган гапимни ёдга оламан ва адабиётни шунинг учун ҳам қаттиқ севишимни теран ҳис қиламан. Қирғоқдан туриб овозимни борича  “Қадрдоним, Дик” деб ҳайқиргим, денгизга калла ташлаб кема олдигача сузиб боргим келади. Афсуски, кема мени кутиб турмайди, бурилиб олислаб кетади. Охири миттилашиб, қора бир нуқтага айланади.

У кетган томондан  қўққис юза қисмига “Наутилус” деб ёзиб қўйилган сув ости кемасининг аввал бош қисми, фурсат ўтиб бутун гавда қисми сув остидан кўтарилади . Унинг мағрур капитани қаддини ғоз тутиб, қўлларини кўксига чирмаштирганча мен турган томонга бошини буради . Дурбиним ёрдамида ўсмирлигимда мени бетиним ҳайратлантирган Капитан Немони яқиндан кўраман. У билан ўша олисда қолган ўтмишдагидек соатлаб суҳбатлашгим , Жюль Верн ёзган китобда келтирилган ажойиб ва ғаройиб саргузаштлари борасида уни саволга тутгим келади. Аммо у рўпарасидан  келаётган каттакон кемани пайқаб, “Наутилус” билан денгиз остига шўнғиб кетади.

Бу қанақа кема бўлди экан дейман. Каттакон кема ўз ҳайбати билан мени илк дақиқаларда сескантиради. Уни атрофлича кўздан кечираётганимда палубаси четида турган навқирон, келишган, зиёлилардек дид билан кийинган йигит эътиборимни тортади. Кўзимга иссиқ кўринади. Уни аввалига танимайман. У маъюс нигоҳини денгизга тикиб, турган ерида қимр этмайди. Шунда бирдан сусая бошлаган хотирам ишлаб кетади. Моддий манфаат доимо устун қўйилган ва мунофиқларга тўлиб-тошган жамиятдан зериккан Мартин Иден денгиздан нажот кутиб ҳорғин нафас олади. Толиққан қалбига, жароҳатланган ғурурига ва ушалган бўлса-да, татимаган орзуларига ундан малҳам кутади. Шу илинжда ўзини денгизга ташлайди.  “Мартин ундай қилма” деб оғиз жуфтлашга чоғланаман, аммо овозим чиқмайди. Шўрлик денгизга ғарқ бўлади. Орзулари бисёр бўлган, очиқкўнгил ва тўғрисўз йигитдан қандайдир дақиқалар ичида асар ҳам қолмайди.  Бунга чидолмайман ва дурбинни пастга тушириб, қумга беҳол чўкаман. Юрагим сиқилиб, кўзимга дунё тор бўлиб кетади.

Мартиннинг дардини худди талабалик пайтимда бўлгани каби яна бир марта елкамга ортмоқлаганим дилимни хуфтон қила бошлаган бир пайтда кимдир дағал қўли билан елкамдан  туртади. Норози алпозда ўгириламан ва қўрқувдан кўзларим қинидан чиқиб кетай дейди.

-Оролга яширинган хазинага элтувчи йўлни топдим,- дейди Стивенсоннинг чўлоқ қаҳрамони ўзидан бадбўй ҳид таратиб кемшик тишлари билан иржаяркан.-Менга шерик бўласанми, мишқи? Хазина ўртамизда тенг тақсимланади. Элликка эллик.

Унга жавоб бериш-бермаслик хусусида бош қотираётганимда қариянинг қиёфаси рўпарамда сигарет тутуни каби тарқаб кетади. Нозиккина, сочлари сарғиш, навниҳол қиз аллақаердан пайдо бўлади ва  қирғоққа яқин келиб, денгизга узоқ назар солади. Кейин менга юзини буради.

-Алвон елканлар қачон келаркин, жаноб?- дейди   йиғламсираб.- Мабодо билмайсизми? Улар Яратганнинг жувонмарг бандаси Ассолни  роса куттиришди.

Бир пас ўтиб унинг ёнида қоқсуяк, фақирона кийинган, хўроз кўтарган кўримсиз мўйсафид кўриниш беради. “Бечора полковник” деган нидо ичимда отилишга шай ҳолга келади.

-Почтачи кема қачон келаркин? Менга мактуб олиб келиши керак, -дейди у хиралашган кўзларини дам менга, дам денгизга тикиб.- Ҳукуматга нафақа тайинлашларини сўраб хат ёзганман. Жавоби кечикяпти, роса кечикяпти.

-Оқ кема-чи?- дейди узоқдан чопиб келаётган қисиқ кўзли болакай.-У кўринмадими мабодо?

У нафасини ростлаб денгизни астойдли кузатади. Шундан сўнг тарвузи қўлтиғидан тушган одамдек худди мен каби қумга чўккалайди. Бошини эгиб, оғир хўрсинади.

Уларнинг ёнидан қайиғини қумда судраб бир чол ўтиб кетади. Чол ёши бир жойга бориб қолган бўлса-да, ҳали тетик, ўзини олдирмаган, ёш йигитлар бажарадиган ишларга қодир кўринади.

-Ҳаво яхши, айни балиқ тутадиган,- дейди кенг пешонасини тириштириб денгизни бир қур кўздан кечириб чиққач.-Бу сафар меҳнат қилиб тутган ҳеч бир балиғимни ярамас наҳангга бермайман.

Кейин бир ҳаракат билан қайиғини денгизга итариб, қўл томирларини бўрттириб эшкак эшганча унинг ичига сузиб кетади.

Унинг ортидан жим қараб қоларканман, фурсат ўтиб бу кўрганларимнинг бари хомхаёл ёки галюцинация эканини , ўсмирлик ва ёшлик пайтимдаги қадрдонларим шунчаки кўзимга кўринишганини тушунаман. Аммо руҳимда ажиб бир енгилликни туяман. Бу енгиллик зерикарли ва бир хилликдан иборат бўлиб қолган ҳаёт қолдирган юкнинг залварини бир қадар камайтиради, унинг анчадан бери камина учун  оқ-қора рангдан иборат бўлиб қолган тасвирига турфа рангларни қўшади, ундан мазмун қидириб чарчаган ва ёлғизликка гирифтор бўлган вужудимга ором бахш этади. Ичимдаги бор оғирликни қирғоққа ташлаб, соҳилни тарк этаман. Меҳмонхонанинг овқатланиш залига юзим ёришиб кираман. Бу ерга келганимдан бери тунд юришимга одатланиб қолган эшик оғаси  мендаги ўзгаришни яхшиликка йўйиб жилмайганча “Gun Ayden” деб кутиб олади. Тушлик қилаётганимда ҳам бу енгиллик мени тарк этмайди.

-Бу ернинг таомлари лаънати Англияникидан мазалироқ,- дейди бир пайт рўпарамга олифтанамо кўринган йигит келиб ўтириб.

У официантни чақириб, таомларга буюртма беради. Официант кетгач, олдидаги муздек апельсин шарбати тўлдирилган стаканни бир кўтаришда бўшатади-да, сочиққа лабларини артиб менга қўлини узатади.

-Кемадан ҳозиргина тушдим. Исмим Дон Жуан.

Унга лабларимда табассум билан тикилиб олдимдаги товуқ филесидан татиб кўрарканман, ичимда “яхшиям шу хомхаёллар бор” деб қўяман ва иштаҳа билан таомни паққос туширишни бошлайман.

2022 йил, август

Шерзод Ортиқов

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting