ҳикоя
Қайнаб кетган шаҳарнинг тун кирганда ҳовури босилиб, кўчада одамлар анча тарқоқ бўлади, лекин шаҳардаги уйларнинг хоналари аро қайси қалбларда кимлар ўлишини ёки ўзини еб битиришини ҳеч ким билмаса ҳам, тонгга бориб бошқа одамга айланишини мен жуда яхши сезаман. Тирноқларимдаги ним пушти бўёқни ўчиришга ҳаракат қила туриб, қачондир ҳаёт ҳам мени ўз саҳифасидан ўчиришини англарканман, кулгим келди. Кафтимдаги чизиқларга худди фол очувчи лўли аёллардек бирма бир қарайман, аммо нима бўлишини билолмайман. Қўнғироқ жиринглайди: шошилмайман, жимман, қайта-қайта чалингандан сўнггина гўшакни кўтараман:
– Кетяпман…
Сўзлашга мажоли йўқдай яна жим қоламан, сегарет тутуни анқиган хонамга тоза ҳаво олиб кириш илинжида нопок қўлларим билан деразани очаман, яна кулгим келади.
Тонгда ўлишим керак эди, шу сабаб аввал хона эшигини маҳкам қулфлаб, барча чироқларни ўчирдим. Сўнгги марта унинг (ҳатто исмини ҳам айтолмайман!) суратига қарадим, бағримга босдим, “Ёнингга боряпман”, – дедим. Эҳтимол, мендаги жамики ҳислар шу ишни қилишга ундаган паллада балкондан ўзимни отгандирман. Ўлишим керак эди, тушуняпсанми?! Ерга бутун умр банди бўлиш қисматимга айланиши, ич-ичимни кемираётган сукунат барчасига нуқта қўйиб мени парчалаши керак эди. (Номусини йўқотган қизнинг вужудидаги бегуноҳга ҳам раҳми келмас экан, барибир унинг қисматида ҳам қора доғ бўлишимни ўйлайман…) Кўзимни ўликхона ёки қабристонда эмас, азим Арк қўрғони қаршисида ётган ҳолда очдим:
– Уйғондингми? — У на фаришта ва на азроилга ўхшар эди. – Меҳмонимни шу ерда қолдириб кетолмасдим. Ўрнингдан тур, ичкарига кирамиз, оловда исиниб, қолиш ёки кетиш ҳақида ўйлаб олишга вақт етарли бўлади.
– Аммо сен кимсан?
–Муҳим эмас.
– Мен эса…
–Кимлигингни биламан, лекин сен ўзингни танимайсан-ку?! – Мен унинг ортидан борар, атрофни сиёҳ ранг ва пушти гулларга бурканганини кўрарканман, қалдирғочнинг сайраши қулоғимга чалинганда ҳозир баҳор эканлигини англадим. Аммо биз томонлардан куз хазонрезгисини аллақачон йиғиб олиш учун тараддуд кўрган палла эди. Ҳалиги сирли одам эса шошилмасдан олов ёқар ва ҳар бир шох-шаббани ўт олдиришидан аввал сўзми, дуоми такрорлар эди. Уни дарвеш десам кийимлари рабоф, қиммат шойидан, аммо шоҳ десанг ҳам кўзларида ҳукмдорнинг қаҳрли нигоҳидан асар йўқ эди. Шунгами, савол беришга ошиқмасдим. (Эҳтимол, кетадиган манзили тайин бўлмаган кимсада саволлар тугаб қолар) Қаршимдаги гулхан шу қадар рақсга тушар эдики, шамол унга созандалик қилаётганга ўхшарди.
Менда бирор сўз қолмаган, ягона жавобим сукут эди. Унинг ёнимда турганлиги, атрофда яккаланган Арк қўрғони ва шу гулхандан бошқа нарса йўқлиги ҳам берадиган саволларичалик мени қўрқитмаётганди. Буни қўрқув деб ҳам бўлмас, аммо ичимдаги овозлар мени бўғаётганини ҳисобга олганда қаршимдаги гулханда ёнишни истардим.
– Ёниш ҳам ягона чора эмас, биз форсийларда жайдарилик ва Худога ишониш бор. Худди оловдаги ҳузур тафти каби ишонч ҳам унинг ёғдусига қоришиқ, унга қарасанг Худони кўрасан, ичинг ёнишига қўшилган овозлар ҳам тўхтайди, сен эса ўзингни, Ўз Худонгни унутдинг. Сарафроз, унутдинг…
– Менда сендаги йўллар ҳам одамлар ҳам йўқ эди. Ҳолбуки, одамлардан чарчаган ва шаҳардан қувилишни истаган инсонга аслида буларнинг кераги ҳам йўқ. Бундай вазиятда эса ўлим ягона чора, дўзахий бўлсанг ҳам…
– Унда ўзингни покла, мен маросимга ҳакамлик қиламан. – У гулхандан унча узоқ бўлмаган ноғорани чалар ва мени ўз ўлимимни қаршилашга ундарди.
– Исмингни ҳамон айтмадинг, эҳтимол бугун сени охирги марта кўришимдир.
– Сарсон руҳни яна танийсан, Сиёвушни [1] ҳам…
Ноғора овози янада баланд чалинар, мен эса куйга асир, ўлимга ташна: жисмим ва руҳим билан оловга отилдим.
— Дори ичадиган пайтингиз бўлди, – ҳамширанинг шу гапигина мени уйқудан уйғонишга ундагандир, эҳтимол. (Қачон шифохонага келдим, нима қиляпман? Хотирам чалкаш. Фақатгина балкон ва гулхан эсимда. Аммо анави ровийчи? Қани у? Қаерда? Уҳ бошим!!!) Ҳамшира оғриқдан титраётган қўлларимга йўргакланган чақалоқни тутқазди.
Бағримдаги гўдакнинг кўзларида эса фақат ҳаёт ва ундан айро ўзимни кўрдим, холос…
[1] Сиёвуш (Авестода Сиёваршан, Сиёвахш — «қора от») — афсонавий қаҳрамон. „Шоҳнома“ эпоси қаҳрамонларидан бири. „Шоҳнома“га кўра, Сиёвуш Кайковуснинг ўғли бўлиб, уни баҳодир Рустам тарбия қилган. Ўгай онаси Судоба Сиёвушга шаҳвоний меҳр қўйган, бироқ ундан рад жавобини олгач, Сиёвушни ўзининг номусига тажовуз қилганликда айблаган. Бироқ Сиёвуш гулхан синовидан ўтиб ўзини пок, айбсизлигини исбот қилган.
Гулзода Ғайратова