эссе

Илк мактаб остонасидан ҳатлаб, чумолилардек ғужғон ўйнаётган ўзим тенги чурвақалар, очиқ юзли ёки асабий, қошлари чимрилиб пешонаси тиришган ўқитувчиларнинг бегона нигоҳлари ва кескин, янгича ўзгаришлардан тилим танглайимга ёпишиб, ҳаяжондан дир-дир титраб, синфхонанинг охирги партасида ёлғиз ўтирган пайтимда ёнимдаги бўш стулга келиб ўтирдингиз. Ҳозиргидек эсимда, у вақтлар 40 — 45 ёшларда бўлиб, ялтироқ тугмачали мундирда, соч — соқолингиз калталанган, пешона сочингиз анчагина сийраклашган ҳолда узун гавдангизга ярашиб турган кенг, галифе шимда ва қора, ялтироқ этикда юрардингиз. Табиатим туфайли, мен ҳеч ким билан суҳбатлашмас, ўқитувчимнинг ёнимга келиб берган дўстона саволларига ҳам миқ этмасдим. Аввалига, сизни кимдир кўряпдимикин деган ҳаёлда атрофга аланглаб, одамларга синчиклаб боқардим. Кейинроқ, мендан ўзга ҳеч кимга кўринмаслигингизга тўлиқ ишонч ҳосил қилдим. Сиз мени ҳар — бир ҳатти-ҳаракатимга эътибор билан боқар, гоҳида тасдиқ ишорасини қилсангиз, гоҳида бош чайқаб қўярдингиз. Кўзларингиз маъюс, аммо кулиб боқарди. Олдинига гапирмадингиз, сўнг, бир-биримизга ўрганиб, яхшигина танишиб олганимиздан кейин тилга кирдингиз. Аммо, сиз мен билмайдиган ўзга тилда сўзлардингиз. Мен сизни тушунмас, лекин берилиб, назокат билан сўзлашингизга маҳлиё бўлганимча, тўхтовсиз очилиб — ёпилаётган лабларингизга тикилиб ўтирардим. Дарс пайтида қаёққадир ғойиб бўлардингиз. Мен эса чиройли ёзишга, ҳарф ва сонларни янада яхшироқ эслаб қолишга, аъло ўқиб сиздан мақтов эшитишга ҳаракат қилардим.

Одатда, ўқитувчимиз савол берганида билиб турсамда ҳеч қачон жавоб бермасдим. Мен жавоб берсаму, бутун синфдаги ўттиз жуфт кўз, камига ўткир нигоҳли устозим бирваракайига тикилишиб туришса, нотўғри сўзласам — у, масхара қилишиб устимдан кулишса нима қиламан деб ўйлардим. Ўтирган жойимда уялиб, хижолатдан қизариб-бўзариб кетардим. Ўқитувчим мендан ниманидур сўраб қолгудек бўлса, баданимни совуқ тер босиб, қаттиқ ҳаяжонланар, тилим калимага келмай қоларди. Ичимдан нимадир тошиб келар, ўша ниманидир қўйиб юборишга ўзимда куч тополмасдим. Биринчи синфни бошлар чоғимиз эди адашмасам, ўқитувчим баргнинг қандай рангда бўлишини сўраб қолди. Болалар чувиллашиб бир овоздан : «Яшил!»-дейишганида, менинг соқов тилимдан «Қизил!»- деган жавоб учди. Болалар жўр бўлиб кулишди. Мен уятдан ерга кириб кетай дедим. Сиз шунчалар қувондингизки, ҳаттоки эгилиб пешонамдан ҳам ўпиб қўйдингиз, тинмасдан чапак чалиб олқишладингиз. Бу ҳайриҳоҳлигингиз ўзимни босиб олишимга, баҳор бўлишига қарамасдан, кузнинг совуқ шамолида маъюс титраётган сариқ- қизғиш заъфарон япроқларни тасаввур этиб, енгил тортишимга сабаб бўлди. Доимо мен билан бирга эдингиз. Биринчи синфни битириб, даҳо Ленин ҳақидаги шеърларни жўшиб айтаётган, кўксимга «Октябрят»ларнинг фахри бўлмиш, жингалаксоч ёш болакай Володиянинг расми туширилган қизил юлдузчани тақишаётган пайтида ҳам, кейинчалик бўйнимга қип-қизил, шойи галстукни ифтихор билан, сип-силлиқ қилиб тақиб юрган, чор Россияси ва бизга «тўкин ҳаёт»ни бахшида этган даҳолари ҳақидаги пафосли асарлар, шеърларни берилиб ўқиётган вақтимда ҳам мен билан бирга эдингиз. Ўз тилингизда нималардир деб, бош бармоғингизни диккайтирар, «Баракалла»-дегандек бошимни силаб, галстугимни тўғрилаб қўйган бўлардингиз. Бу илтифотларингиздан мен беҳад қувонар, янада яхшироқ ўқиб — ўрганишга, дарсларни кучлироқ ўзлаштиришга тиришардим. Гоҳида ўйлаб ўйимга етолмасдим. Ўзимга тинмасдан саволлар ёғдирардим, шундай маҳалларда. Ким бу инсон? Нега доимо ёнимда? Нима истайди мендан? 

Кўпинча, доимий саволларимдан бошим оғриб қолар, янада ичимдагини топ ва камгап қизга айланардим. Ҳали ҳам ҳаёлларимдан кетмайди(ҳеч қачон унитолмасам керак?!) Илк мактабга қатнаётган дамларимда, дарсдан кейин уйга кетатуриб, икки дугонам устимдан кулишар, масхаралаб, турткилаб кетишарди. Мен эса миқ этмас, фақат ўзимни ҳимоя қилиш учун қўлларимни бошим ўзра қўйиб олар, нуқул изиллаб йиғлаб кетардим. Ичимдаги ғалаённи, норозилик ва аёвсиз тўлқинларни қўйиб юборолмас, натижада янада ҳақир ва бечора сезардим ўзимни. Уйимиз яқинидаги доимо тўлиб оқадиган, серсув ариққа етганимдан кейин, юз — қўлларимни ювардим, ўпкамни босиб олиш, йиғлайвериб ҳосил бўлган ҳиққиллаш ва хурсинишдан қутилиш учун узоқ вақт ўтирардим. Сиз шу заҳоти ёнимда пайдо бўлардингиз. Сарғиш сочларимни силаб, кўз ёшларимни сидирардингиз, елкаларимга қоқиб руҳлантирар эдингиз. Мен бундан анчагина енгил тортардим. Чуқур хурсиниб, жилмайишга ҳаракат қилардим ва қўлингиздан тутганимча, мамнун қиёфада уйимга ошиқардим. Онам юзларимга синчил боқар, доимо бир саволни берарди: «Қизим, нима бўлди, яхшимисан, ёки кимдир ҳафа қилдими?» Мен йўқ деб жавоб берардим, аммо оғиз очиб, чурқ этмас, ҳаммасини айтишни ҳаёлимга ҳам келтирмасдим. Бу қароримга жавобан, сиз яна ҳар доимгидек, мени олқишлар, елкамга қоқиб қўярдингиз. Онамнинг ҳавотирли нигоҳларидан кўзларимни пана қилардингиз. Сизни ҳам эсингиздадир албатта, иккинчи ёки учинчи синфда ўқирдим адашмасам. Хуллас, танафусда мактабимизнинг ўқув қуроллари сотиладиган дўкончасига йўл олдим. Ўзим ҳам билмайман, нима сабабдан олдим, отам тушлик учун берган пулни нима учун ўша ўзим нималигини ҳам англай олмаган(балки, ручга деб ўйлагандирман?) матоҳга сарфладим, нега сотувчи ҳам ўйлаб ўтирмасдан қўлимга тутқазди, ҳозир ақлимга сиғдиролмайман. Синфхонага қўлимда бир даста перо билан кириб борганимда ўқитувчим қайтариб топширишим учун койиб чиқариб юборганди. Сизчи? Сиз бу ишим учун шунчалар қувонган эдингизки, ҳатто, эгнингиздаги мундирингизни ечиб, оҳори тўкилмаган оппоқ кўйлагингизни ҳилпиратиб, завқланиб ўйинга тушиб бергандингиз. Кейин, терлаб кетган пешона ва бўйнингизни рўмолчангизда арта туриб, менга нималарнидир узоқ тушунтирган эдингиз. Битта перони олиб чўнтагимга яширгандингиз. Мен ҳали ҳамон сизни тушунмас, аммо, тинглар эканман, далда бераётганингизни тушуниб турар, руҳим енгиллашар, ўзимга бўлган ишончим аста — секин ортиб борарди.

Сиз билан биринчи марта танишиб, сўзларингизни англай бошлаган куним бошим кўкка етган эди. Ўн уч — ўн тўрт ёшларда эдим, адашмасам. Қандай бошланди, нима ундади, буни эслолмайман, аммо, қўққисдан шеърлар ёза бошладим. Сизнинг қувончингизни ҳозир таърифлаб берольмайман. Айта оладиганим, қувончдан ер — у, кўкка сиғмаган эдингиз. Қўлларимни сиқиб, мамнунуият билан хитоб қилдингиз:

  -Энди танишсак ҳам бўлади, қизалоқ! Камина, Феёдор Михайлович!

  -Феёдор Михайлович?- пешонамни тириштириб ўйлай бошлайман.(ўша пайтларда «рус адабиёти» дарсликларимизга Достоевский киргизилмаган эди) Рус адиб ва шоирларини бирин кетин ҳаёлимдан ўтказа бошлайман. Ҳижолат чекаман. У эса жилмаяди. 

  — Табиий ҳол, ҳижолат чекманг, азизам. Танишиб олишга ҳали вақтимиз бисёр. Қани шеърларингиздан баҳраманд этингчи.

Мен кўзларимни олиб қочаман. Кескин бошимни инкор маъносида чайқайман. Шеър дафтаримни сумкамга яшираман. 

Шу кундан эътиборан, Феёдор Михайлович Достоевскийнинг асрларини қидириб бошладим. Аввалига, Отамни шахсий кутубхонасини ағдар — тўнтар қилдим. Тополмагач, шоир амаким Жалил Бўри (отамни укалари) нинг ёнига югураман. Не кўз билан кўрайки, Феёдор Михайлович амакимнинг ёнида китоб мутолааси билан машғул бўлиб турганига гувоҳ бўламан. Амаким иккаласи мутолаадан бошини кўтариб менга қарар экан, бир хил тусда, ўзгача бир меҳр билан жилмайиб қўяди. Суҳбатимиз давомида амаким Толстой ҳақида жўшиб сўзлаб беради.(амаким Толстой ижодига меҳр қўйганди) Қўлидаги мутоаа қилиб ўтирган «Уруш ва тинчлик» романини ўқиб чиқишимни тавсия қилади. Мен ҳали ҳам мутолаа билан банд бўлган Феёдор Михайловичга бир қўр назар ташлаб оламанда, амакимдан унинг асарларини сўрайман. Амакимнинг юзида қандайдир мен тушуниб ололмайдиган ҳижиллик, бесаранжомлик лип этгандай бўлади. Китоб жавонидан қалингина, кўп ўқилавериб, муқоваси анчагина титилиб, хиралашиб қолган китобни олади. 

  — Мана, ол! «Телба»- дурдона асар,- амаким ёнида ҳали ҳам мутолаа билан машғул бўлиб ўтирган Достоевскийга кўз қирини ташлаб жилмайиб қўяди. Кейин, ғамнок кўзларида бирдан қувноқ учқунлар жилоланиб, менга пичирлайди:

  — Яхшиси, аввал Толстойни ўқиб кўр!- Феёдор Михайловичга қараб тиржаяди,- Достоевский кутиб туради!

Феёдор Михайлович қўлидаги дафтарлардан бош кўтариб шўх ва қизғин хохолайди.- Ҳаммасини эшитиб турибман, биродар!-қалин дафтарларга ишора қилади,- Қизалоқни онгини заҳарлагандан кўра, шеърларингни чоп эттирсанг бўлармиди?! Бунақасини фақат Пушкинда ўқиганман! Ажойиб!

Амаким қўл силтайди. Аччиқ табассум қилади.- Қўявер ошна, дафтарда қолаверсин!

Мен бу орада «Телба»ни аллақачон қўлимга олиб, ўқий бошлаган бўламан. Амаким билан хайрлашаман. Эшикдан ҳатлар чоғимда амаким яна гап ташлайди.

  -Ҳеч бировни мактубларини ўқиганмисан!

  -Йўқ, ҳеч қачон! Менимча, бировни хатини ўқимоқ, ўзга кўнгилга ҳужум қилмоқдир!

  — Баракалла! Аммо, шундай мактублар борки, эгаси қўлларинга тутқазади. Ўқигач, уни беш қўлингдек англайсан!

Мен елка қисиб қўяман. Эшикдан чиқиб, кетишга чоғланаётганимда ичкаридан Феёдор Михайловични овози келади.

  — Биродар, ҳаддингдан ошма! У жуда беғубор, ҳали мактубларимга тайёр эмас! Аммо, ўқиган тақдирида ҳам мени кечиради деб ўйлайман!

Амаким қаҳ — қаҳ уриб кулади.- Ошна, ўзингни бос, тутқаноғинг тутиб қолмасин. Қанчалик яхши бўлмасин, у сенга телба Мишкининг эмас! Кечирмайди! Мен уни биламан, отасига ўхшаган, бетинга қарамайди. Ўқиган куниёқ!

  -Бас қил! Телба!

Шу бўлди — ю, амакимнинг ёнига тез — тез қатнайдиган, Достоевский ҳақида, унинг ижоди, ҳаёт йўли ҳақида узун суҳбатлар қурадиган бўлдик. «Телба»ни тугатиб, «Ака — ука Карамазов»лар, «Хўрланганлар ва ҳақоратланганлар», унинг кичик ҳикояларидан тортиб, йирик асарларигача ўқиб чиқдим. Бу орада йиллар ўтиб, битирувчи синфга ҳам яқинлашиб қолгандим. Достоевский ҳамон ёнимда, мен эса унинг ижодига бўлган чексиз меҳрим туфайли оз вақтга кўринмай қолса ҳам саросимага тушиб қолардим. У менга доим бир саволни бераверарди.

  — Нега, бунчалар ҳокисор ва яхшисан? Нега ёмонликларга яхшилик билан жавоб берасан? Нега бутун дунёга яхшилик кўзи билан қарайсан?

Мен ўйлаб ўтирмасдан кўнглимда борини тўкиб солардим.- Феёдор Михайлович, ҳудди сизнинг телба Мишкинингиз каби, мен ҳам ёмонликни бир баҳя бўлса ҳам ҳаёлимдан ўтказмайман. Ёмонлик қилганларга ёмонлик қайтарсам, улардан нима фарқим қоларди? Яхшилик ҳеч қачон беиз кетмайди, ҳеч бўлмаса ундан ёмонликдан азият чеккан кўнгилларда таскин қолади. Яхшилик билан ёмонлик доғларини ювиш мумкин. Яхшилик доимо яхшилик олиб келади. Сизга айтсам, мўмин — қобил, ҳокисор табиатимнинг энг асосий сабаби, яхши одамларнинг фарзанди бўлиб дунёга келганимдир. Онам ҳаттоки, чумолиларга озор беришимизни истамас, болалигимиздан бизни фақатгина яхшиликларга ундарди. Отамчи, отам: «Ёмонлик қилганга ҳам яхшилик қилавер, вақти келиб, яратган кўнглига солса, у ҳам яхши инсонга айланиши ҳеч гапмас!»-дердилар. Отам ва Онамни ҳеч қачон кимнидир кўнглини оғритганларини эслолмайман. Улар ўн фарзанд эмас, ўн жавоҳир тарбия этдилар. Жавоҳир инсонлар…

У мени олқишлаб, баракалла дегандек бош ирғаб қўярди. Мактабни битирар чоғимда қўлимга унинг мактублари тушиб қолди. Мактубларни ўқиганим сари Феёдор Михайловични янада теранроқ англай босладим. Унинг олийжаноб, ўзга ижодкорлар ижодига ҳайриҳоҳлик билан назар ташлайдиган, адабиёт ривожи учун хизмат қилишга чин кўнгилдан бел боғлаганини тушуниб етдим. Адабиёт не экани, ижодкорнинг мақсади мазмунини ёнғоқ мағзи каби чақиб олдим. Айни қиш қаҳратонида Петропавловск, қамоқхонасидан, Симпалатинск сургунидан туриб акаси Михаил Михайлович Дастоевскийга битган мактублари кўнглимни вайрон қилди. Унинг сабр — матонатига яна бир карра ҳайратланишимга сабабчи бўлди. Аммо, шундай бир кун келдики, мен унинг ўша Ўрта Осиё мустамлакачилиги ҳақидаги ўй — фикрлари, ҳатти — ҳаракатларини билгач, беихтиёр унга бўлган улкан нафратни ҳис эта бошладим. Энди уни кўриб, кўрмасликка олар, гапларини эшитмаётгандек тутардим ўзимни. Болалик чоғларимдан мени яхшиликка ундаган, дардларимни аритиб, беғубор ва нозик кўнглимни тонгги шабнам каби асраб келган самимий, даҳо инсон у эканлигини ўйлаганим сари, ғазабим тошиб кетаверар, адабиётдан тобора узоқлашаётганимни ҳис этардим. Мен қасдма — қасдига яхшидан, ёмонга айлана бордим. Кўнглим қаърига чўкиб қалашиб ётган оғриқлар бош кўтариб кела бошлади. Болаликда бўлган шўхлигида дея «кечирган» ўша икки дугонамни неча йиллик таҳқирли нафратим билан янчиб ташладим. Масхаралаб устиларидан кулдим. Аълога ўқиганим сабабли, камгап бўлсам ҳам эндиликда ўзимга яраша мавқейим бор эди. Ҳикоялар ёки шеърлар ёзиш ўрнига дугоналаримга ошиқлари томонидан ёзилган бемаза мактубларга масхараомуз жавоб хатлари ёзиб берардим. Тўғрироғи улар йигитларнинг ҳақоратли мактубларини олиб келиб, ўқишимни илтимос қилар, жавоб хатини ёзиб беришимни ўтинарди. Мен бисотимдаги энг «чиройли» сўзларни айтиб турар, улар эса хатга жавоб ёзишарди. Адабиётни ўлгудек севиб туриб, тиббиётни танладим, деярли ҳеч кимни ўқимай қўйдим, шеър дафтарларини йиртиб отдим. Шеърлар ёзишни унутдим. Феёдор Михайловичга бўлган юксак ҳурматим сабаб, унинг она тилини мукаммал ўрганиб, эркин сўзлаша олардим.(Қолаверса, мустабид тузумнинг мақсади ҳам шу, эди; тили ва маданиятини онгимизга сингдириш) Эндиликда, ҳаттоки бу тилда сўзлашиш тугул, уларни эшитишни ҳам истамасдим. Одамлар қилган юзсизликлар, ёмонликлар учун тил жавоб бермаслигини, миллат айбдор эмаслигини тушуниб турсамда, тан олишни истамасдим. Нафратим сабаб, онда — сонда бўй кўрсатиб қолган Феёдор Михайиловичга бир куни охирги марта заҳарханда қилдим:

  — Энди тушуниб етдим сизни, ўша қизил юлдузча — кўксимиз тамғасини таққанимда, қип-қизил бўйинбоғ(пеонерлар фахри)ни бўйним билан биргаликда руҳимга занжир этиб боғлаганларида нега бунчалик хурсанд бўлганингиз, тузумингиз ҳалқимни масхаралаб, оёқ ости қилишганида, орзу — ниятларингиз амалга ошиб, бахтиёр бўлганингизни англадим. Сизга тасаннолар бўлсин князь! Тилингиз не сўйлайди — ю, кўнлингиз нелар дейди..?!

Кунлар келдики, суянчиғим, келажакда менга беминнат устозлик қилиб, ёнма — ён адабиёт гулшанларида қанот қоқадиган йўлдошим — амаким, бу дунёни жуда эрта тарк этди. Жанозада оломон орасида бошқа адиб ва шоирлар билан бирга Феёдор Михайловичга ҳам кўзим тушди. «Мана сизга яхшилик жавоҳирининг аҳволи князь, мана сизга яхшилик ва ҳокисорликка жавоб! Амакимни ўлмасидан олдин ўлдирган эдилар. Уни телба атаб, масхара қилганлар юзсизларча жанозасида сохта йиғлаш қилдилар. Шеър дафтарларини варақлашиб, «Даҳо, эрта кетти, яхшига кун йўқ!»-дедилар. Ҳа,яхшига кун йўқ, яхшиликка ўрин йўқ бу ҳаётда!

Феёдор Михайлович бошини эгиб, анча вақт ёнимда, аччиқ сўзларимга қулоқ солиб ўтирди. У энди мункиллаб, қартайиб қолган,соч- соқоли ўсиб кўксига тушган, аммо, гап сўзлари дадил, ўзи ҳам бардамгина эди.

  — Биласанми, сен ҳеч қачон ёмон бўлолмайсан. Шунчаки, жуда мағрур ва ҳақиқатпарастсан, кинягиня.(у турмуш ўртоғимда князь Мишкиннинг айрим жиҳатларини сезганидан буён мени шундай атарди)- узун соқолини тутамлар экан маъюс жилмайиб қўйди. — Ижодкор ҳам инсон! Беайб ёлғиз парвардигор! Одам боласи эса, хатолар қилади, ҳар бирининг ўзига яраша ҳақиқатлари бўлади. Шахсият ва ижод бир — бирига зид бўлган, икки хил тушунчлардир. Ҳуддики, яхшилик ва ёмонлик сингари…

Шу билан амакимни ҳам, Феёдор Михайловични ҳам йўқотдим. Йиллар сўрони, юзларимга 40 йиллик ажинлар нақшини солди. Ҳаётни кўрдим. Яшадим. Унинг ҳақиқатларини англадим. Ёшлигимдаги беғубор қарашлардан, фақатгина қақшаган асаб толалари, ўткир нигоҳлар ва кескир сўзлар қолди. Бир куни қўққисдан оқ халатимни ечдиму, илҳом парилари ҳамроҳлигида адабиёт оламига қадам ташладим. Ёзувчилар, шоирлар, адабиётшунослар, барча — барчаси билан танишдим. Улар билан самимий дўст бўлишни, Феёдор Михайлович каби фикрлар алмашишни, адабиётимизни биргаликда юксакларга олиб чиқишни истадим. Лекин, уларнинг ҳам оддий одамлар эканлигини, мендек бир телбани тушуна олмаслигини ёдимдан фаромуш этдим. Қайсидир дўстона самимиятимни маддоҳликка, яна қайси ижодига бўлган меҳримни кўз сузишга, ижодимни эса масхара мавзусига айлантиришди. Ваниҳоят, сизни англадим, князь, ижод кун бўлса, шахсият тун бўларкан…

  — Телба!-дедингиз, берилиб «Телба»нгизни ўқиб ўтирган ижод столим ёнидаги оромкурсида пайдо бўларкансиз.- Биласизми, кинягиня, аёллардан кучли ижодкорлар чиқмаслигининг сабаби не?

Елка қисаман. -Балки, турмушнинг майда — чуйда ташвишларига чалғиб қолиши сабаблидир?

  -Йўқ, сиз аёллар зукколик ва назокат билан, фавқулотда ошиқиб қалам тебратасизлар. Сиз ҳам бу қусурдан мустасно эмассиз. 

  — Биласизми, Феёдор Михайлович фикрингизга мутақ қўшиламан. Ҳақсиз, ниҳоятда шошқалоқлик билан ёзаман. Онгимда ғужғон ўйнаётган ғоя ва қарашларимни тилимга чиқариб олишга жуда қийналаман. Шошилиб сўзлайман, шошилиб қарорлар қабул қиламан. Ҳаттоки, эълон қилиниб бўлинган ҳикояларимни ҳам қайта таҳрирлаб ўзгартирган пайтларим бўлган. Сизнинг мактубларингизни эса қайта — қайта ўқийман, куч, илҳом, ўзимга улкан ишонч оламан. Англаганим шуки, князь Мишкинлар ҳаётимизда кам учрар экан, учрагани ҳам одамлар томонидан таҳқирланиб, масхара қилиниб, телба тамғаси босилар экан. Агар сизнинг «Телба»нгиз ҳаётга тадбиқ этилса, романингиз умуман бошқача якун топарди. Ҳокисор Мишкин қотилликда айбланиб, дорга осиларди. Қарабсизки асл ҳаётий якун бўларди…

Феёдор Михайлович соч — соқолини бармоқларида тараб текислаган бўлади, томоқ қириб, бошини сарак — сарак қилади. Кўзлари ўткир боқиб, қаддини ростлайди.

  -Ошиқма, кинягиня, ошиқма..!!!

Кейин ижод столимда дафтарига нималарнидир ёзиб ўтирган амакимни елкасидан туртади.

  -Биродар, қайтамиз!

Амаким ўрнидан турар экан, менга тикилади, нимадир демоқчидек оғиз жуфтлайди. Туманга айланиб хиралаша бошлайдилар.

  — Амаки…Феёдор Михайлович…

Совуқ шамол деразам пардасини куч билан тортқилаб ҳилпиратади. Ижод столим устида турган «Телба» нинг саҳифалари тўхтовсиз ширт — ширт варақланаверади…

  Турмуш ўртоғим (шифокор) ишдан қайтгач, ёнига ўтириб кўзларига тикиламан. У мени дарров тушунади.

  -Гапир, нима гап?-дейди жиддий оҳангда.

  -Биламан, мени ёлғиз сиз тушунасиз. Баъзида ўзимни ўзим тушунолмай қоламан. Ҳафа бўлсам мусиқа эшитиб рақсга тушаман, қувонсам йиғлагим келади, билиб билмаганга оламан. Одамлар билан муносабатларда қийналаман, гавжум жойларда саросимада қоламан. Хотирам чатоқ, сўзлай туриб, гапларимни йўқотаман. Ёлғизликда бахтлиман. Нима, дейсиз, Психиатрга кўринсаммикин? Шизофреник эмасмикинман?

  — Яна қанақа Шизофрения? -энсаси қотиб кафтини пешонамга босади. -Ҳароратинг йўқ, демак, алаҳламаяпсан. Яна ёзолмай қолдинг шекилли? Ҳавотирланма, сен шунчаки телбасан! Ёқимтой ва ақилли телба!

27/07/2022      КУМУШБИБИ

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting