Сўзсиз яшолмайман, борлиғимда сўз,
Сувсиз яшолмаган тилла балиқдек.
Сўз менинг дарёим, сўз менга денгиз,
Сўздан ташналигим қонар булоқдек.

Оташим – оловим икки оғиз сўз,
Чақмоқдек ёнарим сўздир бегумон.
Бир нуқта ер билан чилпарчин қилса,
Сўз сабаб руҳ билан бирлашар осмон.

Сўзсиз юкинаман сўзнинг кучига,
Сўзнинг қудратини олдида жимман.
Қудратин олдида бошимни эгиб,
Аслида ҳеч кимман, ҳеч кимман.

Сўз бу қадим йўлдир, сўз бу сўқмоқ йўл,
Изидан эргашиб юрар хотира.
Сўзнинг томирида илдиз отар гул,
Бир гул-ки тонг каби маъсум, бокира.

Беришта боғланган мен қадим маҳкум,
Сўзлардан қурилган бино ичига.
Ҳар лаҳза таслиму гоҳ ғолиб бўлиб,
Ҳар куни яшайман сўзнинг ичида.

Борар манзилим сўз, қароргоҳим сўз,
Аввал-у охирим сўздир, каломдир.
Осмондек дилимга ажр ўрнида
Худонинг бергани ёрлиқдир, шондир.

Сўзсиз яшолмайман сувсиз балиқдек.

Дилфуза Қосимова

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting