***

нимадир ёзгим келади

ҳислар, муносабатлар

ва сен ҳақингда ҳам

бир шаҳарда яшаймиз,

бир ҳаводан оламиз нафас,

бир йўлдан юрамиз,

сен тамаки олган дўкондан

мен сотиб оламан қоп-қора

қаҳва

ҳовур кўтарилар қаҳвадан

қайноқ

тамаки ифори кўкка

ўрлайди

заҳарли тутунга тўлган

кўксингга

менинг муҳаббатим

нега сиғмайди

нимадир ёзгим келади

дарахтлар, қушлар,

сен ҳақингда ҳам

мендаги депрессия

сенда азалдан

бўлишгим келади баъзан

дардимни

эшитсанг,

йиғласам,

юпатсанг,

руҳимиз бирлашиб

кетсайди

чекишни ташлашга

етган

ироданг

мени севиб қолишга

нега етмайди

қалбимни қон қилди

сўроғинг

йиғини бас қилда

кет дейсан

мен устун қўяман эркимни,

бор, йўлингда давом

эт дейсан

нимадир ёзгим келади

бу гал

туйғулар ва қушлар

ҳақида эмас

балки

ўнг бўлмайдиган

тушлар

тушга кирмайдиган ўнглар

ҳақида

сен менинг тушимсан

тамом

ўнг бўлма

***

1

исканжага олар

руҳимни

замон ва макон ҳавфи

йиллар бостириб келар

қора шарпадек

ва унга мафтун бўлишим кутар

асрлаб

қандай жозиба бор

шарпада?

жозибаки, уни англамоқ учун

эргашасан ортидан

ёки дуо ўқийсан уни

йўқотиш истаб

2

исёнми,

о, буюк исён

воқеликка қарши кўтариш мумкин

фақат, лаънати

йўқ нарсани қандай

инкор қиласан?

нега эҳтиёж кўп

уйдирмаларга?

ғилдирак ичида

югураётган олмахонга

нима бўлди охир?

қандай якун топди

унинг тақдири?

шунингдек,

кимга қизиқ

сенинг тақдиринг?

ғилдирак ичига тушиб қолиш билан

унга айланишнинг фарқи нимада?

бирида бўғилган эркинг,

бирида озодсан

3

узоқларга кет

аҳамияти йўқ

қаергалиги

истасанг мен,

истасанг шарпа

билан

***

ўзимга энг содиқ душманман

ширин сўз айтмайман ойнага қараб

тўйимли нонушта турса-да

мен раво кўраман

заҳардек

аччиқ ва қоп-қора қаҳва

дарвоқе финжон ҳам қаҳва рангига

уйғунлашиб кетган

ғалати…

кўзим қора, қошим қора, тақдирим қора

аммо эгнимдаги кийимим қизил

қоннинг ранги қизил,

жазавамнинг ҳам…

депрессиянинг буюк амрига кўра

ҳаётим, борлиғим, вужудим

фақат

икки рангдан ташкил топган палитра

ҳар куни қазийман муҳташам қабр

инжа ҳисларимга тупроқ тортаман

эговлаб, бурдалаб, парчалаб охир

нўноқ ҳайкалтарош мисоли

ясайман

қайтадан

ўзимга

кўнгил.

***

Тунда,

сочларимни силади шамол,

силтандим,

бу ҳолат келганди малол.

Биламан,

Шамоллар менга номаҳрам.

Бу кеча.

Ёлғизман, яна ва яна.

Ой,

деразамдан қаради ана.

Рад этдим,

ул ойнинг муҳаббатин ҳам.

Оқшом.

Мактуб олдим ёрқин юлдуздан.

Очиб ҳам кўрмадим,

рухсатсиз сиздан.

Сўнибди.

Юлдузга ачиндим бирам.

Тонг…

Дош бермай қуёш тафтига

Қўл бердим, ногоҳ

нурли кафтига.

Ҳолимни ширин бир гуноҳга йўйдим.

Ўзимни қуёшга топшириб қўйдим.

***

йўл қидирма

фойдаси йўқ

замин гўё улкан қафас

қафас ичра бахтлиман де

қичқир майли таскин бўлсин

овозларинг бўғилгунча

янги дардлар туғилгунча

исён қилма кимга керак

фақат йиғла шунга рухсат

***

бу шодлик қаердан

эзгу ниятларим ушалган гўё

аслида чироқни ўчириш ҳам келади малол

ухласам туш кўраман

ёруғ тушлар бўлади улар

уйғонсам тушнинг акси

жин урсин-а, нега уйғондим

ўсимликлар, ҳайвонлар, ёдгорликлар кирар тушимга

ва яна вақтни тўхтатиш мумкин

истаганча измимга солишим осон

бир лаҳзалик дийдорни абадиятга ҳукм қилса бўлади

туйғулар дош берса бўлди, кифоя…

алаҳсираб қолдим менимча

туйғулар мўрт, омонат, ёлғон

ҳаа, мустасно эмасман ўзим ҳам

таассуротим, саргузаштим кимга қизиқ

кеча мароқлидек туюлган нарса

бугун ўта табиий, оддий ҳодиса

малҳам истаб гоҳида кўча кезаман

топганимда жароҳатим битган бўлади

янгисини яратиш керак энди

у яра шунчалик катта бўлсинки,

охир мажбур бўлай ўлишга…

***

мен агар истасам,

қаҳвага гул япроқларин солиб ичаман

эълон қиламан бугунни,

мойчечак куни дея.

ёмғир ёққан дамда соябонсиз китоб ўқийман

хўл бўлса сенга нима?!

барибир сен менга ҳеч китоб совға қилмагансан-ку!

***

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting