Сўнгги сўз

Тонг отди — кўзгуда яна шу сурат

Дилда куртак очди умидлар яна.

Нималарни топдим истаб адолат?

Мен ҳали яшашни истайман, она.

Кўз ўнгимдан ўтар ҳар битта куним,

Гавдаланар макон, ҳудуд, замона

Таҳлил қилиб тинмай излайман айбим,

Мен ҳали яшашни истайман, она.

Гуноҳ бор ҳаммада, хатолар бисёр

Гардкамига қўйдим жоним! Ёмон-а?

Нега кенг дунёга сиғмас одамлар?

Мени ҳайдашмоқчи бутунлай, она.

Қуёш нури тушди деразам узра,

Илиқликка зорман ўзим ҳайрона.

Оловларда ёқди, билмасдан сира.

Ўзимни яқиним, ўзимни она…

Иймонга хиёнат қилмадим асло,

Номусга бўлмадим ҳеч ҳам бегона!

Балки топмоқдадир бари интиҳо,

Мендан рози бўлинг азизам, она.

2015, Нью Йорк

Ўзбекистон

Қир-адирлар ичра юрмоқ истайман,

Майсалар устига босиб товоним.

Она ер тафтингни ҳис қилсам дейман,

Шунчалар соғиндим ватан тупроғин.

Пахтазорлар ичра кезар болалик,

Тутлар соясида ётибди кўнглим.

Булоқ сувидан йўқ ширин ичимлик,

Қовун, тарвузингни соғиндим юртим.

Доим бир-биридан огоҳ маҳалла,

Қўшнилар қўшнига беради мадад.

Ахир қайда ҳам бор ўзбек чойхона?

Халқим йўқолмасин сендан оқибат.

Ҳар бир қарич еринг жонимдан азиз,

Сенсан менга шараф, ғурур, ризқ, иймон.

Номинг улуғласин ҳар бир ўғил қиз.

Гулла, яшна, юксал ҳур Ўзбекистон!

2015, Нью Йорк

Она

Хаёли паришон, беҳол, бемадор,

Фарзандин ёнидан жилмайди она.

Дилбанди тузалмас дардга гирифтор,

Фиғони ичида, йиғлайди она.

Мана неча кунки ўғли туз тотмас,

Ҳатто кўз очмайди, бир қарамайди.

Табиб чақирганди. У ҳам текшириб:

Афсус ила айтди: Йўқ, тузалмайди…

Тунда хайриятки ўғли кўз очди

Терлаб кетган бола, пешонаси ҳўл

Сув ичди ва айтди энг сўнги сўзни

-Она, онажоним мендан рози бўл…

Ўз ўғли қўлида жон берди бу тун

Онанинг фарёди оламни тутди

Умр йўлдошидан ёлғиз ёдгори

Ёдгорни ҳам бу тун қаро ер ютди.

Қабрни қучоқлаб йиғлади узоқ

Наҳот ўзидан бир қолмас нишона

Қабрнинг устида жон берди у ҳам

Кўзда ёши қотган бечора она…

2008, Самарқанд

Бева аёл

Тушунмай азобинг, дард, уқубатинг

Жойига қўймабди майли ҳурматинг

Топтамоқ истади наҳот иффатинг?

Йиғласин, қақшасин у хирсли кўзлар.

Беномус сўзидан зор титрар фалак

Мушкулинг ечгум деб этдилар ҳалак

Қилмоқчи бўлдилар сени бир эрмак

Синсин билагингга узалган қўллар.

Ёлғиз бошгинангда минг битта ташвиш

Мактаб, боғча, рўзғор — хилма хил юмуш

Ғуруринг синдирма азиз бояқиш

Ёнсин сенга ола боққан нигоҳлар.

Ҳаммаси ўткинчи, вақт олий ҳакам

Ўксинма, бўйсунма, олға кет шаҳдам

Азоблар роҳатин албат кўрасан

Доғда қолсин ўша хирсли нигоҳлар.

2017, Тошкент

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting