эссе

Азалдан меҳмонхоналарда тунаб қолишга ҳушим йўқ. Иш юзасидан ёки хизмат сафар билан ҳар гал бошқа шаҳарга боргудек бўлсам,  иложи борича ўша куниёқ уйимга қайтишга ҳаракат қиламан. Мабодо зарурат юзасидан ушланиб қолсам ёки сафарим бир неча кун давом этиши ойдинлашса, ўша шаҳарда яшайдиган бирор бир танишимнинг хонадонидан бошпана топаман.

Худо эл қатори каминани ҳам таниш-билишдан қисмаган. Аммо, бахтга қарши баъзида меҳмонхонада тунашимга-да  тўғри келади. Бу ҳолат йилда бир ёки икки марта рўй беради. Рўй берганида уни худди бошимга келган бало-ю офат каби қабул қиламан ва чўнтагим кўтарган кўримсиз меҳмонхона эшигидан оёғим тортмай ичкарилайман. Бўсағада бир хўрсиниб қўяман. Оғир-оғир қадамлар билан қабулхона томон юраман. У ерда сўраб-суриштириб ва савдолашиб, ҳеч қандай қулайликлари бўлмаган, ҳатто хизмат ҳақига нонушта ҳам киритилмайдиган  энг арзон хонани банд қиламан.

Қабулхонадаги хизматчи йигитларнинг кўпи бачкана кийинган, сочлари силлиқ, хотинчалишроқ  бўлишади. Хизматчи қизлар ораста ва дид билан кийинган, хипчабел, сочлари ёзилган, одамга сал бетгачопарроқ боқишади. Улар хафсала билан узатган хона калитини қўлларим титраб-титраб шимим чўнтагига соламан ва лифт сари одимлайман. Хона учинчи ёки тўртинчи қаватда бўлади. Юқорироқдаги қаватлардан ҳеч қачон хона банд қилмайман. Боиси, биринчидан, бу ёшда Худога яқин боришга юрагим бетламаса, иккинчидан, деразалар орқали пастга қарагудек бўлсам дарров ичимга ғулғула кириб, таҳликага туша бошлайман.

Лифтда иложи борича ҳамроҳларсиз, бир ўзим кўтариламан. Бу одат бўлиб қолган. Ҳар бир қаватга кўтарилганда эшиклар очилишга ва лифтга кимдир чиқишга шайлигини кўргач, юзсизлик қилганча шоша-пиша кўтарилиш тугмасини чангаллайман. Натижада, лифт тўхтамай кўтарилишда давом этади.

Ўзим банд қилган хона одмигина бўлади. Ювиниш хонаси ва ҳожатхонани ҳисобга олмаса, битта-ю битта хонадан иборат. Қулайликлари йўқ, шинамлиги кўзни қамаштирмайди. Деразаларига арзон жалюзи тортилган, шифтдаги қандил уриниб кетган бўлади. Стол-стул, ётоқхона дивани каби интерьерлари ва деворга маҳкамланган телевизори оддийгина. Ёз ойларида кондиционер ўрнига вентилятор, қиш ойларида электр иситгич ихтиёримда бўлади. Кичкинагина музлатгич хонанинг бир бурчида гўё менга маъюс тикилиб туради.  

Буларга ортиқча аҳамият бермайман, чунки фикру зикрим тезроқ тонг оттириб, зудлик билан хонани тарк этишда бўлади. Шу хаёлда аввалига стулга, кейин диваннинг четига фаромуш чўкаман. Ҳатто, кийимларимни алмаштирмайман. Чалғиш учун стол устига қўйилган жомадонимдан муздек минерал сувни олиб, лўкиллатиб ичаман. Томоғимни хўллаб олгач, столда турган- меҳмонхона маъмурияти томонидан мижозлар учун ажратилган маиший журнал ва газеталарни бирма-бир эриниб варақлайман. Кейин пультни қўлимга олиб, телевизорни ёқаман ва каналларни бемақсад титкилайман.

Ён-атрофга оқшом чўкиб, дераза ортида тун шарпаси сезилгач ҳадигим ортади. Бир дераза томонга, бир эшик томонга қарай-қарай ростакамига ҳадиксирашга тушаман. Орада алмаштирмаганим учун ғижимланиб кетган кийимларим билан эшикни ичкаридан қулфлаган-қулфламаганимни пусиб бориб текшириб келаман. Телевизор кўриб вақт ўтказиш ортиқ юрагимга сиғмайди. Диванга чўзилиб, кўзларимни юмсам-у, очганимда тонг отган бўлса қанийди, деган хаёл билан оёқ узатаман.

Ҳаммаси шундан сўнг бошланади. Есенинни 1925 йилнинг қаҳратон қиши кечасида Петербургдаги  “Англетер” меҳмонхонасида номаълум кимсалар асфаласофилинга жўнатишгани қўққис яна ёдимга тушади. Кетидан худди ярим тунда мен тунаб қолган мана шу хона эшиклари очилиб, қўлига қора револьвер ёки сопи чармдан қилинган ханжар ушлаган ўша кимсалар сездирмай ичкарилайдигандек ва мени ҳам Яратганнинг даргоҳига бемаврид жўнатиб, шифтга осиб кетишадигандек туюлади. Буни ўйлаганим сари тукларим ҳурпайиб, этим жимирлайди. Аъзойи баданимни совуқ тер босади. Кўзларим косасидан чиқиб кетар даражада эшик томонга бақрайиб қолади.

Хавотир таъсирида ўрнимдан туриб, диванда чордана қуриб ўтираман. Шунда девор ортидан ғалати овозлар келади. Қўшни хонада ғўнғир-ғўнғир овоз қулоғимга чалинади ва кўп ўтмай эркак билан аёлнинг эҳтиросга қоришган овозлари авж олади. Жинсий алоқа пайтида лаззатланишни ифода этувчи ингроқ ва жаргон сўзлар, от каби пишқиришлар қўшни хонадан таралади. Жирканиб бўлса керак, дивандан тураман-да, дераза ёнида турган стулга ўтираман. Атрофга безовта бўлиб назар соламан. Негадир хона бошқача тусга кираётгандек кўринади ва бир лаҳзада мутолаа қилиш жараёнида ўзим тасаввур қилган “Англетер меҳмонхонаси”нинг ўша машъум 5-чи хонаси кўз олдимда қад ростлайди. Хона интерьерлари йигирманчи аср бошида Оврўпода урф бўлган интерьерларга алмашади. Деразага тортилган жалюзи ўрнини классик услубда тикилган қалин парда, стул ўрнини оромкурси, стол ўрнини нақшинкор ёзув столи, девордаги телевизор ўрнини каттакон картина, шифтдаги оддий қандил ўрнини Венецияда ясалган улкан қандил, оёқ остидаги оддий гилам ўрнини бетакрор Форс гилами эгаллайди. Хона кенгайгандек, шифти баландлашганга ўхшайди.

Буни кўриб, яшин тезлигида ўрнимдан сапчиб кетаман ва елкам билан деворга қапишиб қоламан. Тилим нуқул калима келтириб, қўл-оёғим бараварига титрайди. Бир амаллаб ўзимни қўлга олгач, чопиб бораман деразага ёпишаман. Меҳмонхонани юзлаб чироқлар ёрдамида ёритилган ташқи манзарасига кўз ташлайман. Не кўз билан кўрайки, унинг асосий эшиги пештоқига “Англетер” деб ёзиб қўйилган бўлади. Ёзувни илғагач юрагим така-пука бўлиб кетади. Шу ҳолатда хонадаги ҳамма нарсани текшириб чиқаман: Стол устида турган кулдонни, биллур графин ва финжонни,  ювиниш хонасидаги сочиқларни. Уларнинг барчасининг маълум бир қисмида “Англетер” деган ёзув эътиборимни тортади. Бунга қаноатланмай хавфсираганча йўлакдан юриб, эшикни очаман ва  хона рақамини кўздан кечираман. Эшик тепасида “5” рақами осилиб турганини кўриб, гўё чинқираб юборгудек оғиз жуфтлайман, аммо кафтим билан оғзимни беркитаман. Қайтиб хонага кирганимда эса шифтда осилиб турган одам диққатимни тортади ва беҳуш гиламга йиқиламан.

-Камина Сергей Есенинман, ошна,- дейди у ўзимга келганимда.

Чироқ ёруғида унинг моматалоқ бўлиб кетган юзи, қон сизиб оқаётган чаккаси, пешонасидаги ёриғи, тўзғиган сочлари, эгнидаги тугмалари узилиб тушган кўйлаги ва тўлишган қорни, чўнтаклари йиртилган шими кўзимга яққол кўринади.

-Осилган одамни гапираётганини энди кўришингизми?- дейди у карахт аҳволда турганимни кўргач.

Пича ўтиб, кутилмаганда  хона бўйлаб Чайковскийнинг “Оққуш кўли” балетидан парча таралади ва Серёжа арқонда айланиб-айланиб рақсга тушади.

-Сизга айтсам,- дейди у орада бўйнини арқондан сал бўшатиб олиб.-Шўролар каби бошқа бирор бир давлатда кучли сценарист сиёсатчилар йиғилишмаган. Маълумки, сценарийларни кино учун ёзувчилар ёзишади. Ҳолливудда шундай. Француз ёки итальян кинематографисияда ҳам. Аммо, шўролар юртида сценарийларни cиёсатчилар ҳеч бир ёзувчидан қолишмаган тарзда ёза олишган.  НКВД сценаристлар тайёрлайдиган зўр мактаб бўлган. Ленин, Сталин, Троцкий, Бухарин, Дзержинскийлар эса бетакрор сценарист сифатида ном қозонишган. Улар ёзган сценарийлар доим маромига етган, мукаммал бўлган ва итдан тарқаган режиссёрлар томонидан саҳналаштирилганида ўз ҳаётийлиги билан кишиларни лол қолдирган. Фақатгина НКВДнинг юзлаб сценарийлари ичида менинг ўлимим билан боғлиқ сценарийгина ўхшамаган, холос. Аниқроғи, шу сценарий бўш ва ишонарсиз чиққан. Менимча, чекистлар сценаристлик фаолиятлари давомида шу биргина омадсизликка учрашган.

У яна арқонда айлана бошлайди. Бу сафар энди Вагнернинг “Учар Ҳолланд” операсидан парча янграйди. Куй қаердан келаётганини билолмай атрофимга аланглайман. Серёжа  куйга ҳамоҳанг тарзда шеър ўқийди:

Хайр энди , хайр дўстгинам,

Бағримдасан, кўнгил малҳами.

Муқаррар бу айрилиқнинг ҳам

Висоли бор олдиндан ҳали.

Хайр, дўстим, сўзга очма лаб,

Қўй, мен учун ўртама бағир.

Бу ҳаётда ўлмоқ-ку бор гап,

Яшамоқ ҳам янгимас,ахир!

Вагнернинг куйи шитоб тўхтаганида, у ҳам бир муддат сукут сақлайди. Бизгача етиб келган суратлари ва шеърларидаги ҳаётга чанқоқлиги юзида акс этади.

-Уларнинг сценарийсига кўра мазкур шеърни мен гўё қоним билан ёзганман… Кулгули, шундай эмасми? Бу сценарийдаги уларнинг дастлабки хатоси эди. Кейин хатолар ипга тизилган маржондек бир-бирига уланиб кетган. Масалан, улар хонамга бостириб киришгач, аввалига мени ўласи қилиб калтаклашган( сўнгги пайтларда шўроларни кўп танқид қилишга тушгандим, “Аблаҳлар” деб номланган шеърим Троцкийга ёқмагани дарагини эшитгандим, шунга муттасил кузатувда эдим). Уларга жон ҳолатда қаршилик қилишга тушганимда  бошимга темир буюм билан қаттиқ тушириб, ҳаётимга нуқта қўйишган. Ишлари хамирдан қил суғургандек осон битгач, жонсиз танамни мана шу баланд ерга осишган. Яхшилаб қаранг, ҳатто стулни қўйиб устига чиқсам ҳам баланд шифтга бўйим етмайди. Бу уларнинг сценарийсидаги иккинчи хато бўлган. Бошимдаги ёриқ ва танамдаги қийноқ аломатларини кўздан қочиришгани уларни учинчи хато сари етаклаган.

Эртасига улар Сергей Есенин ўз жонига қасд қилди, деб гап тарқатишган. Охирги пайтларда кўп ичаётганди, ҳаётдан тўйганди, ўз жонига қасд қилиши юрагидаги изтиробларнинг интиҳоси учун сўнгги чора эди, деб барчани  сценарийларига  ишонтиришган. Бу уларнинг энг қўпол хатога йўл қўйишгани эди. Аслида, мен ҳеч қанақасига ҳаётдан тўймагандим. Рафиқам Айседора Дункан билан Америка ва Оврўпони эндигина айланиб қайтган, юрагимда кўтаринкиликни туйиб, янги ижодий ишлар учун қувват тўплаган, катта-катта ижодий ишлар учун ўзимни руҳан тайёр ҳис қилган пайтим эди. Ватанни пуллаётган ва ўз биродарларини қонини тўкаётган, эътиқодсиз бир тўда гўрсўхталар учун ўттиз ёшимда ўзимни ўзим ҳеч қанақасига бадном қилмасдим. Ўз жонимга қасд қилишни ўйламагандим ҳам. Агар улар ёзган сценарийни синчиклаб ўргансангиз, яна ўнлаб хатоларга дуч келасиз.

Вагнернинг куйи лаҳза ўтмай Шопеннинг аза маршига алмашди.

-Мен ҳам ўз жонингизга қасд қилганингизга ишонмаганман,-дейман ниҳоят тилга кириб.

У юзи ёришиб, худди ёш болакайдек ҳуштак чалиб юборади-да, пешонасини хунук тириштиради. Лабларини чўччайтириб, бурнини шимиради.

-Кўпчилик ишонган лекин. Етмиш беш йил ишонишди. Эндигина НКВД нинг ўша сценарийси бўш чиққани аён бўляпти ва кўпчиликнинг кўзи очиляпти.

-Ҳар қандай ҳақиқат эртами-кечми қарор топади,- давом этаман у томонга қарамасликка тиришиб.

-Реалистларни яхши кўраман-да, -дейди у хахолаб кулиб.

Тонг ғира-шира ёришаётганида у кўздан йўқолади. Мени бўлса бир муддатга кўзим илинади ва ҳориган танам диванга бемажол чўзилади. Кўзимни очганимда ҳар гали дераза орқали тушаётган қуёш нурлари юзимни сийпалайди ёки ташқарида шиғалаб ёғаётган ёмғир шитир-шитир қилиб товуш чиқаради. Кўзларимни ишқалаб тун бўйи хонада нималар рўй берганини  эслашга уринаман. Эслагандек бўлиб, тушимда эдими ё ўнгимда деганча бир лаҳза шубҳа-гумонлар ичида қотиб қоламан. Бир томонга осилган бўйинбоғимни тўғрилаб, оҳори тўкилган кўйлагим тугмаларини қадаб, шошилганча дераза олдига келаман. Меҳмонхонанинг асосий эшиги пештоқига қарайман. Меҳмонхонанинг ўз номи катта ва бўртма ҳарфлар билан савлат тўкиб туради. Стол устидаги  кулдон, графин ва финжон, ҳаммомдаги сочиқларни текшираман- уларда ҳам меҳмонхонанинг номи. Йўлакдан юриб эшикни очаман ва тепасига тикиламан-икки ёки уч хонали рақам.

-Демак, тушимда рўй берган,-дейман енгил тин олиб пичирларканман.

Бошимни сарак-сарак қилганча жомадонимга қўлимга оламан.

-Хайрият, тонг отди…

Қабулхонага тушиб, калитни топшираётганимда навбатчилик қилаётган хизматчи йигит ёки қиз анъанага кўра мижозлар китобига эсдалик учун нимадир ёзиб беришимни сўрайди. Ручкани қўлимга олиб, негадир ҳар сафар “Англетер меҳмонхонаси” фаолиятига омад тилайман, деб ёзаман ва имзо қўяман.

-Кечирасиз, бизнинг меҳмонхонани  бошқа меҳмонхона билан адаштирдингиз чоғи,- дейди улар китобдаги ёзувларимга кўз ташлашгач.

-Мен учун Ер юзидаги барча меҳмонхоналар фақат битта ном билан аталади:- дейман уларга кетиш олдидан мутлақо жиддий оҳангда.- “Англетер”.

2022 йил, июль

Шерзод Ортиқов

1 izoh

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting