ЯНЧИБ ТАШЛАНГАН ОДАМ

0
407

ҳикоя

Бу воқеа мен телеграмм аккаунтим биосини “майда-майда қадамлар” ўрнига “Йўқман” дея ўзгартирганимдан бир неча кун аввал содир бўлди. Аммо бу муносабатлар газак олган ярадан бўлак нарса эмасди –  воқеа эса ўша газаклаган ярадан бу сафар қон ва йирингнинг қўшилишиб оқиши эди. Бу гапимга эҳтимол Намнён – менинг гўрсўхта хонадошим эътироз билдирар, чунки у доим эркин муносабатлар тарафдори сифатида ўзини тақдим этишни хуш кўрарди. Бироқ унинг ўша эркин муносабатларига унга яқин бўлган, у билан ҳеч бир пардаларсиз алоқа қилишга мажбур – бу ўринда сўз мен ҳақимда – ҳар қандай инсонга оғирлик қиларди. Сирасини айтганда, биз ижарада бўлган хона ва ундаги барча шарт-шароитлар мен томонимдан ташкил этилган ва бу учун Намнён оёқларимни ҳар тун – мен ола-ғовур кўчадан бизнинг камтарингина ҳаётимизни бутлаш учун топиб келган бир-икки арзимас пулим ҳиссасига уқалаши лозим эди. Аммо мен бу ўринда унинг бу ишни азбаройи ҳақлигим туфайли эмас, аксинча меҳр-муҳаббат ва шафқат юзасидан қилишини истардим. Аммо Намнённинг миясига бунга ўхшаш хаёллар етти ухлаб ҳам келмас, у ўзининг мавжудлиги учун менинг бу ҳаракатларимни жуда кам деб ҳисоблар ва биз доимо овқат ҳамда бўлак озуқа манбаларимизни сақлайдиган митти совуткичнинг бўшлигини кўриши биланоқ асабий минғирлар ҳамда юзимга очиқдан-очиқ кескин норозилик билдирарди. Намнённинг ўзи, қизиғи, ҳеч қачон кўчага чиқмасди, баъзан ўйлаб ўйимга етолмасдим: унинг бирон яқини, қариндоши бормикан деб, у аёллар билан ҳам ҳеч қандай яқинлик қилмасди. Йўқ, охир-оқибат шундай қарорга келардимки, унинг бутун Ер шарида битта одамдан бўлак яқини йўқ. У ўша одам орқали нафас олар, қорин тўйғизар, доимий ёзиши учун зарур бўлган қоғоз-қаламини, керакли ахборотни ҳам мендан оларди. Мен эдим ўша. Шу ўринда бор гапни тан олиб қўя қолганим маъқул эди: мен унинг дунёда мавжудлигининг ягона исботи эдим. Бироқ у ушбу хусусиятларни бир томонга суриб, доимий равишда менга босим қилишни биларди, холос. У мени умуман ҳурмат қилмаслигини, тупуриб қўйганини ҳар бир ҳаракатида билдириб туришни ўзига бурч деб ўйларди чоғи, мен унинг қилт этганида ҳам у томонидан ўзимга нисбатан тушунуксиз (рости билан бунинг қайдан пайдо бўлганини тушунолмайман) жирканиш ҳиссини сезаман. Одатда ўзингдан ўта даражадаги ожиз нарсани кўрганингда башаранг худди ўшандай бужмайиб кетади. Масалан, ертўлани тозалаётган маҳалинг зах нарсалар орасидан каттагина шиллиққуртни кўриб қоласан: семизгина, семириб кетганиданми, ё табиатидан – шилимшиқ орасида зўрға қммирлаб қўяди; одамларда ҳам шундай, ўзингдан ожизроқ бўлса сен ўзингда унинг ҳаракатларидан ва сўзларидан ижирғаниш ҳис қиласан. Аммо бу шу даражада оддий бўладики, сен буни атай қилмайсан, ҳаммаси ўз-ўзидан амалга ошади. Мен ҳам унинг кўзларидаги ўша ижирғаниш аралаш аллақайси ҳисни кўрганимда ўзимни шиллиққуртдек ҳис қила бошлагандим: менинг ҳамма ерим тупикка қорилган, зўрға қимирлайман, у эса иложи борича менга тегиб кетмаслик учун (у ҳатто пойафзалининг учи ҳам расво бўлмаслигини истайди) аста ва эҳтиёткор ҳаракат қилади. Буни шу қадар билинтириб қила бошлагандики, мен энди унинг олдида ўзимни тобора ёмон ҳис қилар, ожиз, нотавон, ҳатто шиллиққурт ҳам мендан кўра бахтиёрроқдек туюлар, буларнинг барига қачондир нуқта қўйилиши мумкинми экани, агар бу азоблар тўхтамаса ўзимни бирон нарса қилишимга ўзимни ишонтирардим. Мен ушбу тепадан қарашлар, бир тийинга олмай мени боладек югуртиришлар ортида фақат ўзимнинг айбим ўтганлигини билар ва ҳамма-ҳаммаси бир ажойиб тонг ниҳоясига етишига умид қилганча унинг ҳар бир ҳаракатига чидашга мажбур бўлардим. Мен у билан илк танишган пайтимиздаги бир-биримизга таскин берган оқшомларни эслар ҳамда ўзимни босардим. Намнён ўшанда жуда довдир ва жуда таъсирчандек туюларди. Хусусан, у менинг азобларим учун ҳам кўз ёши тўкиб ўтирар ва буларнинг бари-бари бир кунмас-бир кун якунига етишига ишончи комил эди. Ўшанда у ўтакетган художўй эди ва ҳар бир дард, албатта, бизнинг устимизда турган Ҳақнинг синови эканлигини таъкидлашдан чарчамасди. Мен тинимсиз бошим устига тушаётган омадсизликлардан буткул умидсизликка тушиб қолган маҳалларим бошим устида Намнённинг кафтини ҳис қилар, у ўшанда менга бирон нарса деб ўтирмас, тўғрироғи, мен унинг ўпкаси тўлиб кўз ёши тўкаётганини, иссиқ ёшлари кафтлари оралаб бошимга тўкилаётганини ҳис қилар ва бошим атрофида ғизиллаб айланаётган барча ёмонликлар, омадсизлик ва ношудликларим устида унинг борлиги ягона умид қилиш мумкин бўлган неъмат эканлигини англардим. Бу бариси хаёлан шундай қувватга айланардики, охир-оқибат мен яна қувватга тўлиб кўчага отилар ва яна ўзимни ўз ғилдирагига ўрнашган оқ каламушдек, аммо қувноқ каламушдек ҳис қилардим. Бу муносабатлар қанчага довур давом этганини билмайман. Аммо орада нимадир рўй берганди, эҳтимол Намнён ўзининг ушбу кунларида мендан зиғирча ҳам таскин ололмаганидан дарғазаб бўлган, эҳтимол ўзи бутунлай ўзгара бошлаган – иккинчи вариант кўпроқ ҳақиқат бўлса керак, чунки у ўз эътиқодини ҳам бутунлай ўзгартириб юборганди. Буни мен унинг худога нисбатан ўй-фикрларидан билиб қолгандим. У бир маҳаллар икковимизнинг Худо ва унинг адолати ҳақидаги суҳбатларимиз асносидаги таскинни олиш мақсадида гап бошлаганим заҳоти аввалига гапни умумий мавзуларга бургани, кейинроқ эса бу билан қочиб-қутула олмаслигини англаганиданми, мен кўп миянғилик қилиб унинг асабига тега бошлаганмидим, “Мен ва Худо бир-биримизни тинч қўйдик” деганди. Мен унинг кескин ва совуқ ушбу гапидан фақат бир нарсани – ортиқча валақлашни бас қилишим лозимлигини англаган ва шундай қилган ҳам эдим. Бундан буёғига мен у билан бир муддат масофа сақлай бошлагандим, бу эҳтимол табиатимда бўлган хавфсираш, қўрқув туфайли эди. Ҳозир эса буни жуда яхши англаб турибман – бу мен ўзимни ожиз санаган ҳар қандай муносабат шаклларида ўзимни четроққа олишим таъсиридан эди. Аммо Намнён бу четлашишни кўп ўтмай аритганди, биз энди ҳам аввалгидек суҳбатлашадиган бўлгандик, бироқ буларнинг барчаси Намнён истаган мавзуда бўлар ҳамда энди бизнинг суҳбатларимизда Илоҳнинг ҳеч бир номи тилга олинмайдиган бўлди. Мен бундан хурсанд эдим. Намнён нима қилганда ҳам менинг қиёматли биродарим эди ва у билан ўртамизда девор тугул, парда бўлишини ҳам истамасдим. У билан доимгидек хушчақчақ, пурмаъно суҳбатимиз, умуман ҳаётимиз давом этаётганди. Шу орадами ё ундан аввалроқмиди, Намнён бутунлай кўчага чиқиш истагидан воз кечди. У туну-кун хонада, столи устида алланималарни қитирлатиб ёзиб ўтирар ва мен уларнинг бари дунёдаги энг яхши асарга айланишига ишонардим. Мен Намнённинг истеъдодли ёзувчи эканлигига, бир кун келиб бутун дунёга донғи кетишига шу қадар ишонардимки, ҳатто унинг ўзи ҳам бунга менчалик ишонмасди. Мен журъатимни тўплаб унга бу ҳақда сўзлаганимда, у мийиғида кулиб қўя қолди ва унга келажакда бирон мукофот беришлари мумкинлиги ҳақида нима деб ўйлашимни сўради. Мен албатта “Ҳа, албатта шундай бўлади” дедим ва унинг қаттиқ қаҳқаҳасини эшитдим. Мен унинг нима сабаб бу қадар қаттиқ кулганини тушуниб улгурмай биринчи марта ҳикояси қўлёзмасини тутди. Ҳикояни ўқиб бўлгач, унинг нега бундай кулганига тушунгандек бўлдим, у чорчўпдан ташқарига чизадиган мусаввирлар сирасидан эди. Хуллас бунақа тушунарсиз асарлар ҳеч қачон англанмайди ва табиийки, мукофотларга ҳам лойиқ кўрилмасди. Аммо нима бўлганда ҳам ўша асарларда одамни мафтун қиладиган бир нарса бор эди ва у айнан чегаранинг, форманинг, чорчўпнинг йўқлиги эди. Мен буларни унга айтишни лозим топмадим, у эса нигоҳларидан мени уни тушунмаганликда айблаганди ўшанда. Шундан сўнг биз икки-уч ҳафта давомида деярли гаплашмадик. Мен бунга деярли аҳамият ҳам берганим йўқ. Чунки бу орада менинг ҳаётимга ранг кира бошлаган – маъшуқа топган ва бўш вақтимни у билан ўтказа бошлагандим. Намнён билан муносабатларимиз эса бир хонани тенг бўлишган икки эркакнинг совуққина салом-алигидан бўлак нарса эмасди ва бу шу билан якунига етиши турган гап эди, агар бу ҳолатдаги қонун-қоидаларнинг тўлиқ мен тарафдан белгиланганлиги инобатга олинса. Аммо кўп ўтмай мен хонамиздаги айрича, менга батамом ёт бўлган муҳитдан ўзимни қўярга жой тополмай қолдим Аввалига Намнён туни билан чироқни ёқиқ қолдирадиган ва ишлайдиган бўлди. Ҳозир ўйласам, у мендаги ўзгаришларни билган, шу сабаб уйқусизлик ва асабийликни ишлаш қиёфасида беркитишга уринган. Буни бир сафар унинг қоғозларига қараб англадим: у ўтган вақт мобайнида қоғозларни фақат нуқталар билан тўлдириб чиққанди. Ҳаммасини аллақандай асабий тартибсизлик билан амалга оширилгани боис нуқталар салкам ҳарфларга эврила бошлаган, бироқ яхшилаб разм солинса, улар бир тўда нуқталардан бўлак нарса эмасди. Аввалига бу нуқталар ўрнида шунчаки чизиқлар чизгани маъқулмиди деб ўйлаб қолдим, аммо нуқта – унинг истаги эди. Нуқта битта бўладими ё бутун бошли қоғоз нуқталар билан тўлдириладими, бу ҳам унинг рўйи-хоҳиши билан амалга ошганди. Шундан сўнг Намнённинг менга ҳужуми бошланди. Энди менинг ҳар бир қадамим, ҳар бир сўзим унинг чиғириғидан ўтар ва дарров норозиликка учрарди. Аввалига менга хона ичида шиппак билан юриш ман қилинди.  Намнён буни жуда кескин ва шартта айтди. Мен бу ҳолатдан довдираган ва ўзимни қайга олишни билмай қолгандим. У шиппак билан хонадан ташқарида бемалол юришим мумкинлигини, хона ичкарисида эса шиппакни ечиб қўйишим лозимлигини таъкидлади. Унинг фикрича, шиппак билан хона ичкарисида юриш камида бефаросатлик бўлади. Чунки хона ичида палос тўшалган ҳамда у полдан чиқадиган захни тутиб туради. У менга хонага кирибоқ шиппакни бир четга олиб қўйишни маслаҳат берди. Мен унинг муомаласи кўнглимга текканига қарамай, сўзларини рад қила олмадим ва имкони борича ҳолатни ҳазилга буришга уриндим. Сал ўтиб кароватимда ястаниб телефон титаётгандим, у эса столида ўтириб қоғозга алланарсалар ёзаётган, эҳтимол, у тағин асабий ҳолатда қоғозни нуқта билан тўлдириб чиқарди. Шунда менинг чекким келиб қолди ва тортмам устидаги, Намнён аллақачон кул ва сигарет қолдиқларига тўлдириб ташлаган кулдонни ёнимга олдим. У эса дарҳол эътироз билдирди ва имкони бўлса чекмаслигимни, чеккан тақдиримда ҳам бошқа жойга чиқиб чекишим кераклигини уқтирди. Чунки у ҳозир жуда асабий. Бунинг устига боши оғрияпти. Бу ҳолатда бош оғриқ дори ичиши лозимлигини айтдим. У мендан илтимос қилдики, жавоннинг пастки қисмида дорилар солинган тортма бор. Ўшандан оғриқ қолдирувчи дорини топиб сув билан олиб келсам. Мен йўқ деёлмадим ва Намнён айтган ғаладонни кўздан кечирдим. Аксига олиб, ғаладон ичидаги дорилардан биронтаси оғриқ қолдирувчи эмасди, мен тортмадаги бари дорини ташқарига сочиб ташлагандим ва бунинг хабарини унга бериб, дорихонага чиқиб келишим мумкинлигини айтдим. Намнён шундай қилишим кераклигини айтди, аммо у буни шу қадар осон ва аниқ айтдики, бу илтимос эмас, буйруқ эди. Қўшимчасига сумкасидан пул ҳам олишимни тайинлади. Мен ўзимни ноўнғай ҳис қилдим ва пулим борлигини, бунинг устига ўзимнинг ҳам тез-тез бошим оғриб туришини таъкидлаб хонани тарк этдим. Дорихонага бориб келиш пайти ичимда исён кўтарилиб келар, аммо мен уни бостиришга уринардим. Хонага киришдан аввал битта пиёлага сув олволдим, унинг олдига пиёла ва дорини қўяркан, ўз вазифамни якунига етказганимни англатиб ўрнимга ётдим ва индамадим. У раҳмат деди. Мен эса бош кўтармай бош ирғадим. Кейинги  кунлар кескин эътирозлар бўлмади, бироқ буюртмалар сони кескин кўтарилди. Энди Намнён менинг ишдан қайтар маҳалим гоҳ у, гоҳ бу нарсани буюртма қилар, атай қилгандек пулини уйга келганим заҳотиёқ бериб юборишини айтарди. Мен бир сафар бу буюртмалардан жоним ҳиқилдоғимга келгани боис уйга тунагани бормаслигимни айтдим, бу ҳаммаси мен унинг олдида ўзимни тобора ожиз ҳис қила бошлаганим туфайли эди, мен уни олдида ҳеч бўлмаганда хонадош эмасдим, эркак эмасдим, ва ниҳоят одам эмасдим, у мендан ўзига югурдак бола ясаб олган, мен эса бу босимдан қочишга жой излар, аммо барибир қўлимдан ҳеч нарса келмасди. Кўп ўтмай унинг ҳар бир буюртмасига баҳона излай бошланимга ҳазил қилди ва дўстлик бу тартибда бўлмаслигини айтиб енгилгина насиҳат қилган бўлди. У бундай насиҳатларни айрича меҳрибонлик билан бирга амалга оширгани туфайли бу одамга у қадар ботмасди. Аммо барибир у ўша меҳрибончилигу насиҳат билан менинг унинг олдидаги очиқдан очиқ ожизлигимга урғу берар ва буни тан олишим зарурлигига мажбур қиларди. Бу насиҳатлар билан кетма-кет енгил ҳазил-мазаҳлар келтирардики, булар узукка қўйилган кўздек ёпишарди. Мен тропик ари чаққан суваракка ўхшаб карахт бўлардим-қолардим. Намнён эса мени тумшуғимдан судраб истаган жойига элтиши ва истаган пайтида истаган нарсасини қилиши мумкин эди. Мен қачон бу муносабатга кўчганимизни билмасдим. Аммо карахт ҳолатдаги маҳалим у менинг устимда истаган тажрибасини амалга оширадиган бўлди. У ўз кайфияти ва ҳолатидан келиб чиқиб мени ҳар хил кўйга соладиган, ҳисларим билан ўйнашадиган ва четда туриб карахт ҳолда ўз чекланганлигим атрофида айланишимни томоша қилиб кайф қиладиган бўлди. Бу менинг ориятимга тегиб борар, аммо барибир ўша карахт ҳолатимдан чиқишимнинг иложини қила олмасдим.  Шундай пайтлар бўлардики, мен салкам унутганим – Тангрини ёдга олар, унинг борлигига ва у ҳаммасини кўриб турганига ишонардим. Ишонардимки, Ҳақ-таоло барчасидан бохабар ва кун ўтмай унга белги беради, ишора қилади, эҳтимол, қандайдир жазо берар ва Намнён ўзига келади. Майлига, ўзига келмаганда ҳам, менга нима, ҳеч ўзига келмасин, аммо мени тинч қўйса бас эди. Менинг руҳим шу қадар тушкунликка маҳкум эдики, мен ҳар куни эрта тонгдан, ҳали сўфи азон айтмай кўчага чиқар ва ишга йўл олардим, ишхонада, бориш-келишда доим унинг қилиқлари жонимга теккани, мен ҳам одам эканим, мени тинч қўйишини исташимни айтишни режалар, баъзан ҳожат эшиги қаршисидаги кўзгуда (кўзгу бироз пастда жойлашгани учун эгилиб қарашга мажбур эдим) ўз кўзимга қараб машқ қилардим: “Бас қил! Етар!” Бундай пайтлар ўз-ўзимдан кўпириб, қувватим ортиб бораётганини ва ҳамма нарсанинг уддасидан чиқа олишимни ҳис қилар, ўша онлар ҳаммага, мутлақо ҳаммага очиқ эдим, ҳар бир сўзим, ҳар бир мулоҳазам жуда англанган тартибда амалга ошарди. Мен унинг юзига ўша гапларни айтишим, айта олишимдан шу қадар қувватга тўлардимки, у туфайли атрофимда содир бўлаётган барча ҳодисага онгли равишда ўзим истагандек жавоб қайтарардим ва бу шу қадар силлиқ, осон кечардики, мен одатда бу нарсаларни қилиш учун албатта атрофимдан шакл излар ва топганимда ҳам уни ўзимники қилишга қўрқар, тўғрироғи уялар, кейин яна қайта шакл излардим. Аммо нима бўлган тақдирда ҳам, Намнёндан қутулишим учун бу етарли эмаслигини англаб турибман, унинг олдида ўз отасидан қўрққан ўғил унинг ҳузирида довдирагани, чайналиб, айтмоқчи бўлган гапи ўрнига бутунлай бошқа, ҳатто ўзининг ёмонлигига ишлатилиши мумкин бўлган гапни айтворганидек ҳолатда бўлар ва бу мулоқот Намнённинг мутлоқ ғалабаси билан якунига етгач, ўз кароватимга ястаниб ўзимни еб ўтирардим. Бояги ўғил ва ота муносабати – бунда ўғил отасига қаршилик қилолмаслигини ҳеч қачон ундан қўрқишига йўймайди, аксинча, уни ҳурмат қилишидан деб ўзига тасалли беради. Буни англаб етганимда эса яна хонадан чиқиб кетаман: бу хумори тутаётган нашаванд ҳолатидан чиқиб олиш учун бир нима қилиш йўлидаги ягона чора эди чоғидан. Тинимсиз ўзимни айблайверганимдан руҳиятимда иммунитет пайдо бўлган, энди менга ҳеч нарсанинг фарқи йўқ, ҳаммасига қўл силкиб йўлга тушар, автолар, одамлар орасидан бирма-бир ўтиб бораркан, ҳаммаси яхши бўлиши ҳақдамас, йўлимдан, оёқларим орасидан нима чиқиб қолиши ҳақда ўйлардим. Бир сафар, бошимни кўтармай қанча юрганимни билмайман, бир аёлга туртиниб кетдим, у чинқирганнамо сўкинар, кўзим, фаросатимни боплаб тилга олар, менга эса фарқи йўқ эди – йўлимда давом этавердим, аёл орқада чийиллаганича қолиб кетаверди. Намнён мутлоқ ғолибликни қўлга киритганди: у энди миямга ўз ғояларини, фикрларини тухум каби қўяр ва бу тухумлардан униб чиқаётган расо тропик арилар менинг суварак онгимни илма-тешик қилар, еб битирарди. Унинг навбатдаги тажрибаси менинг энг оғриқли нуқтам – юрагим эди, қандай қилиб бу даражага етганини билмайман, аммо онгимга маъшуқам бошқа билан ўйнашиб юргани ҳақдаги фикрни сингдирган ва ўша ғоя қандай қилиб миямни  ёриб чиқишини ва бунинг атрофида содир бўладиган воқеаларни томоша қилишни кутаётганди. У ўз ғоясини шу даражада усталик билан тартибга келтирар ва идора қилардики, онгимда бунга нисбатан заррача шубҳа пайдо бўлгудек бўлса, ҳеч нарсани, ҳатто ўзини ҳам аяб ўтирмай, истаги амалга оширишга уринарди. Шу билан менинг ҳам сабр косам тўлганди, сўнгги куни мен маъшуқамнинг уйидан ғазабга тўлиб қайтган ва қўлимда турган ҳар қандай нарсани янчиб ташлайдиган кайфиятда эдим. У бу ҳолатимни қаттиқ кулгу ва мазах билан қарши олди: у ғолиб, маъшуқам учун энг яхши одам мен эмас эдим ва мен унинг оёқларини уқалаши лозим бўлган қарздор эдим, холос. Пастлигимни эса мен буни қандай билиб олганимдан англаса бўларди: маъшуқам ҳатто менинг ғазаб билан уйидан чиқиб кетганимни ҳам билмай қолганди. Намнён столидан сал нарида, дераза остига тўшалган кўрпа устида музаффар ҳолатда ўтирар, унинг кўзлари худди чўғ каби ялтирарди. Мен унинг овозидан, нигоҳидан, борлигидан тобора дарғазаб бўлардим ва ўзимни босиб олиш учун ошхонага чиқдим. Сув устидан сигарет чекаркан, Намнён ва маъшуқамнинг бир четда устимдан кулишлари, ожизлигим, қўлимдан буни тан олишдан бўлак иш келмаслигини ўйладим ва ошхона пичоғини олиб хонага кирдим, ортиқча ўйлаб ўтирмай Намнённи чавақладим. Сўнг унинг танасини майда-майда қилиб, анчадан бери бўшаб қолган, фақат ўтган куни Намнённинг буюртмаси билан келтирилган ярим бўлак қовун тиқилган музлаткичга жойладим. Қовун ерканман, мен ҳамма нарсани тўғри қилганимдан шодланар ва ўзимни овутишга тиришардим. Яна, ҳар ҳолда одам ўлдириш бу қадар осон эканлиги ҳам қувонарли эдим, бундан ташқари эркин бўлиш учун битта улкан исённинг ўзи кифоя эди. Қаттиқ дарғазаб бўласан ва сен доим ичингда сақлаган нафрат ёрилиб чиқади ва ўз йўлида учраган ҳар қандай нарсани кунпаякун қилади. Шу хулосамдан сўнг қириб ташланган сочим ва қон теккан ва бўёқ эритувчи шимдирилган кўрпани ҳовлига олиб чиқиб ўчоқда ёқиб юбордим. Дўконга чиқдим, икки метр арқон, тандир товуқ, икки литр пиво олиб келдим. Кароватимга ётганча пиво хўпларкан, тентак каби кулиб-йиғладим. Бу рости билан ҳам кулгили, ҳам оғир эди, мен ўзимни қандай асраб қолишим кераклигини билмасдим. Орада яна икки литр пиво келтиргач, арқонни жавон остига тиқдим. Кун эса якунига етиб борарди, у аввалги кунларга қараганда жуда секин,  имиллаганча ўтар ва бу одамни кўпроқ асабига тегарди. Аммо бора-бора нега Намнённинг уйдан чиқмай яшаганини тушиниб қолдим, уй қиёфа каби жон сақлаш мумкин бўлган ер ва унда одам ўзини ҳимояда ҳис қилиши мумкин эди. Айнан хонанишин одам қиёфасида. Маъшуқам эса ўз қарорлари ортидан кетавергани маъқул деган фикрга келдим, биринчидан мен энди унга бўлган ҳисларимни йўқотгандим, иккинчидан тан олардимки, бу унинг ҳаёти, унда мен бўламанми, ё бошқами, бу унинг истаги; менинг қарорим эса йўқ бўлиш эди. Бир муддат ўзимга келиб олишим учун уйдан чиқмасликни маъқул кўрдим, совуткичдаги Намнённинг майдаланган гўшти билан бир неча ой жон сақлашим мумкин. Кейин эса ўзимга бирон хонадош топиш учун эълон беришни режалаштирдим.

Алишер Файзуллаев

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting