2 июнь, пайшанба

Азизим… Ҳозиргина сендан мактуб келгандир деган умид билан зинапоялардан тушиб келдим. Бу – кеча сен ҳақингда туш кўрганимдан. Уйғондим… ва яна кўрдимки, кўксимда юрагим типирчилар, беҳол уриб турарди. Тез-тез кийинганча, пастга тушдим. Аммо ҳеч қандай хабар йўқ эди. Айни дамда ўзимни ёмон ҳис қиляпман ва бу кундан-кунга ортиб бормоқда. Худди музхонага қамаб қўйилганга ўхшайман. Худди барча тана аъзоларим кесиб олинган, мен эса қонаётган ярадан бошқа нарса эмасдай. Кеча тунда Дерек Ҳиллнинг котибасини учратиб қолдим театрда. Сен билмайсан, унинг оғзидан исмингни эшитиш шунча шовқин-суроннинг ичида мени қандай довдиратиб қўйганини. Ортиқ сўйлолмадим. Тилим дудуқланиб қолди. Сўзларимни йўқотиб қўйдим. Изтиробдан бўғилдим. Сени севаман! Аллоҳ билади сени қанчалар севишимни. Сенга шунчалар боғланганман-ки, худди вужудингдан яралгандай, худди томирларингда яшагандай, худди сенинг қўлларингда шаклланиб, камолга етгандай. Тонгдан тунга қадар ёдинг-у хотираларинг доираси марказини айланаман, айланаман… Ҳеч нарса ҳузур бермайди. На денгиз, на қуёш, на дарахтлар, на одамлар, на фильмлар, на-да янги олган кийимларим. Нима қилишни билмаяпман. Борсам-у, бошимни дарахтга урсам. Додласам, йиғласам! Билмайман… Фақат шу ваҳшатли кайфиятга эга денгиз каби хоҳлайман сени. Бари истакларим имконсиз. Худди сел қалбимдан тошиб, бутун вужудимни вайрон қилаётгандай. Уйғониб, ёнимда кўришни истайман сени. Қачонгача уйғона туриб йўқлигингни-ю, яхлаб бораётган ҳаётимни кўраман? Неча марта кўришим керак? Токайгача? Қай онгача? Туғилишдан то қуртларга емиш бўлгунингга қадар масофа қанча? Уйғонишни ва сенга термулишни истайман. Ҳар нафас олишингни кузатишни истайман. Ҳаво кўксинг тубида чарх урганида термиламан. Қорачиқларинг тубида бинафшаранг тўлқинланганида термиламан сенга. Шу йўсин ўтади куним.  Пешонанг чизиқларини санайман. Чакканг атрофидаги оқ сочларингни санайман. Бошимни елкаларингга қўяман-да, ўша ерда ўлим топаман. Сендан бошқа узоқ бўлмаслик учун, сендан бошқа жудо бўлмаслик учун ўламан. Нима учун итоатда бўлишим кераклигини билмайман. Нимага итоат қилишим кераклигини билмайман. Нима учун мен ва севганимнинг ҳаёт мазмуни ҳасрат бўлишига йўл қўйиб беришим керак? Кошки, ўрмонда дунёга келганимда… Табиат билан бир бўлганимда ва эркка етишганимда… Ҳаётнинг бу аёвсиз тартибларига кўникиш, бу чекловлар-у деворларга таслим бўлиш табиатнинг қонунига зид, азизим. Қурбонинг бўлай! Қурбонинг бўлсайдим. Юрагим тўхтаб қолаётгандай. Ҳеч қачон бундай бўлмаган. Бу шу қадар азобли ва фойдасизки… Улар мендан ниманидир тортиб олишган. Ким, қачон, қаердалигини билмайман. Балки, мен туғилмасимдан олдин олиб қўйишгандир. Балки мен тартибсиз ҳолда дунёга келгандирман ва менинг сенга бўлган ишқим ер юзида ўзимга қароргоҳ излашдан бошқа нарса эмасдир. Билмайман. Билганим бу ерда вазият жуда хароб.

…қурбонинг бўлай Шоҳи жоним. Ҳар сафар исмингни ёзганимда вужудимни титроқ қоплайди. Исминг бир муборак хабарки, қулоғимга чалинса, руҳимни эгаллаб, бутун умид-орзуларимни завқлантириб уйғотиб юборади. Сени севаман! Қандай айтай севишимни? Курраи заминда мен севадиган, мен у билан бирга бўлган ва у мен билан бирга бўлган биттаси борки, у ҳам сенсан. Ортиқ ёзмайман. Кетишим, овқатланишим, фильм ва конференцияларга қатнашишим керак. Мен учун дуо қил. Дуо қилиш яхши. Инсон Худодан ниманидир сўраши шарт эмас. Тоза қалб билан осмонга тикилган кўйи бутун вужуди билан ниманидир орзу этса, худди ўзининг бир бўлагини унга бергандай, нисор этгандай. Шунинг ўзи етарли. Кунинг хайрли бўлсин. Дилим, жоним, умримнинг азизи!

Қурбонинг бўлай,

Фўруғ       

Форс тилидан Салимжон қизи таржимаси

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting