Bosh sahifa Esse Кафкага

Кафкага

1
216

эссе

Сен шу кичкина тананга мутлақо келиштириб бўлмайдиган қарама-қаршилик, чигалликларни жойлашга муваффақ бўлдинг. Сен сабаб бу бепушт заминга, инсонларга ўзгача нуқтадан қарай бошладим ва ҳаммаси аслида мен ўйлаганчалик гўзал змаслигини англадим. Қарашларинг ҳам, ўзинг ҳам худди кунботишдан чиқаётган ўжар, тескари қуёшга ўхшайди.

Сен шундай қора кунларда дунёга келган эдингки, бу қисмат ижодингга аламли, тушкун кайфият, ғамгин оҳангларни олиб кирди. Оқибатда мунгли қўшиқлар куйчисига айландинг, бошқача бўлиши мумкин ҳам эмасди, негаки, толе сенга шуни раво кўрган. Энди айт-чи менга, кўнгли вайрон, дили хун машшоқнинг шўх-шодон қўшиқлар, тантанавор, улуғвор мадҳиялар айтиши мумкинмиди?!

Сен бу номукаммал дунёни мукаммал эмаслигини била туриб, ундан маъно-мазмун изладинг. Бутун илҳоминг, ижодинг тугул, кўз ёшларинг, юрак туйғуларинг ва ҳатто эътиқодингни шу йўлга фидо қилдинг. Нафақат ёшлигингни, балки бутун бошли умрингни нисор этдинг. Жирканч жамиятнинг дарди ҳақида, ғам ва ўлим ҳақида ҳикоялар, романлар битдинг. » Менда адабий қизиқишларни ўзи йўқ, мен ўзим адабиётдан иборатман» , деган ҳолда адабиётга ортиқча иддао қилмадинг, қораламаларингни ғалладонингдан чиқармадинг. Гўзаллик ва нафосатнинг кушандаси, хокисор ва тубан инсон қалбининг улуғворлигини беорларча шафқатсизлик билан ғорат этувчи манфур ҳаёт ҳақида ғамгин-ғамгин ёзғириб кетдинг. Эндигина куз уқалай бошлаганда нобуд бўлган Карл Росман каби мурғакларга бағишлаб  «Америка» ни яратдинг.Топталган номус, ушалмаган орзулар ҳақидаги нолалар юрагингдан «Жараён» бўлиб отилиб чиқди. «Эврилиш» ларга сингиб кетган ғамгин куйларинг ҳанузгача қабр тошларига беҳол тирмашган машъум чечаклар каби одамлар юрагини ларзага солиб келябди.Ўз даврингда атрофингдагилар сени фақат ўзинг учун яшайдиган тўнка деб ўйлаган эди. Холбуки, сен ҳар сониянгни ўзгалар дардига бағашлаган эдинг. Водариғ, бир хайрихоҳ, ҳамдард топилмадики, сени қарашларингни ёқлайдиган, аксинча, одамлар сенга ишонишмади; зотан, уларнинг назарида бунга тамомила ҳақли эдилар. Мен буни «Жазо коллонияси» ни ўқиганимдаёқ тушиниб етган эдим. Улар кўз ёшларингни бетаъсир, дарду ҳасратларингни ёлғон, ҳис-туйғуларингни сохта, деб топишди, негаки, сен буларни бошдан кечирмагансан, тўқигансан, деб ўйлашарди. Модомики, ижодкор бошидан кечирмас экан, у яратган ҳеч нарса самимий эма. Яна баъзилар бошингга тушмаган бўлса, жудолик аламини табиийки таъсирчан ва ҳаққоний ифода этиши амримаҳол, дея таскинбахш сўзлар ҳам айтишарди. Кимлардир асарларингни  нотайин, адабий қолиплардан йироқ, арзимаган қоғоз уюмлари деб жар солишарди. Адабиётшунослар асарларингни боши-кетини тополмай жиғибирон бўлар ва хатто уларни қачон яратганингни аниқлашолмай хуноб бўларди. Сен ўз ижодинг билан бирга биз учун шундай қаттиқ тугун боғлаб кеттингки, бу тугун бугунгача ечилгани йўқ. Адабиёт танувчилар асарларингни ўзларича тадқиқ этиб, бу ишлари билан абсурд жанирининг ўткир тиғи кўксингни қандай ёриб киргани ва юрагинга қандай жароҳат еткизганини кўрмоқчи бўлардилар гўё

Болалигингда  омманинг оқимига тушмаслик учун улардан, уларнинг дахшатли қарашларидан астойдил ўзингни четга тортмоқчи бўлар, аммо улардан йироқлашиб чинакам дардга —ёлғизликка гирифтор бўлардинг. Улғайгач ҳар қандай инсон ўйлаб топган бедаво ҳасратлар ҳам энди сенга таъсир этмай қўйган даврлар келгандай эди, бироқ сенинг пешонанга бошинг абадул-абад мана шу ғам, мусибат ва ғавғолар ичида ўтиши ёзиб қўйилган эди.

«Жазо колонияси»даги махбусларни бир эслагин-а? Энди адолатсиз судни, баттол офицерти эсла…

Бечора маҳбусларнинг ўз айбини, бундан кейинги тақдирини билмай, эсанкираб азобланган юзини эслай оласанми? Сен яратган калония жамиятнинг ўзи, унинг ичидаги махбуслар —инсонлар. Жамият одамларни худди шу коллониядаги махбуслар сингари ожиз, ночор, ҳуқуқсиз қилади ва эркини топтаб ташлайди.

Эсингда бўлса, кўз олдингга келтир: бошига мушкулот тушган, ўзининг энг яқинлари томонилан унутилишга, ёлғизликка, ўлимга маҳкум этилган, ҳашаротга эврилган Замзамнинг жон талваса ичида, лекин кўзларда зуҳур этган фикр ёлқини сўнмаган, қақраган лаблар бир нималар дейишга шайланган, бироқ ўша лаблар орасидан сас чиқмаган сўнгги дақиқаларни эсла!Бу аянж ҳол Ер юзида оқибатнинг  интиҳоси яқинлигидан дарак берарди.

Ҳали нур сўнмаган  —оила аъзоларига бир умр меҳр билан боққан кўзлар жавдираб улардан ножот излайди. Бу кўзларда акс этган яшаш истаги сўнмаганди. Кунлар, ёруғлик, қуёшга ҳали муштоқ эди бу кўзлар! Кошки, Замзамнинг шу чеккан азоб-уқубатлари эвазига ҳаёти давом этса, насибаси узилмаган бўлса, кошки..!Сен фақат кечаги кунни ёздим деб ўйлагандирсан, эҳтимол. Лекин ишонтириб айтаманки, бугунги кун сен ёзғирган тубанликлардардан-да беш баттар бўлса- бўлдики, камайгани йўқ.Бунга нима дейсан?Одамзод бошига тушган мусибат, қаро кунларнинг барчаси жамият ўйлаб топган найранглар ҳақидаги  ҳикоямни давом эттирайми, Кафка? Сенинг ташқаридан қаралганда тош қотган дийданг, ичкаридан қараганда дув-дув оққан кўзёшларинг ва менинг сенга ҳамдардлигим бу жамиятни ўзгартиришга қурби етмади.

Инсоният қачон ўзгаради ўзи?! Аллақачон унутилган умуминсоний туйғуларга жон бағишлаш учун нима қилиш керак яна? Жавоб бер, дардларимга шерик бўл, бефарқ қолма, ўтинаман!Олис-олис, ўша сен кетиб қутилган Ердан юборилган мактуб сенга етиб боришига ишонаман ва сендан ҳам жавоб хатини кутиб қоламан!

Мафтуна Умрзоқова

1 izoh

  1. «Insonlar tilidan aytiladigan barcha narsalar nisbiydir, xuddi shunday haqiqatlar ham. Bu olamdagi yagona asl haqiqat bu— yaxshilik.» deb o`ylamoqda bugun18-yoshdagi talaba.

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting