Ойдин  

0
370

Қулман Очил

ҳикоя

Эр қўлини хотинининг елкасига қўйиб:
– Онаси? — дейди. — Онаси?
 Аёл кўзларини зўрға очади.
– Онаси, чироқни ёқиб юбор.
 Аёл туриб, сўридан тушади ва нима қиларини англай олмай, уйқули кўзлари билан эрига қарайди.
 – Нима дедингиз, дадаси?
 – Чироқни ёқасанми, дегандим.
 Аёл айвоннинг оқ деворидан кўзга элас– элас ташланиб турган ўчирғич тугмачасини босади. Пештоқдаги чироқнинг ўткир шуъласидан иккаласининг ҳам кўзлари қамашиб кетади. Эр ёстиғи остидан дафтар– қалам олиб, нималарнидир ёзади. Ўйланиб туради– да, яна ёзади.
 – Ёниб тураверсинми? — Аёл хомуза тортади.
– Ўчира қол. Хаёлимга икки сатр гап кеп қолди. Ёзай, десам, қоронғулик қилди.
 Аёл яна кўрпага киради.
– Анча салқин тушиб қолибди.
– Осмонга қара. Юлдузларга қара! Ҳеч шунча юлдуз кўрганмисан?..
– Қўл чўзсанг, етгудай…
 Аёл энди хомуза тортмайди. Юлдузларни томоша қилиб ётади. Қаердадир чигиртка чириллайди. Узоқ– узоқдан итнинг вовуллагани эшитилади.
 – Ойдин! — дейди эр кўрпа ичига қўл юбориб, хотинининг иссиққина, бўлиққина билагини топади. — Бугун қандай кун биласанми?
 – Чоршанба бўлса керак.
–  Ҳа, чоршанба. 17 июль.
–  Нима эди?
–  Бугун роппа– роса ўн йил бўлди.
 Аёл иссиққина кафтини эрининг қўлига қўяди. Силайди. Эрининг териси мулойим. Аёл ўз бармоқларининг дағаллигини сезади. Ўроқ, кетмоннинг изи.
 – Юрагим тўлиб– тошиб кетяпти. Ўн йил бўпти– я!
 – Ҳа, умр тез ўтаяпти. Кечагина боғларда қувлашиб юрардик.
– Мен эса бу дунёда юз йилдан бери яшаётгандайман. Боя бирдан уйғониб кетдим.
 Эр қўлини кўрпадан чиқаради.
–  Қарасам, устимга ойнаванд қозон тўнтарилгандай. Юлдузлар чарақлаб турибди. Бирдан ўша кун эсимга тушиб кетди. Қара, ўн йил бўлибди– я! Ё, тавба–а!..
 Аёл индамайди.
 – “Ўшанда ўлиб кетганимда, нима бўларди?” деб ўйладим. Ахир худо ўзи асрамаса, бандасининг иложи қанча? Бандасининг умри анаву чироққа ўхшайди, парвардигор истаса, ўчиради– қўяди.
 – Гапларингизнинг ваҳималигини қаранг!
 – Йўқ, ваҳима эмас. Ўшанда мен бетон тўсиқ устига белим билан эмас, бошим билан тушганимда нима бўларди?..
 Аёл индамайди.
 – Қўйинг энди шу гапларни. Ухлайлик.
 – Тасаввур қил: ўшанда ўлиб кетсам, мендан ном– нишон ҳам қолмасди. Зах ерда, қурт– қумирсқалар орасида… Устимда ўт– ўлан, ёнтоқлар ўсиб ётарди ҳозир…
 – Тавба қилдим! Сизга нима бўлди, ўзи!
 Аёл тирсагига таяниб туради ва эрига қарайди. Билаклари оқариб кўринади.
– Сен ҳам… сен ҳам… бу… бошқа ерда бўлардинг!..
– Бу нима деганингиз? Мени қўрқитманг!..
– Қўрқитаётганим йўқ. Жуда– жуда гапиргим келяпти, Ойдин! Қара, одамзотнинг умри шунчалик жўн, шунчалик омонат экан, а! Тавба– а!
Эрнинг овозида титроқ сезилади.
– Ойдин, мен қандай қилиб… Нима учун… Ҳалиги, шуйтиб майиб бўлиб қолганимни биласанми?..
– Ярим тунда шу гапларга зарил кептими, дадаси. Қўйинг.
 Аёл эрининг кўрпасини тўғрилаган бўлади.
– Ухлайлик. Наҳорда сутни бозорга олиб чиқишим керак.
–  Йўқ, жавоб бер. Биласанми?
— Нега билмай? Ҳамма билади–ку. Якшанба куни студент ошналарингизга қўшилиб мардикорликка чиққансиз. Ҳалиги оти нима эди?.. Бир ўрис кишининг болконига дераза қўйиб бераётганингизда тўртинчи қаватдан йиқилиб тушгансиз.
 – Йўқ, Ойдин, сен билмайсан. Бу – ёлғон! Мен тўқиган ёлғон! Мени тўртинчи қаватдан отиб юборишган.
Аёл оғир хўрсинади. Эрнинг билинар– билинмас хансирагани эшитилади.
– Нега индамайсан?
– Билмадим. Менга дўхтирлар, мелисалар, эрингиз болкондан йиқилиб тушибди, деган.
– Ай, содда аёл, а! Шу гапга ишониб қўя қолдингми? “Нега?” “Кимнинг болконидан?” деб сўрамадинг? Нега ўша уйнинг эгаси эримнинг аҳволидан бирор марта келиб хабар олмади, деб қизиқмадинг?
– Қизиққандим.
– Қизиққандим?
– Қандай хабар олсин. Ўша аёлни ҳам эри уриб ўлдиришига сал қолган экан–ку.
– Қайси аёлни?
 – Ўша хуш… тошкентлик танишингизни… Жамилани.
 Эр ўтириб олади.
 – Сен билармидинг?
 Аёлдан садо чиқмайди. Хўрсинади.
– Билсанг? Нега? Қандай қилиб? Шунча вақт қандай қилиб ичингда сақлаб юрдинг?…
– Билишимни Сизга айтсам, дод– вой солсам, дардимиз енгиллашармиди? Ё сиз тузалиб, оёққа туриб кетармидингиз?.. Энам: “Қўй, болам, эрингни шайтон йўлдан урган. Кечиримли бўл”, деди… Бир куни ўзингиз гап очишингизни билардим. Мана, айтдингиз…
– Ишонмайман! — Эр юзини аёлнинг кўкрагига босади. — Ишонгим келмаяпти!
Аёлнинг қайноқ кўз ёшларига эрининг кўз ёшлари қўшилиб кетади.
– Мен сенинг тирноғингга ҳам арзимайман, Ойдин!
Аёл эрининг елкаларини, сочларини силайди.
– Қўйинг. Бундай деманг, дадаси. Болаларингиз эшитса, қандай хаёлга боради.
Эрнинг елкалари узоқ титрайди. Аёл унинг кўрпачадан пастга тушиб кетган жонсиз оёқларини авайлаб кўрпага ўраб қўяди. Хўрозлар қичқириб, тонг оқара бошлайди.
– Айтган– ча, боя ёзган шеърингиз нима ҳақида эди, дадаси?
 Эр базўр пичирлайди:
– Ёлғон дунё, сенинг бунча ёлғонларинг кўп?
Мен билгану билолмаган армонларинг кўп!..

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting