бадиа

Ижодкорнинг ёзган ҳар сўзи келажагига таъсир қилади, деган фикрларни аввал ҳам кўп эшитардим-у, мағзини чақишга сира уринмасдим. Аввал қоғозда, бугун эса ҳаётимда рўй бераётган нурли тақдирим сабаб бугун ўйга толдим. Оҳунжон Мадалиев «Кетаман бу ердан бош олиб» дея куйламаганида, Муҳаммад Юсуф лолақизғалдоқлари билан эрта хайрлашмаганида ёки «Йиғлашни ҳам билмас, менинг қизларим» дея хавотирини ошкор этмаганларида, балки ҳозир орамизда бўлар эдилар.

Айтмоқчи бўлганларим асло айрилиқ ҳақида эмас. Мен ўзим яратган нурли ҳикоям, нурли хотираларимни бўлишмоқни истадим.

Сира ёдимдан чиқмайди, ўша фарахбахш кун, чиройли гуллаган дарахт ва унга маҳлиё бўлган гўзал. Ҳужжатларимни топшириш учун университетга келдим-у, бироз вақт кутишимга тўғри келгач атрофни айланиб, табиат гўзалликларидан баҳраманд бўлиш истаги туғилди. Бу истак туғилгани учун ўзимдан, гўзаллиги билан иккимизни-да ром этган, шу кундан сўнг менинг севимли, энг қадрдон сирдошимга айланган павлония дарахтидан, бизларни учраштирган ўша кун ва бир умрлик бахтимнинг сабабкори университетимдан беҳад миннатдорман. Ёдимда, ўқув даргоҳим ҳақида илк таассуротларим уйғониш арафасида учратганим, бетакрор гуллаган дарахт, унга маҳлиё бўлиб ёнига келганимни ҳам, Тангри яратган икки гўзаллик қаршида лол-у ҳайроналигимни ҳам ҳис этмаган париваш. Мен авваллари қишлоқда сира бундай ўзига ром этгувчи дарахтни учратмаган эканман ва бундай малакни ҳам: узун сочлари эртакдаги маликаларникидек битта қилиб ўрилган, қайрилма киприклари, ўсмали қошлари, бошига ярашиғлиқ гулдор дўпписи-ю атлас кўйлаги… Шаҳарда ҳам шундай гўзаллик тимсоллари бор эканда, ҳатто қишлоқда ҳам учратмаганман бунақасини, хаёлимга келган фикрни қандай қилиб овоз чиқариб айтиб юборганимни сезмай ҳам қолибман. У дарахтга маҳлиё бўлиб ҳатто келганимни ҳам сезмаган экан, тасодифий овоздан чўчиб кетди.

— Ҳа, павлониялар менинг энг яқин дўстим, улар мени ҳам ўзига ром этган, — деди сўзларимни дарахт ҳақида деб ўйлаб. Шундай қилиб бу гўзал мени ўзига буткул ром этди, уни эса павлония.

Биз тез-тез дарахт олдида учрашиб қоладиган бўлдик, у тасодиф деб билар эди, мен эса атай келишини соатлаб пойлаб чиқардим.

Кўнглимни ром этган қизни суҳбатга чорлаб, дунёқарашининг кенглигидан кун ўтгани сайин тобора унга ипсиз боғландим.

— Павлония — хаёлий гўзаллик кашф этиб гуллайди, у фақат кўкка бўй чўзади, худди менинг орзуларимдек, у ер шаридаги дарахтлардан тез ўсиши сабаб ажралиб туради, бизнинг суҳбатларимиз шу дарахтдан бошланиб, шу дарахт билан якунланаверди.

Ахийри, дўстлашиш борасида пир-у комил бўлиб кетган ошнам тавсияси билан фақат қизни қизиқтирадиган мавзуларда суҳбатлашишим лозимлигини англадим.

Ҳофиз таъкидлаганидек: «Кимгадур ёқар лола, ким атиргул шайдоси». Менинг хаёлларимни ўғирлаган малак эса павлониянинг адоси.

-Павлониянинг ўсиш тезлиги йилига 5 метргача боради. Унинг турлари ва навлари жуда кўп: Катальпа павлонияси, узунчоқ павлония, Фаргез, Фартуней, Каваками, Шань Тонг павлонияси, толали павлония дея санай кетдим. Элонгат павлонияси энг тез ўсувчи турларидан, совуққа чидамлилиги бўйича етти иқлимни ҳайратда қолдиради, оч пушти, бинафша рангида гуллаб, фақат кўкка бўй чўзади, дедим сўзларимни давом эттириб. Ундан сифатли ёғоч, кўп миқдорда биомасса, такрорланмас гўзаллик олиш мумкин, у муҳаббат дарахти, дедим интернетдан излаб топган маълумотларимга ўз туйғуларимни ҳамоҳанг қилиб.

Унинг ёғочи дунё бозорида қарағайдан икки ҳисса қиммат туради, ундан қурилишда, мусиқа асбоблари ясашда, мебелсозликда кенг фойдаланилади, бу дарахтдан олинган ўтин ёқилганда жуда кучли иссиқлик тарқатади, кўп давлатларда газ ўрнини босувчи ёнилғи деб тан олинган. У ўрмонларни қайта тиклаш учун бебаҳо дарахт, барглари жуда катта ва мол учун яхши озуқа бўлади. Унинг гулларидан жуда фойдали ва хушбўй ҳидли асал олинади.

— Шунча маълумотларни қаердан топдингиз, ҳайратини яшира олмади қиз. Буларни фақат сиз учун ўрганаяпман, ахийри, шу орқали кўнглини билишга уриндим. Чиндан ҳам бу дарахт аввалига мени унчалик қизиқтирмаган, ҳатто номини ҳам сиздан билгандим дея ҳаммасини мардлик билан тан олдим.

У табассум ҳадя этди.

Баҳор яқинлашиб, курсдош йигитлар қизларни қандай хурсанд қилиш борасида бош қотира бошладик. Ахир, 8 март яқин эди. Ҳамма суйганига нима совға қилиш ҳақида ўйлаган чоғда менинг мақсадим аниқ. Унга битта бўлса-да павлония кўчати ҳадя қиламан. Жуда кулгили бўлиши мумкин, бироқ унинг боши осмонга етиши тайин. Буёғи талабачилик, ҳам ўқиб, ҳам ишлар эдим. Йиғиб-терганим ўйлаган совғамга камлик қилиши хаёлимга ҳам келмаган эди. Бу дарахт қиммат эканини ўқиганим бор эди-ю, бу даражада деб ўйламаган эдим.

Бошим қотиб турган маҳалим, университет эълонлар доскасида бир хабарга кўзим тушиб, нигоҳим чақнаб кетди: » Сиз ижодкормисиз? Табиат гўзаллигидан баҳра олишни, ундан илҳомланиб ҳис-туйғуларингизни қоғозга туширишни яхши кўрасизми? Унда сиз университет томонидан ташкил этилаётган “Павлония гуллаганда” номли мақолалар танловида иштирок этишингиз лозим». Танлов ғолибларига пул мукофотлари борлигидан бир қувонсам, танловда ғолиб бўлиб унинг ҳурматига сазовор бўлиш асосий истагим эди.

Биз биргалашиб маълумот излашга тушдик. Ҳатто бу танлов тақдиримни ҳал этди, десам муболаға бўлмас.

Павлония илдизи ўзи тик бўлса-да, горизонталь ўсгани сабаб кенг майдонларга экилиши лозимлигини, ҳатто кесилганидан сўнг ўзини жуда тез тиклаш хусусияти борлигини билиб хаёлимга бу гўзаллик ортидан тадбиркорлик қилиш фикри ҳам туғилди. Қишлоқда бўш ётган бир гектар еримиз чақиндек ёдимга тушди.

Хуллас, изланишларим самараси танловда ғолибликни қўлга киритдик. Гўзаллик ва нафосат байрамида ҳамма қизлар хурсанд, йигитларнинг чўнтаги қуриган. Кимдир катта гулдор қутидаги совғасини кўз-кўзласа, яна бошқаси қўлидаги қимматбаҳо соат, узук билан мақтанар эди. Қўлимда зўрға етишган, қимматбаҳо кўчатим билан олийгоҳ остонасида пайдо бўлдим. Ҳамма ҳайрон, курсдошларим «Ана, павлония жинниси келди»,- дея масхара ҳам қилишди.

Уни хурсанд қилишни ўйлабману, дугоналарининг олдида байрамга кўчат совға қилсам ҳижолат бўлиши мумкинлиги хаёлимга ҳам келмабди.

Совғамни қандай бериш йўлларини излай-излай охири топдим. Кутубхонадаги доим биргаликда китоб мутолаа қиладиган ўриндиғимизга кўчатни суяб, унга мактуб ёздим: «Кутубхонадаги жойимизга бориб, совғангизни олинг. Байрам муборак!»

Хат ёздим, деганимга ҳайрон бўлаётгандирсиз-а, орадан бир ўқув йили ўтди ҳам-ки, бу ўжар қизнинг телефон рақамини ололганим йўқ эди.

Эртасига 8 март байрам муносабати билан дам олиш куни эди. Талабалар ўз вилоятларимизга йўл олиш арафасида совға ҳақидаги фикрини билиш ва рақамини олиш учун ёнига келдим. — Совға учун раҳмат, қанчалар қувонганимни тасвирлаб беролмайман, деди ниҳоят. Бир амаллаб рақамларимизни алмашиб, хайрлашдик.

Уйга етиб келганимда телефонимга хабар келди: » Яхши етиб олдингизми? Энди бизнинг уйда ҳам павлония гуллайди».

Деканатдан манзилини олиб, онамга у ҳақида айтишга ҳам улгурган эдим. Ниятим жиддий, уни йўқотишдан жуда қўрқар эдим, ёзган хабаридан сўнг у ҳам менга бефарқ эмаслиги маълум бўлди. 

«Ҳали бизнинг кўп павлониячаларимиз бўлади, эртага онам совчиликка борадилар, хафа қилиб қайтарманг яна» дея мақсадимни ёздим.

Бечоранинг шу тобдаги қизариб, уялганини кўз олдимга келтириб қувончим ичимга сиғмасди.

Эхххх, бу кунларга етгунча павлония ҳақида қанча мақола, ҳикоя ёздим ўзимга аён. Ўқишни якунлашимизга файзли бир тўй қилдик, «Журналистлар оиласи» дунёга келди. Павлониячилар оиласи, десам ҳам бўлади. Хайратланаяпсизми, ўша мен совға қилган дарахт кўчатларидан бўш еримизга ўтқазиб, улкан тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйганмиз. Ҳозир павлониядан ёғоч ишлаб чиқарувчи кичик цехим ҳам бор. Ёш тадбиркор сифатида ютуқларга эришиб, даромад манбаимни ошириб келаяпман.

Бундан ташқари, бирин-кетин икки эгизак павлониячаларимиз дунёга келиб, оиламиз қувончига-қувонч қўшишди.

Шунинг учун «Павлония — менинг ҳаётим мазмуни» десам адашмайман. Ҳар павлония гуллаганда, бизнинг муҳаббатимиз ҳам кўзларимизни қувнатаверади. Борингга шукур, павлония.

Озодабону РУСТАМОВА

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting