Bosh sahifa Esse ОТАМНИНГ ТУШЛАРИ

ОТАМНИНГ ТУШЛАРИ

1
181

эссе

Бобом Алижон Тоировга бағишлайман

Отам кўзлари очиқ ҳолда шифтга термилиб туш кўради. Уйғоқликдаги тушлардан бутун оила даҳшатга туша бошлади. Баъзан “Одам ҳақида”ги моноспектаклни кўргандай бўламан. Отам ёқтирган итальянча мусиқа эрта-ю кеч уни аллалайди. У оғзи ва кўзларини очганча шифтга термилади, мен эса унга қараб бутун вужудим селга айланиб ўтираман диванда. Миямда фақат бир жумла айланади: “Қандай одам эди-я отам?!”    

“Момо! Бабуш! Мени қизларим келди! Ураа!” деб чапак чалиб, ҳаммадан аввал қучоқларини очиб бу гал ҳам отам кутиб олди. Синглим билан пойга ўйнагандек, биринчиликка шошилиб, отамнинг бўйнига осилдим. Отам чирпирак қилиб беш-олти қайта айлантирди. Кейин синглимни. Етти-саккиз йил бурунги гўзал хотираларни бирдан унинг бақириғи бузиб юборди. Чопиб ёнига бордим. Ётоғига ўтириб олганча: “Тўхта! Тўхта! Мен тушиб қолишим керак! Манзилимдан ўтиб кетяпман!” дея жон ҳолатда бақирар, кўрпасини йиртиб юборгудек чангаллаб олганди. Отамнинг ҳайқириғини эшитиб, дадам билан аям югуриб келишди: “Дада, поезддан тушиб қолдиз. Сизни ташлаб кетишди. Бемалол ётаверинг”, тинчлантиришга уринишди. “Ҳа, тушиб қолдимми? Бўпти, бўпти, раҳмат”. Отам яна жойига ғужанак бўлиб ётиб олди.

Биринчи марта ўтган йили Сеулдан болаларим, турмуш ўртоғим Зафар ака билан йўқлагани келганимизда, отамнинг менга “Келинг, яхшимисиз? Уйдагилар тинч-омонми?” деб бегонадек муомала қилганида ҳайратга тушгандим. “Бу мен, неварангиз Дилбарман-ку!” Тўрт йилдан буён бир йилда бир мартагина кўришганимиз учун танимадилармикан деб ўйлагандим ўшанда. “Нега танимайди? Ўзининг неварасини ҳам танимайдими одам?” деб аччиғим ҳам чиққанди. Алал-оқибат, бемеҳрлик тамғасини пешонамга ёпиштириб, туни бўйи ўзимни азоблаб чиққаним, бу ўйлардан тонгни зўрға оттирганим эсимда. Зулмат ёришмаса, қуёш менинг яна бемеҳр эканимни дунёга ошкор қилмаса, деб кун чиқишидан биринчи марта қўрққандим. Бугун тонг отса ҳам, кун ботса ҳам ҳеч адо бўлмайдиган отамнинг тушлари баттарроқ қўрқитади.

Самолётда Тяншан устидан учиб ўтарканмиз, паға-паға булутлару тоғлар чўққисидаги қорлардан завқланиш учун биринчи марта дераза олдига талашиб ўтирмаганим, қандай бу ерга ўтириб қолганимни булутларда отамнинг маънисиз тикилган кўзларини кўрганимда пайқадим. Унга гўё охирги марта боқаётгандек уч кун тикилиб ўтирдим. Ҳатто бувим, онам билан гаплашишга ҳам тоқатим бўлмади. Отамнинг қошиқ тутган қўллари қалтираб овқатнинг ярми оғзига, ярми сочиққа тўкилади. Дастурхон ёки сочиқда бирор доғ кўрса, хуноби чиқиб отиб юборадиган одам эди.

Булутлар орасидан маънисиз тикилиб турган нигоҳларидан қувончга, ғайрат-шижоатга тўла кўзларни қидираман. Бизни асраб-авайлаб ўстирган меҳрибон нигоҳни қидираман. Йўқми энди улар? Севимли отамнинг меҳр тўла нигоҳларини бошқа кўрмайманми?

Отам рус мактабида ўзбек тилидан дарс берган. Мен ва синглим бошқа мактабда ўқисак ҳам, ота-оналар мажлисига ҳам, бошқа тадбиру олимпиадаларга ҳам ортимиздан дадам билан онам эмас, отам борган. Бизни боламнинг боласи деб эмас, менинг болам деб билган. Ҳатто аям тарбия учунгина танбеҳ берсаям, калтак ўзининг бошида синарди. “Буларга қаттиқ гапирманг, мени уринг, мени сўкинг” деб доим синглим билан мени қанотлари остида ҳимоя қилган.

“Ранчо”си бор эди, дарвозадан қарасангиз, охири кўринмасди. Боғбонликка меҳр қўйганди. Мактабдан келиб, боғидан хабар олмаса кўнгли жойига тушмасди. Боғнинг ўртасидан ариқ оқиб ўтган, устига сўри қуриб қўйган. Бир томонда ҳовуз, ўзи қармоқда балиқ тутиб, баъзан димлаб, баъзан ўчоқда қовуриб меҳмонларини балиқ билан сийларди. Одамшинаванда, меҳмондўст эди. Боғида ҳам ҳеч кимникида йўқ антиқа мевалару дарахтлар бўларди, уларни ҳар хил давлатлардан келтирган, кимникида ноёброқ дарахт ёки гул кўриб қолса, унинг кўчатидан олиб келарди. Ранчомисан ранчо эди. Ундаги экзотика учун келарди кўпчилик. Меҳмонларининг ҳайратидан, роҳатидан отам маза қиларди. Лицей ёки институтда ўқиб юрган кезларимиз, отам боғидаги меваларидан қутига жойлаб бизни кўргани борарди. Маймунжон, малина, айниқса шафтолию узумларни биздан ҳам кўра ўртоқларимиз кутарди. “Наби ота келибди!” деб ўзининг бобосини кўргандек югуриб боришарди.

Отам кейин жуда уст-бошига, ўзига оро берадиган, тозалик, тартибни яхши кўрадиган одам бўлган. Бутун қишлоқ унинг шляпасидан танирди. Қишлоқда ҳеч ким шляпа киймасди-да. Костюмининг чўнтагида доим кичкина тароғи, шимида дастрўмол бўларди. Остона ҳатлашидан олдин атирга чўмилиб оларди. Бир гал ҳаворанг кўйлаги, сўнг устидан костюм-шимини кийиб, атирини тополмай, бувимнинг кремини атир чоғлаб кўйлаги ёқасига суртиб олган-да, ўзи сезмай ўзидан мамнун кўчага отланган. Синглим бирдан отамнинг сарғайган ёқасига кўзи тушиб, “Ота, ёқангизга нима бўлди?” деб сўраса, “Ўзимнинг атирим қолмаган экан, бувингникидан сепиб олгандим. Нима бўпти?” дея аланглаб ёқасига қараган-у, “Бувингнинг атири яхши эмас экан-да. Қайтишда олиб келмасамми ўзимга!” деганича ортига қайтиб, кийимини алмаштириб чиққан. Роса кулгандик ўшанда. Бувим ошхона деразасидан бошини чиқариб, “Менинг ҳам атирим қолмасин энди. Ойна олдида турган атир эмас, крем эди” деганида-ку, отамнинг ўзи ҳам шарақлаб кулиб юборганди.

Уйимиз тўла китоб эди. Ўша китобларнинг аксарини ҳам отам келтирганди. Адабиёт, сиёсатдан баҳслашишни ёқтирарди. Баҳснинг охири кўпинча ўзининг фикрини маъқуллатиш билан тугарди. Маҳаллага сув келтириш, асфальт ётқизишми, ҳашар, тўй-маъраками… бош эди. Ўзининг ҳузурини ўйлаб, кўпга қўшилмаганлардан фиғони фалакка чиқарди. Баъзан ёқалашишгача борарди. Бу ҳолдан биз бола бўлиб ўзимизча уялардик. “Отамга нима зарил? Тинч юрса бўлмасмикан?” деб. Йўқ, ўша одам албатта узр сўраб эшигимизни тақиллатарди. Ноҳақ бировга озор бермасди.

Бу гал 82 га кирган отам мени эмас, мен уни танимадим. Қўллару кўзлардаги шиддат йўқ. Шалвираб, қадди эгилиб қолган. Нигоҳларининг маъносиз бир нуқтага қадалгани эса ичимда чумолиларни ўрмалатарди.

Самолёт қўнди. Уйга боришимиз билан аямга қўнғироқ қилдим. “Отам яхшими?” Салом ҳам, “Биз етиб келдик, ҳавотир олманглар” қабилидаги сўзлар ҳам унут. Аямнинг ҳали оғзидан чиқмай, ютилиб кетаётган “яхши”сидан яхши эмаслигини англадим. “Нима бўлди? Тинчликми?” айтмасига қўймаганимдан сўнг, “Сизлар кетгач, пардани чангаллаб осилиб олибди. Парда илгич ҳам қайрилиб, синиб кетишга келибди. “Ботқоққа ботиб кетяпман! Мени ҳеч ким қутқармаяпти!” деб кийимларини ҳам ҳўл қилиб юборибди. Аранг….” Уёғини эшитишга тоқатим етмасди. Телефонни ўчирдим.

Отамнинг янгидан-янги тушлари мени чарчатди. Менимча, уйдагиларни ҳам. Унинг ўзи ҳам чарчаб кетгандир. “Мени уйга обориб қўйинглар! Бу ерда нима қиляпман? Бу менинг уйим эмас”, деб айтавераркан. Бу гапларни отам менинг номимдан айтяпти, шекилли. Бу гапларни кўпроқ мен айтсам ярашади…

Бугун отамнинг охирги тушини эшитдим. Аямнинг айтишича, деворни уриб: “Эшикни очинглар. Навбатим келди. Сартарошга киришим керак. Уч киши чиқиб кетди, менинг навбатим келди” деб бақирармиш.

-Докторлар нима деяпти?

-Альцгеймер экан, – икки йил деганда қарилик инжиқликлари дея тусмоллаб юрган доктору уйдагиларнинг тахминларига бугун нуқта қўйилибди. – Шифокор назоратида туриши керак экан, иложи бўлса, шифохонага ётқизинглар, дейишди. Қандай ётқизамиз? Ўзини ёлғиз қўйишга кўзимиз қиярмиди?.. – деди аям пиқиллаб.

-Ая, сиздан битта илтимос, ёлғондан бўлсаям, алдаб бўлсаям, менга энди отанг яхши денг. Ортиқ тушларини эшитолмайман… Телефонни ўчирдим.

Ўчирдим-у, мана шу хотирани ёзишга ўтирдим. Ахир, ҳаммадан ҳам кўпроқ отам менинг ёзувчи бўлишимни истаганди. “Мен ҳақимда битта бўлсаям асар ёзасан-а, қизим”, дерди. Ёзувчи бўлмадим, ҳозир Сеулда банкда ишлайман. Анча кеч бўлган. Бу ёзганимнинг ҳеч кимга қизиғи йўқ. Қизиқадиган одам – отамнинг тушунадиган ҳуши йўқ. Севинмайди ҳам. Ота, барибир сиз учун ёзаман. Битта асар. Фақат Сиз ҳақингизда.

05.04.2022

Севара АЛИЖОНОВА

1 izoh

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting