Bosh sahifa Tarjima “Канон” куйи ва помидорли шўрва

“Канон” куйи ва помидорли шўрва

0
172

Рейчл Принти

Ҳикоя

Пол стол қаршисида турган рафиқасига тикилиб қаради ва биринчи марта унинг свитерини тескари кийиб олганини пайқади. У ҳар куни тонгда рафиқасининг кийимларини маълум бир тартибда тўшак устига тахлаб қўяр, шундан рафиқаси биринчи бўлиб қайси кийимини кийишини билиб олар эди. Аммо бу чора ҳам Элайнанинг ҳар бир кийимини ўз ўрнида кийишига кафолат бермас эди. Уйдан ташқарига чиқишларидан олдин Пол ҳар сафар унга бошдан-оёқ разм солиб, уст-боши жойидалигини текширишига тўғри келар эди.

Бу сафар ҳам доимо уларга хизмат кўрсатувчи официант қиз Сара катта патнисда икки пиёла ширин чой кўтарганча ҳозир-у нозир бўлди ва салом бериб, улардан ҳол-аҳвол сўради. Элайнада Алцгеймер касаллиги аниқланганидан сўнг ҳам уларнинг оиласида яхши кунлар кўп бўлган, ўша машъум хабардан сўнг эса эр-хотиннинг ҳаёти бирмунча қийин кеча бошлади. Бугун ўша иккинчи тоифага мансуб “қийин” кунлардан бири эди. Паришонхотир Элайна бармоғи билан стол устида қолган доғни ишқалаб кетказишга зўр бериб уринар эди. У мазкур стол уларнинг доимий столига айланиб қолганлигини тамоман унутган эди. Эр-хотин бир неча йиллардан буён бу ерда ҳафтада бир марта тушлик қилиб келишмоқда. Ўша доғ улар бу ерга биринчи марта келганларида ҳам бор эди.

–Очиғини айтсам, бугун биз учун бошқача кун. Турмуш қурганимизга эллик етти йил тўлди.

Элайна қилаётган ишини тўхтатди-да, бошини кўтариб эрига қаради ва “Шунақами?” дея сўради.

–Ҳа, азизам, худди шундай.

–Иккингизни ҳам айём билан табриклайман! — Сю хоним боя лаймли пирог тайёрлаган эди. — Кетишингиздан олдин сизларга ҳам ўша пирогдан бир бўлак олиб беришга ҳаракат қиламан. Хўш, ҳар доимгидек “Кобб” салати ва помидорли шўрва буюрасизларми?–деди Сара.

-Ҳа, шуларни олиб келинг,–дея жавоб берди Пол.

Сара бош ирғади ва орқасига бурилди, сўнгра дарров яна уларга томон ўгирилиб “Ҳозиргина ёдимга тушди. Бир соат олдин помидорли шўрва тугаб қолган эди. Унинг ўрнига товуқли угра ичишни истамайсизларми?” деди узрли оҳангда.

Пол рафиқасига ўгирилди: Элайна тағин столдаги доғни сочиқ билан ишқалашга тушган эди.

–Элайна?

–Ҳмм,–Элайна эшитилар-эшитилмас минғирлаб, яна диққатини столга қаратди.

–Помидорли шўрвадан қолмабди. Товуқли уграга нима дейсан? Ёки унинг ўрнига сендвич еб қўя қоламизми?

Унинг саросимага тушганини кўрган Пол таомномани очиб, рафиқаси ёқтирадиган бир нечта овқат турларини кўрсатди, аммо Элайна янги овқат танлашда қийналди, шекилли, бирдан йиғлай бошлади.

–Уйимизга кетишни хоҳлайман. Илтимос, уйга кетайлик,–дея ёлворди у.

–Жонгинам, Сара олдимизга ичимлик олиб келиб қўйди. Балки, яна озроқ ўтирармиз? Биламан, сен помидорли шўрвани хуш кўрасан, лекин ишончим комилки, товуқли угра ҳам жуда мазали.

Бу гаплар унинг йиғисини янада кучайтирди. Сара помидорли шўрва қолмагани учун ресторан раҳбарияти номидан узр сўради. Бошқа мижозлар бу шовқин-суроннинг сабабига қизиқиб, улар томонга қараб туришар эди. Пол хўрсинди ва ҳамёнига қўл чўзиб, ундан 10 долларлик пулни олиб, стол устига қўйди-да Сарага қараб “Бизни маъзур тутинглар. Кейинги ҳафта яна келамиз”, деди. Саранинг нигоҳидан унинг аҳволини тушуниб тургани аён эди. У пирог ва чойни ташқаридаги машиналаригача элтиб беришини айтди. Пол рафиқасини ўтирган жойидан кўтарилишига ёрдамлашаётган чоғида Сарага миннатдорчилик билдирди.

 Пол доим кунларининг осойишта ўтишига ҳаракат қилар эди, аммо баъзан бугунгидек помидор шўрваси тугаб қолган кунлар ҳам бўлиб турар эди. Уйга кетишаётганларида Элайна йиғидан тўхтади, лекин қиёфаси ташвишли тус олиб, тинимсиз равишда бугун қайси сана эканлигини сўрайверди. Пол санани айтишга иккиланди, чунки рафиқасининг айни дамдаги нотинч ҳиссий ҳолатига тўйлари бўлган кунни унутиб қўйганлиги ҳам қисман ҳисса қўшган, дея тахмин қилаётганди. Деменсия касаллигида хотира йўқолиши табиий ҳол эканлигини билса-да, Пол Элайнанинг ўзидан хафа бўлиб қолиши мумкинлигидан хавотирда эди.

–Бугун чоршанба,– Пол шундай дегач, Элайна қошларини чимирди. Бу унинг бирор нарсани эслашга уринаётганлигидан ёки гапни яхши тушунмаганлигидан далолат берар эди. Элайна йигирма дақиқалик йўл сафар давомида учинчи маротаба бугун қайси сана эканлигини сўраганида, Пол ахийри таслим бўлди:

–Бугун 7-январ, чоршанба.

–Ия, ахир биз шу санада турмуш қурганмиз-ку!

–Ҳа, шундай,–деди Пол ва машинасини йўлакда тўхтатди.

Пол рафиқасининг диванга ўтиришига ёрдам бергач, иккита патнисни стол устига қўйди ва “Нарх тўғри” кўрсатувининг такрорий эфирини томоша қилиш учун телевизорни ёқди. Сўнгра тезда қайтишини айтиб, ошхонага кириб кетди. Устига “коса/ликопча”, “кружка/қадаҳ” ва “дон” номли ёрлиқлар ёпиштирилган жавонлар ёнидан ўтиб, устига “шўрва” деб ёзилган ёрлиқли жавонни топди. Пол Элайнанинг иложи борича мустақил ҳаракатланиши учун барча озиқ-овқатлар номини ёзиб қўйганди, чунки рафиқасига овқат пишириш жуда ёқар эди. Бироқ, сўнги бир неча ойдан буён асосий ошпаз ролини Пол ўз зиммасига олиб келаётган эди. Жавоннинг ўнг бурчагида турган помидорли шўрвани топгач, унинг елкасидан тоғ ағдарилгандек бўлди. Бўғим яллиғланиши туфайли баъзан увушиб қоладиган қўллари билан иккита косани авайлаб олди-да, уларни суюқлик билан тўлдирди, кейин эса рафиқасининг идишини микротўлқинли печга қўйди. Ошхонада туриб печ таймерининг ҳаракатланишини кузатар экан, ошхонага Пахелбел мусиқасининг овози кириб келди. Рафиқаси мусиқа ўқитувчиси бўлиб ишлаганлиги учун уларнинг меҳмонхонасида доим пианино турарди. Элайна сўнги пайтларда умуман пианино чалмай қўйган эди. Пол мусиқа ноталарини ўқишда қийналаётганлиги учун чалмай қўйган бўлса керак, деб тахмин қилганди.

Хонага қайтиб кирганида Элайна пианинога мук тушганча ўз хотирасидан “Д” нотада “Канон” куйини чалаётган эди. Пол Элайнанинг бармоқлари пианино калитлари устида ишонч билан маҳоратли тарзда ҳаракатланаётганлигидан ҳайратга тушди. Элайнанинг оқ либосда йўлакдан унга томон юриб келаётгани, нозик қўлларида ўзи боғдан териб берган сариқ дасторгулларни ушлаб олгани кўз олдида гавдаланди. Улар тўйларини ўзлари истагандек оддийгина қилиб ўтказишган эди.

Пол диван ёнидаги ўриндиққа ўтириб, Элайнанинг чалишдан тўхташини кутди. Мусиқа тугагач, Элайнанинг қўлини лабига яқинлаштириб, енгил ўпиб қўйди, рафиқасининг чеҳрасида худди тўй кунидагидек мафтункор табассум порлаб турарди.

–Бу менинг севимли куйим-ку, –пичирлади бўғиқ овозда Пол.

–Шунинг учун ҳам бу куйни сен учун ижро этдим-да,– Элайна шундай дея эрининг қўлини оҳиста сиқиб қўйди.

Энди йиғлаш навбати Полга келган эди.

–Сени севаман, Пол.

–Буни кўзларинг айтиб турибди,–дея бош ирғади Пол. –Мен ҳам сени жонимдан ортиқ севаман. Қани, кел. Ҳозир иккаламиз бирга помидорли шўрвадан баҳраманд бўламиз.

Элайна бошини хиёл эгиб, “Товуқли уграни кутаётган эдим-у, майли, помидорли шўрва ҳам бўлаверади”, деди.   

Инглиз тилидан Йўлчибоев Санжар таржимаси

Izohlar yo'q

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting