Bosh sahifa Tarjima Гулларни севадиган йигит

Гулларни севадиган йигит

0
364

Стивен Кинг

ҳикоя

1963 йилнинг май ойлари. Яна бир тароватли оқшом эди. Қўлида пакет  кўтариб олган бир йигит Нью Йоркнинг муҳташам хиёбонида шаҳдам қадамлар ташлаб олға юриб борарди. Ҳаво ҳар кунгиданда мусаффо ва соф, осмон ҳам сокин мовий рангдан виқорли тўқ бинафшарангга айланиб, вақт ўтган сари қуюқлашиб бораётганди. Одамлар бу шаҳарни севишар, айниқса, кечаларининг гўзал манзараси  унинг кўркига кўрк қўшарди. Бу ерда яшовчи аҳоли, балки, шунинг учун ҳам Нью Йоркни яхши кўришар. Турли-туман яхна овқатлар, хомашёлар сотиладиган дўконлар ва қиммат ресторанларнинг эшиги ёнида турган одамлар ёқимли таомларнинг хушбўй ҳидларидан сармаст эди.

Эски болалар аравачасида икки халта сабзавот ва меваларни ташиб кетаётган қари кампир ёш йигитга кулимсираб қаради ва у билан саломлашди:

-Салом, хушсурат йигит.

Йигит ҳам нимтабассум билан унга  қаради ва қўлини кўтариб  силкиб қўйди. Кампир унинг ҳолатини кўриб йўлдан ўтар экан ўйлаб қолди: “У севиб қолганга ўхшайди”.

Йигит  ташқи кўринишига кўп эътибор бермасди. Аммо энди у ўзгариб қолганди. Унинг кўриниши жуда ажойиб эди: ёрқин кулранг костюм кийиб олган, ингичка бўйинбоғи бироз пастлаган ва ёқасининг тугмалари қадалмаган эди.  Сочлари қоп-қора бўлиб калта қилиб олинганди. Юзи эса оппоқ, кўзлари ёрқин мовий ранг эди. Унинг юзи фавқулотда бошқаларникидан фарқ қилмасада, самимий баҳор кечасида, бу хиёбонда, 1963 йилнинг мана шу май кунида, у ҳаммадан ҳам чиройли эди. Бояги кекса аёл эса  баҳорда ҳар қандай инсон ҳам гўзал бўлиб кетади, ахир, дея ҳали ҳамон ўзининг ширин дамларини қўмсаётган эди. Улар балки, кечки овқат учун ўзлари орзу қилган бирор жойга учрашишга ёки  рақс тушиш учун шошилишаётгандир. Баҳор шундай фаслки, бундай соғинишлар  кишини ҳеч ҳам тарк этмайди. У йўлида мамнун ҳолда кетар, хушсурат йигитчага гапирган вақтини ва йигитнинг ҳам қўл кўтариб салом берганини эслаб севинарди.

Ёш йигит эса 63-кўчани кесиб ўтиб, лабларида ярим табассум қилган ҳолда катта-катта қадамлар ташлаб юриб борарди. Йўлнинг тугашида бир қария сариқ рангли турли-туман гуллар солинган ишлов берилиб бежирим бўлган яшил рангли аравачаси билан ўтиб қолди. Аравачадаги сарғиш рангли наргиз гули ва кечки заъфарон гуллари кўзга ташланиб турарди.  Кекса чолда яна чиннигуллар, иссиқхонада ўстирилган, деярли ҳаммаси сариқ ва оқ рангда бўлган хушбўй атиргуллар ҳам бор эди. Чол претзел еб, аравачанинг бир бурчагида турган катта ва бесўнақай  радиони тинглаш билан овора эди.

Айни дамда радиода ёмон хабарлар қуйилиб келсада, ҳеч ким унга эътибор бермасди: бир қотил ҳануз эркинликда;  Жон Ф. Кеннеди  Вьетнам деб номланган кичик Осиё мамлакатидаги вазиятни кўришга чидай олишини хабар берган. (Бир йигит радиода айтилган янги сўзни ўқиш билан оввора эди: Вите-нум); шахси номаълум аёл жасади Шарқий дарёдан олиб чиқилган; бош ҳоким амалда тайинланган шаҳарда героин савдоси бўйича жиноятда айбланиб қамоққа олинган;  Россияликлар ядровий қурилмани портлатган. Бу хабарларнинг ҳеч бири ҳақиқийга ўхшамасди ва ҳеч бири эътиборга лойиқ эмасди.  Шунчаки, ҳаво соф ва беғубор эди, холос. Атрофда одамлар кам. Бир бурчакда қоринларини пиво билан тўлдираётган  икки киши эса никел қўйиш ҳақида суҳбатлашиб  бир-бирларига қараганча новвойхона ташқарисида туришарди. Баҳор ниҳоясига етиб, ёз яқинлашиб келиши билан бу шаҳарчада орзулар фасли ўз бўйини кўрсата бошлайди.

Ёш йигит гуллар йўлагидан ўтар экан, тўсатдан бу нохуш янгиликлар қулоғига чалинди. У жуда ҳаяжонланарди ва нималарнидир ўйларди. Палтосининг чўнтагига қўл узатганда унда яна нимадир борлигини пайқади. Бироздан сўнг, унинг юзи  қийин аҳволга тушган одамнинг юзидек буришиб кетди,  яна унда руҳан ёлғизлик аломатлари ҳам акс этарди, гўёки кимдир уни таъқиб қилгандай ҳис қиларди ўзини.  Аммо тезда ўзини ўнглаб олди.

У гулларга қарар экан, табассум қиларди.  Йигит уни мамнун кўриш учун бир  даста гул олмоқчи бўлди. У севганига кичик сюрприз  бериб, унинг кўзларида ҳаяжон ва қувончни кўришни хоҳларди, айниқса, кўзлар бир-бири билан тўқнашиб кетишса, йигит яна ҳам хурсанд бўлишини ҳис қилди. Ёш йигит бой оиладан эмасди, шунинг учун севган қизи унинг кичик совғаларидан хурсанд бўлишини жуда истар эди. Бир қути ширинлик,  тақинчоқ, Валенсия мандаринларидан бир нечта сотиб олди. Чунки булар Норманинг севимли нарсалари эди.

“Ёш дўстим”, — деди йигитга  кулранг костюм кийган, енглари шимарилган бир сотувчи. У аравасидан кўз югуртирар экан, йигитни бирор нарса олишга ундарди.  Сотувчи кекса чол бўлиб, тахминан 68 ёшлар атрофида эди; йиртилган кулранг тўқима свитер ва илиқ баҳор оқшоми бўлишига қарамасдан иссиқ телпак кийиб олган бу қариянинг  юзи ажинлар билан тўла, кўзлари эса чексиз тубсизликка ғарқ бўлганди; қўлидаги сигаретдан унинг асабийлиги  яққол билинарди. Шунга қарамай, у баҳорда, севги фаслида, инсонлар янада ёшариб кетиши, севгига бурканиши ҳақида сўзларди, у ҳар ерда бундай ҳолатни кузатиб юрганини айтарди. Сотувчининг юзи ғамгин эди, аммо айни дамда бироз бўлсада кулишга ҳаракат қиларди, худди озиқ-овқат олиб кетаётган бояги кекса аёл сингари.

-Гулларингиз қанча туради?- йигитча сўради.

-Мен сизга бир долларга ажойиб букет тайёрлаб бераман. Булар хушбўй атиргуллар-иссихонадан келтирилган. Нархи озгина қимматроқ, донасига 70 центдан. Мен сизга 3 доллар 50 центга буларнинг ярмини беришим мумкин.

-Қиммат-ку?

-Ҳеч  нарса арзон эмас, менинг ёш дўстим. Онангиз  айтмаганми сизга?

Йигит жилмайиб қўйди. Албатта, онаси буни айтган бўлиши мумкин.

-Ишончим комил. Онангиз айтган бўлиши керак. Мен сизга иккита қизил, иккита сариқ ва иккита оқ атиргулларни бераман. Бунга қарши эмасмисиз? Чақалоқни ўраган каби уларни қирққулоқлар билан ўраб бераман. Ажойиб-а. Ёки сиз хоҳласангиз бир долларга букет қилиб олишингиз ҳам мумкин. 

-Уларними?- сўради йигитча ҳануз жилмайганча.

-Менинг ёш дўстим, — дея сўз бошлади қария сигарет кукунларини тўкар экан,- ҳеч ким гулларни май ойида ўзи учун сотиб олмайди. Бу худди миллий ҳуқуққа ўхшайди, сиз бунинг маъносини тушунсангиз керак?

Йигит унинг гапларини тингламасди, у Нормани ўйларди, унинг қувончини, ҳайратланган чақноқ кўзларини ва унинг самимий кулгусини эшитишга интиқ эди. Бошида фақат шу ўй-хаёллар айланарди.

-Ҳа, шундай қилинг.  Нима деган эдингиз?-талмовсираб сўради йигит.

-Нимани ўйлаётган эдингиз?

-Мен сизга нима ўйлаганимни айтмоқчиман. Маслаҳат текинми?

Ёш йигит кулганча нима ҳақида ўйлаётганини айта бошлади.

-Сиз жиннилик қиляпсиз. — Гап бошлади сотувчи,- Яхши дўстим.  Агар сиз гулларни онангиз учун олсангиз, унга букетга ўралганини беринг. Чиройли наргиз ёки заъфарон гуллари ёки адирда ўсган лилия гуллари ҳам ажойиб таклиф бўла олади. У бу гапларни айтишдан ўзини тўхтата олмаса керак: “О ўғлим, нархи қиммат бўлса ҳам мен севган гулларимни олиб келибсан, қанча пул сарфладинг, ахир, бу гуллар жуда қиммат-ку!”.

Йигитча қўлларини орқага ташлаганча қаҳ-қаҳ отиб куларди.

Сотувчи давом эттирди:

-Борди-ю гулларни севган қизингизга олиб бораётган бўлсангиз, бу анча жиддий нарса, ўғлим. Буни билишингиз керак. Сиз унга қип-қизил  атиргулларни олиб борганингиз яхшироқ. У сизни рад эта олмайди. Нима деганимни тушундингизми?  Ҳей бола! Қизнинг қўллари елкангизда бўлади, ишонаверинг.

-Мен сиз айтган атиргулларни оламан.

Бу гап қариянинг кулгусини қистади.  Дўкон олдидаги икки киши ҳам уларга қараб кулиб туришарди.

-Ҳей, бола!- улардан бири болани чақирди,- Сиз арзонга тўй узукларини хоҳлайсизми? Мен сизга ўзимникини сотишим мумкин. Энди буни менга кераги йўқ.

Йигит жилмайди ва сочининг учидан товонигача қизариб кетди.

Гул сотувчиси олтита гулни тўплади, пояларини бироз қисқартириб ташади,  сув сепди ва катта конусли матога уларни ўради.

-Кечки об-ҳаво сиз хоҳлаганингиздек бўлади. Радиода айтишганди. Очиқ ва мўътадил. Ярим тунда ҳаво 6+ атрофида бўлади. Томда  юлдуз санаш учун қулай фурсат, агар сиз романтикани ёқтирсангиз. Жозибали Нью Йоркдан роҳатланинг, мазза қилинг!

Қария гулларни елимли қоғоз билан боғлаб бераркан яна бир нечта маслаҳатлар бера бошлади:

-Ёш ледига айтинг, гулларни бироз шакар солинган идишга солиб қўйсин, шунда улар узоқ вақт янгидек бўлиб туради.

-Хўп, айтаман,- деб ёш  йигит сотувчига 5 долларни тутқазди,- Раҳмат.

-Бу менинг ишим, ёш дўстим,- деди кекса чол мамнун тарзда қайтимини қайтариб бераркан,- Уни мен учун ўпиб қўйинг,- деди.

Радиода Фоур Сеасонснинг “Шерри” қўшиғи жаранглай бошлади.  Йигитча харидларини кўтариб, йўлини давом эттирарди; кўзлар чақноқ ва бургутнигоҳ эди;  ҳақиқий ҳаётдаги ўзига ўхшамасди. Аммо бирданига у нимагадир қоқилиб кетди: бир она  боласини аравачада олиб кетаётганди, болакайнинг юзи жуда кулгили тарзда музқаймоққа беланганди; кичкина қиз арқонда сакраб қўшиқ айта бошлади: “Бетти ва  Генри дарахт тагида, Бўса олишди, Илк муҳаббат бошига тушди ва кейин турмуш қуришди, ниҳоят, бола кўтарган Генри бу ерга келди”. Икки аёл ташқарида турарди ва чекишарди. Бир гуруҳ эркаклар металл буюмлар дўкони деразасига қарарди. Бейсбол ўйини ўтказилган, ўйинчиларнинг юзлари яшил рангда эди. Нью Йорк учрашуви 6-1га Филлилар ютиши билан тугади.

Йигит гулларни кўтариб борар экан суҳбатлашаётган икки аёл қаршисида бир зум тўхтади ва ўзини ғамгин сезди.  Гулларнинг ҳам узилганига анча вақт бўлганди. У учинчи ва олтинчи йўл бўйлаб машиналар қатнови тўхтатилганидан бехабар эди. Бир полициячи яқинда унаштирилганди ва йигитнинг юзидаги хаёлпараст ифодасини сўнгги пайтларда тез-тез ўзини кўрган соқол олиш ойнасидан таниди.  Ҳаттоки у ёнида бир-бирига тиқилиб, қиқирлаб кулиб кетаётган иккита ўн ёшли қизларни ўтаётганидан ҳам бехабар эди. 

У 74-бекатда тўхтаб, ўнгга бурилди. Кўча қоронғу бўлиб қолганди, йўлни Италия номи билан номланган турли ресторанлар ва қизғиш ғиштли уйлар ёритиб турарди. Ҳамма жой беркилган эди, аммо кучсиз ёруғликда бўлса ҳам болалар стикбол ўйинини ўйнашаётган эди. Ёш йигит унча узоққа кетмади, бироз юргач, тор йўлакка бурилди.

Айни дамда ҳамма ёқда юлдузлар чарақлаб турибди, мусаффо ҳаво, қоронғу йўлак ва чиқинди қутиларининг ажойиб соялари… Барча-барчаси чиройли эди.  Йигит ёлғиз эди, аммо ўзини бундай ҳис қилмасди. Тўсатдан  зулмат ичида тебраниб бир садо эшитилди ва йигит қовоғини чимирди. Бу мушукнинг севги қўшиғи бўлиб, бу ерда унданда ажойиб ҳеч нарса йўқ эди.

У секин юриб борарди, дам ўтмай соатига қарарди. Соат кечки саккизга яқинлашяпти. Норма шу ерда бўлса керак. Бироздан сўнг йигит қизни кўрди; боғ томондан бора бошлади. Уни кўргандаги юрак оғриғи яна бошланди. Биринчи марта кўргандаги ҳаяжони тағин жунбушга келди. Унинг баркамол қадди-қоматига тикиларкан бу дам бир ширин тушдек туйиларди унга.

Энди йигитнинг табассуми порлаб кетди,  тезроқ юра бошлади.

-Норма!

Қиз унга қаради ва жилмайди… Аммо бир-бирини кўришгач, табассум сўнди.

Йигитнинг табассуми бироз титради ва у бир лаҳзалик безовталикни ҳис қилди. Денгизчи блузкаси кийиб олган бу юз бирдан хиралашгандек бўлди. Қоронғу тушиб қолганди… Балки, у адашаётгандир?    Ундай эмас. Бу Норма эди.

-Мен сенга гул олгандим,- деди йигит хурсанд бўлиб, гулларни унга тутқазди.

Қиз бироз уларга қараб турдида, жилмайганча гулларни қайтариб берди.

-Раҳмат, лекин сиз адашяпсиз.

-Менинг исмим Норма, — пичирлади йигит. Анча вақтдан бери чўнтагида турган  калта тутқичли болғани чиқарди.

-Булар сиз учун Норма… бу сиз учун эди… ҳаммаси сиз учун…

У орқасига ўгирилди,  думалоқ оқ юзи   хиралашди, у аниқ Норма эмасди. Норма ўлганди, ўн йил олдин ўлганди ва  энди ҳеч нарса муҳим эмасди, чунки қиз бақирмоқчи эди. Йигит қизнинг қичқирмаслиги учун  болғани силкитди, чинқириқни йўқ қилди ва у гул кўтарган қўллари билан болғани силкитди. Тўкилган нарса тўкилди … аҳлат қутилари ёнида қизил, оқ ва сариқ атиргуллар ётарди.

У болғани туширди ва қиз энди қичқирмасди. Аммо у яна бақириши мумкин, ахир у Норма эмас. Уларнинг ҳеч бири Норма эмас.

Бироз вақтдан сўнг болғани палтосининг ички чўнтагига солди ва тошли йўлаклар томон кетаркан қоронғулик қаърига шўнғиб кетди. У тор йўлакдан ўтди. Ҳамма ёқни зулмат қоплаганди.  Стикбол ўйинчилари ҳамон ўйинда эди.  Унинг кийимида қон изи бўлсада, улар кўринмади… қоронғида, тиниқ баҳор қоронғусида, унинг исми  Норма бўлмаган, аммо энди ёш йигит  ўз исмини биларди. У… у… севги эди.

Унинг номи севги эди, у қоронғу йўлакдан юриб борарди, чунки Норма уни кутяпти, ахир. Ва ниҳоят у қизни топди.

У яна кула бошлади. Етмиш учинчи кўчада кетаётиб, йигитча қадамини тезлаштирди. Бино зинасида ўтирган ўрта ёшли эр-хотин унинг бошини эгиб, кўзларини узоққа тикиб, лабларида ярим табассум билан ўтиб кетаётганини кузатиб турарди. У келин-куёвнинг ёнидан ўтиб кетаётганда, аёл унга деди:

-Нега сиз ҳеч қаерга қарамай кетяпсиз?

-Аааа? — талмовсираб қолди йигит.

-Ҳеч нима,- деди аёл. У кулранг костюм кийган йигитнинг қоронғулик ичида ғойиб бўлишини кузатиб турди ва агар баҳордан ҳам гўзалроқ нарса бўлса, бу илк муҳаббатдир, деб ўйлади.

    Инглиз тилидан Мунаввар Музаффарова таржимаси   

Izohlar yo'q

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting