Кўча четида

ташкилотларнинг

зарҳал ҳарфларда битилган

тахталари остида турмиш

аҳлат қутиларга

ачинаман

худди

ожиз

бечораҳол

дайдини учратган мисол

зотан, мен ўшаман

сигарет қолдиқлари

ғижимланган қоғоз бурдалар

чайналган сақичлар

овқат ёрлиқлари

сув идишлари

ҳиссиз отилган

аҳлат қутиман

йиғаман

йиғавераман

ва охир

тоқат етмас пайт

тўкиламан

ёриламан

портлайман

ўзимдан катта

бардошлироқ

БОШҚА ҚУТИГА…

***

доим қўрқув бор

йўқотиш қўрқуви

ўтган куни йўқотгандим

калитимнинг бир пойини

аслида бошқаси

эди чўнтакда

ясатиб олишим мумкин эди

аммо изладим

қўнғироқ қилдим

асабий ағдардим чўнтакларимни

йўқ эди

зим-зиё

кўп ўтмай чиқиб келди бошқа кийимдан

бугун ҳам атайин

йўқотдим

кейин чир айландим

хоналарни титкиладим

нима эди йўқотган нарсам

қандай эди

асрагандим

нима сабабдан

тополмадим

ичимни ағдардим

қўрқувдан бўлак

ҳеч нарса чиқмади

сўнг ариққа бордим

телефонимни туширгандим шунда бир пайтлар

ирғитдим

улоқтирдим

атай узоққа

қўрқувни

йўқотишдан қўрқмаслик учун

***

Совуқ!

Совуқ…

Январ гуллар эккан уйлар томига

Офтоб эритмоқчи бўлар

Одамлар ичидан янгроқ совуқни

Сен эса

Сигар тутунин қаҳвага сут қилиб

Ё қаҳва мазали сигарни тортиб

Куласан

Кутасан

Хабарни

Хабарни

***

Исмимни айтма, исмимни қўй

Ундан кўра айт оркестрга

Оғир, биқиқ мусиқа чалсин

Рақсга тушсин онг ўйинлари

Исмим унут, исмимни айтма

Бунда асфальт, бунда тош уйлар

Катакларда товуқдек яшар

Хаёлан бор кумуш одамлар

Исмимни қўй, исмимни унут

Бизга фақат мусиқа чалсин

Олтин булутларда қон изи оқар

Кун оғади нари дунёга

Қўй исмимни, исмим йўқ мени

Кулги бунда азобли ўлжа

Тилим-тилим қилинар тиллар

Тилим-тилим этар оламлар

***

мен сени дуо қиламан

тонг

ҳали қуёш бош кўтармай

оғир уйқуда

тушнинг энг инжа

энг ҳарир

қимматбаҳо

пардаларига ўралашиб

дуо қиламан

қўлим қовушмайди

лабларим пичирламас

айтмас исмингни

аммо дуо қиламан

ўнгимда

тош кўчалар

сершовқин

серёмғир

гулдурос

кўчалар бўйлаб ўтиб бораркан

кулранг исканжадан ўзни олиб қочмоққа жой излаганча

босим

ғазаб

хушсизлик аро ўзни англамай

сени дуо қилавераман

токи Тангрининг келсин раҳми

зеро ўлиб борар

қотиб борар

бари-бариси

раҳми келсин ва

оёқларинг

қўлларинг ўрнида

ўссин сузгичлар

ва сузиб кетгин олис-олисга

уммон тубига

худди тушингдаги каби

балиқ ва илонлар бирла…

мен эса сени дуо қиламан

қилавераман…

***

бари фалокатлар тонгларда бўлади содир

дейлик

бир йигит туни билан эртасини этади режа

ва

туйқус

атай қилгандек

олтида уйғонолмай қолади

ана касофат

шундан сўнг бари чаппасига кетар айланиб

бажарилмас туни билан қилинган режа

келмас омад ҳеч

улкан шиллиққуртдек судралар ўлим

қутқаролмас бундан дуо ҳам

ахир бари ёзуқ

тақдир илоҳий

ким ҳам қарши бўлар

хуллас

фожеалар тонгларда бўлади содир

худди содир бўлганидек бахт кечалари

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting