Туғён

0
905

ҳикоя

Жанет Тэй Ҳю Чинг

Баъзилар учун ҳислари ҳақида ошкор сўзлаш осон эмас. Бунга азалдан кўникмаган бўлсалар, бошланиши ҳам мушкул кечиши турган гап. Ҳолбуки, кўмилган ҳислар залвори — вақт ўтгани сари оғирлашиб, худди ёрилмаган ярадек жонингга азоб беришни бошлайди.

Аёл сафар учун ҳозирланаётган эрини жимгина кузатмоқда. Уларнинг турмушига тез орада улкан ўзгариш кириб келади, бироқ аёл учун айни пайтда, эрининг эски жомадони ҳақида сўз очиш осонроқ. Кийимлари ва никоҳ костюмини жойлаётган эрини кузатар экан, аёлнинг димоғига аллақандай атир иси урилди. Эри охирги марта қачон бирор ифор сепганди? Ҳа, ёдига тушди, никоҳ тўйларида эди. Ўшанда ҳам ундан келаётган ҳид аёлга ғалати туйилганди. Ўзи эса одатда бундай нарсалардан фойдаланмасди. Ахир, уззукун иш билан банд бўлган аёлга ифорга бурканишни ким қўйибди?

Одамларнинг фикрича, оилали бўлса-да, турли хушбўй ифорларга кўмилиб юрадиган аёллар одатда ўзларига ҳуштор ахтариш, эркаклар эьтиборини тортиш пайида бўлар эканлар. Унинг эса ҳозир бинойидек, меҳнаткаш, ўз дўконига эга эри бўлса, унга бундан ортиқ яна нима керак?

У бахтли турмуши ҳақида ўйларкан, ўзини анча хотиржам ҳис қила бошлади. Шу пайт жомадоннинг бирдан қаттиқ шиқирлаб ёпилгани, хаёлга чўмиб ўтирган аёлни чўчитиб юборди. Эркак хонага синчиклаб разм солди, бироқ айнан нимани ахтарарди?

-Зарур кийимларингни аллақачон жойлаб қўйгандим. Қолгани ортиқча. Жомадонинг ўзи кичик бўлса, — деди аёл эрига. Эркак бир лаҳза хотинига тикилиб қолди. Аёлнинг кўзлари, бурни, тиниқ юзи, тартиб билан йиғилган узун, текис сочлари бошқа хитойлик аёлларники каби, эгнида ўзининг доимий оч кўк самфусида турарди. Йўқ, у мафтункор эмас, лекин меҳнаткаш аёл, — ўйлади эр. Ўшанда уйдагилари, — У сенга яхши рафиқа бўлади, сен учун астойдил меҳнат қилади, ҳали кўп ўғил фарзандлар кўрасизлар,- дейишганида ҳақ гапни айтишган эди. Турмуш қургач, янги уйларига, худди шу жомадон билан кириб келган кунларидан бери эркак рафиқасидан бирор марта нолимади. 

Аёлнинг чеҳраси ҳамон ўзгармаган, туйғулардан ҳоли юзига тикилиб, қалбидан кечаётганларни илғаш, хоҳишларини англаб бўлмасди. Ҳатто эри ҳам унга нима кераклигини билмайди. Ваҳоланки, аёлининг истаклари билан бирор марта ҳам қизиқиб кўрмаганди.

-Жомадонинг сенга анча вақт хизмат қилди.

-Менимча ҳам шундай, лекин ҳалиям кичик.  

Аёл ўрнидан туриб, атрофидаги ёстиқларни қоқиб кўрди. Уларни ювиш лозим. Эҳтимол, кечаги  ғуборлардан ҳам халос этиш керакдир. Деярли ўтмишда қолган турмушидан ҳам. Энди ниманидир ўзгартириш имконсиз.

-Бўлди, ҳаммаси жойланди.

Эркак чамадонини тахт қилди, йўл ҳозирликлари тайёр. Аёл эрига тикилиб турар, атир иси ҳамон димоғида, эҳтимол унинг қўрқувига ҳам шу ифор сабабчидир. Аёл эри билан гаплашиб олиши, унга ўз туйғулари ҳақида ошкор айтиши лозим эди. Бироқ у ишли аёл, у каби хитойлик аёллар эса ҳиссиётларига эрк бермасликлари шарт.

-У сени ўша ерда кутиб турибдими?- сўради аёл секин.

-Меҳмонхонани айтяпсанми?

-Ҳа, маросим тез орада бошланиб қолса керак-а?

Аёл ўзини бепарво тутганча, ёстиқлардан бирини олиб, жилдидан ажрата бошлади. Ҳа, буларни дарҳол ювиши лозим. Шу пайт, аёл, эрининг ёқасидан тутганча, “Йўқ–йўқ, ўтинаман, кетма, қол, кетма. Мен яхши рафиқа бўламан. Янада кўпроқ меҳнат қиламан. Иккита аёлнинг ишини қилишга ҳам розиман”,- дея эркакнинг қаршисида тиз чўкиб фарёд қилишни истарди. Бироқ ҳамон ўз жойида, ҳиссиз қотиб турар, бир сўз демас, юзидан, қалбидан ўтаётганларни билиб бўлмасди.

-Ҳа, маросим ҳам тез орада бошланиб қолади,- дея жавоб берди эр.

-Икки кунларда қайтасанми?

Эркак хотини билан унинг ҳиссиётлари ҳақида гаплашишни истамасди. Аёл ҳам ҳислари ҳақида ҳеч оғиз очмаган. Модомики, эри оиласига бошқа аёлни олиб келар экан, ҳаммаси аввалгидек бўлмаслиги аниқ. Ёшгина аёл. Энди ўн тўққизга тўлган. Ёш ва бахтли бўлганидан — мафтункор, тўқ жигарранг кўзлари порлаб турарди. Эркак қарор қилишидан аввал қизни бир мартагина кўрган, бироқ унинг кўзлари ёдида қолганди. Уни оиламга олиб келсам, ҳаммаси яхши бўлади, деб ўйлаганди. Ниҳоят, энди унда иккита ишлайдиган хотини бўлади — бири кучлироқ бўлса, иккинчиси янги очилган гул каби. Эркак чамадонини қўлига олиб,

-Ҳа, эҳтимол тез орада қайтарман. Лекин аниқ билмайман,-дея жавоб берди.

-Келгунингча дўконга ўзим қараб тураман,-деди аёл. -У билан қайтганингда унга ҳам мос иш топиб берарман.

Аёл яна ўрнига чўкди, кутилмаганда ўзини аллақандай хорғин ва заиф ҳис қилди. Эркак буни тушунмайди. Аёл эса эрини йўлдан қайтаришга журьати етмади. Эҳтимол, эрини ҳадеб сўроқлайверишини ҳам одамлар тўғри деб билмас.

Эркак хотини иш ҳақида ўйлаётганидан мамнун эди. Иш муҳим. Ахир, қанча одамни тўйдириши керак. Эркак остонага етганда, аёлига ўгирилиб деди:

— Бугун оиламиз учун ажойиб кун. Иккита хотин олишга ҳамманинг ҳам қурби етмайди. Авлодимизни давом эттириш учун энди кўп ўғил фарзандларимиз бўлади.

Шу гапларни айтар экан, эркак аёлига жилмайди.

— Мен ҳозироқ жўнашим зарур. Кечикяпман. Эркак хотинига ҳеч нарса айтишни истамади. Аслида, аввал ҳам аёлнинг туйғулари ҳақида  сўраб кўрмаганди, эҳтимол жавобидан қўрқар. Балки, уни ҳамиша бахтли қиёфада тасаввур қилиш осонроқдир.

-Жомадонинг эскирибди. Балки янгисини оларсан…

Эркак аёлига мамнун ўгирилди. Саволга ўрин қолмади, жавобга эса ҳожат йўқ.

-Кейинроқ янгисини сотиб оларман.

Эркак хонадан чиқиб кетар экан, эшик ҳам ортидан секин ёпилди.

Инглиз тилидан Зилола Жамолова таржимаси

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting