Биринчи ва охирги кун

0
450

ҳикоя

Марсело Перейра Родригес

Себастян — Бразилиянинг Минас-Жераис шаҳридаги механик устахона эгаси бўлиб, у иш жойида яшаган, чунки устахона унинг уйи ёнида бўлган ва у ўз меҳнатига шунчалик ўзини бағишланганидан, ҳатто дам олиш вақтида ҳам ҳар бир кишига ёрдам беришга тайёр эди. Фидойилиги ва касбига бўлган севгисидан ҳамиша иш билан банд, қўллари ва тирноқлари душдан кейин ҳам доимо ифлос турар, чунки у 24 соат давомида тинимсиз механика билан ишларди. Оиласи эса ундан келиб турадиган ёғнинг ҳидига аллақачон ўрганиб қолган, у шаҳарда жуда яхши ва ҳурматли одам сифатида танилган. Уста камдан-кам саёҳат қилар, фақат бизнес билан шуғулланиши ёки бирон бир ишни бажариш учун зарур бўлган тақдирдагина манзилга машинада бориб келарди.

Жума куни тасодифан, Себастяннинг рафиқаси Алаидага эрининг тонги соат олти бўлган бўлса-да ухлаётгани ғалати туюлди, у одатда, бунақа вақтда дўконида шина тузатаётган бўларди. Шунинг учун у ҳеч нарса демади ва тахминан соат олти яримгача уйғонишини кутди. Сўнг, гап бошлади:

— Бугун мен ишга бормайман, — деди уста.

— Ҳаммаси жойидами? Яхши ухладингизми?

— Ҳа, мен яхшиман, илтимос, бироз ухлашга ижозат беринг — у каравотнинг нариги томонига ўгирилиб, ёпинчиқ билан устини ёпди.

Эрининг бу хатти-ҳаракати аёлга ғайриоддий ҳолатдек кўринди, боиси, бу кўп йиллар давомида устанинг биринчи марта рафиқаси билан айро ҳолда жойини ўзгартириши эди. Алаиде Себастяндан олдин ўрнидан турди-да, қаҳва қайнатиш ва бошқа юмушларини бажариш учун ҳозирланди. Болаларига эса отаси ваниҳоят дам олишга қарор қилганини обдон тушунтирди, бу айниқса, Себастянга дўконда ёрдам бериб турадиган катта фарзандига ғалати туюлди, лекин у унчалик ҳам эътибор бермасликка ҳаракат қилиб ишида давом этди. Нонушта қилгач, дўконни очишга кетди. Қолган учта бола нима бўлаётганига тушунмай, мактабга боришга тайёрланишди. Ҳамма кетиб, Алаида бўш қолгач, у ётоқхонага кириб, эри билан ҳаммаси жойидами-йўқми, Себастяннинг нафас олишини текшириб кўрди ва у  тинч ухлаётганини, ҳатто ҳуррак отаётганини эшитиб, ва ўйлади; «У яхши кўринади ва ташвишланадиган ҳеч нарса йўқ» деди ўзига-ўзи.

Эрталаб соат тўққизлар атрофида ётоқхонада шовқин-сурон эшитилди, Себастян уйғониб, душ қабул қилиш учун шайланган, аёл эрига ёқадиган сертанехо дуетининг фонографида мусиқа чалаётган эди. Себастян тўсатдан узоқ вақтдан бери юзини “безаб турган” соқолини олиб ташлади. Кофе ичиш пайтида Себастяннинг хотинидан тирноқларини кесиб, ичидаги кирини олиб ташлашни илтимос қилганидан аёл ҳайратланди-да, тозалашга киришди.

Уста қаҳва ичишни тугатган, тирноқлари аллақачон тоза ҳолида ётоқхонага кириб, энг яхши кийимларини кийди, камтарона, лекин оқила хотини Алаида билан хайрлашди-да, пиво ичиш учун уйидан 200 метр узоқликда бўлмаган шаҳарнинг энг яхши Адолфо деб аталадиган барига кетаётганини айтди. Ўғли ёки янги ходимига ёрдам керакми ёки йўқлигини билиш тугул, дўконга ҳам қарамасдан чиқиб кетди. Унинг юзига қараб, қолганлар ҳайратда қолишди, чунки уста бутунлай янгича қиёфада, соқол ва эски кийим йўқлигига бошқа одам бўлиб қолганди. Лекин изоҳ бермасликка қарор қилди ва ишини давом эттирди.

Адолфо барни эндигина очиб, чўчқа гўшти билан фейcао (бразилия таоми) пишириб, иштаҳа билан тайёрлаётган эди ҳамки, мижоз келганини кўриб, устанинг “янги версияси”дан у ҳам лол қолди. У фақат вақти-вақти билан барга келиб, музлатилган 600 мл лик шишада пиво сўраб, арпа таъмини ҳис қилиш учун уни аста-секин ичиб, кичик қултумларда пивонинг қолган таъмини татиб кўриш учун тили билан қилдиган ғалати одати бор эди. Аммо бу сафар уста бошқача, барга келиб, чап томондаги столга ўтирди ва бир ҳўплам май ичди, Адолфо эса унинг қиёфасини ўзгартиришга нима мажбур қилгани ҳақида саволлар бера бошлади ва унда ҳаммаси жойида ёки йўқлигини билишга ҳаракат қилди. Бар эгаси берган бир нечта саволларга қарамай, ҳаммаси беҳуда, Себастян ҳеч бирига жавоб бермади ва шунчаки Адолфодан сертанежа мусиқасини чалишини сўради, Адолфо чалди.

Кичкина шаҳарда ҳамма нарса бошқача бўлганда, ҳамма билар ва бу ҳақда савол ва миш-мишлар тарқалиб, аҳоли эрталаб соат ўндан пиво ичаётган механикнинг ғайриоддий дам олиш кунини эшитгач, турли хил тахминлар пайдо бўлди. Унинг дўстлари барга боришиб, қандай баҳоналар билан барга эрта кундан келиши сабабини билишга ҳаракат қилишди, баъзилари ҳатто суҳбат аввалида устанинг юзидаги ўзгаришни ҳазил қилишди, лекин Адолфо билан бўлганидек, бошқалар ҳам ундан жавоб ололмади. Шундай қилиб, кичик шаҳарда кун давом этди.

Алаида мактабдан қайтган болаларидан бирига барга бориб, отасига тушлик тайёрлигини айтишини сўради. Себастян эса боласига эътибор бермасдан, қўлига конфет тутқазди-да, уйдагиларига уни кутмасликларини айтиб, уйига қайтариб юборди. Катта ўғли ҳам дўконда ўзига ёрдам берган йигит, тушликдан кейин қилиниши керак бўлган ишлар ҳақида гапириш ва ундан бу борада кўрсатма олиш учун барга келди, лекин отаси унинг ўрнига ўзи ҳаракат қилишини буюриб, пиво ичишда давом этди. Себастян диққатини мусиқа ва аператифларга қаратаркан, Адолфо ўз меҳмонига жуда иштаҳа билан қилинган чўчқа тилидан узатди.

Ушбу ғайриоддий воқеанинг бари шаҳар руҳонийсигача етиб борди ва у ҳам барга бориб, ўзининг қаттиқ ахлоқий ва католик қадриятларига қарамай, ичкарига кирди. Рухоний устага танбеҳ бермоқчи эди-ю, лекин у уни кўриб, стулни ушлаб олди ва Адолфо ундан ичимлик, сут ёки сув беришни сўради. Лекин уста рухонийни эътиборсиз қолдирди. Ота Франсиско қошларини чимириб, Адолфо билан гаплашди, чунки у черковдаги баъзи-бир ишларга молиявий жиҳатдан кўмак бериб турарди. Кейин сўради:

— Себастян, одамлар сендан бошқа ҳеч нарса ҳақида гапирмаяпти. Илтимос, уйга қайт ва жуда кўп ёмон фикрларга сабаб бўлма.

— Ассалому алайкум ота! Мен ҳеч қандай ёмон иш қилмаяпман, шунчаки пиво ичиб, овқатланаман. Хоҳласангиз мен билан ичинг.

— Ҳурматимни жойига қўй! Мен сен билан ҳазил қилиш учун келганим йўқ…

— Отажон, кечирасиз! Биламан, сиз фақат алкоголсиз ичимлик ёки шароб ичасиз, лекин мен ўйладимки …

—  Ўйладинг… ўйладинг… ўйладинг… ҳеч нарса ҳақида ўйламайсан. Қолаверса, барда ҳозир қайси ичаётган одамни кўряпсан — вақтни кўриш учун соатига қаради — соат 14:00 бўлди, Худо ҳаққи, ўша лаънати курсидан тушгинда, уйингга, ишингга бор!

— Аммо ота, яна бир бор қайтараман, мен ҳеч қандай ёмон иш қилмаяпман.

—  Сенга тинч жой керакми? Бу ердан чиққин-да, черковга бор, сен хоҳлаган таскинни ўша ердан топасан.

— Ота, яна бир ва охирги марта ҳурмат билан такрорлайман ва тасдиқлайман… Мен ҳеч қандай ёмон иш қилмаяпман.

Бар руҳонийни жуда ғазаблантирди, у Адолфо бунга эътибор бермади ва Себастян билан нима содир бўлаётгани-ю ва руҳоний билан суҳбатни кўриш учун эрталабдан бери барга келган одамларни қарғади. Кун узаяр экан, аҳоли ўз бурчи ва масъулиятига қайтиб, устани тинч қўйишга қарор қилди.

Алаида эридан ҳеч қандай хабар олмагани учун уйда хавотир ва вақти-вақти билан болаларидан бирини аҳволини билиш учун барга юборар, лекин у ишлаганида эрида ҳеч қачон бўлмаган бу кўнгилхушликдан қайсидир маънода завқланарди. Алаида ҳар сафар эридан хабар олганида, уйда хотиржам эди. Катта фарзанди аллақачон дўконни жуда яхши бошқараётганди. Чунки у отаси билан бир мунча вақт биргаликда ишлаган эди. Уйда Алаиде ўйлади: Эрим учун бир кун ишдан дам олиш вақти ҳалимас эди? Тўғрироғи, Себастян ахир бор-йўғи 46 ёшда, ҳали ёш, соғлом ва кучли эди.

Себастян барда ўзининг ичиш қобилиятини намойиш қилди ва соат 18:00 да у аллақачон беш шиша пиво ва учта Пинга (Бразилия ичимлиги) ичиб бўлганди, шунга қарамасдан, у жуда ҳушёр, Адолфо таклиф қилган таом ва иштаҳалардан завқланишда давом этди. У ҳеч қачон бўлмаганидек, шунчаки хурсанд ва ўз вақтида зерикарли ҳам эди. У қайта-қайта ўйналаётган қўшиққа қайта-қайта қичқирарди. Бар мижозлар билан тўла, Себастяннинг дўстларидан бири Генаро, ўзининг севимли музлатилган пиволарини ичиб, ёқимли мавзулар ҳақида суҳбатлашишга устага шерик бўлди. Генаро тез-тез АА учрашувларига бориши туфайли дўстининг унга ичиш таклифини рад этишга мажбур бўлди, у фақат дўстини кузатиб бориш ва унга шерик қилиш учунгина у ерда эди.

 Улар Себастяннинг тўнғич ўғлининг отасига бир муддат дўкондан чиқиб, қиз дўстини кўргани кетаётганини айтиш учун барга келганидан ҳайратда қолишди ва ўғил отасидан ўзи йўқлигида дўконни қараб туришини сўраб келганди. Себастян тўсатдан ўғлини кўргач, худдики ўзини йигирма тўрт ёш кичикроқ ҳолатда нақ кўзгуда  кўргандек бўлди. У юз минг крузейрос (қадимги Бразилия пул бирлиги)ни оларкан, ўғлига берди. Ўғли эса отаси таклиф қилган пиводан ҳам ичмай, унга раҳмат айтиб, жўнаб кетди.

Бар ичкилик ичиш ва Себастянни кўриш учун келган кўплаб мижозлар билан гавжум бўлиб борар ва барча тартибсизликлар, мусиқа-ю, шовқин-суронлар пайтида кутилмаган бир нарса юз берди. Алаида эрини қидириб барга келди, чунки у куни бўйи эрининг уйга қайтмаганидан ташвишланаётганди. Аёл ичкарига киргач, ҳамма овоз тиниб, барда жимлик ҳукм сурди. Ҳеч ким индамади, ҳозир ҳамма эр-хотиннинг бир-бири билан бақириб, муштлашишини  кутаётган эди, лекин ҳолат аксинча, аёл Себастяннинг ичаётганини кўриб, у ҳақиқатан ҳам хурсанд эканлиги ва шу лаҳзадан завқланаётганини кўрди. Чунки уни илгари ҳеч қачон бундай ҳолатда кўрмаганди. Аёл у ерга келганига пушаймон бўлди, чунки у аёлларнинг барларга бормаслигини яхши биларди, шунинг учун у эрига ҳеч нарса демаслик ёки бирор хатти-ҳаракат қилмасликка қарор қилди-да, уйига қайтиб келди. Адолфодан эрига ҳеч нарса бўлишини истамаслигини билдирди.

Кечки соат 20:00 лар чамаси автосининг ғилдираги ёрилиб кетган бир киши шаҳардаги механик кимлигини билмоқчи бўлиб барга кирди, унга чап томондаги столда ўтирган одам механик эканлигини айтдилар. Бояги киши у томон юрди.

— Кечирасиз, жаноб, менга ёрдам бера оласизми? Менинг шиналарим ёрилди, уни тузатиб бера оласизми, -деб ҳайрон қаради у!

Себастян унга қаради ва стулга ишора қилиб, ўтиришини сўради:

— Бугун менинг дам олиш куним, болам! Ўғлим қўшни шаҳарда, ёрдамчим эса мактабда. Мен ҳеч нарса қила олмайман.

— Илтимос, жаноб, менга ёрдам беринг, мулойимлик билан сўради у. — Мен ишимни давом эттиришим керак. Бир уриниб кўрмайсизми?

— Меҳнаткаш одамлигизни тушундим. Нега бугун кечқурун шу ерда тунаб қололмайсиз? Эртага эрталаб мен ғилдиракни тузатаман ва сиз йўлингизда давом этаверасиз.

—  Ишона олмайман. Албатта, агар бошқа йўл бўлмаса, мен шунақа қилишим мумкин эди, лекин мен йўлда давом этмоқчиман ва агар менга шиналарни тузатиб ёрдам берсангиз, миннатдор бўлардим. Уйга қайтишдан олдин кейинги шаҳарларга етказиб беришим керак.

—  Эртага эрталаб шинангизни тузатиб бераман.

— Безовта қилаётганим учун узр, тўловни кўп қилиб билан бераман.

—  Мен сендан уни сўрамадим, хафа қиляпсан.

—  Илтимос сиздан! Хотиним ва қизим менинг келишимни кутишмоқда.

Себастян у одамга ёрдам беришга рози бўлди. У Адолфонинг ичкилик учун кейинроқ тўлаши ҳам мумкинлиги ҳақидаги гапига қарамай, ҳисобни тўлади ва барни тарк этди. Улар бирга Себастяннинг уйига боришди, у хотинини бояги эркак билан таништирди ва иш кийимларини кийиш учун тўғридан-тўғри ётоқхонасига кетди. Меҳмонхонада Алаида меҳмонга аввалгидек кечки овқат ва ичимлик таклиф қилди, лекин меҳмон рад қилди. Ўн дақиқадан сўнг Себастян у ерга қайтиб келди-да, алкогол таъсирини йўқотиш учун юзига бир оз сув сепди ва шинани тузатиш, қолаверса, ўша одамнинг саёҳатини давом эттиришига ёрдам беришга тайёр турганди. Машинани ичкарига олиш учун дўконни очиб, унинг устида ишлай бошлади.

Уста шинани олиб ташлаб, янгисини қўйди ва иккита шинанинг калибрланганлигига ишонч ҳосил қилмоқчи эди ҳамки, кутилмаганда портлаш содир бўлди. Себастяннинг жасади юк машинасидан учиб тушди. Карлос ва унинг ёнидан ўтиб кетаётган бошқа икки йигит уни олиш учун жасад томон югуришди. Манзара унчалик яхши эмас эди. Себастяннинг боши қисман очиқ, худди камончи ҳинду ургандек эди. Улар жароҳатни аниқроқ кўриш учун чироқни ёқишди ва унинг бош мия суягини алқаб, вазиятнинг оғирлигини билмаганликларидан қўлларини унинг бошига қўйишди.

Себастянни зудлик билан саксон чақирим узоқликдаги қўшни шаҳар касалхонасига олиб кетишди, оиласи унинг ортидан етиб келгач, оғир аҳволда тўғридан-тўғри реанимация бўлимига жойлаштирилган Себастяннинг олдига бордилар. У тирик, аммо нима бўлганини билмай, карахт ҳолатда ётарди. Кунлар ўтаверар, Себастяннинг оиласи унинг тузалиб, аввалгидек оёққа туриб кетишига ишончи сўнганди-ю умид узмасдилар.

Бир куни улар у ҳақида хабар кутаётганларида, шифокорлар мия операцияси орқали Себастяннинг тузалиб кетиши эҳтимоли борлиги, лекин бу жараёнда унга зарар етиб, бу унинг кўр бўлишига олиб келиши, фалаж бўлиб қолиши мумкинлигини айтдилар. Ундан ҳам ёмони, нутқ ва хотира нуқсонлари пайдо бўлишини тан олиш эса қийин эди. Узоқ давом этган жарроҳлик амалиёти ва ўн кунлик назоратдан сўнг, оиласига устани кўришга рухсат берилди, улар унинг қанча вазн йўқотгани-ю, оғир аҳволини кўриб ҳайратда қолдилар. Улар энг ёмонини кутишга ҳам тайёр турганди-ю, лекин уни қўйиб юборишга тайёр эмасдилар. Уста ориқ бўлса ҳам, секин гапирса ҳам, асосийси, у тирик ва тузалаётганди ва бу унинг оиласи учун етарли эди. Унинг боши бандаж билан ўралган ва унинг кўз нури оиласини таниб олиш учун базўр яхши эди. Устанинг оиласи унинг яхши эканини ўз кўзлари билан кўриб жуда хурсанд бўлдилар. Унинг бу оғир аҳволига қарамасдан, Себастян уни енгиб ўтиши ва улар билган олдинги Себастянга айланиши мумкиндай таассурот қолдирди.

Ҳақиқат шуки, ўша кечаси Себастян бошқа уйғонмаслик хаёлида кўзларини юмди ва энди унинг ҳаётида мавжуд бўлмаган нарсалар хотирасидан узоқлаша борди.

Моҳинур Хазратулло қизи таржимаси

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting