Оқ байроқлар

1
779

ҳикоя

                                                                                   Абсурдни ҳаётдан маъни  ахтариб чарчаганлар ўйлаб топган.

                                                Агар улар таслим бўлмасдан яна излашда давом этганларида ниманидир топардилар.

Юлдуз ҳар кунги одат тусига кирган иши хонаки гулларига сув қўймоқчи бўлди. Бир меъёрда жилдираб оқаётган сув овози жуда ёқимли эшитиларди унга. Бу овознинг ошиғи эди у. Ванна хонада жўмракдан сувни жилдиратиб очиб қўйиб эшитиб ўтирарди. Баъзан бу эрмак соатлаб давом этарди. Юлдузнинг ўзи эса вақт ўтганини ҳам сезмасди. Аммо у ҳолат бошқа мана бу тириклик қаршисида туриб эшитиш бошқа эди. (Айниқса бу тирикликни ўзинг яратган бўлсанг икки ҳисса завқ) Бир қўлида гулларга сув қўядиган идиш, иккинчисида телефон билан дераза ёнида хушҳол турарди. Аммо орага совуқчилик тушганидан бери ўтган бир ой ичида бирор марта қўнғироқлашмагани — Бобурни эслаб яна кайфияти тушди. Юлдуз ўзига таниш рақамларга тикилганча унга қўнғироқ қилган тақдирда нима дейишини ўйлади. Ва Бобурни илк кўрган, таниган кунини эслади. Ўша кунги йигитнинг оғир тушкунликдаги руҳий аҳволини эслаш уни бундан баттар айбларини кечиришга сабаб бўла оларди. Албатта, ачиниш — аёл кишининг ожиз томони. Шунинг учун ҳам ўртадаги келишмовчиликларни четга  суриб қилмаган айби учун узр сўрашга шайланиб турарди. “Ахир, мен нима учун ёнида бўлишни истагандим, бир дардига яна минг дард қўшиш учунми?” деб хаёлидан ўтказди у. Гулларга идишдан бир меъёрда сув қуйилар, бундан гул барглари янада яшнаётгандек туйиларди Юлдузга. Узоқ чақирувдан сўнг нариги тарафдан интиқиб кутилган жавоб бўлди.

-Бугун ҳаво ажойиб-а? … Буни сезиш учун кўз ва бурун очиқ бўлиши керак!- шарақлаб кулиб юборди у.

-Юринг анҳор бўйига борамиз… Булар шунчалик ўхшамаган баҳоналарки, ёлғонни эплолмаслигингиз кулгимни қистатади.

Доимгидек Бобурнинг жавоби қандай бўлишидан қатъий назар ўша жойда кўришиладиган бўлди. Бир неча соатдан сўнг Юлдуз кўп қаватли уйлардан бирининг темир эшигини эҳтиётлик билан очиб-ёпди. Шундоққина эшикнинг ёнига ўрнатилган эски, тўрт киши бемалол жойлаша оладиган ёғоч ўтирғичда миллати рус бўлган кампир Нина хола ўтирарди.

-Баракалла, мана бўларкан-ку секинроқ ёпса. Қачон қараса шарақлатиб ёпиб кетасанлар. Ахир бу жамоат мулки, ҳаммага ҳали узоқ йиллар хизмат қилиши керак,- деди у Юлдузга.

Нина хола юзларини ажин босган, оғзида номигагина бир-иккита тиши омонат осилиб турган, оч яшил кўзлари ич-ичига ботиб кетган, букчайган бир кампир эди. У ёлғиз ўзи яшар, умри қишин-ёзин кўчада ё шу қадрдон ўтирғичида йиғиб юрган елим идишлари қуршовида ўтарди. Юлдуз уни ёлғиз зерикади деб ўйлаб баъзан узоқ-узоқ суҳбатлашиб ўтирарди. Ҳозир шошиб тургани учун салом-аликдан нари ўтмади. Ўзи билан олиб чиққан егуликларни кўчадаги мушуклар учун қўйилган махсус идишларга солиб метро томон йўл олди. Метро — кимдир тушиб кимдир чиқиб кетадиган арзон ва қулай жой. Юлдуз метронинг бир-биридан фарқ қилувчи услубда безатилган бекатларини томоша қилиб чиқаркан унга “Бахтли музей” деб ном берганди. У бу ерда аввал бекатни томоша қилар кейин одамларни кузатарди. Музейлардан кўра метронинг “бахти”- ҳар куни минглаб одамларнинг киришида эди. Айни пайтда ҳам метрода одамларни томоша қилиб кетар, уларнинг орасида тик турган ҳолда кетаётган  жуфтлик эътиборини тортди. Улар бир-биридан кўз узмасдан, метро шовқинига қарамай суҳбатлашиб туришар, сўзлари эшитилмай қолса бир-бирининг қулоғига айтишаётган эди. Вагонлар силкинишида йиқилиб кетмаслик учун қиз йигитга суяниб олган, ташқаридан қаралса,  бир-бирининг пинжига тиқилиб кетаётгандек таассурот уйғотарди.  Бутун олам метро ва фақат шу иккисидан иборатдек бамайлихотир, кулишиб кетишар, атрофдагиларнинг ўғринча нигоҳларига эътибор беришмас эди. Юлдуз эса ўша ўғри нигоҳларни кузатиб ўтирди. “Бахтли инсонни кўрганда атрофидаги одамлар қандай қарайди? Мана улар кўз ўнгингда: меҳрсиз, ҳавассиз, сўник. Кўраётган кўзларим бари бир-биридан фарқ қилса ҳам бир хилда боқади. Бу кўзлар бировнинг бахтидан ёниш бахтидан мосуво… Муҳаббатнинг асл таъмини кўзлари билан тотганлар борки, ёнида шундай боқадиган инсони бўлишини истайди. Ўзида йўғини бировда кўрса ўша одамдан нафратланишади. Айни пайтда одамлар уларга шундай қараб туришарди! Юлдуз икки севишганлардан бўлак ҳаммага ачинди. Бу кайфият уни то Бобур билан кўришмагунича тарк этмади. Уни кўргач ўша лаҳзагача бўлган ҳамма нарсани унутди. Анҳор бўйига дарахтларнинг кузги барглари оловранг гиламдек тўшалган, сув ғоятда тиниқ эди. Атроф одамнинг ҳислари билан ўйнашиш даражасида гўзал манзара касб этган эди. Иккиси ҳам ўртада ҳеч бир гап сўз ўтмагандек, кеча бир-бирига хайрли тун тилаб хайрлашган ошиқлардек турардилар. Юлдуз шошилиб кийинганидан сочларининг бир қисми палтосининг ичида қолган, буни ўзи пайқамагани учун Бобур унинг сочларини эҳтиёткорлик билан палто ёқасидан чиқариб қўйди. Бу Юлдузга ғоятда хуш ёқди ва унга фақат иккисигагина маълум, ёдга олганда ўша лаҳзалар сурури юзга олов бўлиб урадиган бирнималарни эслатиб юборди. У Бобурнинг ҳам эсига тушдимикин деган ўй билан кўзларига тикилди. Аммо қизарган, ич-ичига ботиб кетган, ости кўкарган кўзлардан ўзи истаган илиқ ҳеч бир ифодани тополмади.  Юлдуз шу нарсани суҳбат мавзусига айлантираётгани Бобурнинг ғашига тегарди.

-Уйқусизликдан ҳаммаси. Бошқа ҳеч гап йўқ.

-Шу важга ўзингиз ишонсангиз бўлди, мен эмас.

-Кел, келишиб олайлик. Бугун бир-биримиз айтган гапларга тўла ишонамиз. Ҳеч бир савол ва исботсиз. Хўш, розимисан?

-Албатта! Мен ўзи доим сизга шундай ишониб келганман.

Бобур сесканиб кетди. Анча жойгача индолмай, ўзини ўнғайсиз ҳис этиб борди. Сўнг ўз аҳволидан ғазабланиб, ўзини қўлга олишга тиришди.

-Биз Дилбар билан ярашганмиз. Ҳозир у билан учрашяпман.

Юлдуз беихтиёр юришдан тўхтади.

-Қачондан бери? – деди Бобурга ҳайрон боқиб.

Бир пайтлар у Бобурнинг собиқ севгилиси билан ярашиб кетишини астойдил истаган эди. Аммо ундан кейин анча сувлар оқиб ўтган, муносабатлари оқими иккиси ҳам кутмаган ўзанга бурилиб кетганди. Энди Юлдуз уларнинг яна бирга бўлишини тасаввурига ҳам сиғдиролмасди.

-Усиз яшолмаслигимни англаб етганимдан бери.

-Мен-чи?- болалардек соддагина сўради Юлдуз.

-Сен… сен  билсайдинг ҳозир қай аҳволдалигимни. Икки ўт орасидаман.

-Тушунаман.

-Сен шунчалар яхшисанки, ўзинг билмайсан ҳам буни. Мен эса бир тола сочингга ҳам арзимайман. Олийжаноблигинг, пок севгингга лойиқ эмасман, ҳеч қачон муносиб ҳам бўлолмайман. Тўғри, сени орзуларингни амалга ошириш, кўзларингда қувонч кўриш учун қўлимдан келганини қилмоқчи эдим, ортиғи билан қила олардим ҳам, лекин…

-Биламан.

-Сенга уйланиб бахтли қила оламан, аммо севолмайман. Дилбарни билардинг, уни севаман, аммо уйланолмайман. Ана шундай худо урган, кўнглини қули, бетайин одамман. Кечирасан…

-Энди нима қилмоқчисиз?

-Билмайман, сен айт нима қилай?

-Дилбарга уйланинг.

-Сени хафа қилишдан кўра қўлимни чопиб ташлаш камроқ оғриқ беради менга.

-Сиз учун севгингиздан кечиш даражасида қадрли эканлигимни ўзи менга етарли. Эсингиздами, бир-биримизга ҳеч бир сабаб ва манфаатсиз бахтли лаҳзаларни ҳадя этишга келишгандек, ёнимизда шундай инсонимиз борлиги учун ўзимизни бошқалардан омадлироқ санардик. Ҳамон келишув ўз кучида. Унга уйланинг.

-Мен ундай қилолмайман.

-Аросатда яшашдан азоблироқ ҳаёт йўқ. Умр қисқа- бахтли яшашга улгуриб қолишингиз керак…

Йўлнинг бир томони катта анҳор, иккинчи томони бир қатор экилган дарахтлар. Қилт этган шамолга ҳам дарахтларнинг барглари кўп-кўп тўкилар, тўкилмоқ пайти келган баргларга шамол баҳона эди. Юлдуз кечга томон уйига қайтаркан узоқдан Нина холага кўзи тушди. У елим идишлар билан ичи тўла жуда катта қопни орқалаб, хурсанд бўлганида айтиб юрадиган эски қўшиқни минғирлаб кетаётган эди. Юлдуз кампир ортидан бироз кузатиб турди-да сўнг уйга кириб кетди. Уй қандай ташлаб кетган бўлса шундай турар, бирга яшайдиган дугонаси ҳали қайтмаганди. У хонасига кирди-ю ичкаридан қулфлаб олди. Айни пайтда у ҳеч кимни кўришни ҳам эшитишни ҳам истамасди. Алламаҳалгача кўзига уйқу инмади. Чалқанча ётганча, шифтга тикилиб ўй сурди. Ўтган бутун ҳаётини эслади. Негадир ундан фақат ёмон хотиралар, йўқотишлар, кўзёшлар, изтироблар чиқиб келаверди.  Бошига чидаб бўлмас даражада оғриқ кирди. Энди ухлолмаслигини билар, ухлаш унга ёрдам бера оладиган ягона нажот эди. Аммо Юлдуз ортиқ ўз ўзини бир ухлаб туриш билан даволашни истамасди. У ўрнидан турди, боши айланиб кўнгли беҳузур бўлиб яна ўтириб қолди. Вақтни аниқ билмаса ҳам тахминлаб ярим кечадан ўтган бўлса керак деб ўйлади. Этлари совуқдан жунжикди, шундагина дераза очиқ қолганига эътибор берди.

Амаллаб дераза ёнига етиб бориб унинг шамол ўйноқлаётган юпқа пардасини бир зарб билан тортиб узди. Пардани катта куч билан тортган Юлдуз ўз кучини бошқаролмасдан полга ўтириб қолди. Бироз вақт ўтирган ҳолда пардани қўлларида тутиб, силаб, юзларига, бўйинларига суртиб майинлигидан баҳра олди, ҳатто табассум ҳам қилди. Бу табассум бирам ширин, самимий эдики, бундай жилмайишни фақат суюклисига ўз ихтиёри билан ўзини топширган қизлар қила оларди… Юлдуз дераза остига ўрнатилган эски темир иситгичга парданинг иккинчи учини маҳкам боғлади. Аввал нозиклик билан сўнгра ечилмайдиган қилиб бир неча марта қаттиқ тугди.

Бироз ўтиб эса кўп қаватли уйнинг қайсидир пардасиз деразасидан қоронғи кечани ёритмоқчи бўлгандек оқ байроқ шамолда ҳилпираб турарди.

Моҳира Эшпўлатова

1 izoh

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting