Кўнгил нега йиғлайди?

0
526

Хайриддин СУЛТОН

Бутун ер юзи бўйлаб вабо тарқаган 2020 йил декабрь ойининг ўртаси, жонидан умиди бор ҳар қайси одам уй-уйига биқиниб олган дилгир кунлар эди. Кўпдан бери кўзим оғриб, бу файзсиз дунё назаримда янада қутсиз ва совуқ кўринарди. Дардимга даво истаб, Олмониянинг кўҳна шаҳарларидан бирига келган эдим.

Рутубатли, тунд бир оқшом Хайдельбергнинг тарихий мавзеларини, готик услубдаги қуббадор черковларнинг кимсасиз майдонларини, шаҳар четидан оқиб ўтадиган Неккар дарёси соҳилини кезар эканман, беихтиёр олмон руҳи ҳақида ўйладим. Ўлмас Ҳайнриҳ Ҳайне (Генрих Гейне)нинг дилбар бир шеърини хаёлан такрорладим:

Аччиқ кўз ёш тўкдим тушимда,

Унда ўлган эмишсан, дилдор.

Уйғондиму келсам ҳушимга,

Кўздан ёшим оқар шашқатор.

Аччиқ кўз ёш тўкдим тушимда,

Унда мени кетмишсан ташлаб.

Уйғондиму келсам ҳушимга,

Турар эдим кўзимни ёшлаб.

Аччиқ кўз ёш тўкдим тушимда,

Яна мен-ла эмишсан, жонон.

Уйғондиму келсам ҳушимга

Ёш тўкардим, йиғлардим ҳамон…

Бу ажойиб шеърни менинг отдошим – марҳум шоир Хайриддин Салоҳ кўп йиллар бурун таржима қилган бўлиб, мен уни бир пайтлар ёд олган эдим, мана, ҳануз хотирамдан ўчмаган экан.

Лекин, ажабо, нега бу ҳазин сатрлар ногаҳонда, туман қоплаган дарё узра, бундан уч юз йил аввал қурилган қадимий ғиштин кўприк устида изғирин совуқда дийдираб турган вақтимда ёдимга келди экан.

Эсладим, “Аччиқ кўз ёш тўкдим тушимда” деган маъюс иқрор менинг ижодий тақдиримга ҳам дахлдор экан.

Бу мисра жаҳон адабий олами ичра машҳур эди. У рус тилига “Во сне я горько плакал” деб ҳам таржима қилинган, ёзувчи Юрий Казаков уни жиндай ўзгартириб “Во сне ты горько плакал” деган таъсирчан ҳикоя ҳам ёзган эди.

1989 йили асарларим асосида бадиий фильм сценарийси устида ишлаётганимизда кинорежисёр  Собир Назармуҳамедовнинг таклифи билан унга “Во сне я горько плачу”  деб ном қўйган эдик.

Ўша даврнинг тартиб-талабига кўра сценарий рус тилида ёзилган эди. Картина экранга чиқадиган бўлганида, унга “Тушларимда кўриб йиғлайман” деб ўзбекча ном бердик.

Киночилар уйида бўлиб ўтган фильм премьерасида менга ҳам сўз беришди. Сўз орасида мен мавзуга алоқаси бор-йўқлигидан қатъи назар, ўзим дуч келган ғалати бир воқеани гапириб бердим.

Орадан уч-тўрт кун ўтиб, “Комсомолец Узбекистана” газетасида санъатшунос Қамариддин Ортиқовнинг фильм ҳақидаги тақризи босилиб чиқди. Тақриз муқаддимасида қуйидаги фикрларга алоҳида урғу берилган эди:

“Тушларимда кўриб йиғлайман” фильмининг кўриги олдидан сўзга чиққан ёзувчи Хайриддин Султонов режиссёр Собир Назармуҳамедов билан сценарий устида қандай иш олиб борганликлари ҳақида гапиратуриб, кишини андак кулдирадиган, лекин кўпроқ маъюс торттирадиган бир ҳолатни эслаб ўтди:

“Биз йил давомида қўнғироқлашиб, ишхоналаримизда кўришиб турдик. Фильм битгач, тасодифан яқин қўшни эканимизни – бир кўчадаги рўбарў биноларда яшашимизни билиб қолдик…” Бу ҳол одам ўзидан ортмайдиган ҳозирги замонда у қадар ажабланарли ҳам эмас аслида. Аммо бу эътироф замирида менга пинҳоний армон, надомат ва ўкинч туйғуси мужассамдек туюлди”.

Дарҳақиқат, Собир ака билан Чехов кўчасида ёнма-ён, мен – тўққиз қаватли 21-уйда, у киши эса қаршимиздаги тўрт қаватли 23-уйда, лекин бир-биримиздан бехабар ҳолда яшар эканмиз.

Миллионлаб одам истиқомат қиладиган мегаполислар учун бу одатий бир ҳол эди. Лекин мен премьерада бу воқеани шунчаки ҳангона ёки кулгу учун айтмаган эдим.

Уч йил мобайнида ижодий ҳамкорлик қилиб, бир-биримизнинг туриш-турмушимиз, оилавий аҳволимиз, уй-жойимиз қаерда экани билан нима учундир қизиқмаганимиз… менга таъсир қилган эди. Бу нарса маънавий ҳаётимиздаги кўзга кўринмас аллақандай ришталар узилиб кетаётганидан дарак берар эди гўё.

Тошкентга илк бор 1973 йили келганимни эслайман. Ҳали домлар кам, маҳаллалар кўп эди. Худи қишлоқлардаги каби, аксарият одамлар бир-бирини яхши танир, яхши билар, меҳр-оқибат кучли эди.

Ана шуларнинг барчаси… қандайдир ўн беш йил ичида йўқлик сари юз тутиб кетаётганини надомат билан ҳис қилиб, минглаб эски ўзбеклар сингари

мен ҳам “аччиқ кўз ёш тўккан” бўлсам, эҳтимол.

Лекин барибир кўнглимдаги савол жавобсиз қолди: нега мен Неккар дарёси устидаги қадимий кўприк узра туриб, Ҳайненинг маҳзун мисра ларини эсладим экин?

Балки бир вақтлар дардли шоирни ўртаган оташин туйғулар бугун олмон ўлкасида ҳеч кимни “аччиқ кўз ёш тўкиш”га мажбур қилмаслигини англаб етганим учунмикан?

“Навоий-30” китобидан

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting