Энди фарқи йўқдир, қишлоқ ё шаҳар,

Барида яшамоқ бирдай азобдир.

Ҳаёт уммонига қанча шўнғимай,

Барибир чиқади бирор тасодиф

Ва ёдга солади кулгуларингни,

Йиғиларингнию, туйғуларингни,

Мушукдай мулойим уйқуларингни,

Аразинг, нозларинг, эркалигингни,

Мени ухлатмаган сергаплигингни,

Қаҳратон қишларда совуқни сезмай

Биргалашиб юрган йўлларимизни,

Иссиқ ёзларда ҳам қўйворилмаган

Бирга терлаб кетган қўлларимизни,

Дераза ёнида ойга термулиб

Йўллардан ҳам узун ёзишганимиз,

Сувнинг ёқасида белингдан қучиб

Титраб, эс-ҳушлардан озишганимиз,

Эшик олдигача кузатиб бориб

Кейин дарров қайтиб чақирганларим,

Кейин… ҳар нарсадан баҳона топиб

Урушганлариму, бақирганларим,

Тилингдан кўнглимга санчилган тикан,

Қўлимдан юзингга тушган тарсаки,

Ваъдалар, қасамлар бузилган кунлар,

Ва бундан бу ёғи бари қалбаки,

Сохта изҳорлару, сохта афуслар,

Ёлғонлар, алдовлар, ўйинлар турфа,

Ўйлаб уйқулардан кечилган тунлар,

Мутлақ исботлари топилган шубҳа,

Ёрликка танланган янги одамлар,

Худдики ўтмишда ҳеч нарса йўқдай,

Икки ёққа кетган кескин қадамлар,

Ва бари тугади, қўйилди нуқта.

Улфатлар, ичкилик, сарҳуш кечалар,

Янги ҳамроҳларни кўрди кўчалар,

Китоблар ўқилди неча-нечалаб,

Хаёллар сурилди янги мавзуда,

Қарорлар қилинди ҳаётга доир.

Ўрганиб ҳам қолди юрак қайғуга,

Туюла бошлади барчаси оддий.

Бир кун ўтмай қолар бир қултум ҳам май,

Яна ўтмиш билан қоламан ёлғиз,

Ҳаёт уммонига қанча шўнғимай,

Барибир чиқади бирор тасодиф

Ва ёдга солади…

***

Дарахтлар осмонга қараб бўй чўзар,

Куй чалар шамоллар япроқлар билан.

Сени менсиз бахтинг кундан-кун ўсар,

Аста хайрлашиб титроқлар билан.

Атиргул шаклига кирар ғунчалар.

Бунчалар баланддир қушлар парвози.

Шамоллар япроқлар билан куй чалар,

Шунчалар юракни эзар овози.

Сен ва дунё кетар олдинга сари,

Умидлар умидга маҳкам бойланиб.

Мен ортга қайтяпман, йўлим тескари,

Мен эрта қоламан ерга айланиб.

Дарахтлар осмонга қараб бўй чўзар…

***

Ярим умрим кетиб эришдим мана,

Энг баланд чўққиси энг баланд тоғнинг.

Энди нима қилай, не истай яна,

Орзу-мақсадларнинг бордай поёни.

Бирдан маънисиздай туюлди дунё,

Барча истагига етгач юрагим.

Бир фикр энди ҳеч тинч қўймас аммо:

Энг чуқур жарликка келар қулагим…

***

Бугунга янгимиз, эрта эскирган,

Бизни менсимайди бу дунё қадим.

Нега ишқнинг дарди дунёдай улкан,

Мен яна соғинчга чидаёлмадим.

Ер айланаверсаю, тағин у дамлар

Айланиб-айланиб қайтиб келмасми?

Икки ёққа кетган эзгин қадамлар

Ғамгин узрларни айтиб келмасми?

Ўша гуноҳингла сен бахтиёр бўл,

Мен жим яшайвергум тилсиз дунёда.

На олдда манзил бор, на орқага йўл,

Қайга ҳам борардим йўлсиз дунёда…

Дийдам қотди, ёшсиз кўзларим гувоҳ,

Лекин сендан қолган туйғуга қулман.

Қачондир қайдадир учрашсак ногоҳ,

Боладай термулсам устимдан кулма.

***

Кўзларимда мунг бир сокин,

Ва доимги шу ҳаётим —

Ортга қайтмас тинч бир оқим,

Руҳим унда сузиб борар,

Сезилмайди.

Ботинимда тошга дўндим,

Кундузлари бунга кўниб,

Тушларимда телба кўнглим

Сенга гуллар узиб борар,

Сезилмайди.

Балки бир кун олмай таниб,

Сезмайсан ҳам кўрсанг мани,

Кечирилмас кечмишларим

Юзимга нақш чизиб борар,

Сезилмайди.

Ҳам кулдириб, ҳам йиғлатиб,

Баҳор ажиб куй чалади.

Бу дунёси кўп ғалати,

Умрим аста тўзиб борар,

Сезилмайди.

***

Эгилсанг қиблага эгилгин, бошим,

Ёрилсанг тошларга урилиб ёрил.

Тўкилсанг ичимга тўкилгин, ёшим.

Сўзларим, соврилсанг шамолга соврил.

Ёқмасам бағрингга сиғдирма, дунё.

Тугасанг вақтида тугагин, умрим.

Менга бошқа қизни учратма, Худо!

Бошқа қизни сева кўрмагин, кўнглим…

***

Тун. Осмонда ой кўринур,

Кўлмакда акс этган надир?

Дарахтлар нотинч шамолдан,

Шудгорда рақс этган надир?

Хаёлимга сен келганда

Ичимда «қарс» этган надир?

Хотира ҳар сафар исён

Қилганда бўлиниб кетдим.

Капалаклар ўлар-кетар,

Гуллар сезармикан, билмам.

Йўлчилари қайтмаганда

Йўллар сезармикан, билмам.

Ўзинг-ку кўниккандайсан,

Қўллар сезармикан, билмам,

Ўзга қўлни тутганингни

Билганда бўлиниб кетдим.

Кўчада касб-у кор қилиб,

Уйимга ош-у нон топгайман.

Дўст-у душман орасида —

Дунёда шараф-шон топгайман,

Ғуруримдан чимдиб-чимдиб

Рўзғорнинг камин ёпгайман,

Рўзғоримнинг ками бир-бир

Тўлганда бўлиниб кетдим.

Баъзан май-у баъзан овқат,

Баъзан дори-дармон едим.

Шу ҳолимда кимга орзу

Кимларгадир армон эдим.

Сўнг исмим ҳам дуолардан

Ўчиб бориб секин-секин,

Айтилажак сўзлар қарғиш

Бўлганда бўлиниб кетдим.

Гадодайин оламидан

Нафосат тиланиб ўтдим.

Кўзингизни очинг дедим,

Адолат тиланиб ўтдим.

Ёлғонлардан кечинг дедим,

Садоқат тиланиб ўтдим.

Хуржунимни очмоқ пайти

Келганда бўлиниб кетдим.

Худо, агар сен бор бўлсанг,

Ва Қодири Мутлақ бўлсанг,

Барчасини яратгувчи,

Бошқаргувчи бир Ҳақ бўлсанг,

Ҳар бандангнинг ҳамдларига,

Ноласига илҳақ бўлсанг,

Зарраланиб кетган мени

Баҳорги найсон қилиб тўпла,

Қийналмасдан бир ўқ билан

Ўлгувчи жайрон қилиб тўпла,

Энг тубдаги бир тош бўлай,

Манзилим уммон қилиб тўпла,

Қўнмайдиган бир қуш бўлай,

Ё қушга осмон қилиб тўпла,

Ҳеч бўлмаса, ҳеч бўлмаса

Бошқача инсон қилиб тўпла,

Ҳар синовга майдаланмас

Мустаҳкам иймон қилиб тўпла,

Чунки сенинг номинг дилда

Ўлганда бўлиниб кетдим.

Хаёлимга у келганда

Ичимда «қарс» этган надир?

1 izoh

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting