Асар қабртош ёдгорликлари тайёрлаш билан шуғулланувчи фирма ходими Людвиг Бодмер тилидан ҳикоя қилинади. Қаҳрамонлар — Ремаркнинг бошқа асарларидаги каби битта урушни кўрган, иккинчисигача бўлган даврда яшаган одамлар. Улар ҳар хил,  барининг ўзига яраша ҳаёт фалсафаси бор. Лекин ҳеч бирини ёмон кўрмайсиз. Баҳо бермайсиз. Шунчаки, кузатасиз. Асарни ўқир экансиз, тўлқинлар сомон парчасидай ўйнатаётган, бир лаҳзадан кейин чўкиб кетиши мумкин бўлган кемада бамайлихотир хаёл суриб ўтирган одам каби хотиржам тортасиз.

Иккала жаҳон уруши оралиғида немислар буюк тушкунликни бошдан кечиришган. Ишсизлик, инфлация натижасида эса ишлаб  топган пули ҳеч вақога ярамаслиги, уруш қолдирган руҳиятдаги излар, ҳаётдан маъно тополмай қолиш, ўз жонига қасд қилишлар, ақлдан озишлар, сиёсий ғоялар жанги, янги мафкуранинг кириб келиши, хўрланган, умиди қолмаган миллатни нарцизм ғояси орқали янги урушга чорлаш. Шунча талотўплар ичида ҳам инсон барибир инсон. У севади, айрилади, курашади, енгилади, ҳаётдан маъно излайди, яшашдан чарчайди, яшашга ҳаракат қилади. Ремарк эса бутун ижодини шулар асосига қурган. Унинг барча асарларида дўстлик, севги бор. Унинг барча асарларида беихтиёр юзга кулгу югуртирадиган, бироздан кейин кўзда чуқур мунг пайдо қиладиган тасвирлар бор.

Асарда иқтибослар жуда кўп. Лекин ҳеч бири ғашга тегмайди, бари табиий, ўз ўрнида ишлатилган. Шунингдек, китоб ғояси, ундаги қарашлар, мавзулар ҳақида яхлит тақриз ёзиш ҳам қийин. Чунки Ремарк ҳар бир асарида деярли бутун инсониятга тегишли муаммоларни, ҳиссиётларни, ташвишларни, қувончларни қамраб олади.

Китобни бир неча кунда ўқиган бўлсам ҳам, худдики йиллар давомида ўқигандайман. Шундай маҳорат билан ёзилганки, қаҳрамоннинг бутун руҳий кечинмаларини сиз ҳам бошдан кечирасиз. Натижада китобни ёпгандан сўнг, бутун бир умрни яшаб бўлгандай ҳис қилади одам ўзини. Ҳаётга, яшашга нисбатан бир орзиқиш ҳис қиласизу, айни вақтда ҳеч нарса учун ёниб куймайсиз ҳам. Барчаси нисбийлигини, бари ўтиб кетишини тушунасизу, лекин нимагадир маҳкам ёпишиб олиш, кимгадир қаттиқ меҳр қўйишдан завқ олиш каби қарама — қаршиликлар ичида қоласиз. Якунда уруш барча нарсани хароб қилгани, лекин руҳий касаллар шифохонаси ва туғруқхонага ҳеч нима қилмагани, аксинча, жойлар борган сари кенгайтирилиб бораётганлиги билан якунланади. Яъни бу дунёда яшаш одамни ақлдан оздирадиган даражада қийинлигига, бемаънилигига   қарамай одамлар туғилаверади, яшаб қолишга ҳаракат қилаверади, ҳаётни севаверади.

Илҳом Салимов

***

Ремарк асарларини ўқишни бошлар экансиз, ўзингизни қандайдир бошқа дунёга тушиб қолгандай ҳис қиласиз. Худдики, ўзингизни воқеалар ичида юргандек сезасиз. Китоб тугагунча Ремаркнинг қаҳрамонлари билан биргаликда яшайсиз. Уларнинг саволларига сиз ҳам жавоб излайсиз, ҳеч хаёлингиздан кетказа олмайсиз.

Инсоният яратилибдики, унинг асосий саволлари диний қарашлар, ҳаёт, жамият билан чамбарчас боғланган. Ремарк асарлари ҳам одатда мана шу саволларга жавоб излашни, фикрлашни ўзида қамраб олади. Дин, дунё, уруш, ҳаётда яшашдан мақсад нима? Булар азалий жавобини топа олинмайдиган мавзулар… «Қора ҳайкал» нинг бош қаҳрамони Людвиг Бодмерни ҳам доимий равишда ўйлайдиган ва жавобини излашга мажбур қиладиган саволлар. У нима учун бундай саволларга жавоб излади? Сабаби унинг 3 йиллик фронтдаги ҳаёти ва ундан кейинги яшаш тарзи уни шу кўйга солган эди.

Биринчи ва  иккинчи жаҳон урушлари тугаганига мана анча йиллар бўлган бўлса ҳам, урушнинг оғриғи, одамлар қалбида қолдирган излари ҳалигача кетгани йўқ, ҳали бери кетмаса ҳам керак.

Бу урушда бутун дунё давлатлари билан бир қаторда уни бошлаган немис халқининг ҳам ҳаётини тубдан ўзгартириб юборди. Улар уруш орқали нимага эришдилар? «Тартибсизлик, беш миллион ишсиз одам, инфлация, пуфлаб шиширилган иқтисодиёт, мағлубиятга учраган халқ». Мана немис халқи нималарга эришди. Ремарк ушбу асар орқали ўз халқининг ҳаёти, унинг дардини рўй-рост кўрсатиб бера олган. Асар шунинг учун ҳам юракларга етиб бора олди, инсонларни ўйлашга мажбур қила олди. Ушбу асар биргина Людвигнинг тили, унинг дарди билан ёзилган. Аслида ундаги барча қаҳрамонларнинг ўз кечмиши, дарди, ҳақиқатлари бор.

Ҳар доим Ремарк асарларини ўқишни бошлаганимда мутолаанинг оддий, енгил ўтмаслигини ҳис қиламан. Асардаги иқтибосларга кўмилишимни ҳам биламан. Лекин барибир Ремарк асарлари ўзига тортаверади, ўқишга мажбур қилаверади.

Асарда руҳий касаллар шифохонасидаги беморларнинг ҳаёти ҳам жуда яхши очиб берилган. Талабалик давримда руҳий касаллар шифохонасидаги кўплаб шизофреник беморлар билан суҳбатлашиб кўриб шуни англаганманки, уларнинг ўз ажойиб, такрорланмас дунёлари бор. Улар шу дунёнинг асосчиси ва бошқарувчисидирлар. Уларнинг гапларини эшитиб ҳам куласиз, ҳам ҳайрон қоласиз. Тасаввур оламларининг нақадар бойлигининг гувоҳи бўласиз.

Айтингчи, шу беморлар ўзларининг ғам-ташвишсиз дунёларидан бу шовқин-суронли дунёга қайтишлари тўғримикан? Людвиг ҳам Изабеллани бу ғам-ташвишли дунёга қайтишини истамаганди, уни бу дунёдан ҳимоя қилмоқчи эди. Лекин афсуски, ҳар доим ҳам биз хоҳлаганимиз бўлавермайди.

Людвиг излаган саволларга аниқ жавоб топа олмасакда яшашда, туғилишда давом этаверамиз. Ҳаёт ҳам шу зайлда ўтиб кетаверади.

Дилдора Каримова

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting