Оқ сукунат

0
463

ҳикоя

Жек Лондон

– Кармен бу туришда икки кунга ҳам бормайди-ёв!..

Мейсон жониворнинг панжаларига ёпишиб кетган музни тишлари билан майдалаб, тупуриб ташлар экан, итга норозиланиб қаради, кейин эса уни яна муз исканжасидан ҳалос этишда давом этди. – Шу пайтгача лақаби баландпарвоз-у аслида, ҳеч нарсага ярамайдиган итларнинг кўпини кўрдим. Бундайлар вақт ўтгани сайин секин-аста кучдан қолиб, охир-оқибат адоқсиз қийноқлар остида ҳаром қотадилар. Лекин, оддийгина Кессиер, Сиваш, Хаскиларимизга жин ҳам урмайди, – деди Мейсон ишини якунлаб итни нари сурар экан. –Ҳа, уларга жин хам урмайди. Ўзимизнинг Шукум ҳам улардан қолишмайди, панд бермайдиганларидан!

Кутилмаганда ўқдай учиб келиб, шиддат билан сапчиган кўппак ўткир тишлари билан Мейсоннинг бўғзига чанг солишига бир баҳя қолди. 

– Ҳой, нари тур! – дерди Мейсон ғазаб билан итга қамчи тортиб.  

Зарбдан қорга қулаган ит сўйлоқ тишлари орасидан сарғиш сўлак оқизиб, безовта қалтирар эди.

— Нима дегандим сенга, кўрдингми шаштини? Сен билан ҳатто баҳс бойлашаман – бир ҳафтага қолмай  Карменни тилка пора қилади у!

– Йўғ-ей, менимча… – деди Мейлмют Кид музлаб қолган нонни гулхан тафтида айлантирар экан, — Сафаримиз қаримай, Шукумнинг ўзи бизга емак бўлмасайди. Рус, сен хам нимадир демоқчисан шекилли?

Мейсоннинг ҳинду аёли қўлидаги  қаҳвага муз бўлагини ташлар экан, аввал Мейлмют Кидга, кейин эса эрига, итларга хам бир қараб қўйди-ю лом-мим демади. Шусиз ҳам бари кундек равшан – шу юришда ҳали яна икки юз мил йўл босишлари керак, олти кунга етар-етмас егуликлари бор — бундан ўзга илож ҳам  йўқ-да.

Ҳамма камтарона тушлик учун гулхан атрофига яқинроқ сурилди. Кун теппага келганда фурсат қисқалигидан итларни чаналардан бўшатишмади, жониворлар эса қорга чўзилганча хўжайинларининг ҳар бир ютган луқмасига суқланиб тикиларди. 

— Бу охирги тушлигимиз, эртадан бошлаб бу ҳам йўқ, — деди Мейлмют Кид. — Лекин итлардан кўз узмаслигимиз  керак. Важоҳатини қара уларни,  кун сайин ваҳшийлашиб кетяпти, қўйиб берсанг пайт пойлаб  бир-бирини ғажиса!

– Мен бир пайтлар черков хизматида бўлганимда, якшанба кунлари мактабда  дарс ҳам берардим…

Негадир бу мавзуда сўз очган Мейсон ҳали ховури босилмаган мокасинига термулганча ўй суриб қолди, Рус унинг бўшаб қолган кружкасини тўлдираётгандагина ўзига келди.

– Бахтимизга, ҳозирча етарли чойимиз бор. Мен жанубда, Теннессида, чойни қандай экиб, ҳатто қанча ҳосил олишганигача кўрганман. Ҳозир эса иссиққина жўхори нон учун боримни хам бериб юборардим. Майли, қайғурма, Рус, яна  оз қолди, яқинда очлик азоби ҳам тугайди, эски чориғингдан ҳам қутуласан. 

Ғамгин аёлнинг чеҳраси ёришди, кўзларида хўжасига нисбатан чексиз муҳаббат порлади. Аслида, Рус билган оқ танлилар орасида Мейлмют Кид- аёл кишига нисбатан ҳайвон ёки жирканч маҳлуқдай эмас, балки аёл сифатида эҳтиром кўрсатган биринчи одам эди.

– Ҳа, Рус, – деди Мейсон икковигина тушунсин учун ҳиндучалаб– биз тез орада бу ерлардан ҳам кетамиз, манзилга етгач, оқ танлиларнинг қайиғига ўтириб оламиз-у, Шўр сув бўйлаб сузиб кетамиз. Чор атрофингда фақат сувни, тизгинсиз сувни кўрасан, мавжланаётган тоғдай тўлқинлар бир зум тиним билмайди. Поёнсиз уммон бағрида ўн, йигирма, йўқ-йўқ, қирқ кунлик йўлни босиб ўтасан.

Мейсон бармоқларини бир-бир букиб, сафар кунларини ҳисоб-китоб қила кетди.

– Истайсанми-йўқми, атроф фақат сувдангина иборат бўлади. Кейин эса одамлар-у ёзги чивинлар билан тўлиб-тошган кенг водийга тушиб борасан. Вигвам1лар шу қадар юксак-ки, худди ўн, йўқ, йигирмата қарағайни устма-уст қўйгандек –тасаввур қилиб кўргин-а!

Завқи келган Мейсон бир зум каловланиб қолди, Мейлмют Кидга маъноли қараб қўйди-ю, йигирмата қарағайни қандай қилиб устма-уст жойлаштириш мумкинлигини имо-ишора билан кўрсата бошлади. Кид  эса унинг ҳаракатларига истеҳзоли қарар, бироқ Руснинг кўзлари ҳайрат ва бахтдан чақнаб турарди, Мейсон, аёлнинг  наздида, ҳазиллашаётгандек, бироқ мана шу илтифот унинг ғариб кўнглини тоғдек кўтаргани ҳақиқат эди.

– Кейин эса қутига ўтириб оласан-у, узо-оқ — узоқларга жўнаб кетасан! –   Мейсон гапининг исботидай тепага отган бўш кружкасини чаққон илиб олиб, қичқирди: – Мана,  бир зумда етиб ҳам келдик! Улуғ шомонларга ҳамду санолар бўлсин, сен Форт-Юконда, мен эса Арктик-ситида бўламан. Орамиз йигирма беш кунлик йўл. Ўртамизда узун арқон, мен арқоннинг бир  учидан ушлаб олганча, сенга, «Алло, Рус, қалайсан», дейман. Сен эса, «Мейсон, ўзингмисан, нон пиширолмаяпман, сода қолмабди», дейсан  куйиб-пишиб, мен эса «Қазноқни қарасанг-чи, ун қопининг орқасида тургандир. Кўришгунча!» дея гапни қисқа қиламан. Кейин эса қазноққа тушиб, керагича сода оласан-у яна ўз юмушларингга шўнғиб кетасан.

Эрига маҳлиё бўлиб ўтирган Рус шундай самимий жилмайдики, эркаклар кулавериб ичаклари узилай деди. Балки итлар овози олисдаги сирли ўлка ҳақидаги ҳикояни бўлиб қўймаганда мана шу кайфият ҳали анча давом этарди. Кид ва Мейсон итларни тинчлантиргунига кадар, аёл чаналарни бирлаштиришга улгурди. Сафар учун ҳамма нарса ҳозир бўлди.

Мейсон қамчисини ишга солиб, норози ғингшиётган  жониворларни эпчиллик билан олдинга юришга ундади, чаналар муздан ажралди. Рус Мейлмют Киднинг кўмагида чанасини юргизиб олгач, уни ортда қолдириб, олдиндаги чанага етиб олди.

Бақувват бизонни ҳам бир ҳамлада қулатишга қодир Мейлмют Кид табиатан бешафқат одам. Аммо, итларнинг калтакланишига сира тоқат қилолмас, баъзан уларнинг ночорлигидан кулса ҳам, жониворларнинг бечораҳоллигидан йиғлаган пайтлари кўп бўлган. Мана, хозир хам итларнинг холига мотам тутганча:

— Қани, олға, оқсоқ эринчоқлар, олға! — дея чаналарни қўзғатиш учун минғирлаб қўйди.  

Беҳудадай туюлган уринишлар ниҳоя топиб, унинг бардоши муносиб тақдирланди – оғриқдан азоб  чекаётган бўлса-да, итлар энди ўз ҳамроҳларига етиб олиш учун жон-жаҳди билан олдинга ошиқарди.

Орага  жимлик чўкди.

Машаққатли сафар ҳатто бир дақиқанинг ҳам беҳуда сарфланишига имкон бермасди. Барчасидан ҳам Шимол йўли хатарли экани аниқ. Бундай пайтда уззукун сукунат ва йўл азобига дош беролсанггина ўзингни бахтли сезасан.  Аслида, янги йўл очишдан қийини йўқ. Ҳар қадамда тиззагача қорга ботиб кетиш, биргина қалтис ҳаракат барчасини зумда ҳал қилиши мумкин бўлган тик йўлдан оғишмай фақат олға юриш, қор бағрига тойиб кетаверадиган оёқларни зиён-заҳматсиз суғуриб олиш лозим, акс ҳолда, бир қадам ташлайсан-у, ярим ярд чуқурликдаги иккинчи оёғинггаям зўр беришга мажбур бўласан. Биринчи бўлиб йўл очиб бораётганда ҳар бир ҳаракатни ҳисоблаш керак – хавф кўланкасини олдиндан сезмаган одам, ақалли юз ярд юришгаям қурби етмай, ҳолдан тойиб йиқилиши аниқ. Шу тариқа кун бўйи юрсаям, бирор марта итлар оёғи остида қолмаганга тоза виждон ва ғурур билан пайтини топиб мизғиб олиш насиб этса керак. Ҳарқалай, йигирма кунлик олис сафар машаққатини енгиб ўта олган инсонга ҳатто, илоҳлар ҳам ҳавас қилади, деяверинг. 

Замин узра оқшом чўкди, сукунат бағридаги йўловчилар эса ҳамон олдинга интиладилар.

Бетизгин пўртана, ваҳшатли бўрон, қалтираган зилзила, осмон гулдираги – аслида, табиатнинг бани Одам қавми шунчаки ўткинчи мавжудот эканини ҳар лаҳзада эслатиб турадиган турфа ғавғолари бундан ҳам кўп. Бироқ  уларданда қудратлироқ, балки энг қайғулиси – ҳамма-ҳаммасига бепарво мана шу оқ сукунат эди. Атрофда қимирлаган жон кўринмайди. Кўкда мусаффо осмон хам силлиқланган мисдай тиниқ, нафас олишинг ўзингга гулдираб эшитилади — оқ сукунат исканжаси, ваҳимаси эди бу. Одамзод –сукунат оралаб кимсасиз ўлик дунё сафарига жазм этади-ю, қандай қалтис ишга бел боғлаб қўйганини англаган заҳоти, ўз жасоратидан даҳшатга тушади – борлиқ қудрати олдида шу биргина уриниши нечоғлик ожиз эканлигини ўйлай бошлайди. Тўсиндан ёпирилиб келадиган хаёллар эса энди фақат тириклик сирларидан сўзлайди. Ўлим, Яратгувчи ва Ёруғ Олам қаршисидаги қўрқув ҳисси, айни пайтда, қайта тирилиш умиди, ҳаёт ва умрибоқийлик истаги, занжирбанд онгнинг беҳуда уринишлари одамзод шуурини  эгаллаб олади, пировардида, инсон фақат Яратгувчиси билан қолади.

Қош қорайди.

Бу ерда дарё ўзани кескин бурилганди. Мейсон чаналарини тор қирғоқ бўйлаб муюлишга бошлаб кетди. Бироқ  юқорига кўтарилгач, итлар энди юришдан бўйин товлай бошлади. Рус ва Мейлмют Кид қанча чирансаям, чаналари нуқул ортга сирпаниб кетаверди. Мана, энг сўнгги уриниш. Шашти сўнган, очликдан силласи қуриган жониворлар сўнгги кучларини ҳам ишга солади..

Ниҳоят, чаналар қирғоққа чиқиб олди.  Кутилмаганда йўлбошчи ит ўнг томонга оғиб кетгани жуда ёмон бўлди – чаналар орқада чанғидаги Мейсонга келиб урилди.

Мейсон мувозанатини йўқотди, тасмаланган итлардан бири қорга қулади, чана эса пастга эниб кетди.

Қамчилар фалокат сабабчисининг яғринида қарсиллай бошлади.

—Бас қил, Мейсон! — ялинди Мейлмют Кид. — Бечора шусиз ҳам жон берай деб турибди-ку. Ундан кўра, ёрдамлашиб юбор, меникиларни ҳам қўшамиз.

Мейсон ноилож итни савалашдан тўхтади, аммо охирги марта шитоб билан силкитганда узун қамчи қўлидан чиқиб, айбдорнинг ёнига бориб тушди. Бўғзигача қорга ботиб қолган, оғриқдан ғингшиб, ёнбошига ағдарилишга уринаётган кўппак… Кармен эди!

Ҳеч кимга осон тутиб бўлмайдиган вазият – ит жон беряпти. Рус нима қилишни билмай жанжаллашаётган икки дўстга ўтинч билан боқади. Кўзларида аччиқ таъна  акс этса-да, Мейлмют Кид бир гапдан қолиш учун чўккалаб олганча итнинг бўйнидаги қайишларни кеса бошлади.

Жанжал шу билан тинди. Чаналар бирлаштирилиб, йўлда давом этишди. Кармен эса бир аҳволда энг  орқада келяпти. Ит юришга мадори етса, ҳарқалай уни отиб ташлашмайди – ҳаёт учун энг сўнгги имконият қолади унда – судралиб бўлсаям қўналғага етиб келса бўлгани.

Ич-ичидан пушаймон бўлсада, қайсарлик қилиб ҳеч қаёққа қарамай энг олдинда кетиб бораётган Мейсон олдиндаги хатар ҳақида, ҳатто, ўйлаб ҳам кўрмасди. Йўлда қалин ўрмонга дуч келишди.

Эллик футча нарида қад ростлаган кекса қарағай неча йиллардан буён шу ерда турар, тақдир эса Мейсон иккисига бир вақтнинг ўзида  кутилмаган интиҳо палласини ҳозирлаётганидан бехабар эдилар.

Мейсон мокасининг бўшаган ипларини боғлаш учун энгашди. Чаналар  ҳам тўхтади, итлар жимгина қор устига чўзилдилар. Шу аснода атрофни ғалати сукунат чулғаб олди. Изғирин ҳоким сукунат лаҳзалари юракни музлатар, титраётган борлиқ ҳам унсиз қулоқ тутарди гўё. Бирдан атрофга таралган хўрсиниққа ўхшаш сасни етиб келганларнинг бирортасиям эшитмади, билъакс, ички бир овоз тилга кириб, гуё рўй беражак мусибатдан воқиф этишга уринарди.

Кеч бўлсада, фалокатни сезган Мейсон ўзини четга олмоқчи бўлди-ю   улгурмади… Елкасига зарб билан қулаган дарахт бутун танасини босиб қолди… Мана, йиллар ва изғириннинг чексиз жабру ситамлари остида соб бўлган улкан дарахт умрининг сўнггида фожеадан иборат вазифасини ҳам адо қилиб бўлди… Дарахтнинг игна барглари ҳали ҳамон йиқилгандаги зарбни йўқотмай титраб турарди. Кутилмаган фалокат, оний ажал — Мейлмют Кид булар билан кўп бор тўқнаш келган. Шунданми, аёлга нима қилиш кераклигини айтиб, дўсти томон отилди. Ҳайтовур, ҳинду аёл ҳам кутилмаган бу фалокатдан ўзини йўқотиб қўймади, оқ танли хонимлар сингари кўз ёши қилиб ўтирмади, Мейлмют Кид айтганидай қилиб, тарвақайлаб ётган дарахт юкини енгиллатиш учун бор кучи билан таёқ тираб, боса бошлади, ҳеч бўлмаса, эрининг инграшини эшитиб қолиш учун ҳам у томон эгилди, Мейлмют Кид эса болта билан дарахтни чопаверди. Музлаган дарахт танасига теккан пўлат Киднинг ҳарсиллаши билан ҳамоҳанг, алланечук қувноқ жаранглар эди.

Мана, ниҳоят  Кид, Мейсоннинг пажмурда гавдасини қор устига тортиб чиқарди. Аёл юзидаги мотамсаро умид ифодаси дўсти тортаётган азоблардан-да қайғулироқ бўлганидан, таскин учун  бир-икки калима сўз айтолди холос.

Шимол одамлари шунақа –ҳавойи гаплардан кўра, нимадир чора кўриш керак, деб ҳисоблашади ва тўғриям қилишади. Ахир, нақ олтмиш беш даража изғиринда тирик жон қор устида узоқ ётса, омон қолармиди! Мейсонни терига ўраб, чанадан кесиб олган арқонлари билан чандиб боғлагач, шох-шабба тўшак устига ётқизишди, бошларига мусибат келтирган дарахт шохларидан катта гулхан ёқиб, тепасига иссиқни қайтарсин учун дағал каноп матони таранг тортиб боғлашди. Бу – табиатнинг ўзи ибтидодаёқ одамларга ўргатган қонуни эди.

Ўлим тўшагидаги инсон ажал чорловини сезиб туради. Мейсоннинг бутун аъзойи бадани мажақлангани шундоққина кўриниб турар, ўнг қўли, оёғи, умуртқаси синиб, аллақачон ишдан чиққан, ички аъзоларидаги жароҳат эса бундан-да аянчлироқ бўлса, эҳтимол. Аҳён-аҳёнда  инграб қўйишигина бечоранинг ҳамон тирик эканидан дарак берарди.

Улар умидсизлик исканжасида имконсиз эдилар. Замин узра аста-секин ўз кўланкасини ёймоқда бўлган шафқатсиз тун Руснинг чехрасига соя сола бошлаган, Мейлмют Киднинг салқиган юзидаги ажинлар эса янаям кўпайганди, қисқаси, шу топда фақатгина беҳуш ётган Мейсон ҳамроҳларига нисбатан камроқ азоб чекаётган, борлиғида аллақачон  Шарқий Теннессида, Буюк Туманли тоғлар бағрида болаликнинг  ширин дамларини қайтадан яшаётган эди. Қачонлардир унут бўлган оромбахш жануб оҳанглари яна қулоқлари остида жаранглар, кўлда чўмилгани-ю, енот овига боргани, ҳатто тарвуз ўғирлаш учун елиб-югурганлари каби барча ҳаёт чизиқларини худди ипга тизгандай шууридан ўтказмоқда эди. Ўлим билан олишаётган беҳуш тирик жоннинг бу талвасаси Рус учун балки тушунарсиздир, бироқ Кид, Мейсоннинг ҳаёт шами тобора сўнаётгандаги кечинмаларини хис этиб турарди.

Мейсон тонгга яқин ҳушига келди. Бир алпозда уни назардан қочирмай ўтирган Мейлмют Кид заиф ингранишни англамоқ учун эгилди.

— Тананда учрашганимиз ёдингдами? Қара шунга ҳам тўрт йил бўпти. Ўшанда Русга деярли эътибор бермагандим, лекин кейин латофати мени ром этганми, у буткул ҳаёлимдан кетмай қолди. У оғир дамларда ҳам менга елкадош, ажойиб рафиқа бўлолди, биласан, савдо-сотиқдаям унинг олдига тушадигани йўқ. Бизга етиб олиш учун Буғи шохи қоясигача келгани, сув юзида тасирлаган ўқ ёмғири-чи, эсингдами? Бизга шошилинч хабарни етказиш илинжида Нуклукетога келган маҳалги очарчилик-чи? Шубҳасиз, Рус менга аввалгисидан хам аъло умр йўлдоши бўла олди. Русдан аввал ҳам уйланганимни билармидинг? Наҳотки айтмаган бўлсам? Ҳа, штатларда, ҳали уйдалигимда, оила қуришга уриниб кўрганман. Бу ерларга келиб қолишим шундан. Биринчи рафиқам билан болаликдан бирга улғайгандик. Мен унга ажрашиш имконини бериш учун ҳам ташлаб кетдим. У шунга рози бўлди, қара! Лекин…Рус –  барибир бошқача! Мен бу ердаги ишларимни битириб, келаси йили униям олиб, қайтиб кетмоқчи эдим, лекин энди кеч. Кид, Русни ортга, қабиладошлари орасига қайтариб юборма. Биласан, аёл киши учун уйга қайтиб бориш осонмас. Ўзинг ўйла – ахир, тўрт йилга яқин биз билан дудланган гўшт, ловия, нон, қуритилган мева еб кун кўрсаю, кейин яна фақат балиқ ва буғу гўштидан иборат ҳаётга қайтса – тасаввур қиляпсанми?! У энди  бизнинг ҳаётга кўникди, биз яшаётган муҳит қабиланикидан минг карра яхшироқ эканлигини билиб ҳам, яна ўша эскича ҳаётга қайтиш жуда оғир. Унга ғамхўрлик қил, Кид… Наҳотки қўлингдан келмаса! Ҳа-я, ахир сен ҳар доим аёллардан узоқроқ юрасан-ку, нега сенга ялиняпман ўзи?! Халигача бу ерларга нега келиб қолганингни ҳам билмасам…  Наҳот раҳминг келмаса?! Русни Штатларга тезроқ жўнатиб юбор. Агар юртини соғингудек бўлса, қайтишига ёрдам бер. Биласанми, фарзандли бўлишимни эшитганимда қанчалар қувонгандим-а?! … У бизни янаям  яқинлаштирарди. Фарзандим ўғил бўлсин, деб умид қиляпман. Бир ўйлаб кўргин-а, Кид – менинг пуштикамаримдан яралган бўлади у! Фақат, фақат у бу ерларда қолиб кетмаслиги керак. Агар қиз бола бўлса… Йўқ-йўқ, нималар деяпман ўзи?! Менга тегишли териларни сот. Улар камида беш мингга кетади. Ташкилотдаям анчагина улушим бор. Улар ҳам сенга. Ҳаммаси кўнгилдагидек бўлади, хавотир олма. Муҳими, фарзандим  яхши таълим олса бўлгани, Кид, фақат ўтинаман, у ҳеч қачон қайтиб келишига йўл қўйма. Бу  ерлар  оқ танлилар учун эмас. Мен энди куни битган одамман. Эҳтимол, уч ёки тўрт кунлик умрим қолгандир, яна ким билсин?!. Сизлар эса йўлда давом этишингиз шарт. Фақат олға юришингиз керак! Тушунсанг-чи ахир, улар менинг оилам… Эй Тангрим, фақат ўғил бўлсин! Ёнимда қолишингизни хоҳламайман. Эхтимол, сўнгги ўтинчимдир…

—  Уч кун муҳлат бер, — ўтинди Мейлмют Кид. — Балки аҳволинг бироз ўнгланар, эҳтимол барчаси биз кутгандан ҳам яхшироқ бўлар!

— Йўқ.

— Фақат уч кун…

— Кетинглар.

— Икки кунгина…!

— Кид, уларни ҳам ўйласанг-чи.

— Бир кун!

— Йўқ, асло! Буюраман!

— Ҳеч бўлмаса, бир кунгина… Бирор егулик топармиз. Балки мен лос овларман-а?!

— Йўқ!…

— Хўп, майли… Бир кун! Ортиқ бир дақиқа ҳам сўрама. Ҳа, яна… Кид… Ёлғизликда жон беришимга йўл қўйма. Биргина ўқ, фақат бир мартагина тепкини босиш кифоя. Тушундинг-а?! …У менинг зурриёдим бўлади, аммо тақдир энди менга кулиб боқмаслиги аниқ.  Русни ёнимга чақир. Мен у билан видолашиб олишим керак. Унга ўғлимиз ҳақида ўйлаши, жон беришимни кутиб ўтирмаслигини айтмасам бўлмайди. Агар уни ҳозироқ кўндирмасам, кетмайман, деб туриб олади, сен билан. Алвидо, дўстим, алвидо! Кид, шошма… Яна бир гап… Ҳалиги жойни чуқурроқ қазигин. Қирқ центча тўплаб қўйганман.  Кид…    

Шу пайт Мейсоннинг овози хириллаб қолди. Мейлмют Кид  интиҳо палласида бўлса-да, ғурурини жиловлай олган дўстининг сўнгги васиятини илғаб олиш учун унга томон энгашди:

— Кечир мени… Нима учунлигини биласан-а? Кармен учун!

Мейлмют Кид унсиз кўзёши қилаётган аёлни эрининг тепасида ёлғиз қолдириб, паркасини эгнига илди, милтиғини елкасига осганча чанғи судраб ўрмон ичкарисига кириб кетди. Бешафқат Шимол ўлкасининг қонунлари унинг учун бегона эмасди, бироқ, энди ўйлаб қараса, ҳеч қачон елкасига бу қадар машаққатли вазифани олмаган экан!

Аслида, бу шунчаки ҳаёт арифметикаси, яъни уч тирик жон биттасига, ўлими муқаррар турган инсоннинг иқрорига қарши  эди. Мейлмют Кид икки ўт орасида қолди. Уларни дарё-ю сўқмоқлардаги сафарлар, қароргоҳ-у шахталарда, овда, тошқин  ва ҳатто очлик маҳалида дуч келган муқаррар ўлим тоғида ҳам елкама-елка енгиб ўтилган беш йиллик оқибат риштаси боғлаб турарди. Мейсон билан муносабатлари шу қадар мустаҳкам эдики, илк бор ораларида Рус пайдо бўлгандан бошлаб, қалбида аёлга нисбатан аллақандай ғайирлик ҳиссини туйган эди, энди эса хаммасига факат ўзи нуқта кўйиши лозим.

Кид шу топда Яратгандан унга битта бўлсаям лось жўнатишини тинмай ўтиниб сўрар, лекин  атрофда бир зоғ кўринмасди. Замин қоронғуликка бурканган маҳал Мейлмют Кид ҳолдан тойганича, қуруқ қўл, юрагида  залворли юк билан қайта бошлади. Тўсатдан эшитилган итлар шовқин-сурони ичидаги аёл  чинқириғи уни тезроқ юришга ундади. Кид  қўналғага отилиб кирганида, хинду аёл атрофида  ириллаётган вахший тўданинг ҳужумини болта билан қайтаришга уринар – итлар хўжалари уқтириб келган темир қонунни бузиб, овқат заҳирасига ёпирилганди.

Кид милтиқ қўндоғини ўқталганича кўмакка шошди, шунда яшаш учун кураш фожеаси ўзининг ибтидоий муҳит чегарасидан ўтиб бор шафқатсизлиги билан намоён бўлди. Милтиқ ва болта навбати билан кўтарилиб тушар, бир маромдаги уринишлар баъзан мўлжалга тегса, баъзан зое кетар, кўзлари важоҳатдан чақнаган, иржайган жағлари орасидан сўлак томчилаётган итлар тўлғаниб, ўзларини ҳар томонга ташлар, бинобарин, инсон ва ҳайвон ўртасида ҳукмронлик учун шиддатли кураш кетмоқда эди.

Кўп ўтмай, калтаклар остида ҳолдан тойган итлар яраларини ялаган кўйи самодаги юлдузларга арз этган каби увлаб, гулхан ёнидан узоқлашишди. Қоқбалиқ заҳираси аллақачон талон-тарож бўпти, олдиндаги  икки юз  чақиримдан ошиқ йўл учун беш фунтлик ун қолди, холос.

Рус Мейсоннинг ёнига қайтганида, Мейлмют Кид болтада боши мажақланган итлардан бирини сўйиб бўлган, ҳали совиб улгурмаган этни бўлаклай бошлаганди. Ишни битиргач, уларни ишончли жойга беркитди, тери ва ичак-чавоқларни итнинг собиқ дўстлари олдига ташлади.

Тонгни  янги ташвишлар билан  қарши олдилар. Очликдан  саросимага тушган итлар энди бир-бирларини ғажишга ўтди – ваҳший тўда  ҳали ҳам ўлим билан олишиб ётган Карменнинг устига ташланди. Энди қамчининг аёвсиз зарби ҳам кор қилмади. Ҳар сафар қамчи ҳавода визиллаганда, итлар ангиллаганча ерга қапишиб олсаям, энди уларни тўхташнинг иложи бўлмади. Тўда тарқалганда Кармендан на бир бўлак тери, на бир суяк қолди.

Мейлмют Кид хаёлида яна Теннессисига қайтган Мейсоннинг узуқ-юлуқ алаҳлашларига қулоқ солганча ишга киришиб кетди. Яқин атрофдаги қарағайлар унга анча қўл келди. У мўлжалидаги ишини тезроқ якунлашга тиришар, Рус эса Киднинг овқат заҳираси учун ҳимоя омборини ясашини кузатиб ўтирарди. Одатда, бундай ҳимоя омборлари уста овчилар орасида анча машҳур эди.

Кид бирин-кетин иккита дарахт шохини ергача эгиб, буғу терисидан эшилган арқон билан маҳкам боғлади, сўнг итларни қамчилаб, чаналарга қўшди. Мейсон ўралган теридан бўлак ҳамма лаш-лушларни чанага жойлади. Мейлмют Кид дўстининг танасини арқон билан танғиди, ҳар икки учини эса қарағайнинг тепа шохига боғлаб қўйди. Қўлдаги пичоқни бир марта сермашнинг ўзи кифоя қилди – қарағайлар лаҳзада қад ростлаб, Мейсоннинг танасини ердан узди.

Рус эрининг сўнгги васиятини индамай эшитди. Шусиз ҳам мурғак чоғидан бошлаб итоаткорликка ўрганган. Эсини танибдики, нафақат ўзи, барча аёлларнинг ҳам эркак киши олдида, бутун тириклик ҳукмдори қаршисида бош эгганини, бунга қарши чиқиш уларнинг табиатига мутлақо ёт эканини кўрган. Эридан видолашув бўсаси олаётган пайтда – гарчи бу одат Русни тарбиялаган ёввойи муҳитга бегона эса-да, у шундай қилди – Кид уни юпатишни лозим кўрмади, аёлни олдиндаги чанага бошлаб келиб, чанғиларини кийиб олишига кўмаклашиб юборди. Аёл ихтиёрсиз чанага жойлашди, қамчини сермаб итларни ҳайдаганча йўлга тушди.

Рус анча олислаб кетди, Кид эса гулхан ёнига чўккалаганча ҳамон дўстининг ўлимини кутар, ажалнинг тезроқ келишини сўраб илтижо қиларди.

Шубҳасиз, сукунат бағрида, маҳзун ўйлар гирдобида ёлғиз қолиш осон эмас. Шу туришда ҳатто зулматнинг сокинлиги ҳам таскин бераётгандек мурувватли туюлар, бироқ пўлат тусли осмон остида бепарво ястаниб ётган Оқ сукунат ҳамон совуқ ва шафқатсиз эди.

Орадан бир-икки соат вақт ўтди ҳамки, Мейсон ажал билан олишарди. Кун ярмида, қуёш ҳали уфқдан бош кўтармай, осмон бир ёришди-ю бироқ яна зулмат қаърига сингиб кетди – Мейлмют Кид базўр ўрнидан қўзғалди. Мейсоннинг тепасига келиб атрофга аланглади, гўё оқ сукунат ҳам уни таҳқирлаётгандек, жисмини алланечук қўрқув ҳисси чулғаб олди. Ҳеч қанча ўтмади, атрофни қисқа ўқ овози тутди – Мейсон юксакка, ўзининг боқий маконига кўтарилди. Мейлмют Кид эса итларни жон-жаҳди билан қамчилаганча, қорли саҳро узра елиб кетди.

1 Вигвам – Шимолий Америка ҳиндуларининг ёзги қўналғаси, деярли тик турғазилган қарағайларнинг тепаси бирлаштириб қуриладиган баланд чайла

Инглиз тилидан Зилола Жамолова таржимаси

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting