Суратдан таъсирланиб

Сурат

  У сувлари тошиб, қирғоқни ўпираётган шафқатсиз дарё тасвирига қараб турарди:

— Сизнингча, яна қайтадими? — аёл докторга доимги, таниш савол билан юзланди.

— Ҳамшира, бугунги  муолажа якунланганини айтмаганмидим? Беморни палатасига олиб кетинг!

Шоҳжаҳон Бобурий

Қисмат

Ойдин денгизга умрида биринчи маротаба борди.  У ердаги  соҳилни кузатиб, завқланди. Мароқ билан сузишни хоҳлади. Узоқ чўмилди. Бироқ шамол кўтарилиб, тўфон бошланганини сезмай қолди.

Денгиз манзараси  кўзларида мангуга аксланди…

Мухлиса Турсунбоева

Сўнгги тонг

Улар денгиз саёҳатига чиқишди. Шошқалоқ Лола шовуллаб, кўпираётган сув сари югургиллаб кетди. Тўлқин оқими эса бирдан баландлади.

Кечга бориб, балиқчилар оғир замбилларига солиб, ёшгина марҳумни кўтариб чиқишди.

Олима Абдумажидова

Кечикиш

У ҳаммасидан тўйди. Азобларини енгиллатишнинг ягона чораси   ўлим деб ўйлади. Ўзини океанга ташлади. Кўз олдига бирдан уйда кутиб ўтирган ширин оиласи келди. Яқинлари у ҳақида беҳад қайғуришарди. Бироқ чўкиш фикридан қайтганида анча кеч эди…

Азизбек Иброҳимов

Кутилмаган учрашув

Сув париси оёқлари бўлишини жуда-жуда хоҳлади. Кунларнинг бирида сеҳрли чироқ топиб олди. Жиндан бир соатга одамга айлантириб қўйишини сўради. Кейин юриб соҳилга чиқди. Эндигина уч-тўрт қадам ташлаши билан қирғоқда турган кичкина болакай чопиб келиб, қучиб олди.

— Ойи, энди ташлаб кетмайсиз-а бизни?!

Шерзодбек Абдуқаҳҳоров

Бемеҳр фарзанд

“Болам, денгиз томонларга би-и-и-ир олиб борсангчи…” – дерди шўрлик онаси.

Ўғилга волидасининг шу гапи эсига тушиб кўнглининг аллақаеридаги бир нарса узилди.

— Азизим, манави чиғаноқларни кўряпсизми? – аёли у томон сув кечиб югуриб келарди.

Манзура Абдуллаева

Наманган Президент мактаби ижодкорлари

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting