ТАСОДИФИЙ ХОНАДОНДАГИ БЕГОНА

2
476

ҳикоя

Тор ва қоронғи хона. Битта эски каравот, униқиб кетган китоб жавони, эскигина стол ва тебранма стул — хонанинг бор буюми шулар. Ҳа-я, бу ерда унинг учун энг қадрли буюм бўлмиш деворга осилган сурат ҳам бор. Унда чамаси 5-6 ёшлардаги жингалак сочли, истарали болакай кулиб турибди. Унга тикилган куйи нигоҳлари қотиб қолган чол эса тебранма стулда жонсиз ўтирибди. Эгнидаги костюмининг енглари титилиб кетган, кўйлагининг ёқаси носранг тусини олган. Унинг кўзларида зулмат ва маънисиз ҳаёт акс этганди. Унга энди ташқи оламнинг ташвишларини-да, юрагини ўртаган қайғусининг оғриғини-да, маъниси йўқ эди.
— Салимахон, неварам Нусрат отанинг уч кундан бери ташқарига чиқмай қўйганлигини айтди. Тинчликмикан ишқилиб?
— Ҳа, кеча Умида овқат олиб чиққан экан, роса эшигини тақиллатибди, чол очмабди. Шунга мен ҳам хавотирланиб тургандим. Чолнинг тоби қочиб қолмадимикан? Эшигининг қулфини бузиб кирамизми?
— Йўғ-е, қўйинг, бирорта қариндошиникига кетган бўлса, тағин қайтиб келиб “уйимга ўғри кирибди”, деб ўйламасин.
— Қўйсангиз-чи, чолни бирортаям яқини йўқ, бўлса, келиб шу пайтгача ҳолидан хабар оларди-да. Бу хонадонига кўчиб келганига беш йил бўлди. Шу йиллар ичида уни на бирорта одам кўргани келади, на ўзи бировникига боради?! Эртадан кечгача ҳовлидаги ўриндиқда ўтиради. Ундан кейин унинг уйида ўғирлашга арзийдиган бирор нарса ҳам йўқ. Уйини тозалаб берган вақтларингиз ўзингиз ҳам кўргандирсиз: чол жуда ночор яшайди. Нафақа пули қорнини тўйдиришига ва ижара ҳақини тўлашга аранг етса керак. Қизиқ, нега унинг ҳеч кими йўқ экан-а!? Наҳотки, умуман оиласи бўлмаган бўлса?..
Қўшнилар ўзаро гаплашишди-ю, аммо чолнинг эшигини бузиб ичкарига киришга ботина олишмади. Ҳар ҳолда, ёнларида эркак киши йўқ. Нусрат чолнинг тўсатдан кўринмай қолгани кечгача бутун кўп қаватли уйдагиларни хавотирга солди. Қўшнилар йиғилишиб, эшик қулфини бузишди. Кўришсаки, чол тебранма ўриндиғида омонатини топширибди.
— Эшитдингизми, анави пастки қаватда яшайдиган чол бор-ку, ана шу оламдан ўтибди,— дея ишдан келиб остонада оёқ кийимларини ечаётган эридан “суюнчи” олди Хадича.
— Қайси чол?— деб бепарвогина сўради эркак.
— Анави сиз “бегона” дердингиз-ку, ўша-да. Ўлганига тўрт кун бўлган экан. Бугун қўшнилар эшигини бузиб киришибди. Бечора ҳар доим ўтирадиган тебранма стулида ўтирганича жон берган экан. Бугун ҳамма қўшнилардан пул йиғиб чиқишди, чолнинг дафн маросими учун. Мен ҳам бериб юбордим савоб бўлар деб.
Аёли гапиряпти-ю, адабиётшунос эрнинг хаёлида Алберт Камьюнинг “Бегона”си айланарди. Ҳа, макон ва замон тўғри келганида у Камью қаҳрамонини шу чолдан андоза олиб яратган деган бўларди.
Орадан бир неча кун ўтди. Турмуш ташвишлари билан ўз оламларига шўнғиб кетган одамларнинг хаёлларидан барчаси кўтарилди. Бир вақтлар шу уйда “Бегона” яшаганлиги адабиётшунос қўшнининг ҳам, эшик ёнида ярим кунини ўтган-кетганларни кузатиб ўтказадиган аёлларнинг ҳам энди эсига тушмасди. Чол яшайдиган уйга янги оила кўчиб келди. Улар яқинда турмуш қуришган ёшгина эру хотин эди. Аёли уйни тозалаётганида, эски каравотни болахонага олиб чиқаётган эркак девордаги сарғайиб кетган суратни кўриб қолди. У расмга қараб қотиб қолганди.
— Наҳотки, бу ўша амаки?— қичқириб юборди у.
Ҳеч нарсадан бехабар жувон эрига ҳайратомуз тикилиб турарди. Қўлида сурат тутган эрнинг эса болалигидаги ўша мудҳиш ҳодисот кўз олдида қайтадан жонлангандек бўлди.
Мана, у қўлидаги сумкани ўйнатиб бозордан қайтаяпти. Уларнинг уйи тоғ ёнбағрида жойлашганди. Ўша пайтда тоққа дам олиш учун келувчилар айни кўпайган вақт, машиналар серқатнов. Бола бу йўлдан деярли ҳар куни ўтади. Йўлнинг нариги томони жар. Югуриб келаётган бола қаршисидан чиққан машинани сезмай қолди. У ортига қараганда машина унинг устига бостириб келиб бўлганди. Тамом. Энди у ўлади. Бир зумда кўз ўнгида “Эҳтиёт бўл, болам”, — деб ортидан термулиб қолган онаси намоён бўлди. Машина унга урилганида бола йиқилиб тушди. Лекин у жароҳат олмади. Ҳайдовчи уловини йўл четига олишга улгурган эди. Машинадан башанг кийинган бир киши югуриб тушдию, ерда ётган болани ўрнидан турғазди. “Ўғлим, сенга ҳеч нима қилмадими? Йўлгаям шунақа югуриб чиқадими?” деганича унинг уст бошини қоқа бошлади. Боланинг кўзи машинада эди. Унда чиройли аёл ўтирар, унинг қучоғида сочлари жингалак, болакай ухлаб ётарди. Ўша пайтда аламли чинқириқ атрофни тутиб кетди. Жар лаби ўпирилиб, машина унинг қаърига жо бўлди. Жар тубидан жасадларни олиб чиқишнинг-да иложи бўлмади. Бола жар ёқасида ўғлининг суратини қучоқлаб йиғлаб ўтирган кишини бир неча марта кўрди. Унинг эгнидаги бежирим костюмнинг енглари титилиб, қимматбаҳо кўйлакнинг ёқаси сарғая бошлаганди. Кейин эса у бутунлай ғойиб бўлди.
Мана ўзини айбдор санаб юрган боланинг неча йиллар давомида қидирган кишиси. Унинг қабрини қўшнилардан сўраб топди. Бировнинг боласини қутқараман деб ўз боласи, оиласидан айрилган “халоскор”нинг руҳига ҳар куни тиловат бағишлаб турди. Жовидон сафар олдидан ҳам фарзандлари ва набираларига чолнинг руҳи покини йўқлаб туришни васият қилди.

Камола Раҳимова

2 Izohlar

  1. яхши ҳикоя! Ўз қараши ва доирасида яратилган яхши бир ҳикоя! Яхши бир сюжет, кутилмаган ечим ва моҳирона тасвир!

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting