ДЎСТИМ РАУФ ПАРФИГА БАҒИШЛАНГАН УЧ ШЕЪР

1
Сочилиб ётибди, гарчанд, йироқда
Пистони чақилган ғамлар уюми;
Гарчанд биз бахтлимиз сўлим қирғоқда,
Ортдадир ташналик, саҳро самуми
Ва лекин янгилар дардни эски май,
Ёдларни ҳар лаҳза туртиб уйғотар:
Йиллар эзиб ўтди сира сесканмай,
Орзу майдонида жасадлар ётар…

2

Ўзимизни англаб-англамай,
Сукунатдан пайдо бўламиз.
Ўзимизни англаб-англамай,
Суронларга шайдо бўламиз.

Бўрон бўлиб, ҳайқириқ бўлиб,
Умримизни олға қистаймиз;
Бургутмасмиз, орзуга тўлиб,
Лекин нечун парвоз истаймиз?

Бу саволга топмасдан жавоб
Сукунатга сингамиз бир кун.
Бизсиз чиқар ой билан офтоб,
Бизсиз яшар ким шод, ким нигун.

Гоҳ авлодлар чорлашларига
Бир зум қулоқ тутмоқлик учун,
Юлдузларнинг порлашларига
Сўзсиз қўшиқ битмоқлик учун

Сукунатдан учиб чиқамиз
Оқ тулпорда, оппоқ кийиниб.
Армонларни қучиб чиқамиз
Маъюс кулиб, маъюс куюниб.

Бамисоли лайлатулқадр,
Ярим тунда оқиб ўтамиз;
Биз – бесабр, уфқ – бесабр:
Оппоқ тонгга сингиб кетамиз…

3

      Уфқ. Уфқ. Уф=ф!
                                        Рауф Парфи

Мен сени соғиниб чақирдим,
Дўстим Рауфжон: «Рауф!»
Жавоб бермади ҳеч ким.
Жим. Жим. Жим.
Ўз юкидан ўзи эгилган боғлар,
Шамолсоз,
чапакбоз япроқлар –
Жим.

Иккинчи бор чақирдим,
Дўстим Рауфжон: «Рауф!»
Жавоб бермади ҳеч ким.
Жим. Жим. Жим.
Умрларни эзган чўян чаноқлар,
Тупроққа беланган ёш=ёш чақмоқлар –
Жим.

Учинчи бор чақирдим,
Дўстим Рауфжон: «Рауф!»
Жавоб бермади ҳеч ким.
Жим. Жим. Жим.
Дарёсидан адашган баланд қирғоқлар,
Кеча булбулман деган бугунги зоғлар –
Жим.

Сўнгги бора чақирдим,
Дўстим Рауфжон: «Рауф=ф=ф!»
Шунда лов этди уфқ,
ўчди чироқлар
Жавоб берди бир силкиниб
Булутбош тоғлар:

«Ҳа! Уф! Ҳа=а! Уф=ф!»
Рауф?!
(Сен тоғмидинг, дўстим, кечир, билмабман!)
«Ҳа! Уф! Ҳа=а! Уф=ф!
Уф=ф=ф!»

Абдулла ШЕР

***

Сўнг

Қуёшда ялтирар яшил япроқлар,
Тебранса, узилса мени дард бўйлар.
Севилган боғларда бўлмас титроқлар,
Уларни яшнатар шеър, қўшиқ, куйлар.

Бу виждон, бу имкон, юрак жаранги,
Ер ости, ер усти имдод сўрайди,
Учинар бир шеърхон келган оҳангдан:
Шоирки, қушларга сабоқ берарди…

Кўнгил кошонасин қуёши чиқар,
Ва ботар, овутар шоир умрини.
Сўзга айлангани ашъор, китоблар,
Китоб ҳам эслатар кўнгил тўрини.

Бу сеҳр, зиёни кеч билса нетар
Тунда дарахт бўйлаб чиққан чумоли.
Неки кўкни кўзлар, шавқу ғарқ ўтар,
Уни олиб чиққан бўлар хаёли…

Дарбадар шамоллар кезинар нечун,
Фаррош ҳам супурар шоир юрагин –
Япроқлар ҳар ерда юрак шаклинда,
Фаррошга юракнинг борми кераги?!

Турғун замонда ҳам мақсади ҲУРЛИК
Бўлган юрак меҳри ҳеч касни урмас.
Илло, униб чиқар мардлик, ботирлик,
Нур бўлмаса соя эргашиб юрмас…

У адаб оламин сўнмас қуёши
Ва бирдай ёритар тунни ҳам кунни.
Сирли оламлардан узоқ кетолмас
Қай меҳр тарк этса бу дангу дунни.

Қуёшда ялтирар яшил япроқлар,
Тебранса, узилса мени дард бўйлар.
Севилган боғларда бўлмас титроқлар,
Уларни яшнатар шеър, қўшиқ, куйлар.

Рауф Субҳон

***

АЙТИНГ, РАУФ ПАРФИ…

Ҳамма ёқ тўзиган.
Ҳамма ёқда куз.
Ўзгариб кетгандек оламнинг тарҳи.
Бир ҳис бор, ёришмас нечундир ул ҳис,
Не у, Рауф Парфи?
Айтинг, Рауф Парфи.
Мана, олис тонглар тобора яқин,
Мана, тунги намлар тобора бисёр.
Қаранг, Рауф Парфи, нечундир-нечун
Оғзимизда гўё қоннинг таъми бор.
Балки шафақ таъми,
Балки жон таъми…
Жилмайиб қўйдингиз балки хастаҳол.
Эврулар бетиним юлдузлар шамъи,
Овозларни олиб кетмоқда шамол.
Шомлар айвонни тарк этгимиз келмас.
Куз – олтин. Шоҳона хаёллар сурамиз.
Тушлар ёруғдир-у… лекин бир нафас
Ёришмас, ёришмас нимадир бир ҳис.
Балки ўтаётган умрдан малол.
Қақнусдай сезамиз ўлим шарпасин.
Бир учқун васваса, бир учқун хаёл,
Бир учқун муҳаббат…
Эҳтимол
Ичимизда бордир хўрланган одам,
Уфқимизни ботмас қуёшдай ёпар.
Ўша бўзлатарди балки Сизни ҳам.
Ёлғон бахтиёрлик уни юпатар.
Ғозлар шовқинидан чайқалар ҳаво.
Тераклар шилдирар.
Куз – байрам, кулар…
Нечун гоҳо, шоир, ул шов-шув аро
Ўлик чиққан уйнинг жимлиги келар…

Нодира Афоқова

Рауф Парфига…

Ташқарида қолдир қуёшни,
Бу кулбада ёлғиз қолайлик.
Қани бошга қўйгинчи бошни,
Кўзларни чирт юмиб «олайлик».

Муҳаббат не? Енгил изтироб,
Куйдиргувчи дардлардан сўзла.
Сенда алам дегани бисёр,
Ана, айтиб турибди кўзлар.

Йигирма йил кимга талпиндим?!
Танитиб бер Ҳакни шу фурсат.
Музларда исинтир калбимни,
Ёнғинли дарёларни кўрсат!

Жон беҳузур, руҳимиз сарсон –
Довулларга учраган кема.
Кетмакдамиз бу ҳолда қаён?
Ибтидо не? Интиҳо нима?»

Жон вақтинча қафасдаги қуш,
Руҳ – уюрин излаётган от.
Кўрган-билганларинг бари туш,
Ўлим ҳақда ўйлардир ҳаёт».

Жонтемир Жондор

***

Рауф Парфи хотирасига

Минг йилки, суронлар турар Туронда,
Минг йилки, судралар занжирбанд ҳурлик.
Минг йилки, орзулар гуллайди қонда,
Минг йилки, ҳурликдай туйилар хўрлик!

Минг йилки, дўмбира чалади руҳим,
Минг йилки, боғларда нолаваш — ҳаққуш!
Минг йилки, юлдузлар қизғанар чўғин,
Минг йилки, сесканар, уйғонолмас туш.

Минг йилки, шамоллар бўрондай кучли,
Минг йилки, тўфонлар қарши денгизга.
Минг йилки, тўлолмай ўртанар бўшлиқ,
Минг йилки, йўл йўқдир шўрлик илдизга.

Минг йилки, туфроқнинг бағри ўйилган,
Минг йилки, йиғлайди Ватан – ўйнаймиз.
Минг йилки, кўзларга миллар қуйилган,
Минг йилки, ҳатто бир инграб қўймаймиз.

Минг йилки, суронлар турар Туронда,
Минг йилки, ботирлар номига ўчмиз.
Минг йилки, келажак қизда-ўғлонда,
Минг йилки: “Бирлашсак биз катта кучмиз”.

Минг йилки, мақтансак ким ҳам тинглайди,
Минг йилки, чўққига чиқдик ҳам, тушдик.
Минг йилки, қалбимда бир куй инграйди,
Пусинар овчидан чўчиган қушдек.

Минг йилки, қабрлар гулга чулғанар,
Минг йилки, тик турар ул Соҳибқирон.
Минг йилки, ўликлар сим-сим тўлғонар,
Минг йилки, барҳаёт бир даъват – уйғон!

Минг йилки, суронлар турар Туронда…

Баҳодир БАҲРОМ

***

АРМОН

Ким билсин,
нималар кечар кўнгилдан?..
Ким билсин,
эртага киммиз, нимамиз?..
Сукунат сувратин ҳис этиб дилдан,
келгин, дунёлардан кечиб кетамиз…
Уммонлар чайқалиб,
Шамол тинмаган,
дарёлар мавжланиб оққан заминда,
тунлар ой нурини қадрин билмаган,
ортиқча эканмиз, дунёи-дунга…
Келгил,
осойишта ҳисларинг билан…
Келгил,
дардларимга малҳамлар улаб.
Ахир юрагимнинг қулфи биттадир,
ахир биттадирман,
ёняпман, гурлаб…
Ким билсин,
самовий дуркун ҳисларим,
шу зайлда оқётган сирларим недир?..
Ортимдан йиғларми, шоир сўзларим?!
Йиғларми, шоирлик қилган шеърларим?..
Ким билсин,
эртага киммиз, нимамиз?..
Балки, дунёларни қучармиз эркам,
балки, коинотдан бонг берар бир Сўз,
балки, юлдузларга учамиз беғам…
Балки, ер остидан паноҳ топгаймиз…
Сенми, сочларимни силаган майин…
Сенми хотиримга ботган тиғларим…
Ким билсин, умр ҳам ўтгани сайин,
унутилиб кетар,
балки сўзларим…
Кундуз самоларни безаган қуёш,
ва боғлар бағрини салқинлатган ел,
бир лаҳза,
бир лаҳза кечагидай ёш,
мен қувиб етмаган,
капалакдай кел!

Орифжон Комил

***

Устоз Рауф Парфи хотирасига

Бир шоир яшади, кетмоқ истади,
Бизларга баланд бир минор қолдириб,
Ўзи гирдоб узра шўнғиди илкис.

Баланд эди минор, қулоч етмасди,
Қараган кўзларни ваҳма босарди,
Бош ҳам айланарди, агар бош бўлса.

Шоирнинг қўллари киссада бефарқ,
Ёмбилар, жавоҳир йўлга сочилган,
Лекин сўз ахтариб дайдиди шоир.

Умри шундай ўтди, қидирганини
Тополмай қийналди охир безиди,
Ўзини гирдобга улоқтирди у.

Хасни ҳам ютолмай қийналган гирдоб,
Шоирни бағрига олди бемалол,
Сир-асрор мужассам ожиз танани.

Дунёни ўзида жамлаган шоир
Индамай дунёдан кўзини юмди.

Рустам ЭМИН

***

Бу юрт бағри ғам-қайғу бори,
Кундузлари фарқ этмас тундан.
Бор эди бир дарвеш шоири,
Бугун қолди айрилиб ундан.

Етти қават ер борар захлаб,
Осмон тинмай тўкар ёшини.
Шоирини севган дарахтлар,
Яшар мангу эгиб бошини.

Дилга жойлаб Ватан ёдини,
Озодликнинг тимсоли сўнди.
Куйлармикан элнинг дардини
Бирор шоир унингдек энди.

Шоирлик касб эмас, қисматдир,
Дард, алам бор ҳар бир ҳарфида.
Самодаги турналар ҳатто,
Видо айтар Рауф Парфига!

Ҳасанбой Ғойиб

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting