(ҳикоя)

Муҳайё аллақачон хиёбонга келиб, у ердаги бир қатор қилиб жойлаштирилган ўриндиқлардан бирида ўтирарди. Қўлидаги малина ранг муқовали китобдан бошини кўтармас, уни берилиб мутолаа қилаётгани сезиларди. Четдан қараганда ҳолатидан теграсидаги одамларга мутлақо аҳамият бермай, борлиқни батамом ёдидан кўтарганини хулоса қилиш мумкин эди. У қора рангдаги кузги юбка ва унга мослашга уринган оқ кофта билан тўқ сариқ костьюмда бўлиб, сочларини кенг ёзиб, елкаси узра тушириб олганди. Чап қўлига тескари тақилган соат тасмаси кенглигидан китоб саҳифаларини варақлаганида билагида ўйнарди.

-Жуда ҳам хотиржамман-а?- деди менга кўзи тушгач, самимий руҳда саломлашиб.- Ҳеч хайрлашгани келган инсонга ўхшамайман.

-Безовта кўринасиз барибир,- дедим ёнидан жой олиб.

У қувлигини бой бериб, бирдан жиддий тортди. Ҳаё билан боқиб турган чиройли ва фусункор  тимқора кўзлари сўлғинлашди. Ингичка лабларини сал қимтиб олди. Нимадир дейишга чоғланди-ю, дам ўтмай шаштидан қайтди. Лекин, дилидаги гаплари ўрнига бундай вазиятларда таомилга кўра шарт бўлган расмиятчиликни ўрнига қўйишни лозим топди.

-Келганингиз учун сиздан миннатдорман,- деди қўлидаги китобни ёпиб қўйиб.- Сиз билан хайрлашмасдан кета олмасдим. Яна…нима десам экан…Сизга айтадиган гапларим бор эди.

Уни, англашимча, нимадир қийнарди. Тахминан беш-ўн дақиқадан буён ана шу қийноқдан халос бўлиш мақсадида сўзлаш учун тараддудланар, аммо иккиланишлардан холи бўлмаган бу тараддуди бир пасда хижолатпазлик ва андишага қоришиб кетар, натижада журъати етиб-етмай ортга чекинарди. Шунга қарамай,  фурсат ўтиб, у ўзида қатъият ва куч топа билди.

-Уйимизга илк келган кунингизни эслайсизми?- деди атрофимизда айланиб юрган кучукни бир ишора билан олдига чорлаб, унинг бошини бўйни аралаш силаркан.-Ўшанда сизни хушламагандим ва очиқдан очиқ кактусга ўхшатгандим, чунки наздимда икковларинг бир хил эдиларинг. Ўзингизни тутишингиз бошқача эди. Димоғдорлик билан мени кўздан кечириб, аниқ руҳий хаста ҳисоблагандингиз. Кўзларингиздан маълум эди бу. Чунки жиннига қарагандек тикилгандингиз менга. Менга шу кўз ифодангиз ёқмаганди, совуққонлигингиз шундоқ  сезилганди. Бироқ, мен хаста эмасдим, шунчаки Шопенни атрофимдагилар тушунмаслигидан азият чекардим, холос. Сиз бўлса ўшанда меҳр кўрмаган қалбимни эмас, кесилган томирлари тикилиб, бинт билан ўраб ташланган билагимни кўргандингиз. Албатта, вақт ўтиб вазият ўзгарди ва ташқи қиёфангиз алдамчи эканини тушундим. Сиз мени ҳаётга қайтариш тугул энг яқин дўстимга айландингиз. Менга жилмайишни ўргатдингиз.

У шошилмай ва вазмин ҳолда сўзларкан, илк танишган пайтимизни хотирамда жонлантирдим. Одатда мижозларим билан хайр-хўшлашгач, уларни қачон ва қай ҳолда учратганимни эсламасдим. Ҳатто, уларнинг исмлари ёки ким эканликлари ҳам кўп ўтмай хотирамдан кўтариларди. Лекин, Муҳайёга илк бор йўлиққаним ҳамон эсимда. Бунга сабаб балки орадан ҳеч қанча вақт ўтмаганидадир. Ҳар қалай, у билан биринчи марта юзлашганимда апрелнинг ўрталари эди ва айни пайтда атрофда октябрь нафаси кезиб юрганини инобатга олсак, нари борса олти ой олдинги воқеалар хотирамдан бир нафасда ўчиб кетиши кулгули туюларди.

Ўшанда отаси офисимга бостириб келган ва мендан кечиктирмасдан, зудлик билан уйига бирга боришимни ёлвориб сўраганди. Эркин Исманович отамнинг эски танишларидан бири бўлгани учун уни ҳурмат қилар ва қадрлар, отамнинг вафотидан кейин у билан деярли кам кўришган бўлсак-да, имкон қилганимда қўнғироқлашиб, ҳол-аҳвол сўрашни канда қилмасдим. У ажойиб фармацевт, самимий ва кўнгли тоза инсон эди. 

Унинг авзойини ва абгор аҳволдалигини кўриб, бирга бормасам бўлмаслигига ақлим етди. Котибамга қачон қайтишим аниқмаслигини билдириб, унинг машинасига чиқдим. Машина икки қаватли уйнинг рўпарасига келиб тўхтаганида юрагимда дафъатан ғашлик уйғонди ва ихтиёримга зид равишда сиқилишни бошладим. Гўё бу ҳашаматли кошонада улкан ғурбат яшириниб ётгандек оёқ олишларим оғирлашиб ичкариладим. Эркин Исманович майда қадамлари ортидан мени эргаштириб, зиналардан тўғри иккинчи қаватга кўтарилди ва зинапоя ёнидаги хона олдида бўшашибгина тўхтади.

-Ёш дўстим,- деди у ортига ўгирилиб, қўлини елкамга оҳиста қўйганича нафасини ростлаб.- Эски танишлигимиз ҳаққи ҳурмати  ҳозир бу ерда кўрадиган ва эшитадиганларингиз ўртамизда қолсин. Буни сиздан ялиниб-ёлвориб сўрайман. Мени доим отангиздек кўргансиз гарчи аввало хорижда таҳсил олганингиз, кейин эса оғайнимнинг қазосидан сўнг сиз билан кам дийдорлашган бўлсак ҳам. Бир кунда сочлари оқарган, белидан мадори кетган ва қаршингизда чорасиз аҳволда турган отанинг бу ўтинчини ҳисобга оларсиз, деган умиддаман.

У гапини давом эттиролмай, бўғзига нимадир тиқилиб, ногаҳон кўзларида ёш қалқиди.

-Бир ҳафта илгари қизим билагидаги томирларини кесиб юборди,- деди нам кўзларини дастрўмоли билан артиб, эшикка елкаси билан суянаркан.-Худойим бир қайтиб берди уни. Агар вақтида билмаганимизда ёки ўша пайти уйда ҳеч ким бўлмаганида…нима бўларди-а? Тўғриси, қўрқиб кетаман кечикканимизда нима бўлишини ўйласам.

У ўзини қўлга олиб, эшик дастасини ушлади ва уни очишга чоғланди. Бироқ, яна қўйиб юборди ва менга толиққан нигоҳини қадади.

-Сизга мен ҳам, қизим ҳам муҳтожмиз. Тўғрироғи, руҳшуносга. Бегона руҳшунос гапни ташқарига олиб чиқади. Сиз ўзимизникисиз. Уни кўриб, текшириб ва суҳбатлашиб, аслида нима бўлганини ойдинлаштириб берсангиз. Бунга қанча вақт ёки маблағ кетса ҳам майли. Ҳаммасига тайёрман.

Мен бежизга юрагим ғашланмаганига амин бўлиб, унинг ортидан хонага кирдим. Хона унчалик катта эмасди. Оёқ остига иккита бир хил ўлчамдаги юмшоқ Бельгия гилами тўшалиб, деразаларига деворларга ёпиштирилган гулқоғозларга мос равишда туркча услубдаги сутранг пардалар тортилган, токчасига бир хил ҳажмдаги тувакларда турфа хил гуллар терилган, шифтдаги иккита қимматбаҳо қандилдан таралаётган ёруғлик кўзни қамаштирарди. Хона тўғрисида( менимча қарағайдан тайёрланган) каттакон ойнаванд китоб жавони бўлиб, унинг ичи хилма-хил китобларга лиқ тўла эди. Ўнг томонидаги деворга четлари зарҳал рамкаларда ўнтача портретлар осилганди. Уларга кўзи тушган одам мусиқадан оз-моз хабари бўлса, портретлар машҳур бастакорларники эканини дарҳол фаҳмларди. Чап томонида  ёзув столи ва қизил фортепьяно ёнма-ён жойлаштирилган бўлиб, фортепьяно қаршисидаги стулда бошини оқ-қора клавишлар устига қўйиб олган қиз рўпарасида турган партитурани қўллари билан ғижимлаб ушлаб олганча клавишлар устига бетиним урарди.

Хонага кирганимизни сезиб, у шоша-пиша бошини кўтарди ва чуқур нафас олганча бизга пича энсаси қотиб қараб турди. У йигирма-йигирма икки ёшлардаги, ўрта бўй, буғдойранг, латофатли ва истараси иссиқ, қора кўзларининг чиройи дарров кўзга ташланадиган  қиз бўлиб( чамаси, Эркин Исмановичнинг кенжа қизи эди), эгнидаги енгсиз кулранг кўйлагининг оҳори тўкилган, сочлари тўзғиб кетган, чап билаги тирсагидан бош бармоғига қадар оппоқ бинт билан ўраб ташланганди.

-Сизга неча марта айтишим керак, дада,- деди у дарғазаблигини яширмай ва лаблари титраб-титраб.- Мен жинни эмасман.

-Биламан қизим, биламан,- деди Эркин Исманович ўзини қўярга жой тополмай оёғи куйган товуқдек хонада у ёқдан бу ёққа бориб келаркан.- Шунчаки ёш дўстим билан бир суҳбатлашиб кўргин. Сени қийнаётган муаммонг ҳал бўлар балки. У кучли мутахассис.

-Мен жинни эмасман,- деди қизи яна қайтариб.- Агар ҳозироқ шу кактусдан фарқ қилмайдиган инсон билан хонамдан чиқиб кетмасангиз ўнг билагимдаги томирларимни ҳам кесиб ташлайман.

Унинг гапларидан Эркин Исмановичнинг кўзлари қинидан чиқиб кетар даражага келиб, юраги така-пука бўлиб кетди. Мен эса нафсониятимга тегилганини хазм этолмай ва ўйлашимча, қизнинг тантиқлигига тоқат қилолмай, эшикни бор кучим билан очдим-да, шартта ташқарига йўналдим. Кўчага чиққанимдагина отамнинг дўсти ортимдан етиб олди.

-Изоҳ шартмас,- дедим у тушунтирмоқчи бўлганди қўлим билан тўхтатиб ва ҳайдовчиси кутиб турган машинасига ўтиришдан олдим ташриф қоғозимни қўлига тутқаздим.- Бу ташриф қоғозим. Қачон керак бўлсам, офисим эшиклари сиз ва оилангиз учун доим очиқ. Айтганча, ҳижолат бўлманг. Қизингиз Муҳайёнинг мен ҳақимдаги хулосасидан сира ранжимадим.

Очиғи, ўттиз икки йиллик умрим давомида биринчи марта мени кактусга ўхшатишганди. Бу менга машинага ўтирганимда нашъа қилди, балки кучли таъсир ҳам ўтказди. Шундай бўлса-да, руҳшунослигимга бориб, тез муддатда ўзимни назорат қилиш хусусиятини тикладим ва пўртана ичига тушиб қолган қайиқни эслата бошлаган юрагимни ҳақоратланмаганимга ишонтирдим.

Фаолиятим давомида турли касб ва феъл-атвордаги мижозларим билан бундан беш баттар ҳолатларни  кўп марта бошдан кечирган, шунгадир балки кўникиб ҳам кетгандим. Негатив ҳолатлар билан рўпара бўлиш ва уларни бартараф этиш фаолиятимнинг ажралмас қисмига айланганди. Аммо, кактусга ўхшатилишим…Очиғи, йўлда Муҳайёнинг гапларини эслаб, беихтиёр бошимни чайқаб-чайқаб  кулиб юбордим.

Эртасига буюртма қилиб хонамга кактус олиб келтирдим ва унга чошгоҳ пайти узоқ вақт термулиб ўтирдим. Бундан мақсад у билан ўзимни икки томчи сувдек ўхшаш жиҳатларимни аниқлаш ва ўзимни унга муқояса қилиш орқали Муҳайёнинг хулосасида жон бор-йўқлигини текшириш эди. Шу пайт бир даста ҳужжат кўтариб, котибам хонамга кириб келди.

-Бир қиз сизни сўраб келди,- деди у тегишли ҳужжатларга имзо чекаётганимда.-Қабулингизга ёзилмаган лекин. Нима қилай, киритайми йўқми?

 Мен “киритинг” дегандек бошимни ирғаб, кресломга қулайроқ ўрнашиб олдим. Кўп ўтмай, кутилмаганда Муҳайё бўсағада пайдо бўлди. Мазкур кутилмаган учрашув олдинда турган яхшиликдан бир нишона эканини башорат қилиб, унга астойдил пешвоз чиқдим.

-Мен ростдан руҳий хаста эмасман,- деди Муҳайё ўтиришга таклиф қилсам-да, хонада тик турганча кўзларини мендан узмай.

-Буни кеча ҳам айтдингиз,- дедим уни тинчлантириб.- Менимча, шу кифоя қилади. Ҳадеб такрорлашингиз шарт эмас.

Ташқарида ёмғир ёғаётгани учун унинг юзи ва одмигина қилиб турмакланган сочлари ҳўл кўринар( соябонсиз кўчага чиққан шекилли), жисмига ярашган пушти кўйлаги ҳам анча намиққанди. У хонанинг ичида тортиниб ва бегонасираганча турар, аммо ўзини нотабиий ва йигитларга хос бўлган шахдидан иродасини беҳудага тоблаш ташвишини чекаётган одамлардек тутарди.

-Хонангизда бастакорларнинг портретлари кўп экан,- дедим кресломга қайтиб ўтиргач унга томдан тараша тушгандек.- Рости, уларнинг барчасини бир зумда танидим. Фақат биттасидан ташқари. Ўртада турганди-ку… кўзойнакли, сочлари жингалак…

-Шуберт,- деди у бир сония ҳам ўйланмай.- Франц Шуберт. Австриялик бастакор. Асосан фортепьянода ижро этиладиган қўшиқлар ва концертлар басталаган. Бетховен ва Моцартнинг замондоши бўлган.

-Эсладим,- дедим “Эврика” деб бақирган Архимедга ўхшаб ёш боладек қийқириб.- “Ave Maria” ни ёзган.

У “буни қаердан биласиз”дегандек аввалига менга ғалати қаради. Бир пас ўтиб, юзи ёришиб кетди ва бошини ирғаб буни тасдиқлади.

-Моцартни Сальери заҳарлаганига-чи, ишонасизми?- давом этдим гўё ҳеч нарса бўлмагандек суҳбат мавзусини бошқа бастакорга буриб.

-Ишонмайман,- деди у сумкасини ёнига қўйиб, қўлларини бир-бирига ишқаларкан.- Саёқ юришни хуш кўриши ва дайдиларга хос бўлган турмуш тарзи Моцартнинг умри эрта хазон бўлишига сабаб бўлган. Тўғри, у ва Сальери рақобат қилишган. Аммо, “Дон Жуан” операсидан сўнг маэстро Сальери мағлуб бўлганини тан олган. Моцартни у заҳарламаган. Яна билмадим. Ҳар ҳолда, менга шундай туюлади.

У ногоҳ жонланиб кетди ва Моцарт ҳақида, орада Сальерини ҳам тилга олиб, кўп маълумотларни келтирди. У гапиргани сари очилиб борар, бояги тортинчоқлигидан асар ҳам қолмаган, ўзини сувда юрган балиқдек ҳис қилиб, эмин-эркин ва гўё нафас олмай сўзларди. Суҳбат ўртасида котибам дамлаб келтирган қаҳвадан ичишга уни таклиф қилдим. У финжонидаги қаҳвага фақат лабининг четини теккизиб қўйиб, уни совутганча сўзлашда давом этди.

-Моцарт ҳақида Бетховеннинг ҳам гапи бор: эрта келган шуҳрат умрни қисқартиради. Моцарт беш ёшидаёқ ўз юртида машҳурликка эришганди. Ўсмирлик остонасида ва ёшлик йиллари бутун дунё унинг борлигидан хабардор эди ва уни даҳо мусиқачи сифатида биларди. Истеъдоднинг юки оғир бўлади. У шу юкни кўтаролмаган. Шунинг учун эрта кунда ўлиб кетган. Бор-йўғи ўттиз олти йил яшаган, холос.

-Бетховен эса салкам олтмиш йил яшаган,-дедим адашмадимми деган ўйдан бир оз ташвишланиб.

-Эллик етти йил,-деди у аниқликни хуш кўришига урғу бериб.- 1827 йилда Венада вафот этган. Бир ўзи, яқинларисиз Яратганга омонатини топширган.

-Сизга кўпроқ ким ёқади, Моцартми ё Бетховен?-сўрадим ундан.

-Шопен,- деди у хўрсиниб.-Моцартнинг асосан опералари, Бетховеннинг симфониялари ёқади. Лекин, мукаммал бастакор сифатида Шопен кўпроқ ёқади.Унинг барча ижодий меросини қадрлайман. Ноктюрнлари ҳам, прелюдиялари ҳам, вальслари ҳам кўнглимга яқин. У ҳам қисқа умр кўрган. Ўттиз тўққиз йил. Силга чалиниб вафот этган. Парижда жон бераётиб, Варшавада қолган онасини эслаган. Бечора онам, деб жон берган.

Суҳбатимиз то қабулимга ёзилган мижозлардан бири келгунча чўзилди. Котибам бу ҳақда огоҳлантиргач, Муҳайё кетишга шайланди.

-Вақтингизни олганим учун маъзур тутасиз,- деди у сумкасини қўлига оларкан.- Шунчаки кечаги тушунмовчиликдан сўнг келмасам бўлмасди. Айтганча, доимий қабулингизга ёзилсам бўладими?

-Албатта, бўлади,-дедим унга эшикни очиб бераётиб.- Котибамга айтсангиз, якшанбадан ташқари сизга маъқул кун ва соатга исми-шарифингизни қайд этиб қўяди.

У миннатдорчилик билдириб, яхши кайфиятда хонамдан чиқиб кетди. У кетгач анча ишладим. Ишларим якунланиб, девордаги соат бешдан ўтганини кўрсатганида  столим устидаги телефон аппарати жиринглади. Гўшакни кўтарсам- Эркин Исмановичнинг овози.

-Ёш дўстим,- деди у ҳаяжонланиб ва ташаккур айта кетди.- Сизга мингдан минг раҳмат. Бу ёрдамингизни ҳечам унутмайман. Қизим уйга табассум билан кириб келди бугун. Эрталаб ташриф қоғозингизни олиб, тунд ҳолда чиқиб кетганида хавотир олгандим. Йўқ, барчаси бахайр бўлди. Ҳозир у тинмай фортепьяносида куй ижро этяпти. Одатда кайфияти кўтаринки бўлган лаҳзаларда у шундай қилади. Аллоҳ рози бўлсин сиздан!

Шу-шу Муҳайё олдимга ҳафтада уч кун- сешанба, пайшанба ва шанба кунлари, асосан тушликдан сўнг келишни одат қилди. Кўпинча эртароқ келар, қабулхонада уни қабул қилишимни кутиб ўтирар, олдимга киргач эса кўп ҳолларда у гапирар, мен тинглардим.

-Кеча фортепьянода роса куй чалдим,- дерди шу ташрифлари чоғида бот-бот жилмайиб ва кўтаринки кафиятини очиқдан очиқ ошкор қилиб.- Шопеннинг прелюдияларидан тортиб Бетховеннинг сонатасигача. Қўлим анча чиққан экан. Машқ қилмаса шунақа бўлади-да. Қўл чиқиб қолади. Энди анча келиштириб олдим.

-Ишонасизми,- дерди ёки ўқитувчиси берган вазифани дўндириб бажарган ўқувчидек.- Китоб мутолаасига ҳам қайтдим. Бастакорларнинг ҳаёти ҳақидаги китобларни бирма-бир ўқий бошладим. Мутолаа менга доим таскин берган. Битта гап бор-ку. Нимайди…ҳа, эсладим: “Мутолаадан узоқлашганим сари Аллоҳ мени одамлар билан жазолади”, деган. Мутолаа сеҳрли куч худди мусиқадек. Энди ўзимни у қадар ёлғиз ва кўмаксиз сезмаяпман. 

Мен бир соатга мўлжалланган қабулимда унга маслаҳат бериш ёки руҳий ҳолати таҳлилининг баёнидан кўра юқорида таъкидлаганимдек уни тинглаш билан чекланардим. У худди яқинда тили чиққан гўдакдек севиниб, ўз истаклари ва қилган ишларини сўз ила баён қиларди. Мумтоз мусиқа ва мутолаа унинг учун севимли мавзу эди. Чоғимда узоқ вақт давомида шу мавзуда суҳбатлашадиган инсони йўқ бўлгани уни азоблаб келган ва руҳиятида кемтиклар ҳосил қилиб, уни руҳий ўрага михлаб қўйганди. Мени мумтоз мусиқадан етарлича хабарим бўлгани учун ҳам буларни менга гапирар, шу туришида кўчадаги бирор бир инсонга, ҳатто ота-онасига ҳам ичидаги бу гапларни айни пайтда юрак ютиб гапиришига ишонмасдим.

Ёзнинг илк кунларида  олдимга келганида у қаршимда уялиброқ ўтирди. Оғзига толқон солгандек жим, боз устига эркакларники каби фасондаги енги калта оппоқ кўйлагининг тугмаларини ўйнаб, анча вақтгача бирор оғиз сўз демади. Мен ҳам ўзи гап бошлар деб сукут сақладим. Вақт ўтиб, нима гап экан деб, хавотир ола бошладим.

-“Фауст” операсига учта чипта олгандим,- деди у ниҳоят тилга кириб.-Бугун премьераси. Кеннойим билан биргаликда менга ҳамроҳлик қила оласизми?

-Мен ҳамроҳлик қила оламан,-дедим гап буёқда экан-да деб мийиғимда кулиб.-Лекин, кеннойингиз бормаса керак. Уни опералардан кўра кулинария зиёдроқ қизиқтиради.

У билан ўша оқшом Гунонинг машҳур операси премьерасига бордик. Театрнинг олдинги қаторларида ўтириб, операни кузатдик. Мазкур опера азалдан менга чўзилиб кетгандек ва оғирдек туюларди. Бу шахсий фикримда жон борлигини мендан кўра мусиқани яхшироқ тушунадиган  Муҳайё ҳам тасдиқлади.

-Умуман олганда “Фауст” операсида камчиликлар ҳам, ҳайратланарли жиҳатлар ҳам кўп,- деди у саҳнадан кўзини узмай.- Бу операда ҳиссиёт эмас, тафаккур устун. Декорациялар эса ақлни шоширади.

-Опера комедик ва трагик бўларди. Бу қайси бирига тушади?

-Умуман ҳеч бирига. Бу кўпроқ драматик опера. Албатта, бундай опера йўқ, бу ном мени кашфиётим.

У шу гапларни айтгач, лабларига ним табассум дўнди.

-Мен кўпроқ Моцарт, Россини, Верди ва Чайковский операларини видеоёзувини кўраман. Асосан, “Метрополитен” ва “Ла Скала” театрларида саҳналаштирилганларини. Россини кўпроқ комедик опералар ёзган. “Севильялик сартарош”и  ажойиб. Моцарт эса трагик опералар. “Дон Жуан”и кучли ёзилган. Умуман итальянларга комедик опера, немисларга трагик опера хос. Чайковский эса худди Гуно ёки Камиль Сен-Санс каби французлардек драматик талқинга уста. Уни “Пиковая дама” си мисол бунга.

Операнинг эртаси куни у қабулимга келмади. Фақат кечқурун қўл телефонимга қўнғироқ қилди.

-Индинга туғилган куним эди. Унга сизни ва кеннойимни таклиф қилмоқчидим,- деди гўшакни кўтарганимда қабулга келолмагани сабабини айтиб.

-Ие, шунақами?-дедим негадир таклифидан бошим осмонга етиб ва унга миннатдорчилик билдирдим.-Раҳмат. Албатта, борамиз.

Кечки зиёфатга хотиним билан борганимда ҳовлида куймаланиб юрган Эркин Исманович бизни кутиб олди. У қандайдир бир ярим ой ичида анча ўзгарган, таъбир жоиз саналса, энди чўкиб кетаётган эмас, ер устида дадил оёғини босиб турган одамга ўхшарди.

-Ёш дўстим,- деди қучоғини очиб, мени таппа бағрига босаркан.- Хуш келибсиз. Сиз ҳам қизим.

Унинг ортидан бинафшаранг кўйлак кийиб олган Муҳайё югуриб чиқди ва мендан олдин хотиним билан қуюқ кўриша кетди ва унинг қўлтиғидан тутиб, менга ўпкаланиб ўгирилди.

-Кеннойи, тунов куни “Фауст” операсига учта чипта олгандим. Бу кишим кеннойингиз операга қизиқмайди, бормайди, деб сизнинг номингизда гапириб юбордилар.

-Рост айтибдилар,- деди хотиним кулганча у билан меҳмонхонага кираркан.- Опера эмас, спектакль бўлса бошқа гап. Борардим. Операда юрагим тарс ёрилиб кетади.

Туғилган кун тор доирада ташкил қилинган бўлиб, кўпроқ кечки овқатни эсга соларди.Унга таклиф этилган меҳмонлар кўп эмасди. Мен ва хотиним, Муҳайё дугонам деб таништирган оқ-сариқдан келган қиз ва унинг инглиз тили устози бўлган ўрта яшар  аёлдан бошқалар Эркин Исмановичнинг ўз оиласи эди. Стол атрофига барча жамулжам бўлганида, менга хотиним ва Эркин Исмановичнинг аёли ўртасидан жой тегди. Муҳайё рўпарамга жойлашди ва анчагача хотиним иккимиздан кўзини узмай ўтирди. Столга навбати билан биринчи ва иккинчи таом, сўнгра десерт тортилиб бўлгач, аёллар гурунги қизиб кетди. Стол атрофидагилар орасида эркаклардан Эркин Исманович иккимиз холос эдик, шунга аёлларни ўз ҳолларига қолдириб, унинг кабинетига йўл олдик.

-Сиздан бир нарса сўрамоқчидим,- деди Эркин Исманович дастрўмоли билан терлаб кетган пешонасини артиб.- Менга айта оласизми энди…яъни, орадан бир ярим ой ўтди мана. Муҳайёда мисли кўрилмаган ўзгаришлар бўлди. У жилмайишни бошлади. Юзига қон югурди. Ҳаётдан завқ олиб яшашни йўлга қўйди. Бу бешак қувонарли. Худога шукр дейман бунга…Беадад шукр…Менга айта оласизми энди деганим…билмоқни истайман…яъни…қизимни… ўз жонига қасд қилишига, суицидга нима сабаб бўлган?

-Қизингиз соппа-соғ,- дедим у таклиф қилган креслога ўтириб, меҳмонхонадан таглигига қўшиб кўтариб чиққан финжонимдаги қаҳвадан ҳўпларканман.- У буни аламзадаликдан қилган назаримда.

Эркин Исманович менга ишонқирамай қаради. Бўйинбоғини бўшатиб олиб, худди мендек қаҳвасидан бир-икки ҳўплади.

-Қанақасига бундай бўлишим мумкин? Ахир, мен уни болалигидан бирор нарсага зориқтирмай катта қилган бўлсам. Болалигидан айтгани айтган, дегани деган эди. Истаган нарсасини ҳозир-у нозир қилардим. Нафақат уни балки уччала қизимни ҳам. Унинг истакларига ҳатто опалариникидан кўра ҳам кўпроқ қулоқ тутганман. Азбаройи тушунмадим шунга гапингизни.

-Эркин Исманович,- дедим мен ҳам бўйинбоғимни бўшатиб олиб.-Муҳайё билан охирги марта қачон дилдан суҳбатлашгансиз?

У афсуски, буни эслолмади. Фаромуш ҳолда шунчаки елкасини қисди.

-Ота-оналар фарзандларига кўпинча моддий шароитлар яратиш билан овора бўлиб, ўзлари билмаган ҳолда меҳрларини қизғонишади. Аслида фарзандлар улардан биринчи галда меҳр кутишади. Қорни тўқ ва усти бут бўлиб, меҳрсиз яшаш қорни оч ва усти бут бўлмай, лекин меҳр билан яшашдан ёмонроқ ҳамда салбийроқ оқибатларга олиб келади.

Сизга лўнда қилиб, очиғини айтаман. Мен Муҳайёни даволамадим. Сизга ёлғон гапиришимдан нима наф? На замонавий, на классик психология ютуқларини ишга солдим, на коррекциялаш ёки бало-баттар услублардан фойлаландим. Телба Фрейд, мижғов Юнг ёки лўттивоз Карнегилардан ўқиб-ўрганларимни ҳам бир ҳовучини-да ишлатмадим. Муҳайё жароҳатланган қалбини ва издан чиққан руҳиятини ўзи даволади, десак тўғри бўлар. У бор-йўғи кучли стрессда бўлган. Ёлғизлик…Мана унинг бош муаммоси. У руҳан ёлғиз.

У мумтоз мусиқага жуда ҳам қизиқади. Мусиқа ҳаётининг мазмунига айланган. Болалигидан мусиқа мактабига қатнаган экан. Сиз фортепьяно олиб берганингизда хурсандчилигидан бир ой терисига сиғмай юрган, отам менга ниҳоят эътибор берди деб. Аммо шундан бошлаб сизни ўзига бегонадек кўра бошлаган. Тўғри, уни бирор нарсага зориқтирмагансиз, консерваториядаги ўқиши контрактини тўлагансиз, инглиз ва турк тилларини ўрганиши учун унга шароит яратиб бергансиз. Лекин, ўрталарингда доим тўсиқ бўлган. Ҳатто, онаси билан ўртасида ҳам. У ўзи қисматига айлантирган мусиқа борасидаги тажрибаларини, ҳис- туйғуларини, орзуларини ким биландир бўлишгиси келган. Янги куйни ижро этишни машқ қилаётганида уни кимдир кузатишини, бу қувончни, қолаверса ютуқларини ким биландир бўлишишни истаган. Шопен ёки Бетховен ҳақида тирик жон билан соатлаб суҳбатлашиш илинжида яшаган.У консерваторияда икки марта, шаҳар маданият саройида уч марта яккахон концерт берган. Эсланг-чи, бирортасига сиз ёки аёлингиз борганмисизлар? Жилла қурса, катта қизларингиз боришганми? У ўша ерларда ҳам ўзини яқин инсонлари томонидан эътиборсиз қолдирилгандек ва курраи заминда бир ўзи қолгандек ҳис қилган.

Унинг диди ва кўнгли нозик, руҳиятида таъсирчанлик устун, қолаверса интроверт одамлар тоифасидан. Табиатида меланхолик темпераменти устун. Камгап, ҳаммагаям ичидагиларни айтавермайди. Ичимдаги топ дейдиганлардан.  Аммо “ўз одами” билан яхши чиқишади, очилиб-сочилиб, дилдан суҳбатлашади. Қисқаси, у меҳр танқислиги ва ёлғизликдан азият чеккан. Бу депрессия унда бирданига етилмаган, йиллар давомида шаклланиб келган ва ўша куни бирдан портлаган.

Эркин Исмановичнинг кўзларидан ёш чиқиб кетди.

-Тўғри айтасиз. Мен қўл остимдаги ходимларимни бирор бир янги дори кашфиёти борасидаги ахборотларини қизимнинг гапларидан кўра кўпроқ тинглаганман. Янги дори кашф қилиш ва уни сотиб фойда олишдан мазмунлироқ нарса бўлмаган мен учун. Бу борада ҳақсиз. Аёлим эса узоқ йиллар давомида кунига йигирма тўрт соат ўзи ишлайдиган университетида олиб бораётган тадқиқотлари ҳақида,  жадидлар тарихи бўйича монографияси ҳақида ўйлаган. Катта қизларим тадбиркорликларидан бўшашмаган.

Туғилган кундан икки кун ўтиб, қабулимга келган Муҳайёга иккита чипта кўрсатдим.

-“Оққуш кўли” балетига чипта.

-Балетга қизиқасиз деб ўйламагандим,- деди у алланечук маъюс тортиб.

-Чайковскийнинг шу балети ажойиб.

-Машҳурроқ десангиз мақсадга мувофиқ. Ундан яхши балетлар кўп жаҳон мусиқаси тарихида.

Бу сафар театрда одам кўп эмасди. Биз жойлашган ўриндиқлар атрофида икки ё уч киши, шунда ҳам ёши катта одамлар жой эгаллашганди. Балет бошланганида мен қизиқиш билан уни томоша қилишни бошладим. Муҳайё негадир бепарвороқ кўринди. Уни бошқа пайтлари саҳнадан узилмайдиган шаҳло кўзлари ер чизиб ўтирарди.

-Кеннойим билан қандай танишгансизлар?- деди у тўсатдан.- Айтиб беринг илтимос.

Мен бу саволдан сал ўнғайсизландим. Шахсий ҳаётим борасида шу пайтгача бировга бир луқма сўз айтмаганим боис унинг бу саволи менда ноқулайлик туғдирди.

-Ҳозир шу муҳимми?- дедим унга танбеҳ бериб.

-Майли, ихтиёрингиз,- деди у ва гўё ўлгани кунидан балетни менга қўшилиб томоша қилишни бошлади.

-Чайковскийни ўз пайтида Римский-Корсаков бошчилигидаги бошқа рус бастакорлари сиғдиришмаган дейишади. Шу гап ростми?

-Қора қарғалар ичидаги оқ қарға кимга ҳам ёқарди?- деди у саволимга савол билан жавоб бериб.

У ростдан бугун бошқача эди. Сал тажангроқ кўринар, негадир бир гап кам, икки гап ортиқчадек. Унга савол беришга ҳам охири иккиланиб қолдим. Орага узоқ сукунат тушди.

-Ўша куни кеннойим билан анча гаплашдим,- деди у бир пайт сукунатни бузиб.- Сиз дадам билан  хонасига кириб кетганингизда уларнинг суҳбатларини олдим. Жудаям камтар ва самимий аёл эканлар. Бир кунда опамдек қадрдонимга айланиб қолдилар. Яна…яна сизни жудаям қаттиқ яхши кўрарканлар. Гап-сўзларидан сездим буни.

-Балетга эътиборингизни қаратинг,- дедим яна танбеҳ оҳангида.

-Ёш бола эмасман,-деди у норози бўлиб.-Ҳадеб танбеҳ бераверманг.    

Театрдан чиққанимизда кўчада майин шаббода эсар, ёз оқшомларига хос бўлган илиқлик ҳар ерда кезиб юрарди. Муҳайё отасининг ҳайдовчиси кутиб ўтирган машина олдигача гапирмай борди.

-Кеннойимни эҳтиёт қилинг,-деди у ерда тўсатдан.

-Уйга боргач яхшиси  “Оқ қуш кўли”ни Большой театр саҳналаштирган вариантининг видео ёзувини кўраман.

-Мен тоғдан келсам, сиз боғдан келишингизни қаранг. 

У “ё тавба ” дегандек бошини чайқаб қўйди. Машинага ўтиришга шошилмади. Эсаётган шаббода эпкинига юзини тутиб, кўзларини юмиб олди. Шаббода унинг сочларини, тиззасини очиб турган қора ҳарир кўйлагининг этакларини ҳилпирата бошлади.

-Баъзида қисқа лаҳзаларни чўзилишини истайди кўнгил,- деди бир маҳал энтикиш, лекин пича андуҳ билан.- Аммо, бу шунчаки хом-хаёл. Чунки у фақат қисқа лаҳзалар учунгина кечикмаганини яхши билади.

Ўша кундан бошлаб негадир у қабулимга келмай қўйди. Эҳтимол, бунга зарурат ҳам қолмаганди. У энди ўзгарган, курашувчанлик ва орзуларига эришиш йўлида собитқадамликни, ҳаётга чанқоқлиг-у яшашдан завқ олиш иммунитетини ўзида шакллантириб бўлганди. Аммо, мен уни кутардим. Ҳафтанинг сешанба, пайшанба ва шанба кунлари белгиланган вақтда у хонамга кириб келишини, суҳбат қуришимизни, у ёки мен чўнтагимиздан тантанали равишда чипта чиқаришимизни тасаввур қилардим. Аксига олиб, бу рўй бермас ва мен бошқа мижозларим билан андармон бўлиб, вақтнинг ўтганини деярли ҳис қилмасдим. Шундай пайтларда ишим кўплигидан столим устидаги телефон аппарати ҳам ёдимдан кўтарилар, у ёдимга тушганида  Муҳайёга қўнғироқ қилишни истар, рақамини теришни бошлагач эса ниятимдан қайтардим. Охири бир куни қўнғироқ қилдим.

-Худойимнинг ўзи ноёб истеъдод билан сийлаган устозим билан фортепьяно ва скрипка учун мўлжалланган янги концерт устида ишлаяпмиз,- деди у овозига хушнудлик унсурларини сингдириб ва гўшакни қўймай чамаси кимгадир гапирди:- Ирина Михайловна, сыграйте что нибудь, прошу вас.

Фортепьянодан янграган овоз хонани тутиб кетди ва гўшакдан менга аниқ эшитилди.

-Энди ишонч ҳосил қилдингизми?- деди Муҳайё худди мен шубҳа қилгандек.- Шу кунларда жуда ҳам бандман.

Шу билан ёз охирлаётганда у ҳақда иккинчи марта дарак топдим. Эркин Исманович офисимга ходимлари учун психологик тренинг ўтказишни маслаҳатлашгани келганида Муҳайё ҳақида сўрадим.

-Асти гапирманг,- деди у кулиб.- У ишга боши билан шўнғиб кетган. Кунда фортпеьяно қаршисида. Овқатлангани ҳам зўрға тушади емакхонага. Кўчага кам чиқади. Боз устига Берлиндаги консерваторияда ўқиш учун имтиҳон топширгани тайёрланяпти. Мусиқа ва инглиз тилидан иборат  бўлиб қолди унинг кундалик ҳаёти.

…Октябрь қуёши ўзининг илиқ нурлари билан юзимни силаб-сийпалаётганини ҳис қиларканман, дарахтларнинг сарғайган баргларига боқдим ва ҳадемай улар ҳам тўкилади, оёқ ости хазонга тўлиб кетади, деган хаёлга бордим. Димоғимга ҳадемай уларнинг ачқимтир ҳиди урилишини ва бу ҳиддан кўнглим беҳузур бўлиб, кўчага чиқишдан безиллаб қолишимни ўйлагандим ўзимни тўкилиб кетадигандек, жудаям мўрт сездим.

Муҳайё сўзлашдан аллақачон тўхтаган ва нозик бармоқлари билан ҳамон кучукнинг бўйнини силарди. Кўп ўтмай, кучук зерикди шекилли, ундан нари кетди. Муҳайё унинг ортидан узоқ қараб қолди. Сўнг, бошини мен томонга бурди. 

-Хуллас, бугун тунда Берлинга учиб кетяпман,- давом этди Муҳайё бўёқ суртилмаган бўлса-да, алвон рангдаги лабларини одатига кўра тағин қимтиб .- Кеча сизга телефонда айтганимдек у ердаги консерваторияда ўқишимни давом эттираман. Грант ютиб олдим.

Уни кўрмаганимга деярли тўрт ой бўлганди. Кўринишидан руҳий ҳолати мустаҳкам. Аммо алланечук маҳзунлашиб қолганди. Ҳеч қандай шодлик юрагига сиғмай қолгани кўзларида зоҳир бўлган маъюсликдан аён эди.

-Нима ҳам дердим, табриклайман,- дедим унга чин дилдан.

-Табриклашингизга арзийди,- деди у хушламайгина миннатдорчилик билдириб.-Кетяпман олисга. Яқин икки йил ичида энди Берлинда яшайман. Ўқишимни тамомлагач, эгнимга магистрлик мантиясини кияман ва мусиқа илмида магистр бўламан. Ўзимни бутунлай мусиқага бағишлайман. Балки куйлар басталашни доимий йўлга қўярман. Бетховен аёллардан тузук-қуруқ бастакор чиқмайди деган бўлса-да, бир уриниб кўрмоқчиман. Уриниб кўрсам арзийди. Балки, бастакор эмас, маҳоратли пианиночи бўларман. Нью-Йоркдаги “Метрополитен” театрида концерт берсам дейман. Бу ушалмас орзум, лекин ҳаракат қилиб кўрмоқчиман.

 -Сиз буни уддалайсиз,- дедим уни кўнглини кўтариш учун.

-Бу тасалли беришнинг доимий ва эскирган усули. Жиним суймайди буни,- деди Муҳайё қовоқларини солганча.

-Хўп, гапирмадим унда,-дедим унга нима жин урди ўзи деган хаёлга чўмиб.

У ногоҳ хомуш алпозда кўзларимга тик боқди.

-Қачонлардир бир танишимдан эшитгандим. Одатда руҳшунослар ўз юракларини қабристонга ўхшатишаркан. Янги мижоз келганида у ерда янги қабр кавлашаркан. Ўша қабрни мижознинг дарду-ҳасратлари билан тўлдиришаркан ва даволаш курси якунига етгач, уни кўмиб юборишаркан. Сизда ҳам шундайми?

-Деярли шундай,- дедим унинг чиройли кўзларига мен ҳам тик боқиб.

-У ҳолда сиздан бир илтимос,- деди у уялдими  дейман кўзларини мендан олиб қочиб.- Юрагингиздаги мен учун кавланган қабрни кўмиб ташламанг. Очиқлигича қолсин. Шу илтимосимни ерда қолдирманг. Мен қабристонингиздаги бошқалар каби унутилиб юбориладиган қабр бўлишни истамайман.

Муҳайё айтса-айтмаса ўзи шундай бўлиши аниқ эди. Мен аввал бошида юрагимда эринибгина қазиган бу қабрни хоҳласам-да энди кўмиб юборолмасдим. Буни шунчаки иложи йўқ эди.

-Ҳайдовчи кутиб қолди,- деди у бир пасдан сўнг кетиш учун жойидан қўзғалиб ва қўллари билан йўл четидаги машинага ишора қилди.

-Нега тўрт ой йўқ бўлиб кетдингиз?- дедим мен хайрлашиш ўрнига суҳбатни чўзишга уриниб.

-Чунки, соғайдим,- деди у ҳозиржавоблик билан ва қаҳ-қаҳ уриб кулди.- Ва сизга эҳтиёжим қолмади менимча. Ахир, мен бир мижозингиз эдим, холос.

-Қўй шу гапларни, Муҳайё,-дедим унга жаҳл қилиб.

-Сенламанг,-деди у қовоқларини уйиб.

-Мендан ўн ёшга кичиксан,- дедим чўрткесарлик билан.-Истасам сенлайман, истамасам йўқ.

-Кеннойимни сенланг ана.

У оғзидан чиққан ножўя гапга афсусланиб кафти билан лабларини тўсиб олди ва хижолат бўлиб, шу тахлит ўрнидан турди.

-Сиздан илтимос фақат ўша қабрни кўмиб ташламанг,-деди илкис кўзлари ёшланиб.

-Муҳайё,- дедим бу гал юрагимни қисишни бошлаган номаълум туйғунинг оҳанграбоси ва залворига дош беролмай овозимни кўтариб.- Кетишингни истам…

У бу гал қўлларини менинг лабларимга босди ва “керакмас” дегандек кўзлари илтижоли боқиб, бошини сарак-сарак қилди.

-Суҳбатларимизни соғиниб яшайман,- деди йиғлашда давом этиб.

Кейин югурганича машина томон кетди. Ҳатто, китобини ҳам ўриндиқ устида унутиб қолдирди. У кетгач, ҳолсизланиб ўриндиққа чўкдим ва китобни қўлимга олдим. Бу Эмили Бронтенинг “Момақалдироқли довон” романи эди. Уни шошилмай очдим ва шунда устимдан кимдир муздек сув қуйиб юборгандек бўлди. Ичидаги биринчи саҳифасига чиройли ҳуснихат билан қуйидаги сўзлар ёзилганди:

“Битта ўлгудек димоғдор, лекин келишган ва меҳрибон кактусга ишқим тушди.”

2021 йил, июль

Шерзод Ортиқов 

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting