ДАЛАДА БИР КУН

4
1282

ҳикоя

Тонг саҳардан, айниқса хўроз ҳам қичқирмай туриб, кенг дала томон йўл олиш жуда роҳати жон-да. Тўғри, бу фикримга баъзи қишлоқдошларим қўшилмас, аммо менга ёқади. Йўлга тушиш олдидан бироз ширингина уйқу келиб, оёғингиз тортмайди-ю, сал юрганингиздан, табиат мусиқасини эшитганингиздан кейин ўз-ўзидан чопиб кетасиз. Айниқса, чигирткаю бақаларнинг қўшиқлари, худди бу қўшиққа маст бўлиб тебранаётган елнинг оғушида рақсга тушаётган қамишлар кишига ўзгача завқ беради. Гоҳида ўйлаб қоламан. Қамишнинг рақси, қурбақанинг қўшиғи ҳақидаги ўйларимни баъзи синфдошларимга айтиб берсам нима бўларкан-а? Яхшиси, бу ҳақида ўйламаганим маъқул. Ундан кўра яқинда бўлган воқеани сўзлаб берай.

Кеча кеч ётганимдан эрталаб дадамнинг гапларини зўрға илғадим. “Бугун далага бормайсан. Бувинг Қўқондан келади. Аянг билан кутиб олинглар, мен кечроқ келаман. Омон қассобдан гўшт олиб кел. Дадам айтди, мантилик қилиб берасиз экан, суяги бўлса керакмас дегин. Яхшигина шўрва солинглар”. Бу гапларни эшитдим-у, хўп дедимми ё дейишга ҳам улгурмадимми, ухлаб қолдим. Турсам соат алламаҳал бўлибди. Ухлайвериб, қовоқларим ҳам ишиб кетибди-я. Дадамнинг айтганлари яна қулоғим остида жаранглади. Аввалига тушимда дадамни кўрдимми, деб ўйладим. Аямга айтганимда эса, “Бу туш эмас, эрталаб даданг тайинлади-ку. Кўп ухлашни оқибати шу-да. Ўнгинг билан тушингни ажратолмаяпсан”, дея койидилар. Бироз изза бўлдим-у, лекин қувончим кайфиятимни кўтариб юборди. Наҳотки, бувим келса… Урааа… Ана энди бугун Қўқон патир, туршак, перевални қуртидан еймиз. Агар ўнта қурт бўлса, ўн кун ейман. Патирни ҳам ўнга бўлиб қўяман. Ҳар куни мактабга олиб бориб, синфдошларимга кўз-кўз қилиб мақтанаман. Ие, тўхта-тўхта. Яна кинна кириб қолса-чи, ундан кейин мақтаниш ҳам яхши эмас. Майли ўнга бўлмай, бир кунни ўзида ҳаммасини ейман. Шунда яхши бўлади.

-Ҳай, нега жим бўлиб қолдинг. Яна хаёл суряпсанми? Худо ўзи битта ўғил бердию, шундаям хаёлпарастидан берди-да. Бор, гўшт олиб кел.

-А, гўшт дейсизми? Ҳозир олиб келаман.

-Мантилик дегин. Суяк солсангиз, дадам уришади. Мени ёш бола деб алдамайсиз экан, дегин.

-Бари бир Омон амаки гўштга суяк қўшмаса, кўнгли жойига тушмайди-ку.

-Суяк қўшса, бироз артислик қил-да, болам. Олмайман деб, сал кетгандай бўлсанг, ўзи чақириб олади. Бор энди, тез бориб, тез кел.

Қурт билан патир ҳақидаги ширин ўйлар ҳам унутилдию, уч кўча наридаги қассобхонага югурдим. Аям айтгандай артистлик қилганимдан сўнг қассоб амаки зўрға, қўли қалтираб суяксиз гўшт берди. Қайтишимда “Гўштни ҳеч кимга кўрсатмагин. Фақат сенга шунақа суяксиз бердим. Яна бошқалар ҳам мантилик деб келиб қолмасин”, деб илтимос ҳам қилиб қолди.

Уйга гўштни олиб келдим-у, хонамга кириб, китоб варақлай бошладим. Лекин хаёлимнинг ҳаммаси йўлда келаётган бувимда эди. Қандай яхши-я. Тўқсонга яқинлашган бувим меҳмонга келса… Ўртоқларимнинг бувилари меҳмонга келиш тугул, нариги дунёга меҳмон бўлиб кетган. Бир куни шу гапимни дадамни олдида айтгандим, яхшигина гап эшитиб олдим. Дадамнинг фикрича, нариги дунёга меҳмон бўлиб кетган одам мезбон бўлиб, қолиб кетар экан. Шунинг учун у дунё ҳақида билиб-билмай гапириш, айниқса, бувилари йўқ бўлган дўстларимнинг устидан кулиш жуда ёмон экан. Шу-шу бувилар ҳақида сўз кетганда ўртоқларимга сахийлик қилиб, “Менинг бувим, Сизларнинг ҳам бувингиз-да”, деб қўяман. Бувим жуда яхши буви-да. Янги-янги эртаклар айтиб беради. Айниқса, ўз қўллари билан қуритган ўрик қоқилардан олиб келади. Биз қоқини туршак деймиз. Оҳ-оҳ, бувимнинг туршагини емабсиз, бу дунёга келмабсиз. Туршакмисан, туршак-да. Оғзингизга солиб, чайнамасдан қуртга ўхшаб шимсангиз, худди шоколадни таъми келади-я. Қўқондан Гулистонгача беш-олти соатлик йўл-да. Бувим ҳар келганида йўл қурувчиларни кўпдан кўп дуо қиладилар. Айтишларича, олдинлари йўл ёмонлигидан ўн-ўн бир соат вақт йўлга кетаркан. Ҳозир-чи? Беш-олти соатда бемалол етиб келадилар. Оёқлари ҳам увишиб қолмайди. Бувим “Перевални йўли ойнадай-а. Силлиққина, худди устида юрибмас, учиб кетаётгандай бўласан”, деб айтадилар. Эҳ, қанийди бувим тезроқ келганларида, қанийди тезроқ райҳон ҳиди келиб турадиган бағриларига бошимга қўйганимда…

Шундай ўйлар билан китоб варақлар эканман, “Ширин қовунлар мамлакати”даги Акбаралининг саргузаштларига қўшилиб кетгандай бўламан. Шу Худойберди бобонинг китоблари жуда ажойиб-да. Айтганча, Худойберди бобо ҳам бизга бегона эмас. Бувимга узоқ қариндош бўладилар. Бувим ҳам катта Тагобда туғилиб ўсган. “Худойберди билан бирга мол боқардик, Мен ҳам мол еталаб чиқардим, у ҳам, яна икки-уч бола бизга қўшиларди. Хуллас, молбоқар болалар эдик-да. Кейин катта бўлиб, у Қўқонга ўқишга кетди, мен бобонгга тегиб кетдим”, деб бувим кўп эслайди. Бир вақт машинанинг сигнали эшитилди. Кўчага югурдим. Аям энди бувимнинг сумкаларини машинадан тушираётган экан. Югуриб бориб, бувижонимни маҳкам қучоқлаб олдим. Бувим “Арслон ўғил, шер ўғил. Кап-катта йигит бўлиб қолибсан-ку”, деб эркаладилар. Икки эшик наридаги дарахт соясида бир-икки ўртоғимни қараб турганини кўриб, “Мени бувим бор. Мени кўргани келди”, деган фикр хаёлимдан ўтдию, тағин мақтаниш яхши эмаслигини эслаб, дарров чалғидим.

Сумкаларни кўтаришга аямга ёрдам бердим. Уйга кириб келдик. Бувим узоқ дуо қилдилар. Мен Қўқондаги амакиваччаларимни сўрадим. Бироз чой ичгандан сўнг, бувим дадамни сўрадилар.

-Даданг даладами? Қачон келади?

-Эрталаб далага кетганди, буви. Кечга келадилар экан.

-Войбў, бунча кечгача юрмаса. Бошидан иссиқ ўтиб кетмайдими, ахир. Дўпписини кийиб олганми?

-Кийиб олган, буви, кийиб олган. Дадам нон билан сувни эсдан чиқарсалар ҳам дўппиларини эсдан чиқармайдилар-ку.

-Болам, дўппи кийган савоб-да. Яхши бўлади, ҳамманинг ҳаваси келади. Дадангга янги дўппи олиб келдим. Сенга ҳам бир нарсалар об келганман. Ҳилолахон, қизим Сизга дурра олиб келдим. Ўраб юрасиз.

Суҳбатга чой қайтараётган аям ҳам қўшилади. Аям бувимнинг келишларига ўсма қўйибди. Янги кўйлак ҳам кийиб олибди. Аягинам ҳар-ҳарда янги кўйлак кийганларида “Эртага уйланганингда хотининг ҳам мени ёнимга мана шундай чиройли кийиниб, ўзига қараб чиқсин. Кимсан, мени келиним бўлади-я”, деб кулиб-кулиб ҳазиллашадилар. Мен эса, қизариб кетаман.

-Раҳмат, бувижон. Қўявермабсиз-да. Майли, Сизники табаррук. Албатта, ўрайман.

-Сумкамни узатворингчи, қизим.

Аям бувимнинг катта оқ сумкаларини узатадилар. Менинг кўзим ўйнаб кетади. Ахир ҳозир мана шу сумка ичидан менга аталганлари ҳам чиқиб келади-да.  

-Мана бу дурра Сизга. Бу Оминахон дугонамга. (Бувимнинг биз томонларда ҳам дугоналари бор) Мана бу янги дўппи Ўрмоналига. Бу сумкадаги қурт, писта, туршаклар эса прапессир боламга.

Оқ сумканинг ичидан қора сумка чиқди. Уни ичи тўла нарсаларнинг ҳаммаси менга экан. Қандай яхши. Ҳамма ўртоқларимга улашсам ҳам тугамайди. Бувим олиб келган патир-у, туршаклар билан мазза қилиб чой ичиб олдик. Тўғриси, меҳмон келса қўйиладиган ширинликларга қарагим ҳам келмади. Ахир шундай туршаклар турганда шоколадларга йўл бўлсин. Чой ичиб бўлганимиздан кейин бувим бироз чўзилдилар. Аям ҳам кир ювиб, ҳовлини тозалаб чарчагандилар, бироз ухлашга кириб кетдилар. Ярим соатча вақт ўтганидан кейин секин бувимнинг олдиларига кирдим. Кирсам, уйғоқ эканлар.

-Буви, уйқингиз келмаяптими?

-Йўлда, уловда ухлаб келдим, болам.

-Дадам ҳам далада чой ичиб ўтиргандирлар.

-Дадангни ёнига бир бориб келмадик-да. Далани ҳам кўриб келардик.

-Дала узоқда-ку, буви.

-Мен чарчамайман. Фақат сени аянг уришмаса бўлди.

-Аям ҳам ухлаб қолган. Секингина чиқиб кетсак бўлади.

-Майли, борсак бориб келақолайлик. Далани ҳам кўрмаганимга анча бўлди. Телпонда ҳар куни мақтайди. Кўрай-чи, шолиси қандай бўлдийкан?

-Кетдикми, буви.

-Кетдик.

Шундай қилиб, кенг дала томон йўл оламиз. Далага бориш учун аввал тўртта кўчадан ўтиб, катта кўчага чиқилади. Катта кўчадан юргандан кейин чапга қайрилиб, яна юрасиз. Хуллас, юриб-юриб етволасиз. Ҳаммадан ҳам бувимнинг ғайратига хайрон қоламан. Ҳеч чарчамайдилар. Йўлда бувимга қўшнимиз Эшқўзи амакининг оқ сигирини қора рангга бўяб, мол бозорга олиб боргани, аксига олиб бозорга етай деганда ёмғир ёғиб, молнинг “ранги” ўчиб кетгани, Эчкибоқар холанинг битта эчкиси учта қулоғи бор улоқча туққани ҳақида айтиб, кулдириб-кулдириб кетаман. Бувим ҳам ўз болалик йиллари ҳақида гапириб берадилар. Бувимнинг болалик йилларида қийинчиликлар жуда кўп бўлган экан.

“Бизнинг даврамизга ейишга нонимиз, кийишга эса тузукроқ кийимимиз йўқ эди. Отам эрта оламдан ўтгандан кейин аям ҳам касал бўлиб қолдилар. Шундай қилиб амакимни ҳовлисида катта бўлганман. Амаким билан келинойимни олтита фарзандлари бор эди. Мен қўшилиб, етти нафар бўлган болани боқиш учун дам олмай ишлашар эди. Ҳеч эсимдан чиқмайди. Қўшнимиз Сойибхўжа тоғанинг тегирмони бор эди. Тегирмонларида эса, буғдойнинг асари ҳам йўқ. Бир куни тегирмончи тоғам бизни ун қопларини қоқишга чақирди. Етти ака-сингил ҳашарга бордик. Катта тоғарага бўшаган ун қопларини қоқсак, улардаги уннинг қолган-қутганлари тоғорага тушишини, агар бир тандирлик ун қилсак, ярим тандир нонни бизга беришини тоғам яхшилаб уқтирди. Кечга довур чарчаб, қийналиб, чангга ботиб қопларни қоқдик. Атиги тўртта кичкина косада ун чиқди. Тоғамнинг келини дархол нон ёпти. Кечгача қилинган меҳнат икки дона нон учун бўлди. Тегирмончи тоғам ваъдага вафо қилиб, битта нонни бизга бердилар. Агар бир тандир нон чиққанида эди, ярмини ҳам берардилар. Уй томон югурдик. Битта нонни етти бола талашиб, тортишиб едик. Едиг-у аммо эртага ейиш учун нон йўқлигидан ўйланардик. Ичганим гўжа оши эди. Маҳалламизда тўй бўлиб қолса, эрталабдан кечгача шу ёқда юриб, қорнимизни тўйдирардик. Икки-уч кунлаб оч қолиб кетган кунларимиз бўлган. Ҳатто, очликдан еттимиздан иккимиз нариги дунёга кетди. Беш фарзанд уриниб-суриниб катта бўлдик. Ҳозир-чи, ҳозир барча жойда тўкин-сочинлик. Бу кунларга фақат шукроналик қилиш керак, болам. Бу кунларни кўраман, деб қанчадан-қанча одамлар ўтиб кетди”.

Мен ҳикояларим билан бувимни кулдирсам, бувим ҳикоялари билан мени йиғлатишига озгина қолди. Тавба, очликдан ҳам ўлган одамлар бор экан-да. Бувимнинг ҳикоясидан жуда таъсирландим. Бўш уннинг қопини силкитиб, ун қидиришган бўлишса-я. Худди эртакка ўхшайди. Ишонгим келмайдию, лекин бувимга ишонаман. Чунки, бувим ҳеч қачон ёлғон гапирмайдилар. Шундай қилиб, йўлнинг кўпини ҳам босиб ўтдик. Мен бувимга ўқиган китобларим ҳақида гапириб бердим. Ҳар сафар китобдан сўз бошласам, “Прапессир боламдан айланай”, деб эркалайдиган сўзлар эшитаман. Бу эса, менга жуда ёқади. Минг қоп туршакдан ҳам кўпроқ ёқади… 

Бувим билан гаплашиб, далага ҳам етиб келдик. Узоқдан дадамни кўрдим. Қўл кўтаргандим, дадам ҳам қўл кўтардилар. Бувимга ана дадам дегандим, бироз қараб туриб, ўзи келар дедилар. Анчагина бўй чўзиб қолган шолиларга қараб, бувим жуда хурсанд бўлди. Дадам қишлоғимизда, нафақат бизнинг қишлоқ, балки қўшни қишлоқларда ҳам донғи кетган шоликор. Бу шоли деганлари ҳам жуда эътиборталаб нарса экан. Пишганича сувда туради-я. Жуда меҳнати қийин. Дадам гоҳи ишдан гапириб қолганида, қийинмасми деб савол бераман. Шунда дадам “Ош ейиш осонми, болам? Осон-а. Айниқса, ёғликкина ош бўлса… Шу нарсани ҳеч қачон ёдингдан чиқармаки, ҳар қандай осонликнинг остида қийинлик ётади. Осонликка ўз-ўзидан эришиб бўлмайди. Ахир шоли бўлмаса, гуруч бўлмайди. Гуруч бўлмаса, ош бўлмайди-да”, деб маслаҳат бериб қоладилар.

Бувим билан марзаларнинг бир четига ўтирдик. Бувим тиловат ўқидилар. Тиловат вақтида дадам ҳам етиб келиб, жимгина ёнимизга ўтирди. Бувим дуо қилдилар.

“Ё Парвардигор, илоё болагинамнинг экканига ўзинг барака бер. Тан-у жони соғ бўлсин. Ҳосилига ҳосил қўшилсин. Бир гектардан йигирма тоннадан шоли бўп кетсин. Болаларим, невараларим бой-бадавлат бўлсин. Болаларимни доғини кўрсатмагин. Ҳаммаси ортимда қолсин. Илойим, прапессир болам ҳам ўзини кучи билан ўқишларга ўтиб кетсин. Инсоф берсин, илми ошиб-тошиб кетсин. Ўтганларни жойи жаннатда бўлсин. Эндиги шу ой, шу кунларга ўйнаб-кулиб етиб юрайлик. Омин, Оллоҳу Акбар”.

Дадам бувим билан кўришганларидан кейин мени уриша кетдилар.

-Сен болага нима дегандим. Бугун далага келма деганмидим. Яна иссиқда шунча йўлдан бувингни ҳам бошлаб келибсан. Чарчаб қолади деб ўйламадингми? Бувинг сен билан тенгми, нодон?

Ахир далага борамиз деб мен айтмадим-ку. Тўғри, дала мавзусида гапни биринчи мен бошладим, аммо кетдик демадим-ку. Яхшиям бахтимга бувим аралашиб қолди. Бўлмасам, ҳали анча гап эшитишимга тўғри келарди.

-Боламни уришма. Ўзим келаман деб айтдим. Йўл узоқмас экан. Бир пасда келдик-ку, чарчаганим йўқ. Ўзи мен сени койишим керак. Бувим келади деб, бир кун даладан эрта бориб турсанг бўлмайдими?

-Буви, тўғри тушунинг, ҳозир энг муҳим вақт. Мен кетсам, сувни бошқалар очволади. Қанча сув кирмаса, ҳосилга шунча зарар бўлади.

-Бўлмасам, боламни уришма.

-Мен ҳам болангизман-ку, буви.

Дадам ҳам бувимни буви дейди. Негадир ая демайди. Ҳеч айтганини эшитмаганман. Сабабини эса, билмайман.

-Сен ҳам боламсан. Сени ҳам соғинганим учун довон ошиб келдим-да, болам.

Дадам ҳам мени уришиш шаштидан қайтди. Бувим ҳам далага узоқ тикилиб қолди. Шолимизни гуркираб ўсаётганини кўриб, жуда хурсанд бўлдилар. Ярим соатларча суҳбатлашиб ўтирдик. Кейин бувим билан уйга қайтдик. Қайтишда бувим бироз чарчаб қолдилар. Яхшиямки, катта йўлга чиққанда машина келиб қолди. Аксига олиб, машинада ҳам битта жой бор экан. Бувимни миндириб юбордим. Ўзим эса, катта йўлдан уй томон кета бошладим. Табиатнинг мусиқаси эрталабгидан мутлақо ўзгарган эди. Мусиқада бу сафар иссиқ шамол нотаси фаоллик қиларди. Гоҳи-гоҳида ариқда шилдираётган сув ҳам эшитилардию, иссиқ шамол нотаси уни эшитишга халақит берарди. Ана шунақа гаплар.

Ёрқинжон ҲАЙИТБОЕВ

4 Izohlar

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting