Сингиш

Тун.
Қишнинг қиличдек кескир шамоли деразага йўлнинг нариги бетидаги дарахтларнинг тупроққа айланган илдизларини сочарди. Бу уй эгасининг ҳаловатини бузди. У ҳали ўттиз ёшга тўлмаган бўлса-да, сочларига оқ оралаган, қориндор, пешоналарини ўргимчак тўрини эслатувчи ажин “безаган” кимса эди.
Одам ташқаридаги тинимсиз шовқиндан безовта бўлаверганидан ахийри бўйинбоғини ечди. Деразага яқинлашди. Қанчалик тикилмасин, унинг кўзларига ойнага урилаётган тупроқ-илдизлар кўринарди, холос. Одам ташқаридаги чироқни ёқди. Бирдан унинг кўзлари йўлнинг нариги бетидаги дарахтларнинг илдизини еяётган маймунларга тушди. Улар алоҳида-алоҳида тўда ҳолида бўлса-да, негадир барчаси тик турганида ҳам қадди эгикдай туюларди. Қўлларининг кафтлари эса жуда катта: бу қўллар бир-бирига урилаверганиданми, кафтлар гўштдор эмас, энига ҳайратланарли даражада кенг эди.
Чироқ ёруғи тушгач, ҳайвонлар қоронғулик қаъридаги дарахтлар сари чопқилаб кетишди. “Улар ёруғликдан қўрқар экан,” дея илдизлари камайиб қолган, таналарининг ярми қуриган дарахтларга маҳзун боқди, Одам.
Яна шамол туриб, тупроққа айланган илдизларни дераза кўзига урди. Одам шундагина тупроқ қизғиш, қон рангида эканлигини илк бор пайқаб қолди. “Одатда тупроқ қўнғир тусда бўларди-ку, нега қизил, нега эҳтирос рангида?..”
Шу кундан Одамнинг ҳаловати бузилди. Кечқурунлари ухлолмай, ёруғликни кўпайтириш, қуёш нурларини тўғри тақсимлаш ҳақида ўйлади. Аммо саҳардан ишга отланаркан, унинг бу фикрлари тарқаб кетар, яна бўйинбоғини қаттиқроқ сиқар, шимини ҳар кунгидан текисроқ, силлиқроқ қилиб дазмоллашга уринарди.
Орадан ойлар, йиллар ўтди. У энди илдизни, қип-қизил тупроқни ва маймунларни ҳам деярли унутганди.
Аммо охирги ўн ой ичида унинг оёқларида маймунларникидек тук ўса бошлаганди. Негадир юриши, айниқса, қадди букчайгани ҳам ўша — тунги маймунларга ўхшаб қолаётганди. Шунда бирдан дарахтларга тикилди. Наҳотки?! Уларнинг ярми қуриб қолган, таналарида эса маймунлар ўзларининг тилида нималардир деб, тинмай чийиллашар, иложи борича дарахтнинг энг юқорисига кўтарилишга уринишарди.
Одам уларни кузатаркан, унга маймунларнинг қайси бирининг овози баланд чиқса, ўша ўзи осилиб турган дарахтнинг учига чиқиши осонроқ кечаётгандек туюлди…
Одам шу куни ишга кечикиб боргани учун ташкилотдаги Катта одамлардан дакки эшитди. Уни баъзан соқолини олишни унутадиган, оқ кўйлак уёқда турсин, ҳатто бўйинбоғ тақмайдиган, одмигина кийими билан Катталарнинг захархандаларига сабаб бўладиган Кимса билан тенглаштиришди.
Бу гапдан қаттиқ таъсирланган Одам бўйинбоғини янада қаттиқ сиқди. “Яхши, яхши,” деган овоз эшитилди. Ёки унга шундай туюлдимикин… Охирги вақтлар Одам фақат қоғозлар ва рақамларга таяниб, иш кўрганиданми, у хотирасидан нолирди…
Умр бир маромда ўтиб борарди. Бироқ, энди Одамнинг қўлларини ҳам жун босган, кафтлари энига ҳайратланарли даражада кенгайган, танаси эса маймундан асло фарқ қилмасди. Шуни инобатга олмаганда, унинг қорни ва чўнтаги тўқ, уйида йигирма йилга етадиган озиқ-овқат захираси ҳам бор эди.
Дабдурустдан Одамнинг хаёлига: “Юзим ҳам маймунбашара бўлган бўлса-я!” деган фикр келди. Чунки у меҳнат таътилига чиққани учун уч кундан буён соқолини қиртишламаган, тўғрироғи, кўзгуга қарамаган, лекин бўйинбоғини янада қаттиқроқ сиқишни канда қилмасди.
Одам уйининг энг чеккасида жойлашган ҳаммомга бориб, ўша ердаги ойнага қарашга эринди. Кўча томондаги деразага яқинлашиб, беэихтиёр ташқарининг чироғини ёқди. Шу оннинг ўзида кўчанинг нариги бетидаги биттагина ҳали таналари тўлиқ қуримаган дарахт устидаги маймунлардан бири югуриб тушиб, дераза қаршисига келди. Бу жуда тез содир бўлди. Ёки Одамнинг хотираси панд берди – бу унга шундай туюлдими, хуллас икки маймун бир-бирига термилиб турарди.
Уларнинг биргалашиб, йўл четидаги энг охирги дарахт илдизини еб тугатишларига ҳозирча дераза халақит бераётганди, холос…

РОБОТ ОДАМ

Инсоният уқубатларининг кишанлари идора қоғозларидан ясалган.
Франц КАФКА

Уч ой ичида илк бор кун бўйи табиат қўйнида бўлдим. Дарахтларнинг меҳрибон эканлиги, оқибати ҳақида ўйладим. Қўл телефонимни дарёга отганим ёдимдан кўтарилиб, ҳар 10-15 дақиқада қўлимни чўнтагимга тиқаман. Робот одамни эслатиб турувчи телефондан қутулганимга ҳали ҳам мослашиб улгурмадим, шекилли.
Робот одамни онаси кўзойнак билан туққан. Ҳар куни 10 соат компьютер олидида ўтирганидан, фақат юқоридан келган топшириқларни бажарганиданми, унинг юзида тириклик аломати йўқ. Лекин турли жадвалларни тўлдиришни қойиллатади.
Уч ой ичида Робот одамдан бирорта янги ғоя эшитмадим. У ташкилотда бошлиқ ўринбосари бўлса-да, буйруқларни бажаришга ўрганиб қолган. Ҳар доим менинг ғояларимга хавотир билан қарар ва “Бу ҳақида буйруқ йўқ,” — дерди шоша-пиша.

Дарахтларда ҳис-туйғу бор деб ҳисоблайман. Баъзан Робот одамни ишхонамиз қаршисидаги балхи тут билан таққослайман. Ва бир пайтнинг ўзида йиғлагим ва кулгим қистайди.
Қабулхонадаги котибани компьютерда қарта ўйнаётган ёки қайсидир қимматбаҳо либосини мақтаётган ҳолдагина кўрардим. Ҳали ҳам котибанинг обрўси Робот одамдан баланд туришини тушунолмайман.
Ўтган уч ой ичида бирорта шеър ёзолмаганимни, фақат аллақандай жадваллар тўлдирганимни, ҳисоботлар ёзганимни эсласам, ўкириб йиғлагим келади.

Дарахтлар…
Арчанинг ям-яшил эканлигини сири нимада? Балки мевали дарахт эмаслигидадир. Ташқи кўриниши чиройли нарсаларнинг кўпчилиги фойдали бўлмайди.
Лекин дарахтлар…
Уларни одамлардан кўпроқ яхши кўраман. Шу пайтгача бирорта дарахт мени алдамади, бирорта дарахт берган ҳосилини ёки соясини миннат қилмади. Айниқса, мажнунтолни яхши кўраман. Ҳаёли дарахт. Унинг сочлари узун. Ўзини Яратган зотга таъзим қилишни, воситаларга эмас, мақсадга сано айтишни билади.
Бир куни бошлиқнинг ҳайдовчиси Робот одамга “Сиз мўйлов қўйсангиз, ярашар экан,” — деди. Робот одам бир муддат сеҳрлангандек турди-да, “буйруқ…” — деди ва жимиб қолди.
Ҳайдовчи тиржайди.
Эртага ижарачи билан ҳисоб-китоб қилишим керак. Кейин қишлоққа — дарахтлар энг кўп жойга қайтаман.
Дарахтлар мени соғинган. Мен эса Робот одам ва унинг ҳисоботларини соғинмасам керак…

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting