Назира ас Салом билан суҳбат

Бу йил мустақиллигимизга 30 йил тўлади. Юртини шеърларида баралла куйлаб ўтган шоирни эсламоқ биз учун ҳам қарз, ҳам фарздир. Бугунги меҳмонимиз Муҳаммад Юсуф номидаги жамоат фонди раиси, ”Олтин қалам” газетасининг бош муҳаррири, Муҳаммад Юсуфга елкадош, ҳамнафас бўлган умр йўлдоши Назира ас Салом бўлади.

-Назира опа, сиз улуғ шоир билан қарийиб 20 йил бирга яшадингиз. Мана қарангки, Муҳаммад Юсуфнинг жисман йўқотганингизга ҳам 20 йил бўлмоқда. Аёл учун ҳаётда суянч кишисини йўқотиш катта руҳий зарба бўлади. Сиз яна қаддингизни тиклаш учун кайси куч руҳингизга ёрдам берди?

-Биласизми, отам Ғайбуллоҳ ас-Салом менинг энг катта қоятошим эди. Акажоним-Республика прокуратурасининг бўлим бошлиғи Ҳабибулло Саломов энг катта суянчиғим, меҳрибоним бўлган. Менинг онажоним Шаҳрибону Хотамова фидойи она, синглим Гуландом Саломова менинг маслаҳатгўйим, меҳрибоним, сирдошим. Шунча суянчиқларим бор эди.
Сўнг ҳаётимда Муҳаммад ака пайдо бўлди. 1992 йилда акажоним бедарак йўқолиб қолди. Бундай фожеани унча-мунча одам кўтаролмайди. Отам-отажоним яримта юрак билан саккиз йилки кутардилар. Ота-онамнинг қадди етти букилиб қолди. Кўзлари жовдираб қолди. Отам тўрт томонга югурди. Шундай оғир вазиятда Муҳаммад ака ўғлининг ўрнига ўғил, ҳақиқий фарзандлик вазифасини елкасига олди. Мен ётиб қолдим. Муҳаммад ака кўпроқ ота-онамнинг ёнида бўлишга ошиқар, акамни қаерларгадир бориб, сўраб суриштирар, ўз уйига келганда эса иложи борича уй юмушларини ҳам ўзи бажарарди. Болаларимга мени эҳтиёт қилишларини, тўполон қилмасликларини тайинлардилар.(болаларим ёш эдида!) Кўнглимни авайлар, таскин беришга ҳаракат қилардилар.
Дардинг олай ёрим, айтгил
дардингни,
Тоғлар кўтаролмас сенинг
дардингни
деб ёзган мисралари ўшанда туғилган.
Орадан саккиз йил ўтиб отажонимнинг юраги мангуга уришдан тўхтаб қолди. Ўзлари бир умр ҳаётини бағишлаган Тошкент Давлат университетининг минбарида жон таслим қилди. Мен учун ҳаёт тугаган эди. Университетдан Муҳаммад акага буни хабар қилишди. Муҳаммад ака барча фарзандлик бурчини адо этди.
Мен эса… Мен эса суянган тоғим, отажоним билан қанчалар бағрим бутун бўлганлигимни энди ҳис қила бошладим. Бу дардлар билан яшай бошладим, аммо ҳали онажоним, синглим, умр йўлдошим ҳам ғаниматлигини тасаввур қилмаганман.
Қарангки, Муҳаммад ака ҳам мени ташлаб кетдилар… Шунда тушундимки, қиз бола турмушга чиққач, энг катта тоғи умр йўлдоши бўлар экан. Мен ўзимни денгизнинг ўртасига тушиб қолган, сузишни билмайдиган одамдай ҳис қилганман.
Ўзимни тамоман йўқотган эдим. Энди ҳар куни мен билан дардлашадиган, кўксига бош қўйиб йиғлайдиган, ҳар куни кўзингга қараб турадиган, таскин берадиган, қўлларингни тутиб етаклайдиган одамим йўқ эди. Мен нафақат ўзимни юпатишим, балки болаларимни боқишим, кўнглини кўтаришим, таскин беришим, кўз ёшини кулиб артишим керак бўлган суянчиққа айланган эдим. Бу айтишга осон. Муҳаммад ака шундай меҳрибон ота эдики, унинг ўрнини босиб бўлмасди. Мен қаттиққўл эдим. Энди ўзгаришга мажбур эдим.
Болаларимга суянчиқ бўлиш учун бор аламларимни, дардларимни, кўз ёшларимни ичимга ютиб, кулиб туришим керак эди. Елкамдаги юк оғир эди. Кенжатойим Мадина кечалари йўлакка чиқиб, ўкраб йиғлаганида уйғонишимни тасаввур қиласизми? Ҳамиша кулиб, хандон отиб юрадиган болаларинг гапирмай, кўзлари қизариб, бағрингга ўзларини отишларини кўз олдингизга келтиринг. Мен ўзимнинг ўксинишга ҳам ҳақим йўқлигини тушуниб етдим ўшанда. Болаларим ухлаганда ёки улар йўқ жойлардагина йиғлаб олишга имкон топардим.
Аммо менинг, болаларимнинг тушлари бизга таскин бера бошлади. Тушлар илоҳий эди. Болаларим йиғласалар, отаси тушларида айтар гапини айтиб, юпатиб кета бошлади. Ҳатто ҳаётимизда юз бераётган воқеаларга муносабат билдира бошлади. Ҳали у қўшним, ҳали бу қўшним, ҳали синглим, ҳали онам Муҳаммад ака тушларига кириб, қизлари ҳақида сўраётганини айтишар, ис чиқариб, егуликлар ташишарди.
Кунлардан бир куни Халқ ҳофизи Шерали ака Жўраев келиб, тушларига кириб, хабар олишини илтимос қилганини айтганлар. Ҳатто бирмунча вақт тирикчилигимизга ёрдам қилганлар.
Бу жуда катта таскин бўлган. Демак Муҳаммад ака тирик экан, ёнимизда юрар экан, деган хулосага келганман. Қолаверса, руҳини шод қилиш, ўзим учун таскин топиш мақсадида Муҳаммад Юсуф номида фонд очдим. Номи бору ўзи йўқ фонд бўлди. Аммо меҳнат ва яна меҳнат туфайли мен энг оғир кунларимни ўйлашга, эзилишга вақт қолдирмадим. Икки йилдан сўнг фонд қошида газета таъсис этдим.
Шундай қилиб ҳаётимга мазмун киргандай бўлди. Энг муҳими, Муҳаммад Юсуф тадбирларида шоирни жондан севган халқ билан учрашгандаги халқнинг меҳр-муҳаббати мени ҳаётга қайтарди. Яна бир муҳим гап. Шоир вафотига бу йил йигирма йил бўлади. Ҳукуматимизнинг унинг номига кўрсатган эътибори болаларимнинг, менинг кўнглимизни тоғдек кўтарди. Шоир номининг абадийлаштирилиши, ижодини атрофлича ўрганилиши йўлга қўйилиши болаларимнинг кўнглини кўтариб юборди. Мен буларнинг баридан куч олиб яшайман.

-Аёл сифатида шундай саволни бермоқчи эдим. Аёлга нима керак? Аёл ўзини қачон бахтли ҳис этади?

-Аёлга бир чимдим меҳр, умр йўлдошининг эътибори ва фарзандларининг соғ-саломат эканлиги етарли, деб ўйлайман. Муҳаммад ака мени нафақат оила бекаси, балки жамиятда ўз ўрнимни топишимни, яхши ижодкор сифатида танилишимни истарди ва ижодимга эътибор билан қарардилар. Зиёфатларда вақт ўтказишни хушламасди. Мендан ҳам шуни талаб қилардилар. Ижодимга бўлган шундай эътибордан кўнглим кўтариларди. Мен жуда бахтли яшадим.

-Мухлислар Муҳаммад Юсуфнинг ватанни улуғловчи шоир сифатида яхши кўришади. Шоирни оилада ота сифатида қизлар тарбиясида роли қандай бўлган?

-Муҳаммад аканинг болалар тарбиясига қарашлари ўзига хос эди. Уларнинг фикрича, қизлар ҳеч нарсага муҳтож бўлмаслиги керак. Шунда кўзи тўқ бўлиб улғаяди. Қизлар ўғил болалар билган касбларни ҳам билиши керак. Масалан «Дўрмон» ёзувчилар боғида дала ҳовлимиз бўларди. (Муҳаммад ака вафотидан кейин тезда бировлар эгаллаб олишган). Биз ҳовлига кунлар исиши билан чиқиб олардик. Муҳаммад ака қизларга машина ҳайдашни, футбол ўйнашни ўргатардилар. Уйимизда эса треножёр ўрнатиб олган ва қизларни машқ қилдирар эди.
Қизларнинг феъл-атворига қараб муомала қилардилар. Тўнғич Маъсудамни шифокор бўлишини истардилар. У эса тележурналистликни танлади. Ўзига билдирмай қўллаб-қувватладилар. Раҳбарига тайинлаб турдилар ва ишини эплаб кетганидан хурсанд ҳам бўлдилар. Нозимани кўпроқ аяб, эркалаб, турли номлар қўйиб, гоҳо Пахтаойим, гоҳо бошқа сўзлар топиб, эркалаб чақирардилар. Кенжа Мадинага ўргатадиган спорт машқларида оғирроғини берардилар. Оилада бирор ишга бел боғласалар, қизларни йиғиб, фикрини сўрар, унга қараб хулоса қилардилар. Аммо улардан кўчадаги муаммоларини ўзлари ҳал қилишларини, уйга йиғлаб келмасликларини талаб қилардилар.

-Ўзбек адабиётида Зарифа Саидносирова «Ойбегим менинг» китобини, Кибриё Қаххорова «Чорак аср ҳамнафас» китобини ёзганлар. Бу хотира китоблари ўқувчиларга ёзувчи оламини янада кенгроқ очиб берган. Уларнинг оила бобида ҳам барчага намуна эканликлари, улардан ўрганишимиз керак бўлган жиҳатлар кўплигини билганмиз. Сизда ҳам ана шундай хотира китоби ёзиш фикри туғилмадими?

-Хотираларим 20 йилдан бери газета-журналларда, телевидение, радиода эълон қилиб келинмоқда. Аммо китоб ҳолида чоп этиш қийин бўлди. Ҳар сафар шу ишга киришганимда изтироблар елкамдан босаверди. Номини «Шоиргинам» деб қўйганман. Бошлаб қўйганимга анча йиллар бўлди. Энди хотирам панд бермоқда. Шунга қарамай, шу йил ёзиб тугатишни ният қилганман.

-Албатта, барча мухлислар сиздан шоир хотираларига бағишланган китобни яратишингизни кутиб қолади. Азим Тошкентда Муҳаммад Юсуфнинг уй музейини ташкил этилса, барча адабиёт мухлисларига катта тухфа бўлар эди. Ушбу масалада харакатлар борми?

-Муҳаммад Юсуф номини абадийлаштириш мақсадида Андижондаги ижод мактабида кичик музей, Тошкентда Адиблар хиёбонида ҳайкал, Республика ёзувчилар уюшмаси биносида адиблар музейи (албатта Муҳаммад Юсуф ҳақида экспонатлар ҳам бор), Тошкентдаги Санъат ва маданият институтида ташкил этилажак музей орзуларимнинг рўёбидир. Аммо Муҳаммад Юсуфга тегишли бўлган буюмлар, шоирнинг адабий мероси, китоб ва қўлёзмалари, суратлари, видеоларининг бари кичикроқ музейларга сиғмайди. Уларни халқимиз учун, шоир мухлислари, ёшлар учун асраб-авайламоқдаман.
Муҳаммад ака бир умр яшаб, ижод қилган Тошкентдаги Пушкин- Салар кўчаси 1-уй, 63-хонадонда уй-музейини ташкил этиш учун шоир таваллудининг 60 йиллиги арафасида ҳаракат қилдим. Аммо қонунчилигимизда кўп қаватли уйларда музей барпо этишга рухсат берилмас экан. Шундан сўнг ушбу хонадонга Муҳаммад аканинг адабий меросини, буюмларини, иш хонасига жойлаштириб қўйдик. Бошқача айтганда, норасмий музей ташкил этдик. Расмий музей ташкил этилишидан умид узганимиз йўқ. Вақт-соати келса, қиламиз.

-Биз ҳам ана шундай хайрли ишлар амалга ошса хурсанд бўлар эдик. Албатта, шоирнинг номини абадийлаштириш бўйича қилган хайрли ишларингиз бесамар кетмади. Айниқса, давлатимиз томонидан 2019 йил “Фидокорона хизматлари учун” орденига эга бўлишингиз ана шу меҳнатларингизга берилган баҳодир. Хайрли ишларни давом эттиришда сизга куч қувват тилаймиз
Ҳозир ижтимоий тармоқларни кузатсам, Муҳаммад Юсуфнинг шеърларини бир бирларига илиниб жойлаштиришади. Демакки, бу шеърлар хали ҳам халқимиз томонидан севиб мутола қилинмоқда. Келинг суҳбатимизни Муҳаммад Юсуф шеъри билан якунласак.

Гарчи зуғум қилганларни ёқтирмадим,
Шеър ёздиму бўлак ишни қотирмадим.
Тилим туриб ўз тилимда гапирмадим,
Бир эсласам эзилади бағри – дилим,
Она тилим, кечир мени, она тилим.

Онам “эркам” деб қучганда тунлар ярим,
Эрким йўқ деб зирқирарди бир жойларим.
Паровозни ҳансиратган буғдойларим,
Олтинларим, маъданларим, ипакларим…
Она тилим, кечир мени, она тилим.

Кимлар учун биз эдик бир бадавийлар,
Ўзбекни қон қақшатганни ўзбек сийлар.
Ҳолимизни қон кузатди Яссавийлар,
Топганимиз ҳандалакдек тилим – тилим,
Она тилим, кечир мени, она тилим.

Сен бўлмасанг нима бизга силлиқ шеърлар,
Бу дунёда тили йўқда, дил йўқ дерлар.
Баҳоинг-ку бериб кетган Алишерлар,
Юрагимнинг тўридаги сўлмас гулим,
Она тилим, кечир мени, она тилим.

Бир қарасам ҳар шевангда минг жилолар,
Ҳар новдангда, ҳар мевангда минг жилолар.
Қодирийлар, Чўлпонлару Абдуллолар,
Сенинг қайтган кунинг менинг мавлуд йилим,
Она тилим, кечир мени, она тилим.

Ҳилола Иброҳимова суҳбатлашди.

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting