Истеъдодга тўла инсонларнинг туғилиши бир мўъжиза. Аммо… уларнинг баъзиларини вафот этиши ҳам сир-синоатга тўла экан. Қуйида айрим шоир ва ёзувчиларнинг сўнгги кунлари ҳақида сўз очдик.

Михаил Булгаков (1891-1940) умрининг сўнгги онларини олдиндан кўра олган ва башорат қилган. Русларнинг атоқли ёзувчисига 1939 йили шифокорлар тезлашаётган юқори қон босими ва склероз деган ташхис қўйишди. Шундан сўнг тўшакка михланиб ўрнидан турмади. Унинг яқин дўсти шундай деганди: “Дардга чалинганини эшитиб ёнига кирдим. У менга умри қанча қолганини, ҳатто қайси куни ўлишигача айтиб берди. У романи “Уста ва Маргарита” ҳақида қайғурарди. Жуда озиб кетганига қарамай, ҳазил ҳузулни қўймасди. Роман устида эса тинмай ишларди…” 1940 йил 10 март куни Булгаков вафот этди. Ёзувчи В.Кантаев ҳайратланганча шундай деганди: “Михаил умрининг сўнгги кунларида “мени тобутда олиб чиқиб кетишаётганда, Ромашовнинг эшигига урилиб кетаман, деганди. Ҳақиқатанам таъзия куни зина торлиги учун тобут пастки қаватдаги драматург Ромашовнинг эшигига урилиб кетди!”

Машҳур рус ёзувчиси Гоголь (1809-1852)нинг ўлимига бир йил қолганида у васвасага тушган. Ўлимига ўн кун қолганида эса “Ўлик жонлар” асарини қўлёзмасини ёқиб юборган. Ва “мен ўлимга тайёрман” деб айтган. У руҳий даволанишни истамасди ва тинмай кимнидир чақирарди. Момо Ҳаво иконасига тикилиб ҳаёт билан видолашарди. 1852 йил 21 февралда унинг юраги уришдан тўхтади. Марҳумни аввалига Данилов монастирига кўмишади. Кейинроқ тобутни бошқа ерга кўчираётганларида кўришадики, тобут ички қопламалари титилиб, тирналиб кетган эди! Демак, ёзувчи летаргик уйқу ҳолатида бўлган, яъни тириклайин кўмилган. Ўлимидан аввал Гоголь уни дафн этишда шошмасликни такрорлаган экан…

Рус шоири Белий Андрей (1860-1934) умрининг кўп қисмини хорижда ўтказди. 1923 йил Берлиндан Россияда қайтди ва дўстлар даврасида шеър ўқиди:

“Олтин ёғдусига ишонар эдим,

Лекин ўлдим қуёш ёйидан…”

Буни қарангки, уни Қримда қуёшда тобланиб дам олаётганда офтоб урди. Афсуски, даволанишлар самара бермай, у “қуёш ёйидан” вафот этди. Андрей ўлим тўшагида ётган пайт ўша шеърини ўқиб беришларини сўраган…

Сергей Есенин (1895-1925), рус шоири ўлимидан олдин шундай ёзганди:

Хайр, дўстим алвидо,

Сен менинг қалбимдасан…

Шоир ушбу мактубни дўстига тутқазиб, Устиновга бериб қўйишини сўради. Аммо дўсти ўша куни мактубни бера олмади ва эртаси куни, Есенин ўлгач, мактубни олиб ўқишди. 1925 йил 28 декабрда меҳмонхонадаги номер шифтига осилган жасадни топишди. Бу меҳмонхонада шоирнинг дўсти Устинов яшарди. Сергей унинг ёнига боради, аммо уни тополмайди. Агар шоир дўсти билан учрашганда ўзини осмасмиди? Айтишларича, Есенин 1923 йилдан бошлаб “ҳаётга туфурдим” дейдиган одат чиқарган экан. 1990 йилларга келиб шоир ўлими сабаблари ўрганилди. Айниқланишича, унинг пешонасида ўша куни қаттиқ урилган забрнинг изи бор экан…

Михаил Лермонтов (1814-1841) юнкерлар мактабида бирга ўқиган дўсти Мартинов билан бир базмда шунчаки айтишиб қолади. Мартинов бундан ғазабланади ва улар дуэлга чиқишга қарор қилишади. Машук тоғи бораверишида жой танланади. Ўттиз қадам ўлчаниб, сўнгги марра ўн қадам деб белгиланади. «Бир-бирингизга яқинлашинглар» деб буйруқ берилади. Аммо Михаил жойидан жилмайди ва осмонга қараб ўқ узади. Мартинов эса маррага шоша-пиша келади-да, шоирга қараб ўқ узади. Ўқ Лермонтовнинг юрагини тешиб ўтади. Шу заҳоти жала қуяди, ёмғир эртасига ҳам тинмайди. Гўё табиат ҳам шоирга аза очгандек эди. Мартинов эса дуэлдан 34 йил кейин вафот этган.

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting