Мен келдим…

Мен келдим. Ўттиз йил қаридан ошиб,
Ўттиз бор заминни қоплади баҳор.
Ўттиз бор заминга иситма  тошиб,
Ўттиз қиш борлиқни қоплаб олди қор.

Мен келдим. Тонгдан то кечгача
Одамлар қўлида ҳали ҳам кетмон.
Чанглари самога ўрлаган кўча
Далага мол ҳайдаб кетмоқда ҳамон.

Мен келдим. Боболар ўтиб кетибди,
Момолар урчуғи ҳамон айланар.
Мени таниганлар бир-бир ўтибди,
Нотаниш нигоҳлар кўзга жойланар.

Мен келдим. Чўкибди уйимнинг қадди,
Бир чети қаровсиз, бир чети овлоқ.
Менку чопонимга ўрадим қаддим,
Ҳар қишда дирдираб чиқади қишлоқ.

Мен келдим. Шаҳарлик қизлардан кечиб,
Менсиз айтилибди қишлоқда ёр-ёр.
Сиз шоир бўласиз деган парининг
Энди этак тўла болалари бор.

Мен келдим…

Рассом

Деворлар сиқдими, зерикди бироз.
Рассом нимадир чизмоқчи бўлди.
Сўмкага жойлади бир ўрам қоғоз,
Қўлда бўёқ билан шаҳар йўлолди.

Баланд биноларнинг қовоғида қор,
Ғамгин кафеларнинг эшиклари берк.    
Шаҳарни бағрига босса ҳам баҳор,
Вагонга осилиб кетиб қолган эрк.

Рассом тўлғонади юзида ниқоб,
Қандай расм чизар журъати билан.
У ночор қайтарди қўлларидаги
Бўм-бўш кўчаларнинг сурати билан.

***

Уруш – оналарнинг мағлубияти

Уч йилда уч дона хат келди ундан,
Соғинч тасвирланган уч қоғоз нома.
Она қизларини узатаётиб,
Ўғлига жўнатди уч таклифнома.

Уруш ҳам тугади, тинди суронлар,
Ким хафа, ким шодон, кимдир аросат.
Ўзи келмагани етмаганидек,
Ўғлидан келмади ҳатто қорахат.

Почтанинг айбими, ё тирик қолган,
Она юрагида яшар бир савол.
Урушда боласи изсиз йўқолган,
Барча оналарнинг кўнглида завол.

Йилларни емирган йилларни кўрдим,
Сабр – тирикларнинг ғолибияти.
Бир парча умримда англаганим шу,
Уруш – оналарнинг мағлубияти!

***

Илҳом самосидан тим-тим қуйилиб,
Чаманлар шеър бўлар, тоғлар шеър бўлар.
Бир шоир оч-наҳор уйдан қувилиб,
Шарафлар ер бўлар, шонлар ер бўлар.

Туйғуларни қорир сўзларга қўшиб,
Умрга айланар ёзилажак шеър.
Янги шеърларини ўқийди жўшиб,
Мухлисга айланар само билан ер.

Ижара… ижара… ижара уйлар,
Ғамгин шеърларига бўлади гувоҳ.
Орзулар ҳақида тинмасдан куйлар,
Дунёдан топгани бир осмон гуноҳ.

Қишда юпин юрар, ёз бошпанасиз,
Ноширлар босмаган шеърлари билан.
ишқий достонларин ёд олар шаксиз,
У севган қизлар ўз эрлари билан.

Ёлғиз омонатин топширди бир кун,
Биров билиб, биров билмай ҳам қолди.
Шеърлар вазифаси бўлмасдан якун,
Бир шоир дунёдан изсиз йўқолди.

Йўқ, йўқ… йўқолмади кўнгиллардаги
Шоирнинг шеърлари тилларга кўчди.
Билмайман не сабаб хотирадаги
Барча гуноҳлари ғубордай ўчди.

Саройлар маҳлиё овозасига,
Шеърларнинг тикланди шараф ва шони.
Баланд кошоналар дарвозасига
Ёзилиб қўйилди шоирнинг номи.

***

Тоғай Муродга

Момоси..и..и

              Бобоси..и..и

Биз бахтиёр яшадик.
Совғасини йўқотган
Болаларга ўхшадик.

Момоси..и..и

               Бобоси..и..и

Дўмбира жилаб ётир.
Иккимизга бир бутун
Ҳаётни тилаб ётир.

Момоси..и..и

               Бобоси..и..и

Соғинтирди боламиз.
Тангрига етиб борар
Қачон бизнинг ноламиз.

Момоси..и..и

               Бобоси..и..и

Келмаяпти Ҳушвақтим.
Отни қучиб йиғлайман,
Бунча кемтикдир бахтим.

Момоси..и..и

               Бобоси..и..и

Вақтим бердим далага.
Сабр душманлик қилди,
Улгурмадик болага.

Момоси..и..и

               Бобоси..и..и

Етдимикан ноламиз.
Зов оралаб келаётган
Дарё бизнинг боламиз.

Момоси..и..и

               Бобоси..и..и

Дунёда ҳам қоламиз.
Кўкни тўлдириб учган
Қушлар бизнинг боламиз.

Момоси..и..и

               Бобоси..и..и

Тушлар бизнинг боламиз.
Ҳушвақтимиз келмасдан
Қандай қилиб ўламиз.

Момоси..и..и

               Бобоси..и..и

 ***

     Яна Тоғай Муродга

Момоси, мен Тарлонни
Осмонларга беркитдим.
Юлдузларнинг қўйнида
Кишнаб-кишнаб юрибди.
Момоси, мен Тарлонни
Армонларга беркитдим.
Орзуларнинг бўйнида
Нишлаб-нишлаб юрибди.
Момоси, мен Тарлонни
Музликларга беркитдим.
Совуқларнинг бўйида
Қишлаб-қишлаб юрибди.
Момоси, мен Тарлонни
Сўзлигимга беркитдим.
Хоинларнинг ўйига
Муштлаб-муштлаб юрибди.
Момоси, мен Тарлонни
Ўзлигимга беркитдим.
Ғанимларим бурнини
Тишлаб-тишлаб юрибди.

Модильяни

Кетиб борар тунда трамвай,
Йўловчилар шошар бекатга.
Ҳеч кимсадан изн сўрамай,
Қамаганман вақтни соатга.

Қаҳвахона. Тамаки ҳиди,
Маст-аласга қоришиқ олам.
Бир бурчакда дунёнинг диди,
Ва борлиқни унутган одам.

Қаҳвахона устунларига
Суянган бу ишқлардан бездим.
Тамакининг тутунларига
Муҳтожликнинг суратин чиздим.

Ўзгармади дунёйи аъмол,
Нима ютдим журъатларимдан.
Топганим шу бир умр завол,
Кўнглим қолган суратларимдан.

Қаҳвахона. Рассомлар баҳси,
Ким ғолиб, ким мағлуб ўйинда.
Суратларда бўртади шаҳси,
Дўстларимдан қолган ўринда.

Дунёнимас, ҳув, хаёлимнинг
Рангларини бирма-бир тиздим.
Мусабақа. Мен аёлимнинг
Кутаётган кўзларин чиздим.

***

Юракни юракка тиркалаб ўтдим,
Бир ишқни бир умр эркалаб ўтдим,
Дил ёнган гулханга ўт қалаб ўтдим,
Ёнгина, ёна-ён, ёнгина, ён-ён.

Тобланган ҳанжарни кўксимга тираб,
Ўзимга ҳижрону, сенга бахт тилаб,
Қара, кўнглим менинг фақат ишқ талаб,
Келгина, кела-кел, келгина, кел-кел.

Мен қишлоқда туғилганман!

Мен қишлоқда туғилганман!
Қушдан олганман шаштни,
Шамол бўлиб югурганман,
«Тўлдириб дала-даштни».

Адирлардан ошавериб,
Кўчманчи бўлган бобом.
Ғамларини ютавериб,
Кайвони бўлган момом.

Қўй боққанман, от минганман,
Ер пойимда айланган.
Оғаларим сайлаб, сайлаб,
Сулувларга уйланган.

Юлдузларни туни билан,
Териб чиққан кўзларим.
Неча қизнинг юрагида
Қолиб кетди сўзларим.

Тақдир экан, буни қаранг!
Шаҳарда ўтар куним.
Шамол бўлиб югурмайман,
Ичимга чўкар уним.

Уйғонаман, “сут бор” деган,
Овоз келар қулоққа.
Уф..ф тортаман, шаҳардаман,
Кетгим келар қишлоққа.

Мен қишлоқда туғилганман!
Қушдан олганман шаштни.
Шамол бўлиб югурганман,
«Тўлдириб дала-даштни».

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting