Фўруғ Фаррухзод. Шеърлар

0
977

АСИР

Ҳар лаҳза  излайман биламан аммо,   

Бағримга босолмам бир бора афсус.

Сен чексиз самосан, сен мовий само,

Мен бу қафас ичра маҳбусман, маҳбус.

Бармоқларим

Қаро совуқ ортидан

Кўзларим тикилар

Сенга бўлиб зор.

Мен орзу қиламан қўл чўзсанг бирдан,

Қанотларим қоқиб сенга учгум  ёр .

Бўм -бўш лаҳза ичра аҳволим  абгор,

Сассиз қафас ичра тушларга ғарқман,

Зиндонбон  кўзига кулиб нажоткор,

Сенга қайтмоқ истаб сенга  илҳақман.

Умид қиламану биламан асло

Қафасдан чиқмоққа қолмаган кучим.

Мени бундан озод айларлар аммо,

Нафасим етмайди учмоғим учун.

Ҳар тонг юзим тўсган кафтим ортида 

Гўё  болам турар жилмайиб кулиб.

Севинч қўшиқларин бошлаганимда

Юзларин ўпгулик келар  тикилиб.

Шоядки бир куни эй чексиз фалак,

Учиб кетсам сассиз вайрон кулбадан.

Қандай айтай ахир қон йиғлар гўдак,

Мен бир асир қушман

воз кеч деб мендан.

Мен бир шамман, олов ичрадир жоним,

Хароба заминни ёруғ  этарман.

Бир кун сендан тушкун

нурсиз вайронам,

Бу асир умримни фориғ этарман.

***

Кет… кет унинг ёнига,

Энди менга барибир,

Сен қуёшсан,

У — ердир.

Мен эса осмон.

Осмонлигим учун ҳам балки

У туғилди

Нозли юлдузларнинг елкаларида.

Мени пардалар ортига чеккан сен,

Нечун англамадинг сирларимни?

Борлиғингдан  воз кечдим чунки,

Бир тан эмас эди орзуйим.

Шошган бўлсам агар сен томон,

Васлингамас ишққа ошиқдим.

Ошиқ эдим билсанг шу ишққа

Нурсиз кечаларнинг зимистонида,

Сенинг хаёлингданда гўзал

Ишқнинг хаёли.

Шу он ўтиргансан унинг ёнида.

СЕН ҳамда У

ўртада  ШАРОБ ,

УНГА қўшилмоқ ДАВЛАТИ ,

Кетди кечмиш,

эскирди у афсона,

Сенинг вужудингдан менга,

Фақат боқий севгиси қолди.

Кет унинг ёнига, энди кет.

***

Мен сени деб ўлиб қолардим,

Сенсaн билсанг бутун ҳаётим.

Кенг кўчалар ичра иккимиз,

Сен ўқирдинг ичкин фарёдим.

Бир сен ўзинг мени англардинг.

Яна қайтиб келганида тун,

Яна қайтиб кетганида тун.

Чинордаги телба қушлар-ла,

Деразамга боққанча дилхун,

Бир нур бўлиб чақирар эдинг.

Ёришарди бутун кўчамиз,

Кетиб бўлган жужуқлар олис,

Аксаянинг гуллари ухлаб,

Мен ойнада қолганда ёлғиз.

Сен нур бўлиб кириб келардинг.

Қўлларингни бағишлар эдинг,

Кўзларингни бағишлар эдинг.

Сен севгингни бағишлар эдинг,

Бу қақраган умримга шундоқ,

Ҳаётингни бағишлар эдинг.

Гул чамбарлар ёпиб бош яланг,

Титраётган бу сочларимга.

Сен лолалар келтирар эдинг,

Сен юзингни қўяр эдинг жим,

Кўкракдаги оғриқларимга.

Туғён уриб оққан қонимни,

Қайғу билан оққан қонимни.

Йиғлаб йиғлаб кўз юмган севгим,

Кўз ёш бўлиб оққан қонимни.

Сен тинглардинг,

ох, сен тинглардинг,

Мени эса асло кўрмасдинг…

ҚИЗИЛ ГУЛ

Қизил гул, қизил гул, қизил гул,

У мени қизил гул боғига

Олиб кетди ва изтиробли

Сочларимни ароларига

Бир қизил гул тақди қаро тун.

Сўнгра қизил гул япроғида

Бўсаларни тамини тотди.

Қизил гул, қизил гул, қизил гул,

Япроғида мен билан ётди,

Ўтли, ўтли боқди қаро тун.

Эй оёғи оппоқ каптарлар,

Эй бевақт кесилган дарахтлар,

Эй кўр деразалар юрагим,

Энди остида тонг қадар

Ишқ оташин ёқди қаро тун.

Қизил гуллар сурон қилганда,

Қизил гуллар қонли бир байроқ,

Бир мен учун бош кўтарганда,

Оғир оёқ эдим, оҳ, оғир оёқ,

Гуллар охи оқди қаро тун.

Қизил гул

Қизил гул

Қизил гул

* * *

Ҳар уруғ қуёшни  севгани каби,

Пайкаллар севгани каби шамолни,

Қайиқлар тўлқинни севгани каби,

Қушлар севганидай мовий самони,

Севаман уни.

Бу ишқ нима бирла абадий бўлар,

Қандай ўпич билан, қандай лаб билан.

Қайси бир замону, қайси бир тунда

Йўқ бўлиб кетган у мендай қалб билан.

Кунлар каби кечган мавсумлар каби,

Уйлар томидаги қорлардай гўё,

У ҳам охирда соялар ичра

Тўзондай йўқликка кетганмикин ё.

Эски сурат каби қайси бир қўлда,

Уни кимдир йиртиб ғижимлаб ташлар.

Қайси бир юракда қайси бир қалбда

Ишқ абадий яшар…

* * *

Сокин жума,
Тарк этиб кетилган,
Эски кўчалар каби қайғули,
Ҳасталик ичра тамбал,
Судралиб юрувчи ҳийла-найранг жумаси.
Кутишсиз,
Таслим бўлмоқ жумаси.
Бўм бўш уй,
қийиналиблар кетган уй.
Ёшликнинг оламча орзулари,
хиссиётларига ёпилган.
Қоронғу уй,
қуёшнинг орзу қилган уйи.
Ёлғизлик, фол, шубҳа,
Парда, китоб, шкаф ва суратлар уйи.
Ох, у қандай хотиржам, мағрур эди.
Ғариб сув оқими каби
Бу тарк этиб кетилган сассиз жумаларда,
Бу бахтсиз уйларда,
Менинг хаётим,
Кечарди хотиржам, ғурурли, мағрур.

Муслимбек Мусаллам таржимаси.

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting