Биз тарихий ҳодиса ила рўбарў турибмиз. Бу тарихий ҳодиса – муҳташам Жалолиддин Румий “Маснавийи маънавий”сининг ўзбек тилидаги таржимасидир. Бу муаззам бадиий обидани бу гал бетакрор шоир ва мутаржим Одил Икром таржимасида ўз тилимизда мутолаа қилиш бахтига муяссар бўлиб турибмиз. “Pravo-press” нашриёти яқинда “Маснавийи маънавий”ни ҳам аслият, ҳам таржимада салмоқли китоб шаклида чоп этди. Бундан ташқари, Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа уйида янги таржима 5000 нусхада нашрдан чиқиш арафасида.
Зукко китобхонга яхши маълумки, Жалолиддин Румий маҳобатли Шарқнинг қудсий руҳини ўзида жамлагандир. Румий – бутун Шарқдир. Румий еттинчи осмондадир. Инсоният маънавий-маърифий ҳаётининг, Бадиий Сўз дунёсининг Одам Ато Ерга тушгандан то шу кунга қадар яшаб ўтган, яшаётган султонлари бор. Улар катта-катта даврлар руҳини ўзларида мужассамлаштирадилар. Улуғвор Гомер биз ҳозирча инсон руҳий уйғонишининг илк босқичи ҳисоблаган антик дунё кишисининг юксак руҳий парвозини, шу инсон ҳаётининг жамийки томонларини бадиий сўзда муҳрлаб қолдирди. У антик дунё донишманд файласуфлари ва санъаткорларининг мужассамидир. Данте қўрқинчли ишга қўл урди. У ўзини Инсоният ҳакамидай, икки дунё қозисидай тутди. Хабарини ҳали-ҳозирга қадар бу ёруғ оламни тарк этган ҳеч бир инсон етказмаган, қандайлиги одамизодга илоҳий пайғомлар орқалигина маълум бўлган боқий дунёни ўзи кезиб чиққан каби жонли тасвир этди. Данте – зиддиятли ҳодисадир. Унинг “Илоҳий комедия”сини нимадир бизнинг зеҳниятимиздан итаради. Бунинг сабаби доно китобхонга маълум, албатта. Аммо бу – дунёдаги тафаккур соҳибларини чуқур-чуқур ўйларга толдирадиган Дантени инкор қилишга тўла ҳақлимиз, дегани ҳам эмас. У биз кўрмаган дунёда кезибдими, уни шундай тасвир этибдими, бу ўз-ўзидан содир бўлган эмас. Бунда ҳам илоҳий, биз билмаган нимадир бор.
Абулқосим Фирдавсий ўз “Шоҳнома”сида Аллоҳнинг ердаги сояси саналмиш шоҳу султонлар мавзуси баҳонасида буюк бир халқнинг тарихини ёзиб қолдирди. “Шоҳнома”ни халқ эпосларига менгзашади – бу Фирдавсий бадиий тафаккурининг миқёсларини тасаввур қилиш имконини берадиган қиёсдир. Бутун бир халқнинг илоҳий борлиқ ва тарихий замонларни идрок этиш босқичлари Фирдавсий шуури-зеҳниятида бир бутун ҳолда инъикос этди. Уильям Шекспирнинг асарлари бирбутун ҳолда икки маънавий давр чегарасида турган Инсонни бутун эришганлари-топганлари, иштибоҳлари, адашишлари, мавҳумиятлари ила тарихлантирди. Нафақат қаҳрамонлари, шахсияти, ёзганларидан улуғвор Толстой инкор этган жиҳатлари билан ҳам. Нега Толстой Шекспирни инкор этди? Нега сирли Шекспирнинг жаҳоний шуҳрати кечикиб келди? – бу каби саволлар азим эпопея сингари қизиқ.
Уруш ва тинчлик инсоният дорулфанодаги ҳаётининг ўзак масаласидир. Уруш ва тинчлик бутун-бутун халқлар учун ҳам¸ алоҳида инсон учун ҳам ҳаёт ва мамот масаласидир. Инсоният тарихи – урушлар тарихидир, десак-да унчалик ошириб юбормаган бўламиз. Бу уруш ташқи ҳаётда каби, инсоннинг ёки халқнинг ички дунёсида ҳам кечади. Униси бунисини, буниси унисини туғдиради. Муболағалироқ қилиб, беназир Лев Толстой ўзидан олдинги ва кейинги инсониятнинг уруш ва тинчлик ҳақидаги ўйларини, хулосаларини жамлаб берди дейишимиз мумкин. “Уруш ва тинчлик”нинг забт этиш сири – унда урушларнинг маънисиз ҳодиса эканлиги, уруш маъниси ҳатто қўлига қурол тутиб одам ўлдираётганларнинг ўзларига ҳам маълум эмаслиги, урушларни нафс ва даъво туғдириши, Инсон фитратига яратувчилик муҳрлангани, одам фарзандлари ўлдириш учун эмас, ўзига ўхшаганларни дунёга келтириш ва Инсоният ҳаётини бардавом қилиш учун халқ этилгани ҳақидаги ҳақиқатларидадир. Донишманд Гёте Мағрибу Машриқ девонини яратди. Бу – дунё китобидир. У Машриқ ва Мағрибни бир бутуннинг икки томони каби идрок этди, кўрсатди. Гёте оламшумуллигининг, даҳосининг сири мана шунда.
Шарқ “Хамса”лари ўзига хос алоҳида ҳодиса. Фақат мана шу бешликлар яхлит ҳолда ўз руҳи ва кўлами ила Румий “Маснавий”сига яқин келади. Шарқ Уйғониш адабиёти – чегараларини илғаш мумкин бўлмаган даражадаги кўламли ҳодисадир. Уни ёлғиз ҳолда идрок этиш мушкул. Уни бутун авлод бўлиб, бошқаларнинг кўмагидагина идрок этиш мумкин. Шундан келиб чиқиб, имкон даражасида ўқиганларимиз ҳамда улар ҳақида ёзилган шарҳу илмий тадқиқлардан келиб чиқиб, тахминийроқ тарзда деймизми, умумий руҳиятидан келиб чиқиб деймизми – бу “Хамса”ларда ҳам, бизнингча, муқаддас Ислом руҳидан ташқаридаги бирор сўз йўқ, дейиш мумкин.
Буюк дея эътироф этилган кишиларда бутун инсоният руҳида етилиб келган ҳодисалар яхлит, йиғилган ҳолда инъикос этади. Шунинг учун ҳам буюк инсонлар ҳар кун эмас, вақт-вақти билан туғиладилар. Ҳар қандай буюк инсон маълум даврларнинг йиғиндисидир, мужассамидир. Улкан баҳри муҳитлардан учган сувлар айлана-айлана пировардида мўъжизавий чақмоқларни зоҳир этгани каби; вулқонлар узоқ муддатларда куч йиғиб отилгани сингари Инсонлик руҳиятида, бутун-бутун халқлар руҳиятида даврлар оша пишиб келган ҳодисалар муайян Шахсда чақмоқланади, портлайди. Негаки инсоният руҳияти ҳам узоқ фурсат давомида ташқи тарихий ҳодисалардан ва уларнинг ички таҳлил-талқинидан, ўз-ўзини узоқ муддатларда тафтиш этишдан куч йиғади.
Агарда инсоният тарихида яратилган шу каби жамийки улуғвор китобларни бир халққа қиёсласак, Жалолиддин Румийнинг “Маснавий”си уларнинг султони;
— уларни султонга қиёсласак, “Маснавий” – шу султоннинг тожи;
— уларни тожга қиёсласак, “Маснавий” – шу тожнинг гуҳари шарифидир.
Негаки, бу китоб ҳақда:
Маснавийи маънавийи мавлавий,
Ҳаст Қуръон дар забони паҳлавий, — демишлар.
Одам Ато фарзандларига самовот қаватларининг аршидан ирсол этилганидан ҳам улуғроқ калом бўлиши мумкинми? Йўқ, албатта. Қуръони Карим эса пайғом қилинган ана шундай илоҳий китобларнинг сўнггисидир. Йўқолмаслиги, ўзгармаслиги Ҳақ Таолонинг ўзи томонидан кафолатланган Каломдир. Жалолиддин Румийнинг “Маснавийи маънавий”си ҳар бир сўзида Қуръони мажид руҳини жо этган, ўша Каломни одамзод болалари зеҳниятига чуқурроқ ўрнаштириш муддаоси ила битилган. “Маснавий” то ўзигача ва ўзидан кейин айтилажак Бадиий Сўзнинг, шак-шубҳасиз, шоҳонасидир. Оддийроқ қилиб айтсак, жамийки бадиий асарларнинг пешравидир. Инсоният тарихида Буюк кўтарилишлар бор. Алоҳида инсоннинг Кўтарилиши ҳам маълум бир халқники, бутун башарникидир. Инсоният маълум одам сиймосида парвоз қилажак. “Маснавий” – инсон боласининг Румий сиймосида Сўз осмонидаги меърожидир.
Бу китоб дарду аламлар китоби, изтиробу қайғулар, ўгитлар китобидир. Бу гапдаги “дарду алам, изтироб” асло тушкунлик ёки бадбинлик деб талқин қилинмаслиги керак. Негаки, маъноси ниҳоятда кенг ва чуқур бўлган дарду алам, изтироб руҳан тозариш воситасидир. Изтироб, ғам-қайғу – инсоний қалб нишонаси, маҳактошдир.
Аллоҳ махфий бир хазина эди. У танилиш, билиниш учун оламни ва ундагиларни яратди (“Кунту канзан махфиян”). Ўша махфий хазинани сақлаш масъулиятини инсондан бўлак махлуқотлар ўз зиммаларига олишга журъат этолмадилар. Бу олимақом вазифани Инсон ўз масъулиятига олди. Аллоҳ олдида Инсоннинг рутбаси, мақоми барча мавжудотларникидан баланд бўлди. Шунинг учун ҳам сўз гуҳари Инсонга берилди. Инсон аталмиш хилқат ўз парвардигорининг назарида шу қадар мукаррамдир. Биз ўз фарзандимизни қанчалар яхши кўрамиз, уни асраймиз, йўл кўрсатамиз, хато қилса кечирамиз. Буларнинг бари инсонийлик арконларидандир. Аллоҳнинг ўз бандасига меҳри, марҳамати ҳам худди шундай. Аммо бу муҳаббат раббонийдир, илоҳийдир. Борлиқнинг асосида муҳаббат ётади. Инсон жамийки иллатларию, гуноҳлари, хато ва адашишларига қарамасдан, “коинот гултожи”дир (Абдулла Орипов). Шунинг учун икки дунё саодати ваъда қилинган муқаддас китобларда ҳам инсонлар фақат ва фақат бир-бирини севишга, бир-бирини суяшга, қўллашга, кечиришга, жамоа бўлиб яшашга даъват этилган.
Инсонни севингиз. Тарихда бунёд бўлган жамийки Сўз дурдоналарининг мағзи-моҳияти ҳам шу. Инсонни севмоқ – у яшаётган илоҳий борлиқ, одам ва унинг ҳаёт макони бўлмиш икки жаҳоннинг Парвардигорини севиш демакдир. Аллоҳни севиш Инсонни севмай туриб содир бўлмайди. Зеро, Аллоҳни Инсонсиз идрок этиб бўлмайди. Инсонни севингиз. Шунда Аллоҳни севган бўларсиз – Румий маънавий-адабий дастурининг ҳам асл моҳияти мана шу. Шоир жамийки интилишари, ёзганлари, шиорлари, бонглари, қалбининг туб-тублари билан шуни истади, шунга интилди, шунга даъват этди. Аллоҳга муҳаббат йўллари инсонга муҳаббат устидан ўтади. Мажоз ҳақиқат кўпригидир, деганларининг маъноси шу. У Инсонни севди, унга комиллик соғинди, хатоларидан изтироб чекди. “Маснавий” шеърда, арузда бунёд бўлди. Бунда ҳам чуқур мазмун бор. Шеър ўзини шеър қилган асосий унсурлар – вазн, қофия, рамз ва образлиликни илоҳий китоблардан олди. Шеърда илоҳийлик бор. Аруз унсурлари Қуръони Карим ва ҳадисларда мавжудлигини бевосита мисоллар билан исбот этган Алишер Навоий “Мезон ул-авзон”да арузни “шариф фан” дейди шунинг учун ҳам. Шунинг учун ҳам Румий руҳининг парвозини, самоъ мажлисисиз, шеърсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Умуман, шу хил ёндашувда муаззам Шарқда бадиий сўзнинг шеър шаклидаги равнақи асрори ҳам бир қадар ойдинлашгандек. Инсон айтган Бадиий Сўз тожидаги гуҳари шариф бўлмиш “Маснавий” шу лаҳза ўзида туркий ва форс-тожик каби икки улуғвор халқ руҳий қадриятларини мужассам этган нозиктаъб шоир Одил Икром таржимасида бизнинг қўлимизда турибди. Одатда, таржима ишига ижодкорлар ҳам, мустақил ижод қилмайдиганлар ҳам қўл уришади. Таржимонларни мана шундай шартли икки тоифага ажратиш мумкин. Дунё таржимачилиги тарихида ҳам, миллий адабиётимизда ҳам бадиий ижод билан шуғулланмаса-да, таржима ишини санъат даражасида эплаганлар оз эмас. Бу ерда тасодиф йўқ. Бизнингча, ижодкор бўлмай туриб, таржимон бўлиб бўлмайди. Аслида иккинчи тоифадагиларнинг фитратида ҳам реаллашмаган ижодкор ётади. Қандайдир объектив ва субъектив сабабларга кўра реаллаша олмаган ижодий потенциал таржима шаклида воқеланади. Бу потенциал баъзан бадиий сўз тадқиқотчисига айлантиради ўз соҳибини. Кўпгина адабиётшунос олимларнинг бадиий ижод билан шуғуланниши фактлари ҳам маълум.
Шуниси ҳам борки, таржимон руҳи ўзи асарини танлаган ижодкор руҳий дунёси ила уйғун бўлмоғи лозим. Таржиманинг бош шарти шу, эҳтимол. Яна эҳтимолки, бу уйғунлик фақат таржимоннинг интилишларигагина боғлиқ бўлмай, субъектив омилдан ташқари – ато этилган бўлиши ҳам керак. Мен “Ўқувчи китобни эмас, китоб ўқувчини танлайди” деган гапимни шу ерда ҳам такрорлашдан истиҳола қилмайман. Таржима асар ҳам қанча-қанча йўллар юриб, қанча-қанча ижодкор инсонлар қошидан ўтиб ўз таржимонининг ҳузурига келади. Қанча-қанча йўллар юриб деганимиз Вақтга дахлдор эмас. Буни бугун яратилиб, бугун таржима қилинган асар ҳақида ҳам айтса бўлади. Баъзан ўша йўлларда у бегона қўлларга тушиб қолиши ҳам мумкин. Бу қўлларда у ўз асрорини очмай тураверади. Токи ўз танлаганини топгунига қадар.
“Маснавий” Одил Икромни танлади. Одил Икромни топди. Бу ҳодисалар шундай яратилган. Муболаға, дерсиз. Майли, “Маснавий” ва унинг таржимаси ҳар қандай муболағага арзийди. Одил Икром бу таржимага етиб келди. У шунгача бўлган йўлни босиб ўтди. Одил Икром моддий борлиқ тўқнаштирган зиддиятлар, руҳий изланишлар, синов ва тобланишлар йўли орқали; ва ниҳоят, гоҳо анжуман ичра ўртаган маҳзун ёлғизлик орқали ўз руҳиятини Румий руҳияти ила уйғунлаштирди. Одил Икром унданам аввалроқ Румий ила бир руҳий иқлимда яратилган эди. Шу иккисисиз бу таржима майдонга келмасди.“Маснавий” шу даража муҳташамки, биз каби оддийроқ ўқувчи қўлга олиш тугул, унга яқинроқ боришга ҳам ҳайиқиб турамиз. Мана шу хаёллар, мана шу ҳадиксираш манзарасида Ҳазрати Румий илоҳий илҳом шавқи ила барпо этган “Маснавий”ни бошқа тилга ўгириш учун қўлга олиш ҳам, умуман, бу ҳақда ўйлаш ҳам жасоратдир, десак, Сўзга унча-мунча дахли бўлмаган одам ҳам инкор қилолмаса керак.
“Маснавий”нинг мазкур таржимаси – тарих тақозоси, эҳтиёж, халқимиз жамияти тараққиётининг қонуний бекати бўлди. Бу таржима босқинлару истилолар, шу истилоларга қарши ўқтин-ўқтин кўтарилган исёнларга мубаддал тарихимиз, хусусан, даҳрийликни байроқ қилган шўро империяси даврида юрак-бағримизни ўртаган аччиқ соғинчдир. Шўро ҳукмронлиги даври тарих олдида жуда қисқа фурсат, аммо аслиятини, асл руҳий мезонларни ихтиёрсиз, ичкин ва қаттиқ қўмсагани боис халқимиз учун узоқдай, жудаям узоқдай туюлган бир замон бўлди. “Маснавий” таржимаси – ўзи қисқаю, узоқ туюлган ўша давр мобайнида исломий бошланғичимизга ичкин қаттиқ интилувнинг ҳосиласидир.
Жалолидин Румий еттинчи осмондадир, дедик. Одил Икром бизни Румийнинг еттинчи осмонига, илоҳий парвоз йўлига олиб чиқиб қўйди. Негаки, ҳар қандай таржима муайян асарнинг, муайян даҳо руҳининг юксак тоқларига чиқишга йўлкўрсаткичдир. Таржимон талабгорни йўллаб қўяди. Еттинчи осмонга чиқиш ўқувчининг ўз қўлида. У ўз руҳини ўқиётган Сўзнинг руҳи билан уйғунлаштира билиши керак.Яна озгина чекиниш қилиб айтиш мумкинки, таржима аслиятни жамийки жиҳатлари ила тўла воқелантира олмайди. Бу мумкин бўлмаган иш. Негаки, бир замон айтилган Бадиий Сўз бошқа бир инсоннинг қалб призмасидан ўтади. Иккинчи бир инсоннинг, қолаверса, бўлак бир халқнинг борлиққа муносабати, руҳияти, босиб ўтган тарихий йўли ила қўшилиб-қорилади. Муносиб таржимон идрокида, эҳтимол, янги жилваларини намоён қилади. Ўзимиз мисолимизда айтадиган бўлсак, Абдураҳмон Жомийнинг “Арбаъин”и, Хожа Аҳрорнинг “Маснавий”си, Алигьери Дантенинг “Илоҳий комедия”си, Иоганн Вольфганг Гётенинг “Фауст”и, Фёдор Достоевскийнинг “Жиноят ва жазо”си каби бирмунча сўз дурдоналари ўзбек тилида ана шундай янги жилваларда қайта туғилди.Таржимон муайян даҳо кўтарилган осмоннинг қайсидир қаватларига олиб чиқади бизни. Шунинг ўзи етарли аслида. Таржиманинг вазифаси – ўқувчи руҳий идрокини ҳаракатга келтиришдир.
Яна бир гап: Ҳазрат Алишер Навоий “Лайлию Мажнун”нинг хотимасида асарнинг ёзилиши боисидан сўз очиб, ўзидан олдин форсий алфоз ила достон этилган ишқнинг бу мунглиғу ўтлиғ афсонасидан соф идрок ва хуштаъб туркийзабон халқ ҳам баҳра олишини мақсад қилдим, дейдилар:
Чун форси эрди нукта шавқи,
Озроқ эди анда турк завқи,
Ул тил била назм бўлди малфуз.
Ким, форси англар ўлди маҳзуз.
Мен туркча бошлабон ривоят,
Қилдим бу фасонани ҳикоят
Ким, шуҳрати чун жаҳонға тўлғай,
Турк элига доғи баҳра бўлғай.
Невчунки букун жаҳонда атрок.
Кўптур хуштабъу софи идрок….
Мен доғи бу майниким сузубмен,
Туркона суруд анга тузубмен.

Нозикаъб ўқувчига бу қиёс, балки, том эмас каби туюлар. Аммо моҳият яқин: Одил Икром ҳам биз ўзбеклар ҳам шу улуғ маънавий обидадан тўла-тўкис баҳраманд бўлишимизни астойдил истади, шу беғараз мақсад йўлида заҳмат тортди У Румийнинг таржимони деган мақомга интилмади; қаламини унвонлар тамаида йўнмади. Агар шундай бўлмаганда, “Маснавий”нинг ҳар бир сўзу жумласи зимнида ётган, уларни ичдан нурлантириб турган Қуръону ҳадисга оид ишораларни излаш, топиш, қиёслаш, ўз ўрнига қўйиш, шарҳлаш; “Маснавий”га оид сон-саноқсиз манбаларни мутолаа қилиш каби машаққатлардан ўзини озод қилган, таржима бундан бир неча йиллар олдинроқ нашр қилинган бўларди. Чунки Одил Икром ўн йилларга яқин фурсатлардан буён “Маснавий” билан шуғулланиб келади, аммо у таржима қиёмига етмагунча, шарҳлар мукаммал бўлмагунча, “Маснавий” бор маҳобатию тагмаънолари билан ўқувчига етарли даражага келмагунча таҳрирдан, изланишдан, заҳмат чекишдан тўхтамади. Зеро, Одил Икром улуғ шоирнинг ўқувчилари ҳам оддий одамлар эмаслиги, билимдону нозиктаъб эканини ичдан ҳис этди. Румий руҳи олдидаги, тарих ва зукко китобхонлар олидаги масъулиятни арзон шон-шуҳратга алишмади.
Дарвоқе, муҳташам “Маснавий”нинг биринчи дафтари биринчи китоби дастлаб ориф шоир Асқар Маҳкам таржимасида форсий матн, тагматн ва шеърий ўгирма ҳамда шарҳ билан чоп этилган эди. Мазкур нашр ҳам оддий ўқувчи учун, ҳам хослар ва ҳам аҳли илм учун бирдек манфаатли бўлди. Профессор Нажмиддин Комилов ёзган сўзбошида бу ҳол алоҳида таъкидланган, устоз тасаввуфшунос олим “Асқар Маҳкам ишининг фазилати ва фойдали томони шундаки, у фақат Румий байтларини таржима қилиш билан чегараланмаган. Балки туркиялик атоқли маснавийшунос олим Мавлоно Обиддин Пошшо шарҳини ҳам ўзбек тилига табдил қилиб келтирибди. Бошқача айтганда, Асқар Маҳкамнинг ишини ижодий ва тадқиқотий иш деса бўлади”, дея алоҳида қайд этган эди. Румий “Маснавий”си кейинроқ Ўзбекистон халқ шоири Жамол Камол таржимасида эълон қилинди. Бу таржима “Маснавий”нинг энг мукаммал нусхаларидан бири – эронлик мавлавийшунос олим Муҳаммад Истеъломий томонидан 7 жилдда тайёрланиб, Эронда чоп этилган нусхаси асосидаги амалга оширилди. Ўзбекча бу “Маснавий” ўзбек китобхони учун катта туҳфа бўлди. Айни чоқда “Маснавий”ни инжа тагмаъноларини ҳам англаш учун шарҳу изоҳларга эҳтиёж бор эди. Одил Икром таржимаси ўша эҳтиёжга жавоб ўлароқ майдонга келди. Ҳар учала таржима арузда амалга оширилгани ҳам қувонарли ҳолдир.
Бир ҳолатни алоҳида таъкидлаб ўтмаса бўлмас. Одил Икром Шарқ адабиётининг билимдони, сўзу товушларнинг товланишларини ўта ингичка ҳис этгувчи савқи табиий шоир ва таржимон. Шунинг учун бўлса керак, “Маснавий” таржимасида рамал оҳанги жуда равон оқан. Шеър вазни, алахусус, арузда оҳанг бармоқ санаш, ҳижони чўзиқ-қисқага ҳижжалаб ажратиб, ёзиб-чизиш билан ҳосил бўлмайди. Ичингда илоҳий мусиқачи бўлмаса ва уни уйғотмасанг, фақат ўқиб-ўрганиш билан арузда равонликка, оҳангдорликка эришиб бўлмайди. Аруз оҳанглари тоғдан тушиб келган жилғадай табиий равишда ичдан оқиб келиши керак. Одил Икром “Маснавий” таржимасида ҳам арузга оид билимларига, ҳам ана шу ғайбий сезимга таянган. Мана:
Ул дам ошиқлар фараҳ жомин сузар,
Маъшуғин илкинда сармаст жон узар.

Юқоридаги байтда “васл” ҳодисаси бор. Васл – чўзиқ бўғинни қисқа ҳижога айлантириш учун ёпиқ бўғин охиридаги ундошни ўзидан кейинги унли билан бошланган бўғинга қўшишдир. Байтни “фоилотун фоилотун фоилун” оҳангига мослаш учун биринчи тақтеъни “ул-да-мо-шиқ” шаклида ўқиш талаб этилади. Одил Икром таржимасидаги равонлик арузнинг мана шундай инжа сирру асрорларига асосланган.
Бундан бир муддатроқ аввал Рауф Парфи – Навоий, Бобур, Машраб, Фитрат-Қодирий-Чўлпондан кейин руҳи бирмунча чўккан миллий адабиётимизда туркчилик руҳи янги Сўзни майдонга қўяжагини башорат қилган эди. Шоир тўла-тўкис ҳақ. Майдонга қўйилажак бу янги адабиёт Озодлик ва Эрк қайғуси ила уйғунлашиб, Рауф Парфининг ўз ижодида илк нафасини олди. Бизнингча, туғилиб келаётган порлоқ миллий адабиётимизда туркчилик ва ҳуррият тараннуми – шўро даврида ҳам йўқолиб-битмаган, Истиқлолдан кейин яккам-дуккам ҳолда намоён бўлаётган исломий руҳ ила мубаддал бўлғуси. Исломий руҳ – бу инсондўстлик; дини ва бошқа тафовутларидан қатъи назар, одамга тамасиз муҳаббатдир. Исломий руҳ – комиллик сари интилувдир. Туркчилик, Эрк ва Исломий руҳ уйғунлашиб, яхлитлашиб кучли миллий адабиёт дунёга юзланажак. Турк дунёси узоқ даврлар Ўрхун-Энасой муножотларию, “Ирқ битиг” фолларидан, балки унданам аввалроқлардан бошлаб Навоийга замин ҳозирлагани каби, бизда ҳозир тайёргарлик даври кечмоқда. “Маснавий” таржимаси – уч асосли шу кучли адабиётнинг туғилиб келаётгани хушхабаридир. Ўзига хос ибтидодир. Бу хушхабарнинг хабарчиси Одил Икром бўлдилар. Юқорида айтилганидек, Одил Икромга қадар ҳам “Маснавий” таржимасига, шу руҳдаги бошқа мўътабар асарларга-да қўл урилди. Ул ҳаракатларда ҳам хосият, хайр бор, албатта. Аммо “Маснавий”нинг буюк исломчилик руҳи – асл моҳияти Асқар Маҳкам таржимасида бўлгани каби, Одил Икромнинг тасаввур қилиб бўлмас даражадаги заҳматли меҳнати орқасидан кенг кўламларда юз очди. “Маснавий” илгари воқеа тарзида қабул қилинган бўлса, Одил Икром таржимаси туфайли биз уни моҳият ўлароқ идрок эта бошлаймиз. Бу моҳият асарнинг ҳар бир жумлаю сўзларига Қуръони Карим ва Ҳадиси шарифларга берилган ҳаволалар воситасида бизга тўла намоён бўлди. Аниқроқ қилиб айтсак, ”Маснавий”нинг маҳобати, илоҳий гўзаллик асрори биз оддий ўзбекзабон ўқувчисига Одил Икром машаққатлари туфайли маълум бўлди. Бу таржима келажакда катта-катта илмий тадқиқотларнинг мавзуси бўлишига шубҳа йўқ.
“Маснавий”га олиб келган йўл иқрори, Румий даҳоси ила юзма-юз қолиш саодати, кулли ҳайрат, ул муҳтарам берган қанот ила самовотнинг илоҳий қаватларида чарх уриш ҳавоси, шу ҳавони ўзгаларга ҳам етказиш истаги ва машаққатлари, ҳадик ва жасорат, мўъжиза ва кўнгил тўлмаслик, ожизлик қўрқуви ва яратиш завқи, маҳрумият ва муяссарият… – азиз таржимонимиз, ўзига хос бетакрор шоир, ўзбек ва форс-тожик тилининг дақиқ билимдони Одил Икром буларнинг бариси ҳақида баёнот берадилар. Асл тадқиқотчилар ўз илмий таҳлилларида шу баёнотга таянадилар, дея умидланамиз.
Қушлар олис манзилларга етиш учун улкан океанлар устидан ойлаб ерга қўнмай танафуссиз баланд-баланд парвоз қилгани сингари, Жалолиддин Румий ҳам “Маснавий”да мана шундай осмонидан тушмай қанот қоқди. Одил Икром ҳам Румийнинг кўкдаги парвозини изма-из такрорлади, йилларча ерга қўнмади. Бу парвоз, эҳтимол ҳалиям давом этаётгандир… Румийнинг самовий йўлларида уча-уча, унинг таржимони ўз йўлларига чиқиб кетгандир ва ҳамон учаётгандир, эҳтимол… Бор гапки, биз мухлислари Одил Икромдан Румийнинг илоҳий гулшанидаги гулгаштлар акси-садоси ўлароқ қоғозга тушган шеърларни ҳам кутаётирмиз.
Ҳозирча эса деймизки: “Ўзбекча “Маснавий” барчамизга муборак бўлсин!”
Тарихий ҳодиса иштирокчисига айланишга шошилинг, азиз ўқувчи!

Нодира АФОҚОВА, филология фанлари доктори.

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting