Эъзоза Обиджонова. Шеърлар

0
946

Яна олланади кўзимда соғинч,
Тополмам бу йўлнинг ниҳоясини.
Нургача борамиз, қайтамиз тағин
Туйғулар тугатмас ҳикоясини…

Мен далли ва ё ҳеч тил уқмас қушман,
Қабариб, кўкариб турланар ичим.
Ғилофларга солиб асрайман ҳисни,
Рўбарў келганим ёлғонми пучми?

Бузсам ғавғоларга тўлмасми умрим,
Кетсам ёндирмасми умримни тартиб.
Унинг нигоҳига йиқилсам, қолсам
Aдо бўладими яшамоқ шарти!

Она, хато қилмоқ қанчалар қўрқинч,
Она, бунча мубҳам бу йўл, бу турмуш.
Бирор муносиброқ сифат топмадим
Эзгин яшамоқда тунларимни туш…

Ҳайҳот, ўзлигимдан оздимми мен ҳам,
Улғаймоқ ранглари гоҳ қора, гоҳ оқ.
Шамол қулоғимга келтиради сир
Ғалат бош силкийди йўлакда чироқ.

Ўзгариб кетмайди кулгумла олам,
Янгиланиб битмас шодлигим, борим.
Токай тўлдирарми умримга севинч,
Қаҳва устидаги қўрқинч қарорим…

***
…га

Шом сизар Тошкентнинг кўчаларида,
Хориган қадамлар йўлакларда жам.
Ҳаяллаб қолади, кутгани сари
Рўпара қўшнимнинг қарияси ҳам.

«- Ўлмагур чолимнинг оёғи оғрир,
Йилларки олишди шу дарди билан,
Эҳ сиз, йигитликда кўрсангиз эди…
Қайрилмас бир вужуд, теран хотира!»

Шу кўйи тинмайди кампирнинг сўзи,
Мен эсам йўлакдан кутаман мужда.
Қадрдон товушга илҳақ руҳимнинг
Бирор тўхтами йўқ, аралаш, мужмал…

«- Тушлик қилдимикан вақтида, шошмай,
Ўтиб кетганмикин тишдаги оғриқ.
Aёлнинг тақдири нақшланар вақт
Яратилганмикан соғинчга боғлиқ?!»

Муҳаббат — муҳаббат энг баланд минор,
Ё пастқам деворлар устида унган
Ҳали гард юқмаган тонг қаршисида
Хайрлар тиламоқ бўлажак кунга.

Лек ўзни унутиб, гоҳ севинч, гоҳ ғам
Тутқазган кишингдан олиб хавотир,
Рўпара қўшнимдай вақтларни қувиб,
Толиққан чеҳралар баридан ортиқ!

***
Тағин қорлар ёғди азизим,
Яна мен зорландим ўзингга томон.
Кўкламга қанчалар интиқ эдик биз,
Бизларни писанда этмади осмон.

Сирпаниб — сирпаниб ях йўлакларда
Синдириб қўйдимми тош иродамни,
Сўроқлаб борсамми дарагинг излаб,
Кўнгли ўлмас экан ахир одамнинг.

Йилда бир кўришсак, инсонлик учун,
Йўл берса, етмасак охирларига.
Унутсам талотўп дунёнинг барин,
Муҳаббатим чўкса, мағрур, хориган.

Тағин қорлар ёғди азизим…
Сендан бўлак ҳамма кимим бор…

***

Қайга бош урсак бўлар,
Бу ғамгин лошлар билан.
Гуноҳлар, ҳайқириқлар
Ва қалби тошлар билан.

Фирдавсга етармизми,
Сўник бардошлар билан.
Мустафом кетган йўллар,
Тўлди кўзёшлар билан.

Роббимей, зикрсизлик
Руҳимни қайчилагай,
Сени бир эсламоқлик,
Суқимни қайчилагай.

Қирқилиб нафсим ели,
Букилгач андуҳ бели,
Ҳасратим охир келиб,
Сулҳимни қайчилагай.

Хидоят бер Худойим,
Раззоқлик Ўзингга хос.
Муҳаббат бер мулкингдан,
То тоқлик Ўзингга хос.

Кеткизма ҳузурингдан,
Дўндирма кирликларга,
Не фарқим қолгай ахир
Ўйилган қирликлардан.

Одам Aтодан қолган
Aсо бўлай, Нур бўлай.
Жаброил келар бўлса,
Эшик бўлай, Тур бўлай.

Мўминга ҳузур бўлай,
Энг тотли узр бўлай,
Охирда ёниб — ёниб
Ўзингга манзур бўлай.

Қайга бош урсак бўлар,
Бу ғамгин лошлар билан.
Бизларни қўйма Қодир
Aдоқсиз ёшлар билан…

***

Дунёсига тутқазганинг шавқатмиди Иродажон?!
Бир кулмоқлик, бир сўлмоқлик рағбатмиди Иродажон?!
Сақлай дединг, кўнай дединг, кўникмоқлар битди охир,
Бисотингдан соврулгани тоқатмиди Иродажон?!

Худо бор де, асра жонинг кўзёшлардан, тўлмаклардан,
Мойчечаклар яшолмайди қуёши йўқ кўлмакларда.
Бунча куйма, дунё ҳали қиёмига етганча йўқ,
Учратганинг муҳаббатга лоқайдмиди Иродажон?!

Қара жоним, атрофингда гуллар яна бош кўтаргай,
Ёлғизман деб яроланма ўнгу сўллар бош кўтаргай,
Ҳимоянгга елка тутиб, қиз- у уллар бош кўтаргай,
Оҳуларга ёзилгани то сайдмиди Иродажон?

Билсанг қанча ҳасрати бор, дилдорларнинг, гулзорларнинг,
Раҳмати бор, зийнати бор ҳар отилган озорларнинг,
Худойимнинг нусрати бор, бедорларнинг ва зорларнинг,
Китобига битганлари шоҳбайтмиди Иродажон?!

Дунёсига тутқазганинг шавқатмиди Иродажон…?!

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting