ҳикоя

Ярим тунда жиринглаган телефон овози аёлни чўчитиб уйғотиб юборди. Ким бўлди экан? Ҳеч қайси таниши бунақа пайтда безовта қилмасди. Ё ота-онасимикин? Бирор гап бўлдимикин? У шошиб телефон ёнига борди ва гўшакни кўтарди:

—Алло!

Аммо гўшак ортидан жавоб бўлмади. Аёл бир зум жим турди-да, яна сўради:

—Алло, эшитаман, ким бу?

Қўнғироқ қилган кимсанинг чуқур нафас олгани эшитилди. Сўнгра базўр:

—Алло… -деб жавоб берди.

Бўғиқ ва паст овоз эгасини аёл танимади.

—Кимсиз?

—Бу… мен.

Аёлнинг оёқларини титраб, стулга чўкди. У энди таниганди. Юрак дукури қоронғу хона бўйлаб жаранг сочарди, гўё.

—Сиз?..

—Ҳа, мен. Узр, кеч бўлганда…

Улар бир муддат жим қолишди. Гўшак ортидаги кимса тилини тишлар, аёл эса юрагини ғижимлаётган алланарсадан ғашланарди.

—Нега қўнғироқ қилдингиз? -ниҳоят ўзини босиб олган аёл дадил гап бошлади.

Бундай оҳангни кутмаган кимса довдиради. У аёлдан бунчалар қатъийлик кутмаганди. Ахир у қачонлардир қаттиқ оҳангда гапириш тугул, овоз пардасини сал кўтаришдан ҳам ийманарди.

—Ўзгарибсан, -деди кимса хўрсиниб.

—Ҳа, одамлар ўзгаради. Ҳаёт шунақа экан!

Кимса бу сўзлар ўзига теккизилганини сезиб яна тилини тишлади.

—Гапиринг, менда нима ишингиз бор? -бу сафар аёл тоқатсизланди.

—Ўзим… сендан аҳвол сўрай дедим. Тунлари ухлолмайман, ўтган ишларни эслаб… сени уйғотиб юбордимми?

—Ҳа, қачонлардир менам ухламай чиқардим. Энди эса… ухламай чиқишга арзимайдиган одам учун куйиниб ўтирмайман.

—Шунчаликми? -кимса унинг сўзларидан ҳайратланди. Бир пайтлар у учун жонини беришга тайёр бўлган аёл бошқаю, гўшакдан гапираётган бу аёл бошқа эди.

—Ҳа, нима, қўнғироқ қилишим билан ўзини осмонга отади, деб кутганмидингиз?

Ҳа, кимса ич-ичидан шундай бўлишини истаганди. Ахир охирги учрашувда ҳам аёлнинг кўзидаги мунг қайтинг, кутаман, деб ялинарди-ку…

—Кечир…

—Кечир? Нимани кечирай? Муҳаббатимизга оёқ қўйиб ташлаб кетганингизними? Ё оиламизни ўша аёлга алмаштирганингизними? Тўғри… сизга фарзанд туғиб беролмадим. Лекин бунчалик хўрлашингизга лойиқ эмасдим!

—Биламан. Барча айтганларинг ҳақиқат. Айб менда. Хато қилдим…

—Энди бундан нима наф?

—Юрак ютиб сенга буларни айтиш учун анча кутдим. Ниҳоят, қўнғироқ қилишга азм этгандим.

—Кераги йўқ эди. Мен сизни аллақачон унутиб бўлгандим.

—Унутдингми? -кимса шунчалик алам билан айтдики бу сўзни, аёлнинг бўғзидаги оғриқ юмшаб, кўз ёш бўлиб отилди.

—Ҳа, унутдим! -ҳайқирди у.

—Мен эса сени ўйлаб яшаяпман. Қилган хатойим менга қимматга тушди. Ўша аёл давлатимни севган экан, ишимдан айрилдиму, у мени ташлаб кетди.

—Ҳа, қандай бўларкан? Ишонган одаминг ташлаб кетиши алам қилгандир?

—Илтимос… мени баттар қийнама. Шундоғам…

—Ҳа, қийналган битта сиз. Мен эса тўрт йилдан бери интизор кутган одамимдан садо бўлмагач, севгимни дилимга кўмиб бўлганман.

—Севгини кўммайдилар. Севги йўлида синовлар бўларкан. Шу синовлар бизнинг бошимизга ҳам тушди, -кимса хўрсинди.

—Йўқ! Хиёнат -бу синов эмас. Кўра-била туриб умр йўлдошига ханжар санчиш бу!

—Ундай эмас… ўша пайт кўзларим кўр эди. Мени кечир, илтимос.

Аёл ўтган ҳаётини кўз олдига келтирди. Севишиб турмуш қурган икки ёш… Турмушларига беш йил тўлиб, аммо фарзанд кўриш бахтига муяссар бўлмаган оила… Шу сабабми, эҳтимол, кунда арзимас нарсалардан жанжал чиқарувчи эр… Ахийри бир аёлнинг ишваларига таслим бўлиб, уйдан бош олиб кетган хиёнаткор… “Қайтинг”, дея бўзлаб қолган хотин… Тўрт йил давомида юраги тошга айланган ёлғиз аёл…

—Қани, ёнингга бориб, кўзларингга қараб кечирим сўрай олсам.

—Келманг. Мен барибир кечирмайман!

—Ҳа, истаганимда ҳам бора олмайман.

Аёл бироз сукут сақлаб, ён берди:

—Нега?

Кимса жавоб беришга иккиланди:

—Боролмайман.

—Узоқ шаҳардамисиз? -аёл энди унинг аҳволига, ҳаётига қизиқа бошлади.

—Йўқ. Шу ерда, шу шаҳардаман. Ижарада яшаяпман.

—Ишингиздан нега кетдингиз?

—Ҳм… ўша аёл бойиб кетиш истагида мени ноқонуний йўлларга бошлади. Ўзим ҳам… афсус, ҳалол ризқимни харомга алиштирдим.

—Ёлғизмисиз? -аёл бу сўзни ўйламай айтиб юборди.

Унинг тақдирига бефарқ эмаслиги кимсани дадиллантирди:

—Ҳа. Икки йилдан бери.

—Унда нега… -аёл гапини охиригача етказолмади. Чунки икки йил аввал ҳам у эрини интизор кутаётган, қилган хатосини англаб етиб, кечирим сўраса кечиришга шай эди.

—Ҳа, ёнингга боролмадим. Боришни-ку жуда истардим. Лекин… имконим йўқ, ҳеч қачон бўлмаса керак.

—Нима бўлди ўзи? -аёл ғазабини босиб олган, ҳудди аввалгидек мулойим оҳангда суҳбат қура бошлаганди.

Кимса айтмаса бўлмаслигини тушунди. Йўқса, у нотўғри тушуниши мумкин.

—Икки йил аввал… у боримни олиб қочиб кетгач, тушкунликка берилдим. Ўша тун… хатоларимни англаб, ёнингга кетаётгандим. Лекин насиб этмаган экан. Йўлни кесиб ўтаётганимда, ҳалокатга учрадим. Машина… мана, ўшандан бери ногиронлар аравасидаман. Икки оёғим ишламайди. Аслида… -аччиқ кулди кимса, -аслида бу гуноҳларим жазоси. Яхшики, қўлимда ҳунарим бор экан. Ўзимга ўхшаган одамлар билан устахонада ишлаб кунимни кўраяпман. Шу давр ичида сени соғинмаган, кўришни истамаган куним бўлмади.

Аёл йиғларди. Шу пайтгача уни бахтли, аллақачон ўша аёл билан оила қуриб фарзандлар кўрган, собиқ оиласини эса тамоман унутган, деб ҳисобларди. Энди эса… на далда беришни билади ва на айблашни.

—Мен эса… сизни болалар қуршовида деб тасаввур қилардим.

—Болаларим… уларнинг онаси фақат сенгина бўлишга лойиқсан. Яратганга илтижо қилиб чиқардинг, биламан. Ўн, ўн беш йиллаб кутиб муродига етганлар бор. Мен эса…

—Майли, ўтган ишларни гапиришдан фойда йўқ. Ўтган иш ўтди.

—Сенинг ҳаётинг қандай кечди, билмайман ҳам…

—Оддий. Ўша ишимда ишлаб юрибман.

—Ҳаётингда… бошқа инсон учрагандир?

—Йўқ. Эркаклардан кўнглим совуганди.

Кимса енгил тортди.

—Сенга баъзан қўнғироқ қилиб турсам майлими? Агар малол келмаса…

Аёл ўйланди ва жавоб берди:

—Майли…

Кимса гўшакни қўйди. Аёл ўрнига ётдию, кўзларига уйқу инмади. Туни билан қачонлардир жонидан ортиқ кўрган, бор муҳаббатини бағишлаган инсонни ўйлаб чиқди. Ўша бахтли оиласини қумсади. Лекин… энди бари ўзгарган. Туйғулар ҳамми? Билмайди…

Тонг отди. Аёл ишга отланаркан, тезроқ уйга қайтишни, унинг яна қўнғироқ қилишини истаётганини ҳис этди…

Нодирабегим Иброҳимова

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting