Ҳамид Олимжон ва Зулфия издошлари

0
753

Эътиборингизга Жиззах вилоятида жойлашган Ҳамид Олимжон ва Зулфия ижод мактабида таҳсил олувчи юқори синф ўқувчиларининг шеърларини тақдим этмоқдамиз.

* * *

Ишқ ҳаққига биргина қадам

Ташламоққа журъатимиз йўқ.

Афсус, юрак додини тўкиб,

Сўзламоққа санъатимиз йўқ.

Менсизликнинг суратин чизгин,

Ўтмоқдами кунлар соғинчли?!

Билдирмайсан кўнглингда не бор,

Ҳа… Сенинг ҳам ғуруринг кучли.

Майли, энди не бўлса, бўлсин,

Муҳаббат деб ортиқ ғам ема.

Сенга бўлган туйғуларимни

Дема… асло ёлғондан дема!

Бу дунёга муҳаббат элтиб,

Туғилганман севги фаслида.

Осмондасан, деб тўғри айтдинг,

Қуёшқизман, ҳа мен аслида.

                                    Гулсанам Баҳриддинова

* * *

Булутни йиғлатди сўзларим,

Дардкашим биргина у бўлди.

Ёлғизлик..

                Сенсизлик….

                     Менсизлик….

Қидириб топганим шу бўлди.

Номусни қўйибоқ ўртага,

Маҳв этдим бахтсизлик кемасин.

Чексизлик домига йўл олдим,

Юрагим “хато йўл” демасин.

Сукунат қалбимда малика,

Ғамларим юракда шоҳ бўлди.

Кўзимдан томгани алам-у,

Забондан чиққани оҳ бўлди.

Лек таскин бермади битта ўй –

Қолдирдим нимани йўлингда.

Йиғладим…

     Изладим…

        Эсладим…

Кулгичим қолибди қўлингда.

Бермадинг қайтариб бир умр,

Мендан бир хотира у бўлди.

Ёлғизлик…

  Сенсизлик…

     Менсизлик…

Бир сендан қолгани шу бўлди.

                                          Умида Мавлонова

                      Ҳақиқат ҳақида

Ҳақиқатни излар одамзот,

Билмайди-да, ҳақиқат мавҳум.

Ҳукм сурса гар фисқ-у фасод

Индамасдан қараб турар, жим.

Ҳақиқатни излайди одам

Унга қараб интилар фақат.

Ҳақиқат гар топилганида

Етармикан инсонда тоқат.

Сўзлар аччиқ, қарашлар таҳир

Ҳақиқатни йўқолган, дедим.

Бу ўткинчи дунёдан ахир,

Мен ҳақиқат излаган эдим.

Топиларми деган ниятда

Ҳақиқатни кимдан сўраймиз.

Топганда ҳам биз ҳақиқатнинг

Кўзларига қандай қараймиз?

Қидиришда этяпмиз давом,

Балки ўлган, ё ҳали тирик…

Топармиз ҳам бир куни, аммо

Кўзларига қаролмаймиз тик!

                                    Ирода Холбекова

***

Тун чоғи бағрингга сочганинг, осмон,

Ростин айт, юлдузмас, кўзёшларимми?

Инжиқ туйғу ила яшайман ҳамон,

Бу қайсар руҳимда фарёдлар жимми?

Ҳасрат тўлқинлари қилар ғалаён,

Алвон туғёнларга ғарқ бўлган юрак.

Сукутимиз аро сукутда фиғон,

Эҳ, денгиз, иккимиз ўхшасак керак.

Юрагим ҳувиллаб қолмоқда гўё,

Тўкилиб кетмоқда мавжли ҳисларим.

Ярмини ўғирлаб олдинг-ов, дунё,

Дардларга қоришган дилимдир ярим.

Ёмғиржон, қалб кўзим мужгонларидан

Ёш эмас, аламлар оқмоқда қара.

Шодлиг-у қувонч-у бахт-у баридан

Умидлар илинж-ла боқмоқда қара.

Ишончим мавҳумлик қаърига чўкди,

Шамоллар, қадримни учиргандексиз…

Саволга, заволга жавоблар йўқдир,

Бу дилда сўровлар жуда ҳам чексиз.

Хаёллар ҳолимни этмоқда абгор,

Кўнглимга кўмилган армонли баёт.

Тинглагин, сендан бир илтимосим бор:

Ўзимни ўзимга қайтаргин, ҳаёт!

                                                Насиба Бошмонова

        Яралмаган ишқ

Бахтни қучиб улғайдим ахир,

Не савдони кўрибди бошим?

Яралмаган ишқимсан менинг

Ўн саккизга кирмаган ёшим.

Тонгларимга бахтимни сўйлаб

Тунларимга йиғладим зор-зор.

Чап кўксингда қолган дилимдан

Наҳот, қалбинг чекмоқда озор?

Кузнинг хазон муждаларини

Секингина гулга ўрадим.

Эзгуликка етмоқлик учун

Майсалардан изн сўрадим.

Худо, ишқ бер! Шу ўтингда бир

Ёнганим йўқ, куёлганим йўқ!

Кафтларингда кул бўлиб ҳали

Дардларимни суёлганим йўқ.

Худо, ишқ бер! Ёлворай токи

Тошга кўнгил бергунга қадар.

Тан олмайман бу муҳаббатни

Тупроққа дил бермасам агар.

Недан ёлғон сўзлашим мумкин,

Ҳар бир амал – ишим сеники.

Яралажак туйғуларим-у,

Яралмаган ишқим сеники.

Бахтни қучиб улғайдим, ахир…

                                        Севинч  Абдазова

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting