Эйвиз Бахар. Шеърлар

1
816

Эйвиз Бахар — Индонезиялик шоира. Жакарта шаҳрида яшайди. Фаолиятининг асосий қисми оммавий ахборот воситалари (радио, телевидение)да кечган. Бир қанча шеърий ва эссе тўпламлари, романлар муаллифи. 2019 йили Индонезия миллий кутубхонасининг мукофотини қўлга киритган.

ОЛИЙЖАНОБ КЎЗЁШЛАР

(SUBLIME TEARS)

Олийжаноб кўзёшларингда

Акс этар Тангримнинг шивирлаши-ю

Илоҳий қудратнинг дурдона томчилари

Уйғунлашиб ёмғир оҳанги-ла

Юрагимдаги уммонда оқади улар

Ундаги сувсираган

Ҳар бир ирмоқни сувга тўлдириб.

Улар лойқа сувларни

Тозалайди ҳиссиётлардан

Рашк ва янглиш ўйлар сабаб

Юзасида ҳосил бўлган

Бепуштликка гирифтор ерни суғориб.

ХОНАДОНИНГГА МЕНГЗАЛГАН УЛКАН МУҲАББАТ

(A BIG LOVE THAT YOU CALL HOME)

Кулгулар ва йиғиларга тўла

Ҳаётнинг эгри-бугри йўллари аро

Вақт  қанот қоқиб учади…

Тез ўтади худди 

Кечадан эрталабга ҳатлагандек

Анъанавийликдан модернизм сари.

Ўзгарган рангларга иккиланишлар

Тутади ҳозирлаб палитрани

Ҳайдаб келади шамол-у бўронларни

Аёллар-чи нафис тарзда

Сидиришади уларни рақсга тушиб.

Ёшлари ўтгани сайин

Уларда кузатилади ўхшаш чеҳралар

Овозлари алдамчи бўлади:

Ё хириллаган, ё оҳангдор

Кўз ёшлари- унсиз, табассумлари -сирли

Ҳиссиётлар эса беркитилган.

Улар кечиришади чандиқларни

Жароҳатларга суртишади малҳам

Ва улар тафаккурида

Юзлаб китоблар мутолааси боис

Пайдо бўлган донишмандлик

Бисотларида ўткир шамширга айланади.

Улар сўзлашади

Улар ёзишади

Улар ташаббус кўрсатишади

Улар нуқта қўйишади

Уларга жо бўлади ниҳоят

Орзуйингдаги келажак

Яшашинг учун зарур ички аъзолар

 Хонадонингга менгзалган улкан муҳаббат.

БИР НЕЧА КУНГАЧА

(UNTIL SOMEDAY)

Бир неча кунгача

Қамраб олганда мангу ёруғлик

Сингиб кетдим чексиз абадиятга.

Бошладим истакларсиз

Ихтиёр тутиб ҳавоий ҳаётни:

Ортиқ  йўқ шаҳватли нафс балоси

Зулмат йўқ, дилхиралик йўқ

Аммо таралади самодан

Ер ўзига эп кўрмаган шуъла.

Бу номсиз ўлкада

Эслашга арзигулик ўтмиш йўқ

Йўқотган камина шунчаки

Мантиқий ҳиссиётни

Чунки на ибтидо, на интиҳосиз

Бу мангулик бўлган азалдан мавжуд.

Мен таниган ягона нарса –

Мусаффо осмон деб атайдиганим

Тепамдаги ғаройиб шифт.

Унга юксалиб

Хайр дейман силкиб қўлимни

Оёқларим остида ётган заминга.

ЁҚИМЛИ АЛИСС ИФОРИ

(LIKE SWEET ALYSSUM)

Баҳор кунлари келади

Баҳор кунлари кетади

Бироқ қолади

Ҳаётга менгзалган муҳаббат.

Қайта туғилади

У ҳар тонг, ҳар оқшом

Сеҳрлайди серенада оҳанги каби.

Тобора яқин келаркан баҳор

Жон киради борлиққа

Атрофга улашади у

Мутлақо янги фалсафага уйқаш

Пўртаҳол рангидаги  ҳузур- ҳаловат.

Тотли фасл қадалади

Қора кўйлакларим орасига

Пушти атиргуллар ҳамроҳлигида

Касб этганча шинам уйғунлик

Ва муҳрланади

Мўмиёланган  бир жуфт лабларга.

Кўзлар ҳар сафар очилиши билан

Барча фаслларга татигулик

Алисс*нинг ёқимли ифоридек

Шартрез**га кўчган борлиқ ҳосиллари

Бартараф қилиб бўлмас

Аноним тушларга йўллайди ўлим.

Баҳор кунлари

Айланади одатий кунлар безагига

Тош қотади ҳаёт шунга қарамай

Боши берк кўча остонасида

Ишқ ҳам унга эргашади

Мангулик ифорини таратиб.

Изоҳ:

Алисс- гул нави

Шартрез-шаробнинг бир тури.

Инглиз тилидан Шерзод Ортиқов таржималари

1 izoh

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting