Юрак, битта шеър туғиб бер…

Юрак, битта шеър туғиб бер, шеър дунёси
Бахтиёрлик уммонида оқиб кетсин.
Мутоладан қўлин силтаб қўйганлар-у
Кўнгли нозик шеър аҳлига ёқиб кетсин.

Мўралашиб ҳар сатрида қувонч-шодлик
Малҳам бўлса оғриқлардан зада дилга.
Кўнгилларни овласайди меҳр бериб
Ҳатто тиниш белгисиям кириб тилга.

То тонггача бедор, мудроқ киприкларим
Шабнамларда суғорилган найсондайин.
Битта шеър бер тинглаганда яна дунё
Гўзаллашиб бораверсин борган сайин.

Унда жой йўқ бўлса араз-гиналарга
Ўқирманнинг дард-ҳасрати ариб кетса.
Не кўзларни ёшлаб, юзга соя солган
Ташвишлар ўз ташвишида қариб кетса.

Юрак, шундай шеър туғиб бер хаста дилнинг
Субҳи содиқ шифосини топиб келсин.
Иситмадан алаҳсиган заминимнинг
Оёғига дармон бўлиб чопиб-елсин!

Юрак, битта шеър туғиб бер…

***

Февраль
Ажиб туйғу солиб қалбга насимлар
Аста деразамни чертди бир маҳал.
Ярим тун-меҳмоним ким экан дея
Чиқсам остонада турибди Февраль.

Қуёшли кунларда алами бордай
Қовоғини солар осмон чунонам.
Энди-чи қаҳратон юраги юмшаб
Ишқсиз кўнгилдайин совутмас хонам.

Меҳр беролмаган бераҳм ёрдай
Унутилиб борар қишдан қолган дард.
Ахир қандоқ севмай қўлларинг тутиб
Ортинган эргашиб келади-ку Март.

Томда сунбулалар баҳорни кутиб
Ўтказар кўз-ёши қилиб тунларни.
Араздан ёмғирлар ёғдириб шартта
Мартга чала ташлаб кетар кунларни!

***

Кутиш

Дунёнинг ташвиши елкада
Куним кўриб юрибман сизсиз.
Дастурхонга ўралган коса
Яна кутиб совиди эссиз.

Менку энди унутилган ёр
Сизни Худо асрасин омон.
Фақат йўлга термулган кўзлар
«Дадам» дея сўраши ёмон.

Қора қаҳва дамлаяпти ким
(Оғрийди-ку, бошингиз ахир?)
Бахтли эдик қанчалар… Бахтнинг
Ортиқчаси бунчалар тахир.

Бўйларига бўйлашар армон
Дард боламнинг яқин ошнаси.
Ёстиғимнинг ярми бўш… Ёлғон
Сиз ва Худойимдан бошқаси!

***

Кетиш

Йўлларимиз айро тушди-ю ногоҳ
Ҳайр ҳам демасдан кетаяпсиз жим.
Хавотирим бисёр кийимларингиз
Ювиб қора қаҳва дамлар энди ким?

Ошиб кетса агар қон босимингиз
Хонангиз тутунга тўлса нетаман.
Субҳидамда чертиб деразангизни
Шамолга айланиб очиб кетаман.

Йиғилди ҳаммаси кетмоқликка шай
(О, буни кузатиш қанчалар оғир!)
Ўзгарарми дея қарори атай
Бирдан шаррос қуйиб юборар ёмғир.

Ташқари чиқасиз кўзни юмиб чирт
Эриниб очилар соябонингиз.
«Қайт золим, уволи тутмасми»,-дея
Ғўлдираб эргашар жомадонингиз.

***

Ишдан бўшаш ҳақида ариза

Кўкдан меҳмон бўлиб бир талай тонгда
Гўзал фаришталар тушибди оппоқ.
Пар тўшакда ётиб туш кўрар замин
Кўнгилдайин юмшоқ, кўнгилдайин оқ.

Бир-биридан нозик қанотчаларин
Авайлаб ўпаман кафтимга олиб.
Осмонидан тинмай ризқ элар тангрим
Термуламан қанча юмушим қолиб.

Шу пайт сим қоқади такрор ва такрор
Бошлиғим «Ишга кел» дея урар дўқ.
Табиатнинг шундай мўъжизасини
Оёғимда эзиб ишга боргим йўқ.

Қадамимда чиққан қор ноласидан
Девонадай ақл-ҳушдан озаман.
Жонига озорлар бергандан кўра
Бўшаш ҳақда аризамни ёзаман!

***

Қор ёғсайди бугун…
Бугун бир ёғсайди эрталабгача
Қорсиз кечаларда кетдим совқотиб.
Босган йўлларингда тентимасмидим
Зора изларингни қўйсам йўқотиб.

Ҳар тонг нонуштани дард билан қилиб
Чақираман тушда меҳмонга ғамни.
Тунда келиб қолсанг қоқилма дея
Остонада ёниқ қолдирдим шамни.

Бирровга келувдим ўзи шундоғам
Сийлади аламлар билан дунёжон.
Ҳали гўдакларим кичик жуда ҳам
Нечун қайғулари осмон, Художон!

Соғинчли кунларни санасам бошдан
Сочим толалари етмайди рости.
Агар яратилган бўлсам чапидан
Наҳот оғримайди қовурғанг ости?

Бугун қор ёғсайди эрталабгача…

***

Ота, баҳор келди…
Азадор чўққилар рўмолин ечиб
Лоланинг юзига югурибди ранг.
Ҳовлида иккимиз эккан бодомлар
Баҳорнинг сирини гуллади қаранг.

Чекишни унутиб қўйган мўрилар
Тонг чоғи насимлар оғушидан маст.
Кел жонимга ўрай, бойчечак гулим
Тўқсоннинг бир куни қилмасидан қасд.

Ташрифларинг бунча гўзал бўлмаса
Йўлимга гуллардан тўшаб поёндоз.
Қуёшинг чиройли жилмаяр балки
Онам кулгусидан олгандир андоз.

Сочларимдай узун қаро тунлари
Ўтди. Бунча экан қиш ўчоғи тор.
Ота, хавотирман баҳор келса ҳам
Нечун сочингиздан эримади қор?

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting