ҳикоя

— Маҳбус, сени кўргани келишди. Ортга ўгирил…

— Эшитишимча сенга берилган тўрт йилнинг уч йилини яхши ўтабсан. Буни қаранг, рўйхатда ҳам интизомли деб белгилаб қўйишиптими? А-ҳа-ҳа… Қани, тур ўрнингдан, Чигиртка (олд тишларининг орасидаги каваклар сабаб ш ҳарфини ҳуштак чалиб талаффуз қилгани учун, барча уни шундай атайди) қолган бир йилни кучайтирилган тартибда ўтказасан.

— Лекин, нима учун бошлиқ, айбим нимада? Ҳеч бўлса шуни тушунтиринг.

— Ҳали айбинг нимадалигини билмайсанми? Ҳой ғаламиз, ўшанда заргарлик дўконини ўмараётганингда, одамларга тўппонча билан таҳдид қилгансан. Эсладингми? Яхшиямки отган ўқларинг қўрқитиш учун эди. Бўлмаса сени шу ерда, йўқ-йўқ, ҳозир мен сени олиб бормоқчи бўлган жойда, чиритган бўлардим. Менга ишон, у ерда бир кун ўтирсанг, бу қамоқ ҳам жаннат туйилиб кетади сендақаларга. Тур ўрнингдан, аблаҳ.

— Менга раҳм қилинг, бошлиқ. Йўқ. Йўқ, мен у ерга бормайман. Ундай қилманглар. Қўйиб юборинг. Яхши, ҳаммасини айтаман. Нима истайсиз ўзи, мендан нима истайсиз, сўранг.

— Майли, қўйиб юборинглар. Раҳмат, сизлар бўшсиз. Мана келишиб ҳам олдик. Энди мақсадга ўтсам. Чигиртка, сен устаомонлик қилиб, ўшанда тергов ишидан ва биздан, жиноятингга алоқадор бир буюмни беркитгансан. Албатта-да, ахир сен аҳмоқ эмассан-ку тўғрими? Хўмрайма менга. Жавоб бер.

— Ҳалиги мен, ҳалиги…

— Ҳой, жаҳлимни чиқарма. Гапир. Ҳеч йўқ умрингни сўнгги йилини каламушларга ўхшаб ўтказмай десанг, яхшиси гапир. Эртага эркинликка чиқасан, аҳмоқ. Сени фарзандинг кутяпти, оиланг кутяпти. Ўғрилик шаънини унут. Сенинг жиноятдан яширган тўппончангдан, уч кун олдин икки кишини отиб кетишган. Тушундингми? Қаерга яширгансан, яхшиси гапиришни бошла ва дарҳол…

— У гапирдими, шерик?

— Гапирмай иложи ҳам йўқ эди.

— Қаёққа борамиз энди?

— Кулолчилар юртига.

— Риштонгами?

— Ҳа.

Тун бўйи мижжа қоқмадим. Уч кундан бери ҳаловатим йўқ. Бошлиқлардан олмоқчи бўлган ҳордиғимни ҳам, энди тушимда кўрсам керак. Лаънати қотиллар. Одам ўлдирмаса тура олмайдиган махлуқлар. Қўлга туширган куним тўйиб хуморимдан чиқмасамми ҳали. Ҳа, шошмай туриш, ушлаганимда аламимни сенлардан олмасам Эркул (Жиноят қидирув бўлими ходими капитан Парпиев Эркин. Ходимлар унга беўхшов тана тузилиши ва унинг ўзи йигитнинг кўрки деб ҳисоблайдиган мўйлови борлиги сабаб Пуаро деб ном беришган) отимни бошқа қўяман.

— Мана, Чигиртка айтган манзил.

— Тақиллат.

— Ҳозир, ким у? Намунча бесабр бўлмаса булар, ҳозир.

— Капитан Парпиев Жиноят қидирув бўлими. Бу эса шеригим, Авазов.

— Келинглар бошлиқлар, хўш, нима хизмат?

— Марҳамат қилиб айтингчи, йўқ нега энди? Қани дарровда айтчи менга ҳой Киссавур (майда ўғри, уч йил аввалги заргарлик дўконидаги бўлган жиноят ишида Чигирткани шериги бўлган) ўша кунги ўғриликдан сўнг тўппончани қаерга яширган эдинг?

— Қанақа тўппонча, жаноблар бу нимаси? Дарҳол адвокатимга қўнғироқ қиламан ҳозир.

— Тўхта, қаёққа? Биз ҳали тугатмадик. Деворга ўгирил, Авазов сен уйини тинтиб кўр. Қани кўрайликчи, бу нималар билан банд экан. Эҳтимол уйидан гиёҳванд моддалар чиқиб қолар а? Кейин ҳотиржамроқ жойда бафуржа гаплашиб олардик, бу нусха билан.

— Нималар деяпсиз бошлиқ? Мен тозаман. Нима истайсиз ўзи?

— Киссавур, яхшиси гапиришни бошла. Тез бўл. Бўлмаса ҳозир бизлар билан бошқармага кетасан. Ҳа-а, биласанми? Ундан ташқари сенга яна битта модда қўшиб берамиз. Йўқ-йўқ, гапимни бўлма. Қотиллик рўй берган ва асосий гумондор айни дамда шахсан ўзинг бўлиб турибсан. Ана энди мени яхши тушунган бўлсанг сайрашни бошлашингни маслаҳат бераман.

— А-а-аҳ, қўйиб юборинг, қўлим. Қўйиб юборинг, бўлди, Чайқовчи-и, (олиб-сотар. Жуда ҳам айёр товламачи. Одамларга қалбаки пуллар ва гиёҳванд моддалар, етказиб беришда кўп бора айбланиб, айби исботланмаган сирпанчиқ шахс) чайқовчига сотганман. Аниқроғи кукун эвазига айирбошлашганман. Илтимос, қўйиб юборсангизчи…

— Энди қаёққа борамиз? Эркул?

— Шаҳарга қайтамиз. А-ах, лаънати.

— Чайқовчини олиш қийин бўлади. Бошлиқларга нима деймиз?

— Таваккал қиламиз. Чайқовчи аҳмоқ эмас. Қотиллик иши ўйин эмаслигини билади. Бу сафар ҳам сарсон бўламиз шекилли.

— Нега?

— Чунки биз олдига кетаётган одам, шунчаки савдогар. У одамларни ўлдириш учун шароит яратади? ҳолос. Лекин ўзи ҳеч қачон тепкини босмайди. Бунга журъати етмайди. Бошқармага қўнғироқ қил. Уни топишсин. Қаердан бўлса ҳам. Сўроқ қилишим учун, етиб боргунимча, хонамда мени кутиб ўтирган бўлсин. Шундай де, навбатчи ким экан, алло Авазовни гапларини эшитдингизми? Дарҳол бажарилсин.

Ҳеч тушунмайман. Нега айнан севишганларни? Уларнинг ўлими кимга керак? Ахир иккиси ҳам ёш бўлса. Тўғри омади чопмаган бошқа бир йигит, қизни ҳам, йигитни ҳам ўлдириб қўйиши мумкин. Аммо тўппонча нимага керак? Қолаверса марҳумларнинг оиласи ҳам унақа бадавлат эмас. Душман орттирадиган даражада ўтмишга ҳам эга эмас. Лавозимли жойда ишламайди ҳеч кимлари. Сабаб қани, Пуаро? Таътилдан умидинг бўлса ўйла, изла. Моҳият қаерда, айбдор ким? Тўппончани топиш керак. Ҳамма саволларнинг орасидаги бўшлиқни, ана ўша қурол тўғрилайди.

— Ассалому алайкум, жаноб катта. Чақиртирган экансиз, мана ўз оёқларим билан келдим. Хонангизгача. Бундай мулозамат учун албатта сизга ташаккур, лекин мени…

— Ишларинг кутиб туради, Чайқовчи. Ўтир. Хабаринг борми, ёки йўқ, уч кун аввал қотиллик рўй берган. Манна, диққат қил. Ўқиб бераман: ушбу қотиллик чоршанба куни кечги соат 21:20ларда шаҳар хиёбонида содир этилган. Жабрланувчилар томонга қарата қотил, олти марта ўқ узади. Қайтараман, қотил олти марта ўқ узади. Бундан, қотилнинг тартибсиз ўқ узиши ва илк бор одам ўлдириши деган хулоса келиб чиқади. Воқеа жойида одамлар етарлича бўлганига қарамай, ҳеч ким гумонланувчини кўрмаган. Аниқроғи, ўқ узиш овозини эшитганлари заҳоти, одамлар ҳар қаёққа қараб қочишган. Ҳодиса тунда рўй бергани учун кузатув камералари ҳам жиноятчини тўлиқ тасвирга ололмаган. Экспертиза хулосасига кўра жасадлардан чиқариб олинган ўқлар — Ички Ишлар архивига киритилган, бундан уч йил аввал Чигиртка лақабли фуқаро Семёнов Дилмурод томонидан содир этилган, заргарлик дўконидаги ўғрилик вақтида, дўкондорларни қўрқитиш учун шифтга ва деворга отилган тўппонча ўқлари билан мос келади. Қўлга олиш жараёнида ушбу тўппонча аниқланмайди.

— Яхши, яхши. Мен сизни етарлича эшитдим. Лекин муаммо нимада, шуни…

— Тушунтирайми, менга қара Комил. Ахир кўрмаяпсанми, иккита гўдак бекорга ўлиб кетди. Нима учун? Киссавур ҳаммасини тан олди. Ҳозир шеригим уни рўйхатдан ўтқазаяпти. Кел яхшиси биз билан ҳамкорлик қил. Кейин ортга йўл қолмайди. Қолган ишларингни унутаман. Менга қотилни исмини бер, шуни ўзи етади. Фақат тезроқ Чайқовчи, тезроқ ўйла йўқса фикримдан қайтиб қолишим мумкин. Қотиллик беркитадиган иш эмас.

— Майли, тўғри айтасиз бошлиқ. Бу сафар қутилишни имкони йўққа ўхшаяпти. Таклифингизни қабул қилишдан ўзга чорам йўқ кўринади. Мен ўшанда арзимаган мол эвазига Киссавурдан олган ўйинчоқни, узоқ вақт ўзимда сақлаб юрдим. Ҳа, адашмасам уч йил. Ким билсин, кўчада ҳар хил одамлар бўлади, қолаверса душманларим ҳам етарлича, сизга айтсам. Лекин, бир ой аввал олдимга бир йигит келди. Менга қора бозордаги пул савдоси билан шуғулланадиган одамларим олиб келишди уни. Ундаги кўкат ҳажми каттароқ экан. Тўғридан тўғри гаплашишга нима етсин, бунақа харидорлар билан. А, ўша йигит. Хуллас пулни майдалагач, мендан яна — ўзингиз тушунасиз, пулни ҳиди ҳаммага бирдек ёқади, менга яна бир нарса топиб беролмайсизми, деб сўради. Шундай қилиб мен, унга ўйинчоқни бериб юбордим. Текинга. Ахир дарвозангни ҳар куни ҳам миллион рақамли тоза пуллар тақиллатавермайди, капитан.

— Яхши уни исми, кўриниши шулардан гапир. Қолганига тупурдим.

— Оҳ, жаноб катта, менда унинг телефон рақами ҳам бор. Ҳохласангиз уни ҳам бераман. Бироқ, сиз уни топишингизга ишонасизми, топдингиз ҳам дейлик. Ҳамма иш ана ўшандан сўнг мураккаб тус олишни бошласа нима қиласиз? Қизиқ сиз уни қўлга олгач, айбини исботлай олмасангиз, қандай кўйга тушасиз?

— Бу ёғи билан ишинг бўлмасин. Бўшсан, суриштирув ишлари тугагунча шаҳардан ташқарига чиқа кўрма. Фуқарони кузатиб қўйинглар…

Чайқовчи тўғри айтган экан. Бу лаънати катта зодагоннинг эркатой ўғли бўлиб чиқди. Уни қўлга олиб таваккал қилиш аҳмоқлик. Адвокатлар галаси ишимдан айириши ҳам ҳеч гап эмас. Катта балиқлар билан, йўқ қилиб бўлмас далилларга асосланиб иш кўриш керак. Қолаверса шерикдан ҳам умид йўқ. Ҳамма гап унинг пулга суяги йўқлигида. Келиб чиқадики бу ишда панд бериб қўйиши мумкин. Ахир бежизга «Ўзингни эҳтиёт тут, қўшнингни ўғри кўрма» дейишмаган халқимизда. Шундай қилмасам, ёлғиз ишламасам бўлмайди. Ҳамма умид бошлиқдан. Авазовни чалғитиб, бошқа иш бериб туришларини сўрамасам, иш олдига силжиш бермаяпти.

Сопи эмаль ёғочидан ишланган, стволи кумуш ранг тоза темирдан қуйилган А.Қ.Ш маҳсулоти бўлган, Ковбойларнинг Револьвер Гонхери. Ўқ сиғими саккизта. Америкадан то Ўзбекистонгача етарлича етиб келган. Бу лаънати давлат қурол сотиб даромад топади, қурол сотиб дунёни бошқаради. Ҳайриятки бизгача ковбойларнинг биргина антиквар тўппончаси етиб келипти холос. Нима? Антиквар. Жин урсин. Нега аввалроқ ўйламадим? Ҳа, албатта. Эски, телба сотувчимизни йўқламасам бўлмайди шекилли. Нега буни аввалроқ ўйламадим а? Тентак, а-а-аҳ тентак-а.

— Хуш келибсиз жаноб, нима хизмат?

— Хизматингни пишириб е. Коллекционерни чақир.

— Бу ерда ундай одам…

— Ҳой, югурдак. Унга бориб айт, дедим. Яна, эски дўстингиз йўқлаб келибди ўзини Эркул деб таништирди, дегин. Бор тез.

— Бунга ҳожат йўқ, ўртоқ капитан. Сен бўшсан, бор харидорларга қара. Хўш, капитан, кел. Нима хизмат? Ахир бизлар эски қадрдонлармиз. Биз сен билан кўп кечмишларни бошдан ўтқаздик. Тўғри эмасми гапларим? Шундай экан, қани айтчи менга, мендан нима истайсан?

— Ҳа, Ботир оға. Биз сен билан эски қадрдонлармиз. Водийдаги картина иши ҳали ҳам фаолиятимдаги энг катта иш бўлиб турипти. Ундаги жиноий гуруҳ аъзоларини, тўлиғича қўлга олмаганимни бошқармадагилар билиб қолса борми? Майли гапни қисқа қиламан. Қарзингни қайтарадиган пайт келди, Коллекционер.

— Ахир биз бунга келишмаган эдикку. Шундоқ ҳам сенга етарли маълумотларни берганман ўшанда. Ортиғини сўрашга ҳаққинг йўқ деб қўрқаман.

— Ўзингни бос, Ботир оға. Иккита қотиллик рўй берган. Ёш жуфтлик тўйи олдидан шафқатсизларча отиб ташланган. Ҳохлайсанми йўқ, бу иш сенга дахл солиши мумкин. Албатта, мабода яширин хонангдаги савдода, ковбойлар тўппончаси ётган бўлмаса агар, мен сен билан таниш эмасмиз. Сулҳимиз ўз кучида қолади.

— Нима? Ковбойлар тўппончаси? А-а-аҳ, жин урсин. Мараз. Ўзим ҳам ўйлаган эдим, бу ғаламиз бир иш қилган деб.

— Коллекционер, у сендами? Гапир тезроқ. Тўппонча сендами?

— Ҳа, менда, менда. Ўзингни бос, қария. Мен билан юр. Кўнглим сезганди. Шунинг учун эҳтиётимни қилиб маҳсулотни қўлим билан тегинмаган эдим. Шундай экан, ўша ғаламизни бармоқ излари қуролда сақланиб қолган. Фақат ҳисоботингда мени номимни тушириб қолдирасан деган умиддаман. Мана ол, сенга айтсам, ўша йигитча аҳмоқ экан. Ўрнида мен бўлганимда қуролдан дарров қутилар эдим.

— У аҳмоқ эмас, Ботир оға. Шунчаки эркатой, уни қамата оладиган одам топилишига ишонмайди у.

— Яхши, нима бўлган тақдирда ҳам, мени қамоққа тушишим мумкин эмас. Биласан-а, у ердан омон қайтмайман.

— Бундан ташвиш қилма, далилни ўз ихтиёринг билан топширганинг учун, бир йўлини топаман. Бу аниқ. Майли қари тулки. Омон бўл.

Мана, ниҳоят. Ниҳоят мақсадимга эришдим. Бу ёғи энди, терговчи летинант Аъзамовга боғлиқ. Нега у? Чунки бошқармада унданда ҳалол, ўз ишига содиқроқ зобит бўлмаса керак. Уни ишга бўлган муҳаббатини, ҳеч қандай пул эвазига сотиб олиб бўлмайди! Қолаверса қотилни қаматишга гувоҳлар ҳам, далиллар ҳам энди етарлича. Кузатув камералари жиноий жойни бўлмаса-да, жиноятчини суратга туширгани ҳам аниқланган. Автоулов тураргоҳида. Сабабни аниқлаш қолди, холос.

— Туринглар, Суд келяпти…

Ана Суд ҳукм ўқияпти. Отасининг талтайиб кетган эркатойига Жиноят Кодексининг учта моддаси бўйича, умумий  ўн саккиз йил озодликдан маҳрум қилиш жазо чораси қўлланилди. Хонада кўзёши қилиб, дард чекиб ўтирган ота-оналарнинг олдида, оз бўлсада юзим ёруғ бўлди. Ижтимоий тармоқларда ўзаро тортишиб қолгани учун, бир йигит бошқа биттасини қайлиғига қўшиб ўлдириб юбориши ва қолган умрини хазон қилиши ақлга сиғмайди. Бироқ қонундан қочиб бўлмагани каби, ким бўлсанг ҳам авваламбор одам бўл. Алал-оқибат бугун таътилимнинг илк куни. Биринчи қиладиган ишим, тўйиб ухлашдир.

— Алло…

— Капитан Парпиев, шаҳар марказида қотиллик рўй берипти, зудлик билан манзилга етиб боринг.

— Анваров, ўзинг билан қаҳва олиб ол.

2021 йил, Марғилон

Фарҳод Эшонов

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting