Таниқли испан шоири Антонио Мачадо Руис 1875 йил Испаниянинг Севилья шаҳрида таваллуд топган. Мадридда таълим олган. Мачадо кўп йиллар давомида француз тили ўқитувчиси сифатида фаолият юритган. 1927 йилда Қироллик Академиясига сайланган. Қатор китоблари чоп этилган. Шоир 1939  йилда вафот этган.

* * *

ўн иккинчи бора урилади бонг
еру кўк чайқалур унинг зарбидан
чорлагай бўшлиқни ёргувчи садо,
сукут даргоҳида кимдир сур чалар…
томади муаллақ қумсоатларнинг
лабидан охирги титроқ зарраси,
сузарсан
ёдингда қолмагай соҳил
ва тушлар кўрасан номаълум муддат
ва қайсидир тонгда,
бегона соҳилда очарсан кўзинг.


Талон этар қалбни беҳис туйғулар
Хаёл завол топар,
тасаввур-бўшлиқ.
Руҳ сассиз ўлкага ҳижрат айлагай
Ичкаримда сўзлар, исми бегона
Милтиллаган чўғдай мавжуддир
ишқ ва
умид бордир,
қайта унишга гул-гул
Тушларга-да якун битмаган
Ишорат бор сенинг кутмоқликга ҳам

Сукунатнинг ширин нағмасин тинглаб


Буюк шаҳар қўшиғи

Сориа
Мовий тоғлар бағрида
бинафша далалар ичинда
Сен ҳақингда қанча туш кўрдим
Гуллаган адирлар устида
Гвадалквивирнинг сокин қўйнида
тилларанг апельсин рақсларни…


Кумушранг далалар
Кулранг чўққилар,
қирмиз қоялар
Дуэро жимирлаб оқар
Сорианинг озод кенгликларида.
Минг йиллик эманлар
Серунум туроқ ва рангин тоғлар
Таниш йўллар,
ва ёввойи тераклар ҳиргоялари

Барчаси Сориа мўжизасидир,
Айтилмаган қадим ривоятдайин
Бугун эса юрак тубида
Изтироб туйяпман,
Ишқ изтиробин.
О, Сориа кенгликларида
тошлар каби туш кўргандекман.
Мен-ла бирга кетинг
Кумуш далалар,
Кулранг чўққилар, қирмиз қоялар…

Йўл манзаралари

Қай мусаввир чизмиш
Қоялар орасинда
Соҳир тушлар рўёбларини,
олтинранг гуллару
мовий розмаринларни
Қай мусаввир чизмиш
Тоғларнинг бинафша хаёлларини
уфқларнинг заъфарон сувратларини
кимсасиз кенгликлар ичра
тошларда ёрилган дарё сувларин,
майсазорлар,
пушти бодом гулларини ҳам?

Испан тилидан Собир Муҳаммад таржимаси

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting