Жасур КЕНГБОЕВ

ҳикоя

Шом чўка бошлаган маҳал қир устида оғир-оғир оёқ товуши келди.
Қибла тараф шафақ тусига кириб борар, бироқ осмон олатасир, худди оёқ товуши эгасининг кўнглидай хижил; қора булутлар оҳиста сизиб келаётган эди. Ҳадемай, ёмғир қуйиб, тупроқдан намхуш бўй таралиб, борлиқ гўё баҳор нафасини олиб келадигандай.
Ёзги яктагини елвагайгина қилиб елкасига ташлаган йигит вазминлик билан ариқ бўйлаб пастликка эниб тушди. Соч-соқоли бироз ўсинқираган, паришонхотиру бесаранжом йигит сой бўйида қаққайиб турган бир харсанг устига ўтирди.
Қўйнидан шам чиқариб, майда тошлар орасига қистирди. Гугурт чақиб, ёндирди. Қош қорайган чоғда шамнинг шуъласи йигитнинг юзини зўрға ёриштирди.
Шам шуъласида оппоқ, этдор юзи, катта-катта, қизаринқираган кўзи, ўрта қалин қоши йигитни ўн тўққиз ёшли йигит эмас, салобатли киши қилиб кўрсатарди.
— Э-э, ўлиблар кетмайдими, — дея ғудранди йигит ўзига-ўзи.
Нега ундай деди — ўзиям билмади.
Паришонхотирликда шам учига кўрсаткич бармоғини теккизиб, ўйнаб ўтирди. Олов бармоқ қаерга қараб “юрса”, ўша томонга илондай эшилиб бурилаверди. Бармоқ баландга кўтарилган сари олов ҳам ингичкалашиб, “ўсиб” бораверди.
Йигит боя омборхонага кирганида девор кавагига тиқиб қўйилган кўҳна бир миқрозга кўзи тушиб, қизиқиб олган эди, шу эсига тушди-ю, у билан шам сўхтасини авайлаб кесди.
Олов шуъласи баравж олди.

Йигит энди харсангга яктагини тўшаб, булутлар орасидан хирагина жимирлаб турган юлдузли осмонга термулиб ётди. Ўйладики, қани энди ҳозир шаррос қуйиб ёмғир ёғсаю, ичини куйдириб ётган чўғни ўчирса. Лекин бунда уммон тошиб, довул турсаям, бу алангани жиловлаш мушкул эди.
Бир йил олдин, худди мана шу харсанг устида Назокат билан аҳду паймол қилган эди. Ўйлаб қараса, ўшанда ғўр экан. Одам дегани бир йилда шунча ҳам ўзгарадими? Ғам-ғуссага ботиб, хонанишин бўлиб қоладими? Ўша навқирон, қалби муҳаббатдан гўпириб, терисига сиғмай тўлиб-тошган, кўзларидан ўт чақнаб турган йигит қани? Ногоҳ жилмайиб қўйган танишу нотанишга қараб қайта-қайта илжаядиган, муҳаббатдан сармаст, ҳаммага бирдек меҳр кўрсатадиган ўша Акбар қани?
Сўрайверинг: ана, нотавонлардек ўтирибди харсанг устида, аммо ўзини ўзиҳам танимайди.
Қўйнидан бир даста қоғоз чиқарди.
Бир қоғозга, бир шамга қаради.
Хўрсинганча, қоғозларни бирин-кетин шам оловига тута бошлади.
Кўз олдида атрофни ёритаётган шам, оташда куйиб-ёнаётган ёниқ сўз бўлди.
Бу — сўз ҳам эмас, Акбарнинг жизғанакка айланаётган хаста юраги бўлди. Икки қалбни бир-бирига яқинлаштириб, талпинтирган тутантириқ бўлди.
Шеърлариси шуълада ҳавога бир сулув малика суратини чизган куйи осмонга ўрлади…
Ўша оқшом осмон деганлари изтиробга тўлиб кетган шоир қалб нолаларидан фарёд солиб, бўзлагандай қовоғидан қор ёғди.
Йигит манглайига тушган томчини сезмади. Яктаги намхуш тортди. Булутлар забтига олган, милтиллаб турган сўнгги юлдузга қараб, “ўҳ” тортди ва энг сўнгги битигини эшитилар-эшитилмас айтганча, ўрнидан қўзғалди:
“Ёзилдиқ тиғлари аёвсиз ботган
Кўксимга қай малҳам этар кифоя…”
Бу пайтда шам сўнган, харсангтош зулмат ичра йўқолиб бўлган эди. Фақатгина ҳув қир томонда ҳорғин оёқ тувуши узилиб-узилибкелиб, жимирлаган бир қора тус нуқта тун қаърига сингиб кетмоқда эди.

***

“Мен бу шаҳардан кетяпман… Бошқа, каттароқ шаҳарга. Ўша, сен билан илк кўришган анҳор ёнидаги тол тагига бир мактуб қолдирдим. Биламан, қачондир сен ўша жойга борасан. Ўшанда кўзинг тушади ва ўқийсан.
Мен мактубда бирга ўтган кунларимизнинг энг ширин дамлари ҳақида хотираларимни қайд этиб қўйганман. Эслашга қийналадиган эскартишлар бор унда…
Хотирангда бўлса, бир гал осуда ҳаётни, ҳаловатли тонгларни истаётганингни айтгандинг. Кимсасиз бир орол бўлсаю, уфқни томоша қилиб ўтирсанг, осмондаги ғўж юлдузларнинг сувда мавжланишидан завқ олиб, кўнгилга эрк бериб, шеърлар ўқисанг, дегандинг. Хаёллар олисларга олиб кетганди. Энтикиб, ўй сўргандик.
Ўша ўй — ўй экан.
“Йигирманчи асрнинг устидан кулмаган одам ўзини осиши керак” деган экан бир валломат сиёсатдон. Йигирма биринчи асрда ҳам ўша истеҳзо устуворми дейман, билмайман, ҳарқалай, одам техника аталмиш ашқол-дашқол уюмлари орасида қолиб кетяпти. Қалбни қирим босяпти. Роботюраклар ҳар қадамда кўзингга маъносиз, ҳиссиз тикилади. Қорачиқлар меҳр-оқибатдан эмас, пул, матоҳлар жилвасидан хира тортмоқда. Муҳаббат тушунчаси ўт-оташ билан синоним тушмай қўйди. Чўғ устидаги кул мисол сўниб боряпти.
Аммо биламан, очуннинг қай бир пучмоғида тоза қалбли, юрагида ўти бор, кўкси ишқ-муҳаббатдан мосуво бўлмаган одамлар ҳам бор. Мен ўша манзиллар томон йўлга чиқмоқчиман. Ишончим шуки, у мумтоз ўлкаларда, албатта, сен ҳам бўласан.
Осмонимдаги Ой кабиқоронғи йўлимни ёритиб, кўкдан жилмайиб турасан. Ўшанда сен билан адоқсиз суҳбат қураман. Эҳтимол, анҳор бўйида қолдирган мактубимни, мана бу еримда сақлаб келаётган мактубимни ёддан айтиб берарман. Чексиз изтиробларимни баён этарман.
Унгача омон бўл! Руҳ ва танни озод сақла. СЎЗда собитлик ваъдаси чегараларини маҳкам қўриқла.
Ҳурмат билан, Моруа…
199… йил, кузак”

Мактуб шундай якунланган эди.
Ҳафсала билан, ҳуснихат ила битилган мактубни қиз қайта-қайта ўқиди…
Ҳошияга илова сатрлар эса, қалбида ажиб ҳисларни уйғотди:
“Ёзилдиқ тиғлари аёвсиз ботган
Кўксимга қай малҳам этар кифоя…”
“Моруа”!
Қиз йигитни ана шундай атарди. Билмайди, қайсидир асардаги бу исм унга ёқиб қолган эди. Йигит уни “Изабелла” деганида шу исмни жавобан унга тақаб қўйган эди.
Қизнинг титроқ уйғонган кўксида нимадир “чирт” этиб узилгандай бўлди. Мактубдан кўз узолмади. Хат устига томган томчи ёшни кўриб, тўзғиган хаёлларини йиғиб олди.
Туни билан мижжа қоқмади. Дам ёстиққа юзтубан ётар, гоҳ йиғлаб-гоҳ жилмаярди. Кўз ёши — ҳижрон аломати, кулгани — йигит ҳали ҳам унутмабди. Ҳароратли муҳаббатини ҳис қилганию, талпиниб турган юраги дукиллаб, ишқ ўтида тобларди.
Уни ҳамма ташлаб кетган эди. Унутилган одамга айланган эди. Зимистонда ўзини эркинроқ ҳис этарди. Ўйласа, қоронғилик ҳам неъмат экан. Ҳеч нарсани кўрмайсан, илғамайсан. Лекин нималардир борлигини биласан. Тушунасан. Идрок этиб турасан.
Идрокинг ишлаётгани ҳам қизиқ. Қоронғиликда одам тиниқ фикрлайди, ёруғдагидан кўра жонли, табиий, ёрқин хаёллар келади.
Бу қандай содир бўлади — билиш қийин. Аммо қиз ҳис этадики, юрагининг бир қиррасида ёруғлик бор ҳалиям.
Лекин қаерга кетади Моруа? Орадаги муносабатлар атиги бир мактубга битгуликмиди? Шу билан патарат топадими муҳаббат азми? Мабодо, у қайтиб келса-чи? Анҳор бўйидаги ўша манзилига қандай мактуб қолдирди экан?
Назокат сабрсизлик билан тонг отишини кута бошлади.
Эрталаб кўзлари қизариб уйғонган қиз апил-тапил нонушта қилиб, кутубхона баҳона анҳор бўйига қараб ошиқди. Қадамлари ўзига бўйсунмас, шаҳдидан олдин одимларди. Юраги тобора тез-тез урар, бу талпинишлар бир вақтлардагидан кўра, жадаллик касб этар, илдамроқ боргиси, ўша Моруаси қолдирган мактубни тезроқ олгиси, Моруанинг қалбидан кечган ҳисларни танида ҳис этиб кўргиси, ўша яқин ўтмишида туйган титроқларини яна туйгиси, тунлари оромини йўқотиб, ёқимли азоблар ичра бедор тонг оттиргиси келарди.
Ана, ҳув анави дўнгликдан ўтса, у ёғи анҳор. Шаҳарнинг бир четидан, қишлоқсифат посёлкага уланиб кетган анҳор бўйи кундузи гавжум бўлади. Сайрга чиққан қари-қартанг, тушлигини ҳазм қилмоқ истагидаги қориндор амалдорлар, қўл ушлашиб юрганча борлиғини унутаёзган ёш-яланглар ғимир-ғимир қилиб кезиб юради. Бўталар орасидан хилват жой изловчилар ҳам кунда-шунда…
Назокат юраги ҳапқириб борар экан, ишқилиб, ўша қадрдон тол ён-верида одам бўлмасин-да, деган ҳадикда эди. Аммо, қўрққанича бор экан: у ерга яқин жойда беш-олти бекорчихўжа ўтирволиб, қарта сузарди.
Кўнглига ғулғула тушган Назокат қадамини секинлатди: кўзи олазарак, тимирскиланиб юрганини бирор таниш-нотаниш кўрса, маломат қилмасин…

***

Чошгоҳда кутубхонага кириб борди. Дуч келган бир-икки китоб олиб, варақларига бемақсад тикилиб ўтирди. Хаёли ўша кекса тол, унинг қай бир туйнугида қолдирилган ўша соғинчли мактубда бўлди.
“Моруа нималар деб ёзди экан?..”
Назокат паришон ҳолда қанча ўтирди — билмайди. Кутубхона залида одам сийраклашиб қолган, бурчакда баъзилар китоб-журналга қаншарини қўйганча пинакка ҳам кетган, айримлар елимхалтаю қоғозга ўралган егуликни пишиллаб емоқда эди. Тушлик бўлиб қолибди, шекилли. Соатига қаради: мил нақ 14-07 ни кўрсатарди.
Назокат тараддудланди. Қўлидаги ўқилмаган китобларни апил-тапил жойига қўйганча, кутубхонадан ошиғич чиқди.
Кишидан омад бир юз ўгирса, қайта кулиб боқиши қийин бўларкан. Бу гал ҳам тол таги банд экан: қартабозлар энди ёнбошлаволиб, ўйнаб ўтирарди.
“Ит қўриган ерга ўч экан-да”, дея пичирлади ичида Назокат. У шундай дея омади чопмаганидан ичини ит тирнаганича уйига равона бўлди.
“Худонинг эртасиям бор-ку. Бир гап бўлар…”

***

Назокат рўзғор юмушлари билан андармон бўлди, аммо ўй-хаёли ҳамон ўша мажнунтол ва унинг ковагида қолдирилган мактубда эди. Ахир унда Моруаси нима деб ёзиб қолдирган бўлиши мумкин? Нега ўзига бериб қўя қолмади экан? Бунчалар сирли бўлмаса бу йигит? Айрилиққа юраги дов бермадимикан? Ё мактубни қўлига тутқазаётиб, Назокатнинг кўзига қарай олмаслигидан уялдимикан, виждони қийналдимикан?
Афсус, буни билмайди. Билолмай қолди буни…
Назокат бир йил муқаддам анҳор бўйидаги харсанг устида Моруа билан аҳд қилганини эслади. Ўшанда у йигитнинг меҳр тўла кўзларига тик боқиб, бутун вужуди билан ўзига тикилиб турган кўзларга сингиб кетганича, муҳаббат аҳдини берган эди…
Қани ўша аҳд? Қани ўша меҳр товланиб турган нигоҳлар? Қани?
Қани ўша йигит? Қани унинг аҳдга содиқлиги? Қани?
Қани ўша Назокат? Қани унинг аҳдга содиқлиги? Қани?
Умуман, қани ўша муҳаббатнинг ўзи? Қани аҳдга содиқлик? Қани?
Йўқми? Нега йўқ?
Ўртада нима бор ўзи? Нима қолди ораларида?
Анҳорми? Мажнунтолми? Кавакларда сарғайган сарсон-саргардон мактубларми?
Назокатнинг хўрлиги келди. Наҳот ҳаммаси осонгина юз берган бўлса… Ташлаб кетиш шунчалар осонми…
— Назокат?
Ташқаридан онасининг чақиргани эшитилди. Ўй-хаёлларини йиғиштирганча ошхонадан чиқиб келган қизнинг қароғидан ғилт этиб ёш чиқди. Она буни пайқамади.
— Нима қилиб тимирскиланиб юрибсан боядан бери? — деди она. — Тушдан кейин меҳмонлар келади. Тезроқ қимирлаш керак…
— Қандай меҳмон? — деди Назокат.
— Холанг телефон қилди. Бир қўшниси оғиз солаётганмиш. Совчиликка келади…
Назокат юрагини гупиллатиб, интиктириб турган нарса ўрнида ғашлик эгаллади.
— Кимга? — деди ердан кўз узмай.
Онаси мийиғида кулди:
— Бу уйда совчи келадиган яна ким бор? Ҳар ҳолда, менга келмаса керак…
Назокат ноўрин савол бериб қўйганини энди фаҳмлади ва ғашлиги янада ортди. Онаси авайлаб айтса-да, шу пайтга қадар Назокатнинг қалбига бирор марта қўл солиб кўрмаган, бу масалада очиқ гаплашмаган, шу боис, қизининг ўй-хаёлида нима гап борлигидан бехабар, Моруаси ҳақида-ку, буткул билмасди. Шу учун ҳам қизлик уйга совчи келишини шараф билиб, опасининг қўнғироғи тиниши билан уйни саришталашга киришиб кетган, эрига ҳам сим қоқиб, суюнчи олган эди. Бу қурмағур паришонхотир қиз бўлса, ҳали совчи нималигини билмаса…
Тушга яқин жилмайиб келган совчи аталмиш тўрт хотин қовоғи солиқ ҳолда изига қайтди.
Она бечора туғилгандан бери Назокатни биринчи бор шартталик қилганини кўрди, тағин илк совчига ҳунар кўрсатганча “Менинг ваъда берганим бор…” деганидан қаттиқ мутаассир бўлиб, боши хам бўлиб қолди… Қайси она совчи олдига юзсизларча кириб, бундай деган қиздан хафа бўлмаскан…
Ахир кейинчалик — Назокатнинг ўша гапи элга ёйилгач, бу хонадонга совчилар қадами узилгани учун она доим ундан гинадор бўлар, гап-сўзлару пичир-пичирлардан зада бўлиб, юрагига оғриқ кирганида эрига азобли маслаҳатлар солар, бироқ бундан ҳеч бир натижа чиқмагач, она юракўйноғи орттириб олганида қизнинг бахтига аллақачон тушов тушиб улгурган эди.
Илк ва охирги совчи қадами изи босилган ўша кунлари уч-тўрт кун она-қиз бир-бирига гап қўшмай юрди. Назокат бетоб бўлиб, ётиб қолгач, онанинг меҳри ийди…
Қиз аввалига кун сайин, сўнг соат сайин сўниб борарди.
Шифокорлар унинг юрагида қандайдир тешик борлигини аниқлашибди. Тешикми-туйнукми, ҳарқалай, аппарат юрак бўлмасида қора бир доғ пайдо бўлганини кўрсатибди эмиш.
Ота-онаси Назокатнинг шу ёшигача сезилмаган бу хасталик қачон пайдо бўлганию, қандай намоён этганини сезмай қолганидан афсус чекканича қолди.
Узоқ давом этган муолажалардан сўнг Назокатни уйга қайтаришди. Рухсат теккан куни тушдан сўнг у уйдан ташқари чиқишга изн сўради.
Юзига қон югура бошлаган она индамади.

* * *

Назокат одам сийрак хиёбон оралаб, ёлғизоёқ тупроқ йўл орқали жадаллаб кетарди.
Ана, ўша анҳор, ўша кекса тол.
Ҳаво бироз булутли бўлгани учунми, кўчада одам кам, яккам-дуккам чол-кампиру ҳаётдан зериккан уч-тўрт пиёнистани ҳисобга олмаганда, ҳеч зоғ кўринмас, Назокатнинг хаёлида негадир бу ерларда аввалги файз, аввалги шафқдан асар ҳам қолмаган, фақат дайди итларнинггина ерга бағир бериб ётганча, ўтган-қайтганни пинак бузмай кузатиб, онда-сонда ғингшиб қўйишидан ўзга бир сас-садо келмас, доимги шовқин-сурону болаларнинг дунёни кўчириб кетар даражадаги қийқириб ўйнашлари, беқарор ошиқ-мошиқларнинг чекка-чеккаларда, анҳор бўйларида елкама-елка, бир-бирига суянганча ўтириб, борлиққа сингиб кетишлари аллақачон сув каби оқиб кетган вақт измидан ташқарида, энди қайтиб келиши душвор воқелик каби таассурот қолдирмоқда эди.
Назокат толга яқинлашган сайин яна юраги гупиллаб кетди, эҳтимол, у ҳам ҳув бир замонлар, Акбар билан илк кўришган чоғлардаги сармаст дамларни эслаб, энтикиб турганини, аниқроғи, Моруани ўртагандай соғинч уни ҳам ўз забтига олаётганини, дунёда ўзидан-да ёлғиз, ўзидан-да бечораҳол ва қалбан ғарибга айланган кимса йўқ, деб тасаввур этишдек азоб юрак-бағрига туз сепаётганию руҳиятида яккаш бир ғаламис туйғу буларнинг барчасидан қутулиш кераклигини, бугун, ҳозироқ бу учун имкон борлигини кўнглига солаётгани, шу туфайли анави сув, анави анҳор ўз домига тортишга шай ҳолда, чорлаётганини, боягина шифохона ҳовлисидан чиқаётганда пайдо бўлган аллақандай умид учқуни ҳам буткул сўниб, адо бўлаётганини сезиб турарди. Аслида бу сезги Назокатни анчадан бери таъқиб қиларди. Бироқ Моруа қалбига экиб кетган умид, муҳаббат туйғуси уни батамом енгишга куч берар, хаёлига келган ҳар қандай қўрқинчли режаю қора ниятларни кўнглидан қувиб чиқарар, илло, қачонлардир Моруа билан яна қайта топишишга умид боғлар, эҳтимол, йигит тол тагида қолдирган мактубида борар жойи манзилини баён этган бўлса, хат-хабарлашиб, дийдор масофасию вақтини қисқартиришга эришиш илинжи билан яшарди. Мана, оз қолди барига. Ана, кекса толга саноқли қадам!
Қиз толга беш-олти одим қолганда оёқ илди. Ён-атрофга олазарак боқди: ҳеч ким унга эътибор бераётгани йўқ эди. Одамларнинг ўғринча нигоҳидан зада Назокат хотиржам тортганча, дарахт ковагига назар ташлади. Аммо у ерда мактуб йўқ эди. Толни айланиб қаради. Йўқ. Мактуб йўқ!
Моруа қаерга яширди экан хатни?
Назокат ерда ётган шохча билан гўё дарахт тагини хас-хашакдан тозалаётгандай бўлиб, титиб кўрди. Пўстлоқлари орасига қаради: йўқ!
Излаганини топмаганга икки дунё ҳам тор келаркан!
Наҳотки, Моруа ёлғон ёзди? Йўқ, у бундай қилолмайди. У шу пайтга қадар айтганини қилган, қилганини айтиб келган. Айниқса, муҳаббат бобида у ўтирик аралаштирмаган эди. Аммо унда қани у қолдирган мактуб?
Манзил — шу, анҳор — ана, кекса тол — мана! Мактуб қани унда?
Назокат димоғига урилиб, бўғзини куйдираётган аччиқни зўрға босиб турарди. Моруанинг гапларини, соғинган туйғуларини туйиш бахтидан мосуво бўлиб ўтирибди. Ғаддор дунёсида энг сўнгги умид ҳам бунчалик азоб бўлишини танасига ҳис этиб турган чоғида кекса толнинг қалин танасида — одам бўйи келадиган айри шохининг пўстлоғи орасида — тангадай жойда ярқ этиб бир нарса кўринди.
Назокат қоғозга қанчалик фавқулодда чаққонлик билан қўл узатган бўлса, шунча авайлаб олди.
Мана, мактуб!! Моруанинг қалб битиги!
Майда қатланган қоғозни ростлар экан, бутун вужуди билан энтикиб кетди. Юрагининг ҳар уришини аниқ эшитиб, ҳис этиб турарди.
Назокат мактубнинг илк сатрларини ўқишга тушди:
“Изабелла!
Мен сени илк кўрганимда, танамда юрак борлигини ҳис қилганман. Чунки, кўзларингга қараганимда, у гуп-гуп этиб, тез уриб кетган. Билмайман — нега бундай бўлган.
Сен ҳақингда ўйлаган ҳар куним, ҳар оним ҳаётга муҳаббатим ортгани рост.
Назаримда, бу ёруғ оламда фақат икки киши — сен ва мен бор эдим. Бу тентак қалбимни, бу аҳмоқ юрагимни тушунадиган, унинг майлларига қулоқ осадиган, оғриқларини сезадиган ва қувват бера оладиган ягона юрак сенинг вужудингда эканини англаганман. Мен сени топганимда, қанчалик ҳаётсеварга айланган бўлсам, сендан ажралиб қолишдек қўрқувга шунчалик асир бўла бошладим.
Ишонасанми, сенга атаб юзга яқин шеър ёзганман! Бир даста қалб оғриғи!
Кетар чоғим барини оловда ёқдим!
Шеърларимга қўшилиб юрагим ҳам оловда ёниб-куйди!
Нега ёқдим уларни, биласанми?
Сенинг кўзинг тушишидан чўчидим. Уларни ўқиб қолишингдан қўрқдим…
Мени кечир, Назокат! Муҳаббатимиз қоғозга тушишидан кўра, туйғуларимизда яшашини афзал билдим…”
Битик шу ерга келганида ручка пастаси тугаб қолганми, ёзув ранги ўзгарган, эҳтимол, мактуб маънан якунланган-у, сўнг уни давом эттириш истаги устунлик қилиб, ёзув-ёзувга уланганини сезиш қийин эмас эди. Назокат буни дарров фаҳмлади ва ўқишда давом этди:
“Энди қаерга кетаётганим ҳақида айтмасам бўлмас.
Мен Европага, олис бир юртга кетяпман. Ўйнаб-кулишга эмас, албатта.
Тунов куни тунда мазам қочди. Ҳеч учрамаган ҳол — юрагим қаттиқ оғриб қолди. Илгарилари чап кўксимда симиллаган оғриқлар бўлиб турарди. Ҳеч эътибор бермас эдим. Бу сафаргиси жондан ўтди. Шифокорларга кўринган эдим, таҳлиллар ҳушимни учирди: юрагим ишдан чиқаётган эмиш… Шалвираб қолганмиш. Вақтида жарроҳлик амалиёти қилинмаса, омон қолиш мушкул экан.
Дунё кўзимга қоронғи кўриниб кетди.
Устига-устак, меникидай хасталиклар давоси бу ерларда йўқ экан. Операцияга кетадиган пул ҳам каттагина: рақамлар ортига тиркаладиган нолларни айтсам, тилинг гажак бўлиб қолади.
Билсанг керак, Европада бир амаким яшайди. Пулдор одам. Отам унга маслаҳат солди, ялинди. У рози бўлди ва чақирув қоғози юборибди.
Шу сабаб кетяпман…
Омон бўлсам, қайтаман, албатта. Аммо юрагимда бир шубҳа бор. Буюк бир шубҳа… Кечагина ўқидим: меникидек хасталикда жарроҳлик камдан-кам ҳолдагина муваффақиятли ўтар экан… Шу туфайли аросатдаман: буюк бир шубҳа билан буюк бир илинж орасида овораи сармонман.
Бу аросат ҳам майлига, яна бир гап борки, у мени буткул ҳаётдан совитиб, юрагимни каламуш каби жирканч тишлари билан тобора авжга миниб кемирмоқда (энг даҳшатлиси ҳам шу аслида).
Яъни биз иккимиз оила қура олмаймиз…
Буни юрагим оғриган куни тонгда, чой ичар маҳали ота-онамдан эшитдим…”
Мактуб шу ерга келганида ёзувда яна бир узилиш бўлган, “оила қура олмаймиз” деган жумла анчайин ҳафсаласизлик билан, истар-истамас ёзилганга ўхшар, афтидан, Акбар буни минг бир азобда, қўллари қалтираганидан ажиб-бужи этиб битгандай эди.
Назокат ҳам буни қалбан ҳис этдими, кўзидан “ғилт” этиб бир томчи ёш томиб кетди. Қизара бошлаган кўзини рўмолчаси билан артганча, мактубнинг қолганини ўқишга тутинди.
“Оила қуролмаслигимиз сабаби шуки, бундан тўқсон-юз йил аввал менинг катта бобом билан сенинг катта бобонг — уларнинг йигитлик чоғларида — қиз талашган экан. У сулув қиз эса, менинг бобомга теккан. Бундан дарғазаб бўлган сенинг бобонг бутун уруғ-аймоғимизни сўкиб, эл-улус олдида қаттиқ ҳақорат қилган. Ўша адоват оталаримиз қонида ҳам ҳозиргача иссиқ қон бўлиб оқяпти. Мен буни чой ичаётиб, онам сен ҳақингда гап очганида, сени суриштира кетган отамнинг, қилидан қуйруғигача сўраган отамнинг қош-қовоғидан эмас, отангни исмини эшитган онда ғазабдан пиёлани ғижимлаганча, майда-майда қилиб ташлаганида кесилиб кетган қўлидан кўпириб, сизиб чиққан қонда ҳам кўрдим.
Олдимда икки йўл қолганди: ё муҳаббат ва висол ёки оқпадар бўлишу лаънатланган ҳаётга қадам…
Ҳа, бунинг қанчалик оғир эканини тушунсанг эди.
Назокат!
Биламан, бу гапларимни ўқиб, эҳтимол, мендан нафратланаётгандирсан. Қарғаётгандирсан. Аммо…
Мен қайси йўлни танлаганимни, нега танлаганимни ўзинг англашингни, англаганда ҳам ақл билан иш тутиб, мағзини чақишингни истайман.
Эсингда бўлса, бир гал осуда ҳаётни, ҳаловатли тонгларни истаётганингни айтгандинг. Кимсасиз бир орол бўлсаю, уфқни томоша қилиб ўтирсанг, осмондаги ғўж юлдузларнинг сувда мавжланишидан завқ олиб, кўнгилга эрк бериб, шеърлар ўқисанг, дегандинг. Хаёллар олисларга олиб кетганди ўшанда иккимизни ҳам. Энтикиб, ўй сургандик.
Ўша ўй — ўй экан.
Мен ҳам сен орзу қилгандай маконларни истаяпман. Сендан ўзга ҳеч бир одамни кўришни ҳам, гаплашишни ҳам, улар ҳақида ўйлашни ҳам хоҳламаяпман.
Мен учун ҳозир бу ёруғ оламда уч киши бор: сўқиру кар, соқову чўлоққа айланган ЎЗИМ, ҳар нафасда мени таъқиб этиб, асирга айлантираётган, йўлларимни, манзиллариму қадамларимни ўзгалардан айро қилаётган ЁЛҒИЗЛИК аталмиш бир юҳо ва нафас олиб, яшашга умид бағишлаб, юракнинг кемтик жойига малҳам тутиб турган қалб соҳибаси — СЕН.
Шу учун ўзингни ҳам, мени ҳам умидсизликка гирифтор этма. Билгинки, тирик эканман, сенга бўлган соф муҳаббатим юрагимда мудом яшайди. Майли, бу юракка тиғ тегиб, уришдан тўхтаса ҳам, сени деб тўхтайди. Йўлимиз айро тушганда ҳам, қалбимда яшайсан.
Борар манзилимда, юрар йўлимда, ўйлар ўйимда, куйлар куйимда ҳам ўзинг бўласан.
Яна билгинки, осмонимдаги Ой каби қоронғи йўлимни ёритиб, кўкдан жилмайиб турасан. Ўшанда сен билан адоқсиз суҳбат қураман. Эҳтимол, анҳор бўйида қолдираётган мана шу мактубим каби, дарз кетган юрагимда асраётган, ҳали битилмаган мактубларимни ҳам ёддан айтиб берарман. Чексиз изтиробимларимни баён этарман.
Унгача омон бўл, Назокат!
Руҳ ва танни озод сақла. Мендан бошқасига… (Йўқ, уни айтолмайман…)
Ваъда чегараларини маҳкам қўриқла.
Насиб этса, фарзандли бўлсанг, улар қалбига уруғ-аймоқлар орасига низою нафрат эмас, меҳр-оқибат уруғларини қада. Токи, кек сақлаш нималигини билмасин улар…
Мангу видо билан, Моруа…”
Назокат шу жумлаларни ўқир экан, кўзларини юмиб олди. Мижжасидан муттасил оқиб чиқаётган ёш сурмасини юзига оқизиб туширди, ёноқлари қайноқ ва аччиқ ёшдан титрай бошлади…
Лаблари базўр пичирлаб, бир сўз айтди. Бу сўз осмонда ола-тасир бошлаб, довруқ солган момоқалдироқ гумбурлаши остида зўрға эшитилди:
“Ёзилдиқ тиғлари аёвсиз ботган
Кўксимга қай малҳам этар кифоя…”

* * *

Орадан қишу баҳор ўтди.
Ҳайит байрами арафасида эди.
Таниш хонадоннинг кўча дарвозаси олдида икки қатор узун стулга тўшалган қип-қизил бахмал кўрпачаларда белига белбоғ боғлаб, бошига қалпоқ кийган эркаклар, айри столда эса, имом домла қироат қилиб ўтирарди. Ўтган-қайтганлар ҳам дуои фотиҳа қилиб ўтарди.
Расм-русумдан сўнг уч-тўрт киши бир-бирига пичирлашиб гурунг бериб кетарди.
“Раҳматлининг юраги хаста эди, деб эшитгандим…”
“Юракдан кетмабди… Саратон дейишибди-ку”
“Нима бўлсаям, ёлғиз қиз эди. Ҳур кетди-да…”
Шу пайти улар ёнига бир эски велосипед келиб тўхтади.
— Ассалому алайкум, акалар! — деди елкасига каттагина бесунақай сумкани ортиб олган велосипедчи.
— Ва алайкум, ассалом! — деди пичирловчилар.
— Шу орада Собировлар хонадони борми? — деди велосипедчи одам қўлидаги чорбурчак қоғозга қараб, манзилни дона-дона қилиб айтаркан.
— Ҳа… — дейишди одамлар. — Ҳув, ана. Маърака бўлаётган хонадон.
— Ўша хонадонда Назокат деган аёлми, қизми яшайдими? Хат бор эди. Чет элдан… — у шундай дедию жавобни ҳам кутмасдан велосипедини жадал ҳайдаб кетди.
Пичирловчилар бир-бирига тикилиб қолишди. Улардан бири: “Ҳаётнинг ҳазилиям кўп-да…”, деди пичирлаб.

2020 йил

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting