“Илоҳий комедия”ни қайтадан ёзамиз

0
782

эссе

Бунинг учун биринчи навбатда бизга Герберт Уэллс ва Данте Алигьери керак бўлади. Нега Герберт Уэллс демоқчимисиз? Саволингиз ҳақли. Жаноб Уэллс прозаик бўлган, уни поэзияга дахли йўқ дейишингиз мумкин. Шу ерда мен ҳам аниқликка ҳавас қилмай мудом уни четлаб ўтишга одатланганимни таъкидлашим жоиз. Аслида гапнинг бошида Герберт Уэллсга эмас, қуриб кетгур “Вақт машинаси”га эҳтиёжимиз туғилишини айтишим мақсадга мувофиқ бўларди. Шунда ортиқча саволларга ҳожат қолмасди.

“Вақт машинаси”ни абсурд, нореал воқеълик деб жар солишга шай турганлар асло лоп этиб оғиз оча кўрманг. Маслаҳатим шошилманг. Шошилган қиз эрга ёлчимайди. Мабодо шошилсангиз шу феъл-атворингиз билан тўрт томонингиз қибла эканлигини ёдда тутганча дарҳол даф бўлинг. Шошилмай, доим мулоҳазасини ишга солиб, етти ўлчаб бир кесадиганлар “Вақт машинаси” ҳақида бош қотириш учун бирлашамиз. Худди кераксиз ва бир тийинга қиммат, инсоният ва жамиятни чалғитиб, устига минадиган, умрини эговлайдиган турли хил уюшма, партия ёки клубларга эмас, шунчаки бир миссия учун вақтинча арзимас бирдамлик ҳаракатининг либосини киямиз. Либос жулдурвоқи бўладими, кир-чирми, нима қизиғи бор. Пушкиннинг қотили бўлган олифта Дантес унга қарата “қарши бўлмасангиз дуэлни бошлаймиз, Александр Сергеевич” деганидек бизнинг ҳам на устави, на кенгаши, на аъзолик билети бўлган бирдамлик ҳаракатимизда қарама-қарши овозлар бўлмаса, кўзланган миссиямизни бажариш учун астойдил ишга киришамиз.

 “Вақт машинаси”ни Уэллс яшаган пайтда “бемаъни фантазия” деб атаган эди инглиз жамияти. У замонлар тамаддун ҳали бунчалик илгарилаб кетмаган, инсоният тафаккури  ҳамин қадар чекланган ва рамкага солинган, фан эндигина ривожланиб, жадаллик билан олдинга силжишда давом этаётган бўлса-да, космик тасаввур учун ҳали яроқсиз ҳисобланарди. Қолаверса инглизлардек мутаасиб консерваторлар турмуш тарзида бундай янгиликка тамомила зарурат ҳам йўқ эди (улар ҳозир ҳам ўшандек, бир туклариям ўзгармаган ҳолда бошқа тартибларда кун кечираётган қолган бани башар авлоди  билан бир осмон остида нафас олишяпти).

Ҳозир йигирма биринчи аср. Йигирманчи асрдан фарқли равишда бу асрда исталган тентаклик билан инсон ақли ва тасаввури тез чиқиша олади. Шундай экан “Вақт машинаси”ни яратиб кўришга уринса, Уэллснинг илмий асосланган фантазияси худди айрим қонунлардек фақат қоғозда қолиб кетмаслигига ишонса ва ниҳоят унинг кўмагида исталган ўтмиш замони сари саёҳат қилса бўлади. Биз учун бу айни муддао, чунки бизга ўн иккинчи асрдаги Флоренция ва тирик Данте Алигьери керак.

Бу ниятимизни амалга ошириш учун шубҳасиз, қорни катта ва сочи тўкилиб кетган, мижғов ва эзма физиклардан ёки жилла қурса зерикишнинг кони бўлган физиклар жамиятига ёзма мурожаат асосида “Вақт машинаси” учун буюртма бериб кўрамиз. Машина кўриниши Леонид Гайдайнинг машҳур ретро кинофильмдагидек абгор ва кулгули бўлса ҳам майли. Индамаймиз. Майлими? Жим турамиз худди оғзимизга талқон ютгандек. Бир марта бўлса-да уни очмаймиз. Жамиятдан тегишли тартибда буюртма тасдиқлангани мазмунидаги мактубни олсак шодон ҳолда ўрнимизда сакраймиз, бошимизни мамнун  ирғаймиз, кўзларимизни худди ишонмагандек бақрайтириб очамиз. Нима фарқи бор, жаноблар? Машина ҳашаматли кўринишга эга бўладими ё абгорми, бу ниманиям ҳал қилади? Бу темир-терсаклар жамланмаси мўъжиза кўрсатиб, бизни ўн иккинчи асрдаги Италияга, унинг мафтункор ва тилларда достон бўлган шаҳри Флоренцияга олиб борса бўлди-да. Шунгаям ота гўри қозихонами?

Хуллас, исталган кўринишдаги “Вақт машинаси” ўтмишдаги Италияга боришимиз учун зарур бизга. Биз у ерга Дантени йўқлаб борамиз. Жаноб Данте Алигьерини! Шуни унутманглар. Барчамиз Флоренциянинг табиати ёки тарихий обидаларни томоша қилиш, Арно дарёсида чўмилиб офтобда тобланиб ётиш, оғзимизни мазали итальян таомлари қаршисида ланг очиб йиғиштиролмай қолмаслик учун эмас, Дантени қидириб топиш учун йўл оламиз. Мақсадимиз муштарак- “Илоҳий комедия”ни ўзгартирилишига ёки қайта ёзилишига эришиш. Гарчи орамизда кўпчилик уни ўзбек тилида Абдулла бобо таржимасидаги “Дўзах” қисминигина ўқиган бўлса-да, сир бой бериш йўқ. Сурбетларча бақир-чақир қилиб, безбетлик билан ўзимизни ақлли кўрсатиб, унинг “Жаннат” ва “Аросат” қисмини ҳам ўқигандек тутамиз. Ғурур ва нафсониятни пастга уриш йўқ, жаноблар! Ўзбекнинг ғурури барча нарсадан баланд! Биз туркийлармиз, туркпарастликдан воз кечиш йўқ! Ўзи етади бизга Амир Темурнинг Султон Боязид билан жанг қилгани. Бу икки туркий ўртасидаги жанг қалбимизни доғлаб, ғуруримизни синдирган. Илло Соҳибқирон ўшанда ютмаган, балки ютқазган. Ютқазган, ютқазган! О, менинг туркийларим, туркийларим! Энди қандайдир “Илоҳий комедия” борасида ғуруримизга яна гард юқтирамизми? Ҳеч қачон!

Яна бир кичкинагина жиҳат борки, у жуда муҳим. “Вақт машинаси” бизни олис ўтмишдаги Флоренцияга олиб боришигина эмас, вақтида етказиши ҳам шарт. Бизга Данте туғилиб бўлиб, эмаклаб, тетапоя қилиб, шаталоқ отиб юрган  ёки Беатриче билан майсазорда ёнбошлаб ётган давр эмас, у туғилишидан олдинги давр, аниқроғи онаси унга ҳомиладор бўлиб, ҳомиланинг олтинчи ё еттинчи ойлиги давом этаётган давр керак. Шуни мўлжал қилиб, машина ўлгурни ишга туширамиз. Буни физиклар жамияти эътиборга олиши ва машина хусусиятига етарлича меъёрлар киритишини ҳам ёзма тарздаги мурожаатномага алоҳида банд тариқасида тиркаб қўямиз.

“Вақт машинаси” тайёр бўлгач, уни ўт олдириб, тўппа-тўғри Дантенинг уйига бориб тушамиз. Онаси эҳтимол бу пайт дераза олдида ўткинчиларни кузатиб ўтирган ёки қозон осиб пиёзли шўрва қайнатаётган бўлар. У онаси қорнида жимгина ухлаётган ёки қорин деворларини тепаётган бўлар. Биз исталган саҳна рўпарасидан чиқишга розимиз. Миссиямиз прологи- Дантени Флоренцияда туғилишини олдини олишдан иборат бўлади. Жаноблар, бу миссияни тушунмаганлар бўлса, юқоридаги шошқалоқлар билан шу заҳоти қўшмозор бўлинглар!

Данте туғилмай туриб ўтмишдаги Флоренцияга боришимизнинг аҳамияти катта. Агарда мақсадимиз “Илоҳий комедия”ни ўзгартириш ёки қайта ёзилишига эришиш бўлса, албатта бунга жиддий ёндошиш талаб қилинади. Башарти бунга эришсак, уни онаси билан бирга Арабистон ярим оролига олиб кетамиз. Иордания ёки Ироққа. Ироқ қулайроқмикин?! Ахир, Бағдодда доим ҳамма ёқ тинч бўларди-ку (Бағдодда ҳаммаёқ тинч, ҳаммаёқ тинч, ҳаммаёқ тинч… )! ”Вақт машинаси”да кетмаймиз у ерларга. Ўша пайтдаги асосий транспорт воситаси бўлган от арава ёки туялар карвонига она-болани мингаштириб олиб кетсак, ҳатти-ҳаракатимизда гўзаллик ва нафосат, ўрта асрларга хос бўлган романтикани ўзида мужассам этган Дон Кихотга хос рицарлик унсурлари кўзга ташланади. Эртакнамо бўлса нима қипти Флоренциядан ҳайдалиш куйи. Аммо, бир минус тарафи бор бунинг. Юқоридаги араб мамлакатлари жуда иссиқ, қишин-ёзин қуёш тиғида тана бечора юз-кўзларга қўшилиб “вой дод” деб юборади. Қўлини совуқ сувга ҳам урмаган Данте қийналиб қолса керак. Ундан кўра Италияга яқин бўлган Испанияга олиб кетсак-чи? Испания ўша пайтда араблар мустамлакаси бўлганди. Андалусия, Ғарнота ёки Қурдоба шаҳарларидан бирига олиб борсак бўлади она-болани. Менимча, Андалусия маъқулроқ. Иқлими қулай. Италияникига ўхшаб кетади. Қуёш меъёрида тоблайди танани, пўртаҳол ва олча дарахтлари кўп. Бандаргоҳи ҳам бор. Денгиз мавжланиб, ўзини кўз-кўз қилиб туради у ердан. Данте қийналмайди, ўлай агар. Жон деб боради. Арно дарёси ўрнига сарҳадсиз денгиз қирғоқларида дайдиб юраверади. Ялангоёқ, оч қоринга ҳуштак чалиб, ялпиз чайнаб, соч-соқоли ўсган ҳолда миясидан Беатричени кетказа олмай. Ўзи шундоқ ҳам Флоренциядан у барибир сургун бўлиб кетади-ку!

Демак, жой ҳал- Андалусия. Дантенинг онасини у ердаги араблар истиқомат қиладиган, оёқ остига тош ётқизилган, пастак кулбалардан таркиб топган жинкўчалардаги уйлардан бирига жойлаштирамиз. Э, фарқи йўқ қанақа уй бўлишини. Томи ёпилган, қудуғи бор, деразалари кўчага қараган бўлса, ижарачиси судхўр бўлмаса кифоя. Уйга жойлаштиргач, бирортамиз унга доялик қиламиз. Орамизда аёллар ҳам бордир бу миссияга хизмат қилишни истаган. Ўшалар дояликни бўйниларига олишади ва кичкинтой Дантенинг ёруғ оламга келишида меҳр билан жонбозлик кўрсатишади. Бу пайтда биз эркаклар кўчага чиқиб турамиз (албатта агар бетимиз чармдан бўлмаса).

Данте қайси вақтда туғилишининг аҳамияти йўқ. Эрталаб туғиладими ё ярим тундами, кун ярмидами ё шом пайтидами, бизга онаси қорнидан эсон-омон пастга осилиб тушса –шу  ютуғимиз. Уни ювиб-чатиб, киндигини боғлаб қўямиз. Элга ош бериш-  ўзбекчиликдаги одат. Яна бирорталаринг бозордан бир калла гўшт, озгина ёғ ва гуруч олиб келиб, элни ошга чақириб юрманглар (одамни хижолатга қўйиб).

Данте соғлом бўлиб ўсиши ҳам диққатга молик жиҳатлардан бири. Кўча чангитиб ўйнаётганида, чурвақа ўртоқларига илакишиб дайдиганида, қўшниларнинг мева дарахтларига ўғирликка тушганида, кимдир шубҳасиз унга кўз-қулоқ бўлиб туриши керак. У Италиядан фарқли равишда Андалусияда мусулмон болалар мактабига боради. Ахир, мусулмон маҳалласида катта бўлгач, шу мактабга боради-да. Насроний ёки Яҳудийлар мактабига борармиди. У Андалусияда-ку, Флоренцияда эмас!

Харобадан фарқ қилмайдиган мактабда кўкнорига ошиқ бўлган мусулмон муаллими унинг хат саводини чиқаради. Ўша ерда болакай ҳарф танийди. Бу дунёни, борлиқни, ўзлигини англайди. Ўзи туғилган макондаги дин асрорлари ва тартибларини қунт билан ўрганади. Вақти келиб арифметика, поэтика, метафизика, мантиқ, риёзиёт билан шуғулланади. Худди мусулмон болалар каби ўқийди, билимларни эгаллайди ва улғайиб камолга етади. Ҳар якшанба кунлари Черковга эмас, аксинча ҳар Жума кунлари масжидга бориб, Яратган эгамга илтижо қилади. Масжиддаги руҳонийлар, исломни қабул қилган онаси, мусулмон қўни-қўшнилари унга Худо битталигини, у туғилмаган ва ундан туғилиш ҳам бўлмаслигини, унинг на хотини, на ўғли борлигини, Исо Масиҳ шунчаки бир банда эканлигини, Муҳаммад пайғамбар Аллоҳнинг расули эканлигини уқтиришади. Қўлига қуръон тутишади. Э, жаноблар! Сизларга нима бўляпти. У Флоренцияда эмас-ку қўлига Инжилни олгани. Биз “Вақт машинаси”да ўн иккинчи асрга бориб, онаси қорнидалигидаёқ уни Андалусияга олиб келмадикми, у шу ерда туғилмадими?! Биз ҳам ўн иккинчи асрдамиз ҳозир. Йигирма биринчи асрни унутинглар.

Андалусиядаги Данте билан Флоренциядагиси ўртасида тафовут бўлади-да. У Флоренцияда насроний болалар мактабига қатнаган, Черковда ибодат қилган, насроний руҳонийлар ва қўни-қўшнилари унга Биби Марям -Худонинг хотини, Исо Масиҳ- ўғли эканини уқтиришган, уни муқаддас жомдаги ариқ сувида чўқинтириб қўлига Инжил тутқазишган, Муҳаммад пайғамбар ва Исломдан, унинг саҳобаи икромлари ҳамда Қуръондан нафратланиш руҳида тарбиялашган. Буни билиш учун даҳо бўлиш шарт эмас. Бу икки карра икки тўртдек гап. Бунга изоҳ беришимнинг ўзи бир беъманилик. Биз ҳозир бошқа миссия билан оворамиз.

Болакай Данте шу тарзда Ислом дини анъаналари руҳида тарбия топади. Флоренцияда яшаганида ашаддий насроний бўлиб улғайган бўлса, Андалусиядаги араблар маҳалласида ашаддий мусулмон бўлиб вояга етади. Ўсмирлик вақтида бу ерда ҳам ундаги шоирлик истеъдоди кўзга ташланади. Албатта, биз ундаги бу истеъдодни бўғмаймиз. Бизнинг миссиямиз буни ўз ичига олмайди. У худди Флоренцияда бўлгани каби гўзал шеърлар машқ қилишни бошлаб юборади, ўз истеъдодини тўлақонли намоён этади. Беатриче исмли сулув, бетакрор ҳусн ва малоҳат эгаси, қалб гўзаллигида тенгсиз қизга атаб истаганича шеър ёзади. Қўйиб берамиз. Фақат Беатриче насроний қизи эмас, мусулмон қизи, миллати ҳам итальян бўлмай, араб бўлгани учун исми бошқача бўлади. Исми Хадича ёки Сора бўлгани маъқул. Боиси ўша пайтдаги арабларда энг кўп тарқалган исмлар шулар эди-да.

Ёш Данте улғайиб, камолотга тўлиб, ҳаётий тажрибаси ошиб, бир куни ниҳоят Андалусияда “Илоҳий комедия”ни ёзгани ўтиради. Шаҳарнинг бир чеккасидаги хилват гўшадами ёки пастак кулбаларидан биридами, ишқилиб шам ёруғида, қўлига патқалам ва сиёҳдон олиб бўш қоғозларни шеърий сатрлар ила тўлдиришни бошлаб юборади. Биз уни сукунат ичида кузатамиз. Унга бу жараёнда бор-йўқлигиям сезилмайдиган эмас, ҳеч бўлмаганда ўзини борлигини билдириб хона ичра учадиган чиркин пашшадек ҳамроҳлик қиламиз: қиш кунларида печкасига ўтин қалаймиз, ёз кунларида елпиғич билан манглайи тепасида елпиб турамиз, хасталанганда чойқошиқда оғзига ачқимтир дори, қорни очқаганда бир коса овқат тутамиз. У машҳур эпик достонини ёзишни бошлайди. Бизга унинг “Жаннат” ва “Аросат” қисмларини қизиғи бўлмайди. Чунки уларни тил билмаганимиз учун ўқимаганмиз. Абдулла бобо ҳам хафсала қилиб таржима қилмаганлар. Шунинг учун “Дўзах” қисми ёзилишини кузатамиз, холос.

Данте Алигьери энди ёш болакай ёки шеърий машқлар қоралаб юрган ўспирин эмас, катта шоир мақомида етиб келади бу улуғ юмуш учун. У шу мақомда ёзади бу достонини. Бир шоир ва бир мусулмон каби ёзади бу оламшумул асарини. Флоренциянинг фуқароси, Исо Масиҳнинг ихлосманди, Рим Папасининг муриди, Черковга содиқ насроний сифатида эмас, Андалусия фуқароси, Муҳаммад пайғамбарнинг уммати, Андалусия бош руҳонийсини ўзига пир деб билиб Масжид аҳқомларига содиқ мусулмон сифатида ёзади.  Миссиямизнинг бош мақсади айнан шу “Дўзах” бўлимида бўй кўрсатади. Комедиянинг шу қисмида бизни энг қизиқарли ўзгариш, биз қайта ёзилишини роса истаган ва кутган, бизни ҳайратлантириши аниқ бўлган, на кулишга ва на йиғлашни билмай тош қотишимизга мажбур қиладиган, етти ухлаб тушимизга кирмаган саҳна эпизодлари  томдан тараша тушгандек бизга пешвоз чиқади.

Флоренцияда Данте Алигьери томонидан қоғозга туширилган “Илоҳий комедия”нинг “Дўзах” қисмида Вергилийга эргашиб, Муҳаммад пайғамбар ва Ислом уламолари-ю-саҳобаларини жаҳаннам оловида азобланиб ва жизғанак бўлиб куйиб-ёнаётганликларига дуч келган бўлсак, Андалусияда ёзиладиган “Илоҳий комедия”нинг шу қисмида улар ўрнига Исо Масиҳ ва ўн иккита ҳаворий, шунингдек барча Рим Папалари билан насроний авлиёларини шу ҳолатда учратамиз. Шоири замон бўлган Данте Андалусияда бу бўлимни тубдан ўзгартириб юборади. Шу бизни ҳайратлантиради. Шу бизни на кулишни ва на йиғлашни билмай иккиланишимизга замин ҳозирлайди. Шу етти ухлаб тушимизга ҳам кирмайди. Аммо, миссиямизнинг портловчи интиҳосига айланади…

“Илоҳий комедия”ни қайтадан ёзиш имконсиз. Буни биламан, жаноб шошқалоқлар ва мулоҳазалилар. Деярли иложиси йўқ буни. Лекин агарда Герберт Уэлсснинг “Вақт машинаси” чиндан реал ҳаётда бўлганида эди, шаксиз бунга уриниб кўрган бўлардим. Ҳатто, бирортангиз шерик бўлишни истамаган тақдирингизда ҳам бу йўлимдан қайтмасдим. Чунки насронийларга тўла Флоренцияда ашаддий бир насроний томонидан яратилган “Илоҳий комедия” билан Андалусиядаги араблар маҳалласида бир мусулмон томонидан яратиладиган “Илоҳий комедия” ўртасида истаймизми йўқми, албатта каттагина фарқ бўларди.

2021 йил, январь

Шерзод Ортиқов

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting