Ўз овозинг билан сўйла!

0
691

сўровнома

Ушбу сўровнома адабиётда ўз ўрнини, ўз овозини излаётган ёш ижодкорлар ва дидли китобхонлар оммасини ўйлаб тузилди. Унда адабиётимизнинг машҳур вакиллари ҳам, энди номи чиқаётган ёзувчилар ҳам бор. Умуман ёш жиҳатидан деярли барча адабий қатлам қамраб олинди. Баъзи ўринларда фикрлар кескин, баъзи жойларда ҳатто чўзилган. Биз муаллифни ҳурмат қилган ҳолда «тиғ» теккизмадик. Нуқтаи назар туфайли ижодкорларимизнинг фикрлари қарши келган жойлари ҳам бўлди, бунда албатта, ўз дидингизга, ўз қобилиятингизга қараб тўғри фикрни аниқлаб оласиз.

Бу сўровнома сизнинг адабий дидингизни ўстиришга ҳамда ижод ҳақидаги тасаввурингизни оширишга хизмат қилади, деган улуғ умиддамиз.

1-савол. Шахсий услуб яратиш учун учун ёш ижодкорларга қандай маслаҳат бера оласиз?

Шойим Бўтаев, ёзувчи: Шахсий услуб — шахсий менингиздир. Бошқа гап йўқ.

Исажон Султон, ёзувчи: Шахсий услубни яратиш бу ўзингни ошкор қилиш, ўзингни кўрсатиш, демакдир. Ичингда нимаки бор ҳаммасини тўкиб солиш. Бу ўз овозингдир, ўз менингдир. Ўз овозингни топишинг — ўзингни топишингдир. Бу ҳақда Алишер Навоий «Лисон ут-тайр» достонида «Ҳар не истарсен — ўзингдан истагил», деб ёзади. Шахсий услубни ўзингдан қидир!

Шерзод Комил Халил, ёзувчи, шоир: Аввало кўп ўқиш ва бу жараёндан узилмаслик муҳим. Ёзиш, яна ёзиш, қайта ишлаш узвийликни тўхтатмаслик албатта ёзувчини ўз услубини топишга сабаб бўлади. Ўқиш ва изланиш аввало сиз излаётган услубга яқин ёзувчини топишга кўмак беради ва сиз нимани излаётганингизни тушунасиз. Балки унга муайян маънода сизда тақлид сезила бошлар, аммо бу сизнинг услуб топиш борасидаги муваффаққиятингизни бошланиши эканлигини унутмаслигингиз керак. Менинг тилим, менинг услубим, у мени кўрсатиши керак. Ўзгачаликни кашф этишингиз ўз оригиналлигингизни кашф этишингиз бўлади. Адабий танқидчилик шуни сизнинг услубингиз деб атайди. Мен «Биз йўқ бўламиз» ҳикоясини ёзганимдан сўнг, адабиётимиздаги кўплаб ижодкорлар менинг борлигимни сезишди, баъзилар шу ҳикояни ўқигач, мутлақо бошқа кўламда ёза бошлашга туртки топганлигини айтишди. Шунгача миллий мавзуда қалам тебратадиган кўплаб ижодкорлар энди қобиқдан чиқиб дунёга бўйлай бошладилар. Чунки мен йўқолиб кетаётган майда этнослар ҳақида ёзиб адабий географияни бошқача ўз услубимда кўра бошлагандим ва бу атрофдагиларга ҳам таъсир қилганди.

Шерзод Ортиқов, ёзувчи, таржимон: Шахсий услуб яратиш учун ёш ёзувчи аввало тақлиддан, кейин муҳитдаги шаблонлашишдан ўзини тортиши керак. Яқинда бир гуруҳ ёш ёзувчиларнинг ҳикояларини катта ёзувчилар аноним тарзда ўқишди ва баҳо беришди. Ўшанда кўплаб ҳикояларни муаллифи бир деган хулосалар янгради. Бу ёш ёзувчилар учун фожеа мисоли. Ёш ёзувчи юқоридаги иккита жиҳат билан курашиши керак, шунда ўз услубини ярата олади.

Нодирабегим Иброҳимова, таржимон, адиба: Шахсий услуб яратишга қадар кўпчиликда тақлид сезилади, албатта. Одатда ёш носирлар севимли ёзувчиси ёки устозининг услубини такрорлайди. Чунки уларни кўп ўқийди. Бундан қочиш учун ёш ижодкор ўзи ўқийдиган ёзувчилар сафини кенгайтириши керак. Турфа хил услубда, бир бирига қарама қарши йўналиш ва жанрларда ёзадиган адибларни ўқиши лозим. Шахсий услуб тажриба ортгани сари шаклланиб боради. Асарларида умумий руҳият пайдо бўлади. Муаллиф номи келтирилмаган ҳолда сени услубингдан таниб олишса, бу яхши ўзгариш. Лекин кўпчилик ёш носирларда услуб бир бирига жуда ўхшаб кетади. Саноқлилар бунга эришолган.

Давлатжон Каримов, мунаққид, шоир: Услуб масаласи барча истеъдодли ижодкорлар учун долзарб масала ҳисобланади. Тарихда ҳам, бугун ҳам. Услуб ижодкор дунёқараши ва истеъдоди билан узвий боғлиқ, менимча. Услуб яратишнинг ягона йўли кўп ўқиш. Навоий ўзининг услубини топиш эллик минг байт шеърни ёдлаган ва бетакрор услубга асос солган. Гарчи Навоийгача Отойи, Лутфий сингари улуғ туркийзабон шоирлар ўтган бўлса-да, ижодкор уларни такрорламаган ҳолда ўз услубини яратди. Бобур ҳам шундай. “Бобурнома” асари нафақат ўзбек адабиётида, жаҳон адабиётида ноёб ҳодиса ҳисобланади.

Одина Абдураҳимова, таржимон, адиба: Шахсий услуб атайлаб яратилмайди, менимча. Тўғри, кимлардандир таъсирланиб, уларга ўхшатиб ёзишингиз мумкин. Аммо бу ўзлигингизни кўрсатмайди. Илҳом булоққа ўхшайди. Унинг зилол сувлари қалбдан кўпириб тошади-да, ҳар томонга оқиб, ирмоқлар ҳосил қилади. Маълум бир мезонда ана шу ирмоқлар бир ўзанда бирлашади. Ана ўшанда ижодкор ўз услубига эга бўлади. Мутолаа қозонга масаллиқ солишдек гап. Нимани ўқисангиз, қалб қозонингиз ўша билан тўлади. Ҳа, бир кун тўлади. Ишонинг. Ва унинг беъмани, нокерак асарлар билан тўлиб қолишига йўл қўйманг. Чўмични кўтарганингизда, айнан солган нарсангизни ололсангиз, билингки, ҳали етилмабсиз. Пишмабсиз. Агар мутлақо бошқа нарсалар чиқса, демак, сиз нимадир ярата оласиз. Қозонга тушган масаллиқлар қайнаб, пишиб, таркиби ўзгариб, ҳеч кимникига ўхшамаган тотли бир таом бўлиши керак. Ана ўшанда одам ўз услубига эга бўлади. Ана ўшанда хўрандаларга бемалол ўз маҳсулотларингизни тортиқ қилишингиз мумкин.

2-савол. Сизнингча, тақлид — адабиётми?

Шойим Бўтаев: Баъзан бўлади. Масалан «Дон Кихот» рицарлик романларига киноявий тақлидда ёзилган.

Исажон Султон: Тақлид адабиётмас. Аммо жаҳон адабиётида бирор бир ёзувчига ҳавас қилиб асар ёзганлар бўлган. Масалан, сен кимнидир севиб ўқийсан ва ёзаётганингда беихтиёр ёзувинг унга тортиб кетади. Бу сенинг ичингдаги одамга ўша ёзувчининг «мен»и мос келиб қолгани сабабдир. Ва шундай қилиб билиб-билмай тақлид қилиб қўясан. Лекин доим ёдингда тут: тақлиддан қоч! Ўз овозинг билан сўзла…

Шерзод Комил Халил: Йўқ, лекин унга адабиётга интилиш бор. Тақлид тажрибасиз ижодкорни профессоналга беўхшов тажаллийси. Агар ёзувчи профессонал бўлса, бу инъикос адабий қабариқлар ва учига чиққан магик дефференциялар туфайли оддий ўқувчиларга мутлақо сезилмайдиган оригиналликдай туюлади. Шунга қарамай ҳақиқий китобхонлар «Сароб»да «Мартен Иден»нинг изларини, «Шамолни тутиб бўлмайди»да «Эмили хоним учун атиргулларни», «Ёлғизликни юз йили»да эса «Тинч Дон»ни муаян таъсирини илғаши мумкин. Балки булар мутлақо тасодифдир, пропорцияларнинг шунчаки ўхшашлигидир. Балки профессионал тақлиддир. Аммо бу каби тақлид ёзувчининг ўз услуби ва оригинал дунёқараши туфайли адабий тўрга илинмай умумий оқим шоввасига ларзаларсиз қўшила олишига халақит қилмайди.

Шерзод Ортиқов: Тақлид-адабиёт эмас. Эҳтимол Шавкат Рахмонга ёки Паоло Коэльога тақлид қилиб, бу муаллифларни чуқур ўқиб-ўрганмаган китобхонни алдаши мумкин ёш ижодкор. Аммо адабиёт билимдони буни очиқчасига тақлид эканини пайқайди. Менимча тақлидга бўйин эгган ижодкор барибир бир кун бундан чарчайди. Чунки сохталикнинг умри қисқа.

Нодирабегим Иброҳимова: Тақлид қилиб ҳам катта асарлар ёзиш мумкин, агар тақлид қилинган асарданам ўтказиб савияли ижод қилинса. Соясида қолиб кетса, уни қайта такрорласа бу адабиёт эмас. Бизда жаҳон адабиёти намуналарига тақлидан ёзилган китоблар катта ёзувчиларимиздаям учраб туради. Кўпчилиги муваффақиятли чиққан. Китобхонлар севиб ўқийди, аммо таҳлил қилинса унда янги фикр йўқлиги маълум бўлади. Жой ва макон ўзгариши, сюжетни маҳаллийлаштириш ва миллийлик қўшиш орқали ғоя ўзлаштирилади. Балки шу сабаб улар дунёга чиқа олмас.

Давлатжон Каримов: Тақлидни икки ҳил маънода тушуниш мумкин. Ижобий тақлид бор, салбий тақлид бор. Ҳамма одам тақлид билан шаклланади. Гапиришни ҳам, юришни ҳам, тўғри бўлиш ва айёрликни ҳам биз ўзимиздан катталардан ўрганганмиз. Бу табиий ҳол. Тақлидчидан шахс даражасига кўтарилиш бу бошқа жараён. Яхши ижодкор тақлид босқичидан ўтиб, ўзини намоён қиади. Ёмон ижодкор тақлидга берилиб, ўзини йўқотади. Яна, Навоийни мисол келтираман. Ҳазрат Деҳлавий сингари форсча хамса ёзиб ҳам тарихда қолиши мумкин эди. Фақат унда у Навоий бўлмас эди. Навоий ўз асарини туркча ёзди ва тақлиддан истеъдод даражасига кўтарилди. Бу энди ижобий маънодаги тақлид эди. Салбий маънодаги тақлидга эса собиқ иттифоқ давридаги соцтреалистик йўналишда ёзилган бир қанча асарларни келтиришимиз мумкин.

Одина Абдураҳимова: Тақлид — адабиётнинг бир парчаси. Адабиёт тақлиддан бошланган. Бир ёшли гўдакни кўз олдингизга келтиринг, у онасининг, опасининг, дадаси ва акасининг ҳаракатларига дастлаб ҳайратланиб боқади. Сўнг такрорлай бошлайди. Ва ўзининг ҳаракатидан завқланиб, нимадир ўрганиб олганидан қувонади. У қўл ювишни, овқат ейишни, гапиришни, юришни, қўйингки, барча амалларни ёнидагиларга тақлидан ўрганади. Вояга етгач эса, ўзи мустақил ҳаракат қила олади ва шундан кейин ҳеч кимга тақлид қилмайди. Адабиётда ҳам жараёнлар шундай кечади. Камолотга етган ижодкор ўз-ўзидан тақлиддан тўхтайди. Ҳатто буни истамай ҳам қолади. Нега? Чунки у энди мустақил ёза олади, ўзининг шахсий фикрлари, қарашлари, айтар сўзлари бор. Мабодо, шунда ҳам тақлидни давом эттираверса, унда уят бўлади. Аслида, тақлиддан қанча эрта қутулса, шунча яхши.

3-савол. Адабиёт тарбиялайдими?

Шойим Бўтаев: Кўзгу тутади, тарбияси шу.

Исажон Султон: Ундай олиб қарасанг ҳам бўлади, бундай ҳам. Тарбиялайдиган жиҳати, инсоннинг камолоти, маънавий юксакликка кўтарилишига йўл очади. Яъни Эзгуликка, пок ахлоққа хизмат қилади. Аммо тарбияламайдиган асарлар ҳам бор. Улар ёвузликни улуғловчи, жаҳолотга сиғингувчи асарлар. Аслида, уларни ҳам тарбиялайди, дейиш мумкин. Чунки, асардаги ишларни қилмасанг, тарбиялагани шу. Масалан, Маркиз де Саднинг асарлари…

Шерзод Комил Халил: Нисбат қонунига кўра, вазият ҳа ва йўқ учун тенгма-тенг деб ўйлайман. Адабиёт бизга одобдан келиб чиққанлиги ва классик адабиётимизни панд-насиҳат катта ўрин тутиши ҳисобга олинса, эҳтимол унинг тарбиявий аҳамияти ҳам бўлгандир. Бошқа томондан эса, адабиётда тарбияга зид нозик мавзуларни ҳам ёритилиши унинг қандай тарбиялашини сўроқ остига қўяди. Шунга қарамай унинг бу функцияси борлигини инкор этиш адабий калтабинлик деб биламан. Функция бор, унинг қандай ишлаши энди бу бошқа масала.

Шерзод Ортиқов: Адабиёт тарбиялайди. Сизга бир мисол билан бунга қисқа ва лўнда жавоб бераман. Ўз вақтида Чарльз Диккенс “Оливер Твист” романи нашр қилингач, кўплаб оилалар қаровсиз ва етим болаларни асраб олишган экан.

Нодирабегим Иброҳимова: Мумтоз адабиёт, панднома йўналишдаги асарлар албатта тарбиялайди. Ғарбнинг айрим асарлари агар уни ёшига номуносиб танланса, тафаккур қилинмай ўқилса акс таъсир қилиш мумкин. Лекин чуқур англаб ўқилса, тарбиялайди. Адабиёт инсон ҳақидаги фан, у фақат камолотга етаклаши керак. Ҳақиқатларни фош қилиши, дунёқарашингни шакллантириши, тафаккурингни ўстириши лозим. Бир марта ўқиладиган енгил, бозорбоп китоблар бундан мустасно.

Давлатжон Каримов: Бу оламда ҳар бир нарсанинг ўз вазифаси бор. Шунингдек, ҳар бир нарса яхшиликка ҳам, ёмонликка ҳам хизмат қилиши мумкин. Илм ҳам, адабиёт ҳам худди шундай. Олим вадарод бомбасини ихтиро қилиб, ватанини асрашни мақсад қилган. Лекин умрининг сўнгида у яратган кашфиёт инсоният бошига келтирган балоларни кўриб қаттиқ надомат чеккан. Худди шундай пичоқ ҳам, телефон ҳам, интернет ҳам яхши одамнинг қўлида эзгуликка хизмат қилса, ёмон одамнинг қўлида жиноят ва фаҳш воситасига айланади. Адабиёт ҳам бундан ҳоли эмас. Етук адабиёт намуналари ҳамиша инсон дунёқараши ва қалбини ўстиришга хизмат қилган ва бундан кейин шундай бўлиб қолади менимча.

Одина Абдураҳимова: Адабиёт кишини тарбиялайди. Адабиёт миллатни тарбиялайди. Адабиёт ўз қаҳрамонлари билан одамзотга ўрнак бўлади.

4-савол. Деярли ҳар бир нарса ёзиб бўлинган, деган гап айланади (қўшилмайман). Шунинг учун матн билан ишлаш керак, дейишади. Сиз нима дейсиз? Умуман, ҳикоя баёни билан ишлашда ҳозирги замонда қандай янгиликлардан фойдаланиш мумкин?

Исажон Султон: Ифода усуллари, деган нарса бор. Бу дегани шахсий услуб ҳақида гап кетди-ку, шунга боғлиқ нарса. Яъни сен ўзингни қандай очиб бера олишинг бу тасаввур қобилиятингга, хаёл кучингга боғлиқ. Ҳеч кимнинг хаёли бошқасиникига ўхшамагани учун янги-янги услублар, йўналишлар келиб чиқаверади. Асарда сенга ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Хоҳлаган нарсангни ёзишинг мумкин. Хоҳлаган нарсангни гапиртиришинг мумкин. Ҳатто милтиқни гапиртиришинг мумкин! Ўзбек адабиётида Хайриддин Султоновгача ҳеч ким милтиқни гапиртирмаган. Шу ёзувчи «Ёзнинг ёлғиз ёдгори» қиссасида милтиқни гапиртирган, мен отилишни хоҳламасдим, деб. Саволнинг бошроғига қайтадиган бўлсак, ҳамма нарса ёзиб бўлинган. Биз фақат Навоийдан қолган мавзуларни чайнаяпмиз.

Шерзод Комил Халил: Ўтмиш ёзувчилари барча адабий традициялардан фойдаланиб бўлган ва келажак ёзувчиларига деярли ҳеч нарсани мерос қолдиришмаган. Шу сабаб Толстой, Достоевский, Жойс ва бошқалар келажакнинг ҳам буюк ёзувчиси бўлиб қолаверади деган қараш албатта бор. Бахтин бир монографиясида дунёда мавжуд сюжетларни санайди. Уруш, муҳаббат ва ҳакозо. Барча асарларни қурилиш линияси у ёки бу даражада шу контекстда айланишини айтади. Маълум маънода у ҳақ. Аммо бугун ва келажак ёзувчилари ҳали ёзиб бўлинмаган қўриқлар кўп эканлигига ишонишади. Ахир 1930 йилларнинг бошидаёқ ҳамма нарса кашф қилиб бўлинди, энди ҳеч нарсани кашф қилиб бўлмайди деган иддао билан Америка патент идорасини ёпиш ва тугатиш ҳақида матбуотда мақола эълон қилинганди. Ҳали у пайтда электр ва компютер технологиялар даври бошланмаганди. Адабиётда ҳам шундай. Ҳамма нарсани ўзгартириб юборадиган катта ёзувчилар пайдо бўлади. Постмодернизм адабиётнинг сўнги даври эмас. Мен бунга ишонаман. Шунинг учун ёзишда давом этаман.

Шерзод Ортиқов: Янгиликлар тўлиқ яратиб бўлинмаган. Ўз вақтида XX асрда ҳам шундай дейишган. Лекин эътибор беринг Маркес, Кортасар ёки Фолкнер қандай оригинал дурдоналар яратишган. Ёш ёзувчи ҳаётни кузатишда зеҳнли бўлса, доимий янгиликлар билан рўбарў келаверади ва уларни бадииятга сингдириб бораверади. Матн билан ишлаш, баён услуби иккинчи даражали нарсалар. Янгиликларни илғашда кузатувчанлик хислати аввало яхши шаклланган бўлиши лозим.

Нодирабегим Иброҳимова: Асосий фикрлар балким ўтган асрларда айтиб бўлингандир. Лекин XXI асрда айтилмаган гаплар ҳали кўп. Биз ўқийдиган классик китобларнинг деярли бари XX асрга тегишли. Бугунимизни, ҳозирги одамлар руҳияти, турмуш тарзи, кечинмаларини очиб берадиган, давр қаҳрамонини акс эттирадиган асарда, албатта янги фикр бўлади. Бу шубҳасиз виртуал ҳаёт билан боғлиқ кечади.

Давлатжон Каримов: Ўйлаб қарасангиз, Қуръони карим энг мукаммал бадиий асар ҳисобланади. Унда келтирилган қисcалар қанчалар гўзал. Лекин уларни тушуниш ҳамманинг ҳам қўлидан келмайди. Шунинг учун барча даврларнинг ўз тафсирлари яратилган. Бизнинг давримизда ҳам Каламуллоҳнинг янги тафсири Шайх ҳазратлари томонидан яратилди. Бу – давр талаби. Адабиётнинг ўзаги ҳақиқатдир. Ҳақиқатдан йироқ адабиётнинг умри қисқа бўлади. Барча даврларда яратилган гўзал асарлар ва бундан кейин ҳам яратилган асарлар ҳақиқатни англаш учун хизмат қилади. Фақат бу йўл бошқа шаклда, бошқа йўналишда бўлиши мумкин. Қолаверса, адабиёт бевосита инсон қалби билан шуғулланади. Қалб эса тўхтовсиз ўзгариб туради.

Одина Абдураҳимова: Деярли ҳамма нарса ёзиб бўлинган. Деярли ҳамма нарса кашф қилиб бўлинган. Дунё яралиб бўлган. Аммо одамзод туғилишда давом этяпти. Бу ёруғ дунёнинг нима эканидан мутлақо бехабар одам ҳамон туғилмоқда. Демак, илмга эҳтиёж бор. Ёзиш керак. Ёзавериш керак. Сўзлар билан ишлаш, матн таҳрири энг охирги босқич. Аввал фикрни тутиб қолиш муҳим. Илҳом келишини кутиш керакмас. Одамда ижодий кайфият бўлса, у доим хаёлида ёзиб яшайди. Қўллари бошқа юмуш билан банд бўлганда ҳам у фикран ёзаётган, қайсидир воқеа пейзажини чизаётган, ровий бўлиб кимгадир сўзлаб бераётган, образлар устида ишлаётган бўлади. Ёзишни бошлаганда эса қуйилиб келаётган сўзларни ҳеч нимага қарамай тўкиб олсангиз, у бир бет бўладими, бир неча саҳифами, адабий тилдами ё ғализ жумлалардан иборатми, майли. Ёзиб бўлингандан кейин астойдил таҳрирлаш керак. Ҳар бир сўз, ҳар бир ҳарф устида мисли заргардек ҳафсала билан бош қотириш, сайқаллаш зарур. Бунда ижодкорнинг сўз бойлиги ва илмий-назарий билими асқотади.

5-савол. Келажакда янги аср ижодкорлари, деб эсланадиган ёшлар замонамизда етишиб чиқяпти, деб ўйлайсизми? Улардан кўнглингиз тўляптими? Хусусан, кимларнинг насри ва назмини эътироф этган бўлар эдингиз?

Шойим Бўтаев: Ҳали ҳеч нарса ёзилгани йўқ.

Исажон Султон: Яхши ижодкорлар ҳозир ҳам бор. Бу масалада эҳтиёт бўлиш керак. Ҳозир бирор ҳикоя ё қиссаси яхши чиқади, холос. Шунга ёшларни суяб, янада яхши асарлар ёзишига умид қилишини тилаб, эътироф этамиз. Хато кетса ҳам қаттиқ тегмаймиз. Чунки, тушкунликка учраб, синиб кетиши мумкин. Бир дарахт эксангиз ҳам то ўзини тутиб олгунча парваришлайсиз-ку. Худди шундай. Яхши ният қилиб қоламиз. Яхши адабиёт бор ҳозирда.

Шерзод Комил Халил: Бир гап айтаман. Ҳозирда ўзбек адабиётида жуда кўп номлар бор. Кимнидир эътироф этиб бошқаларни эсламаслигим инсофдан бўлмас. Ўзбек адабиёти янги давр очади. Бунинг учун барча яхши шоир ва ёзувчиларга эгамиз. Тўғри бизга Абдулла Ориф, Абдулла Қодирий, Абдулла Қаҳҳорларнинг йўқлиги сезилади. Шунга қарамай менинг шеъриятдан ҳам, насрдан ҳам кўнглим тўқ, айниқса насрдан. Фақатгина драматургия оғир йилларни бошдан кечираётганлигини айтиш керак. Авваллари ҳам бир-икки номлар бўлган, аммо ҳозир бу номлар ҳам йўқ, келажакда бўлиши ҳам даргумон. Назм гуллаб ётибди, наср палаг ёза бошлади, уларнинг яқин йилларда шиғил ҳосил беришига ишонаман.

Шерзод Ортиқов: Ёшлардан умуман олганда кўнглим тўляпти. Наср оғир карвон. Ўттиз ёшга ҳам кирмаган ёшлар устидан аёвсизларча хулоса қилиш ярамайди. Лекин айрим катта ёзувчиларимиз ёшларни устидан сурбетларча хулоса ясашга деярли ўрганиб қолишибди. Уларни ёзганларини арзимас чўпчакка чиқарятганлар ҳам йўқ эмас. Бу нотўғри ёндошув. Уларни асраб, авайлаш лозим. Уларни кўпроқ ўқишга ундаш лозим. Ёзганлари устида чизиқ тортиш эмас, уларни мукаммаллик сари йўналтириш лозим. Қолаверса ўша катта ёзувчиларимизни кўпидан шахсан мени кўнглим тўлмайди. Улар зўр ёзувчи бўлишганида жаҳонга чиқишга ва у ерда ўз ўрниларига эга бўлишган бўларди. Афсуски бундай эмас. Шундай экан ёш носирлар ҳақида худди Маркесдек гапириш кулгули.

Нодирабегим Иброҳимова: Яхши ёш ижодкорлар бор, албатта. Нодирабегим.уз сайтида келажаги бор деб билган носирлар ижодини бериб боряпмиз. Ёш шоирлар ҳам яхши ижод қиляпти, Дуэл лойиҳасидаги иштирокчилар мисолида кўрдик. Ёш таржимонлар сафи кўпайган. Фақат уларни меҳнатига яраша рағбатлантириш керак. Кейинчалик оила ташвишларига кўмилиб ижодни ташлаб, тирикчилик комига тушиб кетмасликлари учун моддий қўллаб қувватлаш лозим. Афсуски, мен ҳам, бошқалар ҳам ҳикоя ёзиб гонорар олганимизни эслолмаймиз. Бундай вазиятда буюк келажагимиз ҳақдаги орзулар хира тортиб қолади.

Давлатжон Каримов: Менимча, ўзбек адабиёти мураккаб даврни бошдан кечирди ва кечиряпти. Ўтиш даври ва бозор иқтисодиёти кўплаб истеъдодли ижодкорларни ютиб юборди ва бу жараён ҳали давом этмоқда. Шунга қарамай, чинакам ижодкорлар ўзларининг яхши асарлари билан адабиётимизга муносиб ҳиссаларини қўшмоқдалар. Ўзим тенгқур ижодкорлардан Жавлон Жовлиев ва Жонтемир ижодини кузатиб боряпман. Улар, менимча, адабиётнинг миссиясини яхши англаб етган ижодкорлар. Умид қиламанки, келажакда улар янги адабиётимизнинг жонкуярлари бўладилар.

6-савол. Менинг ҳикояларимдаги қаҳрамонлар негадир гапирмайди. Улар жим ва соқов. Гапиртирмоқ учун нималарни ўқишим зарур? Қандай тажрибалар оттиришим керак? Нималарга эътибор беришим керак?

Исажон Султон: Бир жиҳатдан гапирмагани ҳам тузук. Агар қаҳрамонинг гапирмаса сен унинг ичига назар ташлайсан, ботинини кўрсатишга тиришасан. Агар гапираверса, унинг кинодан ёки бозордан нима фарқи бор? Шу жиҳатдан, гапирмаётган бўлса, мажбурламай қўяқол. Бу яхши.

Шерзод Комил Халил: Бу жараён ёза бошлаган илк даврларда бўлиши табиий. Классикларда улар қандай гапиришади, цитуацияларни кузатинг. Диалог бўлади, сиз улар қиёфасида яшай бошлаганингизда. Ёзувчи ўз шахсияти, шу билан бирга образлар шахсиятида ҳам яшай бошласа, диалогни албатта топади. Сиз ҳам топишингизга кафилман.

Шерзод Ортиқов: Қаҳрамонларни гапиртириш учун одамлар орасида кўп юриш, уларнинг гапириш услубларини, шеваларни ўрганиш лозим. Ёзувчи учун диалог жонли бўлиши ўта муҳим аспект ҳисобланади. Зеро диалог ҳикоя ёки романнинг темпини белгилаб беради.

Нодирабегим Иброҳимова: Қаҳрамонлар гапирмаган ҳолда, ҳатти ҳаракатлари билан асар моҳиятини очиб беролаётган бўлса яхши. Лекин тезкор ва замонавий асрда китобхонларга диалоглар албатта керак. Диалогларнинг кинофильмлардаги кучи, таъсирини эсланг, ҳатто айримлари ёд бўлиб кетган. Кучли тузилган диалоглар фильмнинг ярим муваффақиятидир. Шу каби асарда ҳам сюжетни жонлантириб турадиган нарса қаҳрамонларнинг ўзаро суҳбатларига асосланади. Характерлар, қарашлар, янги фикрлар шу орқали намоён бўлади. Диалогсиз асар зерикарли кечади. Уларни гапиришига имкон беринг, сўзлар қуйилиб келади агар қаҳрамонингизнинг ичида дарди бўлса.

Давлатжон Каримов: Ижодкорнинг ҳар бир асари қандай мавзуда бўлмасин автобиографик асар деб биламан. Тарихий асар бўладими, замонавий асар бўладими, ёзувчи қаҳрамонларга ўзидан улги беради. Бу улги асарнинг руҳиятини таъминлайди. Бундай ёзилмаган асар қанчалар мазмунли бўлмасин, қуруқ бўлиб қолади. Худди шундай қаҳрамонларнинг гапириш ёки гапирмаслиги бирламчи омил эмас. Шу жойда хаёлимга ҳинд ва ёпон кинолари келди. Ҳинд кинолари ғояни қўшиқ ва нутқлар орқали беради. Япон киноларида эса асосан ички нутқ ва монологдар устунлик қилади. Бу ҳолат ўз-ўзидан икки миллатнинг урф-одатлари, менталиететини намоён қилади. Энг муҳими, иккаласида ҳам фақат чинакам асарлар яшаб қолади. Бир-икки тўнни эрта йиртган одам сифатида шуни айтишим мумкинки, ҲАМИША ТЎҒРИ ГАПИРИШ КЕРАК!

Одина Абдураҳимова: Мендаям бошида қаҳрамонларим гапирмасди, асосан 1-шахсда ёзардим. Бу муаллиф нутқи дейиларкан. Кейинроқ билсам, энг яхши ҳикоялар ҳам «мен» тилидан ёзилган экан.

Саволлар муаллифи ва тўпловчи Санжарбек Икромов.

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting