ҳикоя                                       

Биллур вазадаги бир даста мойчечак уни эшик ёнида таққа тўхтатди. Қаердан келди бу? Эри сафардан қайтдимикан? Йўғей, у мойчечакни ёқтиришини қаердан билсин. Синглиси келдимикин? Хабарлашмай келмасдику ҳеч.

 – Ким бор? -деганча ичкарига кираркан ҳануз хаёли мойчечекда эди. Баҳорага ҳеч ким жавоб бермади. Қизиқ, уйга ҳеч ким кирмаганга ўхшарди. Яқин келиб гулларга тикиларкан, бирдан ёшлиги эсига тушиб, беихтиёр юраги энтикиб кетди. У мойчечакларни фақат ўша инсондан кутган, олган, тўйиб ҳидлаган. Кейин… кутилмаганда улардан айрилган.

Эшик жирингламаганда яна қанча хаёл сурарди, ким билсин.

 – Ойи, бугун эрта қайтибсизми? -Зилола уни кўриши билан қувониб кетди.

  – Қизим, сен қачон кетгандинг? Бу гулларни ким олиб келди?! -Баҳора қизини сўроққа тута бошлаганини ўзи сезмай қолди.

 – Билмадим, -елка қисди қизи. -Ҳар ҳолда мен эмас, ахир биласизку, гулларга унча ҳушим йўқ. Ана, Самирангиздан сўранг, у ҳаммамиздан кейин кетган. -Гулларга ҳатто қизиқиб қарамай жавоб берди Зилола.

 – Майли, келсин сўраймиз. Ўқишлар қалай?

 – Яхши, ойи, анави Нилуфар ҳудди меникидақа туфли олибди. Ойи, қачон бутикка борамиз, дадам айтгандилар-ку!

 – Кейин, кейин, – деди аёл истар истамас.

Ўзи сезмаган ҳолда яна мойчечаклар атрофида пайдо бўлди. Йигирма йил бўлди, унга ҳеч ким гул берган эмас. Йўқ, берган, эри ҳар байрамда унга ва қизларига гул келтирган, лекин фақат ўзига ёқадиган гулларни, энг қимматбаҳосини.

 – Ойи, аммам билан гаплашдим эртага келарканлар, бирга кийимга тушадиган бўлдик, – нариги хонадан бақирди Зилола.

 – Яхши, – деди Баҳора. – Ўзинг ҳам борган сари аммангга ўхшаб қолябсан.

 – Қон тортадида онагинам, қон тортади, – деди ақллилик билан қизи. Баҳора бошқа гапирмади. Бу гулларни яхши кўришини фақат у биларди. Ҳозир қаерда экан ўзи?  Баҳора майнинг илиқ ёмғири ёғиб турган ўша кунни, қўлидаги мойчечаклар ерга сочилиб оёқости бўлган лаҳзаларни яна кўз олдига келтирди.

 – Барибир сени унутмайман, Баҳор! – деганди у алам билан шивирлаб. –  Сен фақат меникисан, меники!

Баҳора жавобан ҳўнграб йиғлаган, унинг оёқларига бош қўйиб кечирим сўрагиси келган, лекин ғурурдан ҳам муҳимроқ бурч уни тўхтатган, шу алфозда келиб ойисига дадасининг раъйига қарши эмаслигини билдирганди. Шундоқ ҳам мустаҳкам қариндошлик алоқаларини баттар чирмаб ташлай олган аммасининг олифта ўғлига келин бўлди. Асрор ёмон йигит эмасди. Удли-шудлигина, кўркам. Фақат унда нимадир етишмасди, балки кўнгилдир, балки уникидек муҳаббат. Бунисини ҳануз Баҳора тушунмайди. Қишлоқда улғайган қиз, шаҳарнинг равишига базўр кўникди. Назарида ҳамма нарса унга бегона эди. Табиатан ҳаёлпараст эмасми, бу ерга элакишмади. Ҳар гал фарзандли бўлганида бегоналик қадрдонликка айланишига умид қиларди. Фарзандлари ҳам улғайган сари унга эмас, кўпроқ оталарига тортди. Зилола ҳудди аммасидек буюмга ўч. Жавоҳир қайсар, камгап. Самира ҳали кичкинаку, лекин унинг ҳам руҳияти Баҳорага ўҳшамайди. Бирор ишни уддаласа, дадасидан мукофот кутади.  «Эҳ, қанийди бирортаси менга ўхшаса, ҳудди ўз уйимда ёлғиз яшаётгандекман. Бутун ҳаётим шу алфозда ўтгандек».  Аёл оғир уф тортди. 

 – Ойи, нима қилябсиз? -Жавоҳирнинг овози уни ўзига келтирди.

 – Ия, қачон қайтдинг, ўғлим?

 – Анча бўлди, хонамга кириб ухлаб қолибман. Сизга ёқишини билардим,  –  деди ўғли гулларга қараб.

 – Вой, буни сен олиб келдингми, ўғлим? -ажабланганини яширмади Баҳора.

– Анави Озодага олгандирсанда, -ошхонадан чиқаркан Зилола укасига кўз қисди.

 – Нима?! -Баҳора саволомуз Жавоҳирга қаради. Жавоҳир опасига еб қўйгудек тикилдию, жим тураверди. -Ўғлим, шунақа гаплар борми ҳали? Ўн олти ёшда сал эртамасмикан? -Кулгига олиб сўради Баҳора.

 – Ҳа, ойи, эрта экан, шошибман. У ҳудди Зилола опамга ўхшаркан.

 – Сен қандай ўйлагандинг?

 – Сизга ўхшайди дебман.

 – Жавоҳир, ўғлим…. -Баҳора гап тополмай қолди.

– Оббо! Қиз болага ҳам шунақа арзон гул оладими, ўзи?  Нега ташлаб юбормадинг рад этилган гулларингни?  -Зилола ҳам гул ёнига келаркан бидирлади.

 – Кўзим қиймади, -Жавоҳир бу гапни негадир ойисига қараб айтди. Аёл ўғлининг кўзларига қараркан бу кўзлар унга жуда танишлигини, улар ҳудди  ўзига ўхшашини ҳис қилди. Бирдан ичи ёришиб кетди. Ўғлини қучоқлаб эркалагиси келди.

 – Жавоҳир, сен…

Туйқус жиринглаган телефон овози гапини бўлди, гўшакка жавоб берган Зилола меҳмонхонадан қичқирди.

 – Жавоҳир, югур тез, сени Озода сўраябди!

Матёқубова Гулчеҳра

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting