ҲЕЧ КИМ

У ҳеч кимдан кутмади карам,

Ҳеч ким унга сўзламади сир.

Ҳеч кимсага бўлмади қарам,

Ҳеч кимсани қилмади асир.

Эшитмади ошиқ дилини,

Кутмади ҳеч илтифот ёрдан.

Ва тўсмади биров йўлини,

Биров унга бермади ёрдам.

Уни кўрса бўзармайди кўк,

Уни кўрса порламас қуёш.

У ҳеч кимга ўқ отгани йўқ,

Тўккани йўқ ҳеч ким учун ёш.

Ахтармади дунёда ҳеч дўст,

Қурмади ғам дилларга кўприк.

У ҳеч кимга бўлолмади кўз,

Ҳеч ким унга бўлмади киприк.

Бедил эмас, аммо на дахрий,

На беозор мўмин бўлди у –

Унда йўқдир тўфоннинг қаҳри,

Йўқ чашмани қийнаган туйғу.

Юрагида ёнмади олов,

Кўзларида порламади нур,

Ва на бўлди учқунлар қалов,

На чақмоқдай кечирди умр.

У дунёдан шундайин ўтди,

Йиғламади ҳатто қизлари,

Ўғиллари аста унутди –

Ўзи билан ўчди излари.

ҲАЙКАЛЛАР…

Эски ҳайкаллардан воз кечди омма,

Янги ҳайкалларни ясади қайтиб.

Пойига тўпланди оломон – ҳамма,

Пойига йиқилди санолар айтиб.

Оммага термулиб

Хаёлга толдим –

Ҳар замон турлича эътиқод, феъли…

Оловга сиғинган исломдан олдин,

Ҳайкалга сиғинган қачондир элим.

Ўтиб кетди қанча замонлар изсиз,

Ўтиб кетди қанча истибдод, қуллик.

Ҳамон эл оловдан қўрқади, эсиз,

Ҳамон ҳайкалларга қилади қуллуқ.

Мени азоблайди

Бошқа кўргулик –

Ҳали ҳам ҳайкалга бўйсунар омма.

Аввалги ҳайкаллар бўлишган ўлик,

Ҳозирги ҳайкаллар тирикдир аммо…

 ҒУРУР

Муҳаббат – бу кийимдир эски,

Энди уни ўтга отаман.

Юрагимда занглади сезги,

Мен унутдим сени батамом.

Тўр сингари ёйма сочингни,

Кипригингни қилмагин тузоқ.

Бас, бўлмасман беқарор жинни,

Бугун қалбим севгидан узоқ.

Яноғингдан олмайман бўса,

Лабларингдан ичмайман шароб.

Изламайман олисда бўлсанг,

Кутмайман ҳам йўлингга қараб.

Узун тунлар жуда қисқадир,

Ҳижрон каби эмасдир узун.

Назокатдан улуғроқ қадр,

Ғуруримдан пастроқдир ҳусн.

Алдолмайди сўзларинг мени,

Алдолмайди жодугар кўзинг.

Мен ёдимдан чиқардим сени,

Тушларимга киряпсан ўзинг…

МЕНИ КУТАР…

Мени кутар шарқироқ сойлар ,

Мени кутар мўйсафид сўри.

Юрагимга меҳримни жойлаб,

Мен бораман, пишганда ўрик.

Худди бир нарсани йўқотгандай,

Безовтаман шому саҳарда.

Мен қишлоқда топмаган қандай

Бахтни топдим, ахир, шаҳардан.

Бунда назм бисёр лўттибоз,

Олифтаю номардга тўлган.

Қанча майнавозу тўтибоз

Айлантирар бўстонни чўлга.

Мен ўзимча одамман гўё,

Одаммасдек фақат ўшалар.

Тушларимга киради гоҳо

Теракзорлар,

Тупроқ кўчалар…

Билмам, нелар тўсар йўлимни,

Асли, юрак шаҳардан тўйган.

Ҳамма ишга силтаб қўлимни,

Қайтгим келар қишлоққа – уйга.

Меров йўқдир асло мендақа,

Китоб ўқиб, уқа билмадим.

Мен укамга бўлмадим ака,

Акамга ҳам ука бўлмадим.

То ўлгунча тинчимас одам,

Тентирарман ташвишлар аро.

Мени кутар мўйсафид отам,

Онам мени кутар дилпора…

СЕВГИ – ТИЛИМДАГИ ҚАДИМИЙ ОЯТ,

Тунлари номингни қиламан зикр.

Неча йил саросар кезиб, ниҳоят

Мен сени учратдим –

Худога шукур.

Дунёга силтаган эдим қўлимни,

Хаётдан, яшашдан бўлгандим безор.

Раҳматинга олдинг ожиз қулингни,

Яхшиям сен борсан,

Яхшиям сен бор.

Гўё дур сингари ёришди дилим,

Не тонг, юрагимни нурафшон этдинг.

Яшашни ўратдинг менга, севгилим –

Ўзимдан кечдиму

Мен сенга етдим.

Сен агар хоҳласанг тупроқман, гилман,

Истасанг, дарахтдек ўсаман дуркун.

Фақат жамолингдан бенасиб қилма,

Жоним,

Висолингга етарман бир кун.

Бир йўлим самодир,

Бир йўлим ер,

Ишқинг осмонида озодман, эркин.

Келгин, қўлларингни қўлларимга бер,

Келгин, юрагимга абадий беркин.

КУНДАН КУН ЙИРОҚМАН ЎЗИМДАН, Ё РАБ,

Давр қуюнида оловман, кулман.

Ҳорғин кўзларимга чуқурроқ қара –

Хабардор бўл мендан,

Бепарво бўлма.

Чинордай юксалдим, сарғайдим чўпдай,

Мудом юрагимда айрилиқ ғами.

Гўё атрофимда инсонлар кўпдай,

Гўё атрофимда йўқдай одамий.

Гўё юрагимда яшар бир телба,

Ҳарчанд сукунатдан излайди паноҳ.

У гоҳо беқиёс донишманддир ва

Гоҳо бўюнсунмас исёнкор, гумроҳ.

Бутун умр сенинг кўйингда ёндим,

Гар келсанг, пойингда тупроқман, йўлман.

Бир сенга ишондим, сенга суяндим,

Хабардор бўл мендан,

Бепарво бўлма…

ҚАЙТИШ

Ўзгармаган қишлоқ, жойида,

Кўчалар ҳам ўшандай лой,

 Ўзгармаган…

Ўзгармаган уй, тандир, ўчоқ…

 Фақат кексайибди онам янада,

 Отамнинг ажини кўпайган фақат…

1 izoh

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting