Иброҳим  Муҳаммад     

                                                ҳикоя                                          

                                                         I

      Бу  яқин  ўртада  Маҳмудникига  тенг  келадиган  каптарлар  топилмасди.   Тўрт    дона     оқ   каптарига  шу қадар меҳрини  қўйгандики, булар  учун  нафақат  меҳрини,  ҳатто  жонини   беришга  ҳам   тайёр   эди  у. Жониворлар   ҳам   унга   шунчалик   ўрганишгандики, битта   ҳуштак  чалса, дарҳол осмонга  кўтарилишар, икитта  ҳуштак  чалса, ҳавода  чиройли ўйин   кўрсатишар, тағин  битта  ҳуштак  чалса, дарҳол эгасининг  қўлига  келиб қўнишарди. Бошқа  каптарлар  Маҳмудникидек  ажойиб  ўйин   кўрсатолмагани  учун    болаларнинг   унга   ҳаваси    келарди. Нариги   маҳалладаги   каптарвоз   болалар  унинг каптарларига  кўнгиллари  кетиб:  “Биттасига   иккита   берамиз, кел  алмаштирайлик,”-деб келишганди, Маҳмуд   бунга  сира   кўнмай, уларни  ноумид  қайтариб  юборди.

    Велосапидга  миниб,  ҳафтада  бир  марта    жониворларни  саёҳат   қилдириб    келардик. Уларни  сумкага  солиб, уйимиздан   йигирма-ўттиз  чақримлар  олис  кетиб, дунёнинг  бир  четидан  каптарларни  осмонга  учириб, секин-аста  изимизга    қайтардик.  Каптарлар   бошимиз  устида  парвоз  қилиб, биз  билан  бирга  келишарди. Маҳмуд    қаердан  бўлмасин  каптарлари  уйини  адашмасдан  топиб  келишлари учун   шундай  қилар  эди.

                                                   I I

           Ёз  кунларининг  бирида кечки  соат  олти  ярим-еттилар  чамаси  Маҳмуднинг  каптарларини осмонга  учириб,  ўйинини  тамоша  қилаётгандик бир маҳал  шундоқ  ёнгинамизга  сутранг “Нексия” келиб  тўхтади. Машинадан  оқ  кўйлаг-у  оқ шим  кийган хушмўйлов  бир  йигит  тушиб, биз  билан  жилмайиб  кўришди-да, сўнг  кафтини  пешонасига  соя     қилиб  бирпас  каптарлар  ўйинини  тамоша  қилган  бўлди.

          — Маҳмуджон  деганлари  сенмисан, ука?- дея      менга   юзланди   у   толиққан     кўзларни  қисганча.

—  Маҳмуд   менман, нима   эди?-  деди  ўртоғим  қизиқиш  ила.

—  Менинг  исмим – Аббос,- деди  йигит  ўзини  таништириб.

—  Мен  эса  Акмалман,- дедим  унга  қайта  қўл  узатиб.

         — Таъриф   қилганларича  бор  экан: каптарларнинг  жуда  зўр-ку  а?! –дея  ним  табассум  қилди  у.

         — Улар сизга  ёқиб  қолдими, ака?-дедим  унинг фикрини билиш  учун.

         — Ростини  айтсам, каптарларга   унчалик   хушим  йўқ, ука,- жавоб қилди йигит садақайроғочнинг  соясига  ўтаркан.—Аммо  шефимиз  Баҳром  ака  бу жониворлага  жуда ҳам  ишқивозлар-да! Оқ   каптар   деса, ҳеч  нарсани  аямайди  у  одам. Гапнинг  қисқаси: мен  шу  каптарларингга  харидор  бўлиб  келдим, болалар.

            Қани  нима  деркин   дея   Маҳмудга  назар ташладим. У Аббос аканинг гапига  унча эътибор  қилмай, нигоҳини  самодан  узмай  чўзиб-чўзиб  уч   марта  ҳуштак  чалганди, каптарлари  шу  заҳоти  пастга  шўнғишиб, ҳудди  лочинлардек  унинг  билагига келиб қўнишди.   

— Қойил-э,  ука, қўлга  зўр  ўргатган  экансан-ку жониворларни!- дея  ҳайратини   яширолмади   Аббос ака.   

         —  Шефингиз  нима  иш  қиладилар? – боягидек  каптарлардан  нигоҳини  узмай  эътиборсизлик   ила  сўради  Маҳмуд.

        — Баҳром  ака   ресторан   хўжайини-да,- дея  илжайди  Аббос  ака  мамнунлик билан.

        — Шаҳарда  ресторанлар  кўп. Баҳром   ака  деганингиз қай бирида  хўжайин?- дея  қизиқсиндим.

       —   Соҳилдаги  “Диназавр” бор-у , ўшанда-да ,-дея  жавоб  қилди  йигит.

       —  Номи  намунча  даҳшатли, ака? Ишқилиб   у   ерда   йирқичлар  гўштини  пиширишмайдими? -дедим  пичинг  қилиб.

       — Шефингизга  каптар  эмас, каптар  гўшти керакдир, балки?- деди Маҳмуд  сал    заҳархандалик  билан.

      — Йўғ-э,- дея  дарҳол  эътироз  билдирди  йигит   нима  деяпсизлар дегандай  ҳижолатомуз  оҳангда.— Баҳром  ака   ўйнайдиган, тоза  каптарларни   асрайдилар.  Ҳозиргина     айтдим-ку:  жудаям  ишқивозлар  деб.

        Маҳмуд  шунақами    дегандай  қошларини   кўтариб,  қисқа   хуштак   чалганди,  каптарлар   парр  этиб  учиб,  томга  қўндилар.

        —  Хўш,  каптарларни  сотасанми, ука?- муддаога   ўтди  Аббос  ака

  Маҳмуддан   дарров  садо  чиқмагач:

       — Ҳар  бирига  беш  мингдан  бераман, розимисан? -дея  таклиф  қилди  у  мулойимлик  билан.

    Маҳмуд  сотайми-сотмайми  дегандай  кўз  қирини  менга  ташлаганди:

      —  Шундай   ноёб  жониворларни   жуда  арзон   баҳолаяпсиз-да, ака,-дедим  сохта    жиддийлик  ила.

         Шу   гапимдан   кейин   булар  каптарларини   сотади   деб  ўйлади  шекилли:

      — Ана  сизники  ҳам эмас, меники  ҳам  эмас  тўрттови  бир  жойга,-деди Аббос    ака  худди  мол  бозордаги  даллолдек  ҳовлиқиб  Маҳмуднинг  қўлини   қисиб  силтаркан:

      —  Йигирма   беш  минг  бўладими?

      — Каптарларимни  сотмайман-да, ака,-    дея      бош   чайқади  Маҳмуд    қовоғини  уюб  қўлини  ундан  тортиб   оларкан.- Бекорга   овора  бўп  кепсиз.

        У   гап  тамом   дегандай   дарвоза   томонга  йўналаётганди:

        — Менга   қара,  ҳар  бирига  етти  ярим  мингдан   бераман, розимисан  энди? —  дея   нархини  оширди  Аббос  ака.

           Маҳмуд     худди     унинг    гапини   эшитмагандек   орқасига  қарамай, ҳовлига  кириб  кетди.

       — Қизиқ   бола   экан-ку  бу ,- дея  елка   қисиб  қўйди  Аббос   ака   ҳеч   нарсага   тушунмадим   дегандай. — Бозордан   бу   пулга   йигирмата   каптар  оламан-ку. Бу  кишим   бўлсалар  ўттиз  мингга    ноз   қилиб   ўтирибдилар  – а?!

      Хуллас  шу   куни   Аббос   ака    қуриқ    қўл   билан   қайтиб  кетди.

      Дўстим   бу   оппоқ, ноёб   каптарларини  қанчалик   яхши  кўрмасин, уларга қанчалик   меҳр  қўймасин,  бошқалардан   қанчалик  қизғонмасин,  кун  келиб бари  бир   улардан   ажралишга   мажбур   бўлди.

                                                 I I I

       Маҳмудлар   билан   бизнинг   ўртамизда    девор-дармиён   қадрдон   қўшнимиз  Адҳам   ака   яшардилар.

     Адҳам  ака  бошқа  туманга   турмушга  чиқиб  кетган  сингиллари  Ҳалима  опани   шу  йил  августнинг   бошларида  ўз  уйларига  кўчиртириб  келдилар. Куёвлари     бир   йил  бурун   тоғда   ҳалокатга   учраб, бевақт   қазо   қилган  экан, бечора. Аёлларнинг  айтишларча  эрининг  уруғлари  негадир  Ҳалима  опани   унчалик   хуш  кўришмас   экан.

Хуллас, ёлғиз  жувонни   сиғдиришмабди.

     Ҳалима    опанинг  шу  йил   ўн   биринчи  синфга   ўтган  Моҳинур  исмли  қизи  ва   Шерзод  деган  беш  яшар  ўғилчаси   бор  экан.

    Кўчиб  келган  кунлари, чошгоҳга  яқин   маҳал,  одатдагидек,  Маҳмуд  иккимиз   Садақайрағоч   остида  гурунглашиб   ўтирган  эдик.  Адҳам  ака: “Қани ,  болалар ,  озгина   қарашиб   юборинглар-чи”,- дея   бизни  кўмакка    чорлади. Шунда   Моҳинурни     яқиндан     кўрдим. Сулувгина  қиз   экан. Билмадим  нима   учундир   Маҳмуд  қиздан  сира  кўз узолмай  қолди  шу  куни. Моҳинур   кўтармоқчи   бўлган   чоғроқ   ёзув   столи   ва    креслони       қўлидан  олиб,  ичкарига  ўзи  кўтариб  кирди. Моҳинур   миннатдорлик   изҳори    сифатида     бошини   сал   қимирлатганча   жилмайиб   қўйди. Тиниқ   чеҳрасида   кулгичи  борлиги  боисми, табассум   қилганида  юзида   мафтункор   жозиба   жилва  қилар  экан.

          —  Намунча  еб  қўйгудек  тикилдинг, жўра?-дедим   юкларни   ташиб   бўлгач   изимизга   қайтарканмиз.—Худди  чиройли  қизни  биринчи  марта  кўриб  тургандексан-а?    Шошма-шошма, бир  қарашдаёқ   хаёлингни   олиб  қўйган   бўлмасин, тағин?

           Маҳмуд   нима  деярини  билмай, кўзларини  мендан   олиб   қочиб,  томдаги   антеннага   қўниб  турган  каптарларига  нигоҳини  бурди.

                                                      IV

              Оқшом   маҳали   ичим   қизиб  уларникига  кирсам, Маҳмуд  қўшни  деворга  яқин     йўлак  четида  чўнқайганча  хаёл  суриб  ўтирган  экан.

              —  Ҳа-а , ошна, райҳон   исига  маст  бўлиб  ўтирибсанми?-дея   ҳазиллашдим. 

               Кўкламда   онаси  айвон  олди  ва  йўлак   четларига   райҳон  уруғи  септирганди.   Шунинг  учун   ҳовлиларида  доимо  райҳон  иси   гуркираб   турар  эди.

    Хаёли  бўлинган  Маҳмуд  кўрсаткич  бармоғини   лабига   босиб  “тсс” деди. Ҳайрон   бўлганча  ёнига  чўнқайдим-да, ҳа  нима гап, тинчликми  ўзи  дегандай  имо қилдим. У “Жим, эшит, қулоқ  сол,-”дея  сирли  шивирлади. Беш-олти  сония  ўтар-ўтмас қўшни  ҳовли  томонидан  нотаниш  бир  қиз  кишини  ўзига  тортувчи  жуда ҳам  ширали овозда  Юлдуз Усмонованинг:

                           Ёғаётган  ёмғир   кўз  ёшим,

                           Тўлин  ойдир  ёлғиз  сирдошим,

                           Бир елка  йўқ  қўймоққа  бошим,

деб  бошланувчи “Қалб”  номли   ашуласини  худди  санъаткорлардек  қиёмига   етказиб  куйлай   кетди. Вужудим  қулоққа  айланиб,  миқ   этмай,   қўшиқни  маза   қилиб   тингладим.

              — Ким   бу ?- дедим  ёқимли  овоз  тингач    ажабланганча Маҳмуднинг    тирсагидан     секин   тортиб.

  — Моҳинур!-дея  энтикиб  шивирлади  шунда  Маҳмуд.

             — Зўр  овози  бор  экан-а? Ашуланиям     қийиворарканми?-   дедим      ҳайратимни  яширолмай.

           Маҳмуд  тағин  жим   дея  ишора  қилди. Шундан  кейин  йигирма  дақиқалар мобайнида   эл  севган  санъаткорлар  Насиба Абдуллаева, Юлдуз Усмонова, Дилфуза    Раҳимова  ва  Умида   Мирҳамидоваларнинг энг   сара қўшиқларини     Моҳинур  ижросида    эшитдек.     Бало   экан    бу   қиз! Ҳар   бир   қўшиқчининг   овозини     шунчалар   ўзига   ўхшатиб   айтардики,    ҳайрон  қолмасдан   сира    иложим   йўқ  эди!

                                                    V

           Бир   замонлар   одат  тусига    кирганмиди,   билмадим   ёки   оилаларимиз   қўни-қўшничилик  удумларини  кам-кўстсиз  адо  этганлари  боисми,  ҳовлиларимиз   ўртасида   бир-бирларимизникига  ўтиб-қайтадиган дарчалар  бўлар  эди.

          Эрталаб  қарасам,  тунги  гармсел  шамолдан  дарчамиз  ланг  очилиб  қолган   экан.  Эшикни  ёпмоқчи  бўлиб  бориб, Адҳам  аканикидан Маҳмудларникига  ўтадиган  дарчага  кўзим   тушиб  кетди. Маҳмуд  қўлларини орқасига   қилганича   дарча     кесагисига суяниб  турар,  супирги  тутган Моҳинур  гоҳ  нимтабассум   билан, гоҳ  уялганамо    бошини    эгиб     унинг гапларини  тингларди. Вой  писмиқ-э,  қиз  бола  билан  бундай  гаплашишни қачон  ўргана  қолдийкин?! Мактабда  қиз  болалар  у  ёқда  турсин, ҳатто  ўғил   болаларга   унчалик    қўшишолмайдиган   бадқовоқ, одамови, кам   гап  бола   эди-да   у. Бугун  эса    шундай  чиройли  қизни  кулдириб,  ўзига  махлиё  қилиб   ўтирибди-я! Одамнинг  билгани   ичида  деганлари шу  экан-да. Ҳа  майли, нима   ҳам  дердим, омадингни  берсин дўстим!

                                                         VI

         Маҳмуд   ҳар     куни  каптар     учираётганида     мени  ёнига     чақириб  оларди. Соат тўққиздан  ўтган  бўлса-да, бугун  у   негадир     одатини  канда  қилди. Азиз  Несиннинг  “Ғаройиб  болалар”  китобини  берилиб   ўқиб ётгандим  бир маҳал    кўчада  Маҳмуднинг  ҳуштаги  янграб  қолди. Китобни  ёпиб, деразадан  қарадим-у,  дўстим  бу  гал   мени  сорламаганини  тушундим. Унинг  ёнида  Моҳинур   кулимсираб   турарди. Чиройли  қизга  махлиё бўлиб, дарҳол  дўстни унутиш  эканда  деган  ўй  ўтди  кўнгилдан.

        У  одатдагидек   чўзиб   ҳуштак  чалганди, каптарларидан  бири  дарҳол  пастлаб,  билагига  қўнди. Маҳмуд  чўнтагидан  буғдой  олиб, жилмайганча  Моҳинурнинг  кафтига  ташлади. Жонивор  қизнинг  кафтидаги донни бамайлихотир  чўқилай  кетди. Сал ўтиб, Маҳмуд  каптарни  авайлаб ушлаб, қизнинг   кафтлари  орасига  қўйди. Моҳинур  чўчиганданми  пастки лабларини тишлаган  эди, Маҳмуд  қўрқманг  дегандай,  унинг нозик  кафтларини  ўзининг  дағал  кафтлари   орасига  олди. Шунда  улар   бир-бирларига   гўё    қаттиқ  кўнгил  қўйган   ошиқлардек   чунонам   ёлқинли, маъсумона   термилдиларки…

       Оқ  кабутар  энди  бу  ерда  ортиқчалигини  фаҳмлагандек  парр этиб  осмонга  кўтарилиб кетди.

                                                      VII

       Гоҳида  китоб  ўқиб,   кўзим   толиқиб,  зериккан   кезларимда  бироз  кўнгил  ёзиш    учун   Маҳмуднинг  олдига  ўтиб, унинг   ҳунарини  томоша   қилиб   ўтирардим.

       Бобоси  ўймакор  нақшли  эшиг-у деразалар  ясайдиган  катта  уста  эди. Маҳмуд тўққизинчидан  кейин   ўқимай, бобосига  шогирд  тушганди.

Сип-силлиқ   рандаланган  тахталарга  бобоси  чизиб  берган  ҳар  хил гулдо нусхаларни    резгилар  ила  диққат  ва   иштиёқ   билан    секин-секин   ўйиб,  чиройли  инжа   нақш  ҳолига  келтирарди  у .  Баъзи   жойларда  резгини  чуқурроқ  ботириш  мақсадида   у  асбобнинг  кетига  ёғоч  болға  билан  гоҳ  аста-аста, гоҳ  қаттиқ-қаттиқ   урарди. Бугун ҳам  шунақа  ишни қилаётганида   хаёли  кетибми,  кўзи  толиқибми, бир  маҳал  болғани  бошмолдоғига уриб  олса бўладими. Жони  оғриганидан  “воҳ-воҳ”лаб   қолганини  кўрган  буваси “Бор,  қўлингни  сол, оғриғи  босилади ,”- деди.

         Маҳмуд  қизарган  бармоғини  водопровод сувига тутаркан пича ўйланиб   олиб:

       — Биласанми, ишлаётганимда  ўз-ўзидан  кўзимга  Моҳинур  кўриниб кетса бўладими!- деди  аста  ютуниб.—Бир хафтадан  бери   шундай: қаерга  қарамай, унинг  чеҳраси   кўзимга  кўриниб  кетаверади — кетаверади…

      — Эҳ  бечора, жигарингдан  ёмон  урибди-ку қиз  қурмағур,-дедим  унинг ҳолига ачингандай  бош  чайқаганча   хўрсиниб.

       У  шундаймикин – а,   дегандай   уялганнамо  кулимсираб  қўйди.

                                                   VIII

      Кундузлари   Маҳмудларнинг  ҳовлиси  жим-жит  бўлгани  боис  қўшни  ҳовлидаги  хотин-ҳалажнинг гап-сўзлари  баъзи-баъзида  бу  томонга   эшитилиб  қоларди.

    Маҳмуд  водопровод  жўмрагини  ёпган  ҳамоно  Зубайда   холанинг  нариги  томондан:

    — Моҳинурни  ошхонада  койидингизми  дейман? Уйга йиғлаб  кириб  кетди,-деган  овози   эшитилиб  қолди.

    — Янги туфли  обермасам, бу  йил  мактабга  бормасмишлар. Бултургисининг  товони сал  ейилган  экан. Тагига  резина  қоқтириб  бераман  десам, сира  кўнмаяпти-да, янгажон,- дея  зорланди Ҳалима  опа.

    — Қўйинг  уришманг, айланай , шунга  шунчами? Ана  тоғалари  қараб  ўтиришмас, битта   туфли  бўлса  олиб  берарлар,-дея  қайин  синглисининг  кўнглини  кўтарган  бўлди  Зубайда  опа.

 Бу  гаплардан  кейин  Маҳмуд  қўлининг  оғриғини  ҳам  унутиб, нигоҳини бир нуқтадан  узмай, қаттиқ  ўйга  толиб  қолди.

       Адҳам  ака  “Геология  қидирув  эскпедицияси”да  оддий  ишчи  бўлиб  ишларди. Шу   кунларда  кон   қидиргани   Бухоро  тарафларга   ўн беш кунлик  хизмат  сафарига     кетганди. Хизмат    муддати   ўқиш   очилишига   икки    кун  қолганида  тугар экан. Унинг   қачон  келиши-ю, жиянига  қачон  туфли  олиб  бериши  ҳали  номаълум  эди.

                                                             IX

 Жума  куни  Маҳмуд  жондан  азиз  бўлган   каптарларининг   бирини  бозорга   олиб  бориб, беш мингга  сотиб  келди. Бу  пулнинг  ёнига  икки  минг  қўшиб, етти  минг қилди.

    Пулни  Моҳинурга  бир ўзи  беришга  ийманди  шекилли, пешиндан кейин  мени  ёнига  олиб,  дарчадан   қизни  чақирди.

      Тандир  атрофини  супираётган  Моҳинур чимирилганча  нима гап дегандай  секин  ёнимизга келди.

— Ўзингга  янги  туфли  сотиб  олгин, хўпми?- деди  у етти  мингни  қизга узатиб.

      Бечора  қиз ночорликлари  бизга  аён  бўлиб  қолганидан   ранги- рўйи  ўзгарганча  ер    чизиб  қолди.

—   Пулингизни  ололмайман,- деди  у  ютиниб.

—  Нима  учун?-  ажабланди Маҳмуд.

—  Аям  уришадилар …

— Шунақами  ҳали? Аянг  қаердалар  ҳозир?

—  Ичкарида  тикиш  қиляптилар, нима  эди?

Маҳмуд  тап тортмай  қўшни ҳовлига  ўтди-да, айвон  томон  дадил  қадам ташлади. Индамай  ортидан  эргашдим.

       Қатиқ  сотгани  бозорга  чиқиб  кетган  шекилли, Зубайда  хола ҳовлида  кўринмасди.

— Қани, аянгни  чақир-чи,-деди  амрона  оҳангда  Маҳмуд Моҳинурни олдингга  ўтказиб. Ранги  бироз оқаринқираган  Моҳинур  индамай  ичкарига  кириб  кетди.   Сал     ўтмай,  бироз   саросимланиб «Ҳа, тинчликми, болам?”-дея  Ҳалима  опа ташқарига  чиқди.

      — Биламан: ҳозирча  сизга  қийин,  опа,- дея   гап  бошлади  Маҳмуд  овози  озгина титраб,  катта  одамлардай  салмоқлаб. —   Мундан  кейин Моҳинурни  кўнглини  ўкситманг,  илтимос . Мана пул, унга  янги   туфли олиб беринг.

         Ҳалима  опа  ҳеч   нарсага  тушунмагандай  бир  зум  анграйиб  турди-да,  гап  нимада   эканлигини  фаҳмлагач, кутилмаганда  етказилган  бу  беминнат  мурувватдан   кўнгли  бир   хил  бўлиб  кетиб,   дарҳол  кўзларига  ёш   олди. Опанинг бу эзғин  ҳолатидан  қаттиқ  таъсирланиб  кетдим.

Кўнглим  бўшлиги  боис  кўзларимга  ёш қалқишига  сал  қолди.

        — Раҳмат, болам,  умринг  узун  бўлсин  илойим! Худойим   бирингга  минг  берсин! -дея  дуо  қилди  Ҳалима  опа  йиғи  аралаш  хўрсиниб.

         Энди  изимизга  бурилаётгандик, Ҳалима  опа  бир  нима  эсига  тушгандек:

       — Менга  қара, Маҳмуд  болам,-деди   мижжаларидаги    ёшни   енги   билан    артаркан  ним   табассум  ва  қувлик  ила.—Моҳинур  яхши  қиз-а? У  сенга  ёқади- а?-дея  сўраб  қолди.

        Маҳмуд  уялганидан  опанинг  саволига   жавоб  бермай, шартта  бурилиб,  дарча тамон  югуриб  кетди.

       Ичкаридан  ҳамма  гапни  тинглаганча  ҳайратланиб  турган  Моҳинур  менга  нигоҳи  тушиши  билан  бошини  экканча  ерга  қараб  қолди.

                                                       X

        Шу  куни  оқшом  тушар   маҳал   ғалати   воқеа  содир  бўлди. Маҳмуднинг  бугун  эрталаб  бозорда  сотиб  келган  оқ  каптари  худди   ўргатилгандек  эгасиникига  қайтиб учиб  келиб,  томга   қўнди.

Бундан  иккимиз  ҳайрон  бўлдик. Эртасига  жониворнинг  янги  эгаси   уни сўраб келди. Маҳмуд  каптарни  ушлаб, бериб  юборди. Орадан  уч-тўрт  соатлар ўтгач ,  ҳалиги  каптар  тағин   қайтиб  келса  бўладими?! Бу сафар  Маҳмуд  каптарни янги эгаси   қайтаргиси  келмай, бобосидан  пул  олиб  бериб  юборди.

                                                      XI

       Моҳинур  ўн  биринчи  синфда  биз  билан   бирга   ўқийдиган   бўлди.

       У  самимийлиги-ю, меҳрибонлиги, ширинзабонлиги-ю  хушмуомаласи   ҳамда  санъатсеварлиги   билан   тез  орада  ҳаммамизнинг   меҳримизни  қозонди.

      Қизлар айниқса,  унинг  қўшиқ   куйлашини  билиб  қолишгач, ҳар  куни   унга  ашула   айттириб  маза  қилишарди. Нафақат   қизлар, биз  ўғил  болалар   илтимос   қилсак  ҳам    Моҳинур  йўқ  демай, ноз   қилмай ўзи   ёқтирган  ашулалардан    икки-учтасини   мароқ   билан   куйлаб  кўнглимизни  чоғ қилиб   кетарди.

      Ҳар  йили  мактабимизда  юқори  синфлар  ўртасида “Қизлар  давраси” номли  ажойиб    кеча  ўтказилар эди. Синф   раҳбаримиз  Роҳила  опа    бу   йил  шу  тадбирга    Моҳинурни   қатнаштирмоқчи  бўлдилар. Моҳинур    аввалига  хўп, майли  деб турди-да , кейин  иштирокчиларнинг  қандай либосларда  чиқишларини  суриштириб  билгач, бирдан маъюс тортиб кечага  қатнашолмаслигини  айтиб, узр  сўради. Кеча  қатнашувчиларининг   зар   дўпписи,   янги  нусхали  атласдан  кўйлаг-у  лозими  бўлиши  шарт  экан. Моҳинур  бундай кийимларим  йўқ  дебди  қизларга.

    Унинг  мактабдан  музтар   бўлиб    қайтганини    кўрган   Маҳмуд   бирдан    ҳовлиқиб:  “Тинчликми  ўзи? Нима  гап? Тўғрисини  айт, ё  бирортаси  шилқимлик   қилиб   хафа  қилдими  уни? ”-дея  сўради. Моҳинурнинг  маъюслигининг  сабабини тушунтиргандим Маҳмуд  томдаги  телевизор  антеннасига   қўниб, қур-қурлаётган  каптарларига термулганча бироз  ўйга  толиб  турди-да, кейин секин  хўрсиниб:

—   Ҳалиги  “Қизлар  давраси” қачон  бўларкан, ўзи?-дея  сўради.

    —  Келаси  шанбада,-дея  жавоб   қилдим  унинг  шу  тобда  нималарни   ўйлаганини ўзимча  фараз  қилиб. Фаразим  тўғри  чиқди: якшанба  куни  у  учала  каптарини ҳам бозорга  олиб чиқиб,  ўн беш  мингга  сотиб, Моҳинурга  янги нусхадаги  ранг-баранг   товланувчи   чиройли  атлас  олиб  берди. Иккинчи марта  қилинган  мурувватдан    қувончи  ичига сиғмаган  Моҳинур  дарҳол  ўша  атласдан  кўйлак  тиктириб   кийди.

         Қизлардан  бири  янгасининг  зар  дўпписини  икки  соатга  Моҳнурга    келтириб   берди. Моҳинур  кўзни  яшнатувчи  ажойиб   либосларда   гул-гул  яшнаб    саҳнага   чиқди  ва  тадбирда барча шартларни бекаму  кўст  бажаришга  эришди. У  эркин  мавзудаги    чиқишда  томошабинларни  лол  қолдирувчи   чиройли   қўшиқ  ижро  этиб,  қизлардан  бир пағона  олдинга   ўтиб  кетиб, олий  ўринни  эгаллади.

        Бизга  билдирмасдан “Қизлар  давраси”ни  кўришга  Маҳмуд  ҳам  келган  экан. У залнинг охирида, бир  бурчакда   деворга  суянган   кўйи  Моҳнурни     кузатиб  турганини кейин  билиб  қолдим.                                                                          

        Тадбир  тугагач, учовмиз    бирга   мактабдан    қайтдик. Уйимизга   яқинлашарканмиз  Маҳмудларнинг  томига   қўниб   турган  ўша  учта  каптарга   кўзимиз  тушиб ҳангу  манг  бўлиб   қолдик. Бу  жонворларнинг Маҳмудга  бунчалар  меҳр   қўйиб,  ундан  кўнгил  узолмасликлари   мени  тағин  бир  бора  лол  қолдирган  эди. Бу  сафар  Маҳмуд  дадасидан пул олиб, каптар  сотган   болага   бериб  юборди.

                                                      XII

      Ўша  “Қизлар  давраси”дан  кейин  Моҳинур  мактабда  машҳур  бўлиб   кетди. Бундан     кейин  ташкил  қилинадиган   тадбиру  кечалар  Моҳинурнинг  иштирокисиз, унинг дилрабо  қўшиқларисиз  ўтмайдиган  бўлди.

     Моҳинур  мусиқа  муаллимимиз  Сирожиддин  ака  раҳбарлигида “Шалола” эстрада гуруҳига   аъзо  бўлиб, сешанба, пайшанба, шанба  кунлари  дарсдан  кейин  соат  беш-олтигача   пианина чалишни машқ  қилар   ва  кўнгли  қонгунча  ашула  айтарди.

     Бир  куни   унинг  мароқ билан  кўйлаган  тўрт-бешта   ашуласини  Сирожиддин  ака магнитафонга  ёзиб  олдилар. Мен  Моҳинурнинг  овози  ёзилган   ўша  кассетани  эшитиш  учун  ўқитувчимиздан  сўраб  олдим-да,

кечда  бу  тўғрида  Маҳмудга  айтгандим  у   дарҳол   магнитафонини олиб чиқиб, ашулаларни  янги  кассетага   ёзиб  олди. Шундан   сўнг  бекор қолди  дегунча   иягини   кафтига   қўйганча   кўзларини   юмиб,   Моҳинурнинг   қўшиқларини  қайта-қайта  тинглаб  ҳузурланадиган    бўлиб  қолди.

      Моҳинур  шаҳарда  ва  вилоятда   ўтказилган “Санъат  байрам”ларида  фаол  қатнашиб,  чиройли  овози  ва  ўзига  хос  ижро  маҳорати   учун  биринчи  ўринни  эгаллаб келар эди.

      У “Келажакдаги   орзуим” мавзусидаги  уй   иншосида: “Менинг  бирдан-бир  орзу-истагим   мактабни   тугатгач,  Консерваторияга   ўқишга    кириш  ва  келгусида  машҳур    эстрада   юлдузи   бўлиш”,-деб  ёзган  эди. Моҳинур  яхши  устозлар   қўлида  тарбия  кўрса, эстрада  юлдузи бўлишига  ишонар  эдим.

                                                  XIII

         Қирчиллама  совуқ  январнинг  охирларида  Моҳинур  тўсатдан  бетоб  бўлиб,  касалхонага  тушиб  қолди. Ҳалима  опанинг  айтишича  кўричаги  ёрилишига  бир  баҳя  қолганида  уни  операция  столига   ётқизишибди. Операция  анча  оғир  кечиб,  қиз  бечора  кўп  азоб  тортганмиш.

Ҳалима  опанинг  олиб  борган  ўн  мингги  бир   кунлик  дори-дармонга учма-уч  етганмиш, холос. Зубайда  холанинг берган  ўттиз  мингги  тўрт  кунга  аранг етибди. Моҳинурни   касалхонадан   олиб  чиққунча  тағин  йигирма  беш минглар  керак бўлар  экан.

         Ночор, бечора  сингил  акасидан  мадад  олай  деса, бахтга  қарши Адҳам  ака  Устюрт     деган  узоқ  жойга  хизмат  сафарига  кетган. Бояқиш  пича  қарз  сўраб, гоҳ  у  қўшнисиникига ,  гоҳ  бу   қўшнисиникига    зир   югуради. Қани  энди “Мана   пул,  қанча   керак? ”-  деб чиқариб  берадиган бирорта  мард  топилса?

      Дадамнинг  топганлари  биз  олти  жоннинг  томоғидан  ортмас  эди. Шундай  бўлса-да,   кечқурин  онам  билан  маслаҳатлашиб, беш минг беришга  келишишди. Маҳмудлариникида  ҳам  ортиқча  пул  йўқ  эди. Бу  қиш  уларга  ҳам  оғир  келди. Ҳалим  бува  узоқ  бетобликни  бошдан  ўтказдилар. Йиғиб  қўйганларининг  бариси  бувани  даволашга  кетганди.

                                                XIV

       Дарслар  тугаб, тушда  уйга  қайтаётсам, елкасига  спорт  сумкасини  илиб  олган  Маҳмуд  мактаб  дарвозаси  олдида  мени  кутиб  турган  экан.

       — Акмал, юр “Диназавр” ресторанига  бориб  келайлик ,-деди  у  тушкун   овозда.

       — Нима  қиламиз  у  ерда?- дея  ажабландим.

       —  Манавиларни   яна  сотмасам  бўлмайди, жўра,- дея  хўрсинди-да  сумкасининг  оғзини  сал  очди. Сумка  ичида   қунишганча  бир-бирининг  пинжига   тиқилиб  ётган  каптарларга   кўзим  тушди.

          Моҳинурнинг  беморлигини  эслаб, индамай   унга   эргашдим.

          Ёзда  каптарларга  харидор  бўлиб  келган  Аббос  ака   ресторан  ҳовлисида  сегарет   чекиб  турган  экан .Дардимизни  айтгандик, мен  ҳозир  шефга   бир  айтиб   кўрай-чи  деб  зиппилаганча  ичкарига  кириб  кетди.                                                             

          Бу  шеф  деганлари  паст  бўйли,  бўйни   йўғон, тепа  кал, қисиқ   кўзлари  бемаъно    боқувчи, бағбағаси   осилган, қорни  қозондай,  еб-ичиш-у,  кайфу   сафодан  бўлак   ташвиши   йўқ  бир  нусха  бўлса  керак  дея ўзимча    унинг  тузилишини  тасаввур    қилиб   тургандим, сал  ўтиб ичкаридан     тасаввуримнинг  тамоман  тескариси  бўлган  қирқ  беш

ёшлар  чамасидаги бўйчан, буғдой  ранг, қўй  кўзлари  ўйчан  боқувчи чакка сочлари бироз   оқарган, истараси  иссиқ, қундуз  телпакли  бир киши  чиқиб  келди .

         —  Баҳром  ака, бу  болалар  пулга  жуда   муҳтож  бўлиб  қолишган  экан,- дея  тушунтирди  Аббос.

         —  Қани , кўрсат-чи,-деди      Баҳром     ака    биз    билан   қўл  бериб  кўришгач  қовоғини  очмай  маҳзун  товушда.

               Маҳмуд  сумкаси  оғзини   очганди, Баҳром  ака   нимадир  эсига  тушгандек  бир    зум  каптарларга  термилиб   қолди. Сўнг  каптарларнинг  бирини  аввайлаб  қўлига  олиб,  оппоқ   патларини   оҳиста  силади.

          —  Буларинг     яхши  ўйнайдими,  ўзи ?-деб  сўради  у  Маҳмудга  қарамай.

        Унинг  саволига  Маҳмуддан  олдин   Аббос  ака  шоша-пиша:

         —  Зўр  ўйнайди , Баҳром  ака, зўр   ўйнайди. Каптарларига  гап йўқ. Ўзим  кўрганман,- дея   дарҳол  жавоб  берди.

         — Биламан: каптарларинг  сен  учун  жудаям  қадрли,-деди  Баҳром ака  бир   қарашдаёқ   Маҳмуднинг  ичидагини  билгандек.—Уларни  мажбур  бўлганинг  учун   сотяпсан,  кейин  афсусланмайсанми?

          Маҳмуд   қайдам   дегандай   елка    қисиб    қўйди. Баҳром   ака  чўнтагидан  ҳали  тахи  бузилмаган  яп-янги  юзу, икки  юзталикни  чиқариб,  Маҳмудга   тутқазди.

         —  Одам   пулга   қанчалик  муҳтож  бўлмасин, ўзи  учун  қадрли  бўлган нарсани   ҳеч  қачон  сотмаслиги  керак,-деди  у   ўйчанлик   билан  бу  гапларнинг  мағзини  чақ  дегандай  қилиб. – Кейин  менга   ўхшаб  бир   умр   афсусланиб  юрасан.

          Ўттиз  мингни  ёнга  урдиг-у, Моҳинурдан  хабар  олгани  шифохонага  югурдик.

                                                           XV

            Навбатчи  ҳамшира  бўлим  бошлиғи  текшириб  юрибди, икки  киши  мумкинмас,  биттангиз   кириб  чиқинг  дегани   учун  мен пастда  қолдим. Маҳмуд  елкасига  оқ  халат  ташлаб  тепага  чиқиб кетди. Бир пасдан кейин  у   пастга  тушди. Моҳнурнинг  аҳволини  сўрагандим, чеҳраси  сал ёришиб, анча  дуруст  деб  қўйди.

          Кун  совуқ  бўлса-да,  ҳаво  очиқ  эди. Тиниқ   осмонда    яккам-дуккам   оқ   упкар   булутлар  сузиб  юрарди. Бир  маҳал  кўкда  қаёқдандир  беш- олтита  оқ-у  кўк  каптарлар   пайдо бўлишиб, бир-бирларини  қувиб, ўйнаб уча  бошлашди. Маҳмуд  уларга  бир зум  тикилиб, оғир  хўрсиниб   қўйди.

         —  Каптарларим  тағин  қайтиб  келармикин, Акмал?- деди  у   умидвор  оҳангда. Унинг   саволига   билмасам  дегандай   елка   қисиб  жавоб  қайтарган  бўлдим.

         —  Агар  шу  сафар  ҳам   қайтиб  келишса, бундан  кейин  уларни  ҳеч кимга  сотмас    эдим,- деди  у  ғамгинлик  билан.

            Баҳром  аканинг   ҳалиги   гапи   унга   қаттиқ   таъсир   қилганини  шунда  тушундим.

        Маҳмуд    ҳар  куни    қанчалик   интизор  бўлиб   осмонга   термилмасин   бу   сафар   унинг   каптарлари   бурунгидек   қайтиб    келмади .

                                                      VII

       Мақтов,  унинг  орқасидан   келадиган   шон-шуҳрат   одамни  бир   кунмас   бир   кун   ўзгартириб, унинг  феълига  ҳам  таъсир  қиларкан. Буни  мен  Моҳинур   тимсолида   кўрдим.

    Моҳинур  вилоятда  ўтган  “Санъат  байрами”да  қатнашиб келгач, уни  ҳар  хил   тадбирлар-у концертлар  репитицияларига  тез-тез  чақирадиган  бўлиб  қолишди. Баъзида у    икки  хафталар  дарсга келмай, шаҳар  маданият   саройига   қатнарди. Бир  куни дарсдан  чиқиб иккита   ўрто, тушга   яқин  қизиқиб  Моҳинурнинг  репитициясини   кўргани  бордик.

   Анвар  Санаевга  тақлид  қилиб  ашула  айтиб  юрувчи, бизлардан  уч-тўрт ёшлар  катта Самиғ  деган  бола  билан  Моҳинур  дуэт  айтишар  экан. Самиғнинг синфдошим  атрофида гирди  капалак   бўлиб   хушомадгўйлик   қилаётганлари  ғашимга  тегди. Моҳинур ҳам   қийшанглаб, ундан   кўз   узмай   кулгани — кулган. Менинг   қараб   турганимга  унчалик   парво  ҳам   қилмасди. Бу  қизгина  ўзгариб  қолган  шекилли  деган гумон  билан   аста  уйга  қайтдим. Бугун  кўрганларимни   аччиқланмасин,  кўнгли  озор чекмасин  дея  дўстим  Маҳмудга  айтмай  қўя   қолдим.

   Моҳинур  кейинги  пайтларда  негадир   биринчи, иккинчи  соатларга  келмайдиган, дарсдан  сўнг  тўғри   уйига  бормай,  шаҳар  айланиб  келадиган   одат   чиқарди. Баҳонаси  тап-тайёр:  маданият   саройига   репитицияга  чақиришган  эди…

   Шаҳарлик  холаваччам   Лайлодан  эшитдим: бизнинг  Моҳирнурни  Самиғжон  Тикосида   миндириб   юрганмиш…

                                      VIII

     Ёзнинг  бошларида  Моҳинурнинг   онаси   шаҳарлик  хотини  қазо  қилган бир  дўкондорга   турмушга  чиқди. Болаларини  ҳам   эрнинг   уйга   олиб  кетганидан   Маҳмуд  энди  Моҳнурни  ҳар  кўриш  бахтидан   маҳрум  бўлди.

                                       IX

    Июлнинг   охирларида  бир  оқшом  қишлоққа  дадамнинг дўстлариникига  тўйга  сал  кечикиб  бордик. Тўйнинг  бошланганига  икки соатлар  бўлган  экан.

     Ўша  ерда  туйқусдан   Моҳинурни   кўриб  оғзим    очилиб  қолаёзди. У  ҳалиги  хуштори  Самиғ  билан  бирга  тўйда  завқ-шавққа  тўлганча  қийқириб    қўшиқ  айтарди. Микрафонни   тутганча  давра  айланиб  ширакайф   меҳмонларнинг   пулларини   терарди.  Наҳотки,  шу   отарчига   қўшилиб, тўйларга  юрадиган   бўлиб  қолган  бўлса  бу   қиз? Онаси  индамасмикин? Ё  бундай  юришларидан  бехабармикин? Хафсалам  пир  бўлганидан унинг   яқинига  боришни   ҳам,  унга   гапиришни  ҳам   хоҳламадим.

    Бир кун  келиб  дўстим  бу  гаплардан  хабар  топса, сенга  ўртоғим  деб  ишонувдим,  била туриб мендан   яширибсан-а,  дея  таъна   қилмасин  деб  эртасига  унга  ҳамма  билганларимни   тўкиб  солдим. Маҳмуд гапларимни   миқ  этмай,  босиқлик  билан   тинглади.

   —  Кўнглинга  келмасин-у,  жўражон,  у  сенинг  тенгинг   эмас  экан. Шунча  қилган  яхшиликларинг   зое  кетди, афсус. Эссиз  каптарларинг,-дея  оғир  хўрсиндим.

  — Ҳали  орамизда  ундай  жиддий  гап-сўзлар   ўтгани ҳам   йўқ  эди   аслида. Биласанми, Моҳида   кўнглим  бўлгани  билан  унинг   менга   кўнгли  бор,  йўқлигини  суриштирганим  ҳам   йўқ. Бу  гапларга  ҳали  эрта   деб  ўйлардим  тўғриси. Ким  билади,    балким   сен  айтгандек,   мен  унинг   тенги   эмасдирман, — деб  қўйди  у маҳзунлик  билан   дардини  ичига   ютганча.

                                                 X

     Августнинг    бошларида   хонанда   Абдували  Ражабов   шаҳримиз   стадионида  концерт  бергани  келди. Юр,  бир  кўнглинг   ёзилиб  келади   деб,  қўярда- қўймай, оқшомга  яқин   Маҳмудни  стадионга  етаклаб  бордим. Концерт  чинданам  зўр  бўлди.

     Қайтишда  бекатда  Самиғ  билан  Моҳинурни  кўриб   қолдик. Биз  яқинлашган  ҳамоно  Самиғ   сегаретми,  пистами  олгани  ўн  қадамлар   беридаги  дўкончага  қараб  кетди.

    Маҳмуд  Моҳинурнинг    ёнига  бориб:

       —  Четроққа    ўтайлик,  сенга  бир-икки  оғиз  гапим  бор,-деб кафтидан ушлаб   секин      тортди. Маҳмуд  қизга  нима  деркин  дея   ҳайронлик  ила кузатиб  турдим.

     Худди  шу  маҳал   сегарет  тутатган  Самиғ  важоҳат  билан   югуриб  келди-да:

       — Э, ифлос,   қўлингни  торт  қизимдан! – дея  дўстимнинг  чаккасига  қарсиллатиб  шапалоқ   ториб  юборди. Самиғнинг оғзидан ароқнинг  ачимсиқ  ҳиди  келиб  турарди.

       Лаҳзада  қони  қайнаб    кетган   Маҳмуд  шу   заҳотиёқ   Самиғнинг ёқасидан  тортиб, бекатнинг  орқасига – панага  судраб  ўтди-да:

       — Шуми   ҳали   сени  тўйма-тўй  олиб  юрадиган  маствачча?!-дея  ҳансираганча алам   билан   Моҳинурга   бир   қараб, нохосдан  Самиғнинг  башарасига  қарсиллатиб  калла   қўйиб   юборди. Бундай  кутилмаган   кучли  зарбадан  Самиғ  ортидаги  сувсиз ариқчага  кети  билан  гурсиллаб   йиқилиб   тушди. Моҳинур   энгашиб  уни   турғазишга кўмаклашаркан:

      — Ҳа-а , мен  учун  сотган  каптарларингга   ачинаяпсанми?!- деди  кўзлари  чақчайиб.—Қўрқма,  менда   ҳаққинг   қолиб  кетмайди. Мана  ол, сенга  қанча   пул  керак бўлса!

         Моҳинур  қаддини  ростлаб, сумкачасидан  тахи  бузилмаган  беш  юз  сумликларни чиқариб, Маҳмуднинг   юзига    қахр   ила   отиб    юборди.       

        Самиғ    бурнидан  оққан   қонни   рўмолча  билан   артганча   ўрнидан  турар  экан,  Моҳинурнинг      билагидан    маҳкам    тортиб   ажабланганча:

      —  Менга  қара, бу  бола    сен  учун   каптарларни   сотганмиди? Нима  учун?! – дея  важоҳат  билан   сўради.

      Моҳинур  Самиғнинг   бақирганидан   бир    учиб  тушиб ютинганча:

     —  Самиғ  ака,  сизга   кейин  тушунтириб  бераман,-деди  энтикиб.

Биз  энди  бу ерда   ортиқча  эканлигимизни  хис   қилиб, бурилиб   уйга жўнадик.

                                        2006-2011 йиллар  

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting